КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҲУҚУҚ
МАВЗУ: Конституциявий ҳуқуқининг умумий тавсифи ва унинг назарий асослари
РЕЖА:
1. Конституциявий ҳуқуқи тушунчаси ва предмети.
2. Конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқнинг етакчи соҳаси сифатида.
3. Конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқ тармоғи сифатида.
4. Конституциявий ҳуқуқ манбалари.
5. Конституциявий ҳуқуқий муносабатлар ва унинг субъектлари.
6. Конституциявий ҳуқуқ фани тушунчаси, предмети, вазифалари.
7. Конституциявий ҳуқуқ фанининг бошқа фанлар билан ўзаро боғлиқлиги.
8. Конституция ва давлат. Конституциянинг мазмуни ва моҳияти.
1. Конституциявий ҳуқуқи тушунчаси ва предмети.
“Конституциявий ҳуқуқ” ҳуқуқшуносликда тез-тез учраб турадиган ва бир неча тушунчаларга нисбатан ишлатиладиган атамадир. Аввало, “Конституциявий ҳуқуқ” атамаси турли мамлакатларнинг ҳуқуқ тизимида алоҳида ўринга эга бўлган ҳуқуқ тармоғига нисбатан ишлатилади ва мамлакатнинг жумладан: “Ўзбекистон Конституциявий ҳуқуқи”, “Қозоғистон Конституциявий ҳуқуқи”, “Россия Конституциявий ҳуқуқи” деб аталади. Иккинчидан, “Конституциявий ҳуқуқ” деганда ижтимоий фанлар тизимига кирувчи алоҳида ҳуқуқий фанга нисбатан ишлатилади (“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий ҳуқуқи” фани, “Қозоғистон Конституциявий ҳуқуқи” фани, “Россия Конституциявий ҳуқуқи” фани) ва у бошқа фанларга хос барча хусусиятларга эга. Учинчидан, “Конституциявий ҳуқуқ” фуқароларнинг Конституцияларда белгилаб қўйилган асосий ҳуқуқларига нисбатан ишлатилади. Бу уч тушунча турли маънода ишлатилса-да, улар бир-бири билан боғлиқдир.
Конституциявий ҳуқуқнинг ҳуқуқ тармоғи сифатида мавжудлиги, уни ҳуқуқшунослар ўрганиши заруратини туғдиради, бу ўз навбатида “Конституциявий ҳуқуқ” фанини бўлишини тақозо этади, фан эса, фақат билим беришнигина назарда тутмай, ҳуқуқ тармоқларини ижтимоий муносабатларни тартибга солишини, бир-бири билан мослигини, муаммоларни ўрганади. Ҳуқуқни ривожлантириш бўйича тадқиқотлар учун асос бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |