Конституциявий ҳУҚУҚ мавзу: Конституциявий ҳуқуқининг умумий тавсифи ва унинг назарий асослари
Download 205.89 Kb.
|
1-Mavzu kons 1
- Bu sahifa navigatsiya:
- 2. Конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқнинг етакчи соҳаси сифатида.
- Ёдда тутинг
Ёдда тутинг:
Конституциявий ҳуқуқ предмети бу – шахс ҳуқуқий ҳолатини белгилаш (шахс ва давлат муносабати) ва ҳокимиятчиликни амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган ижтимоий муносабатлардир. Буларни таркиби кенг ва хилма хил муносабатлардан иборат бўлади. Бунда турли мамлакатларнинг конституциявий ҳуқуқи предмети айнан ўхшасада, предмет таркибига кирувчи муносабатлар доираси ҳар хил бўлишига эътибор бериш керак. Масалан, бизнинг конституциявий ҳуқуқимиз оила масаласини алоҳида тартибга солса, бошқа мамлакатларда оила муносабатлари конституциявий ҳуқуқ билан эмас, ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари билан тартибга солиниши мумкин. Ёки Ўзбекистон таркибида Қорақалпоғистон Республикасининг мавжудлиги, у билан Ўзбекистон муносабатини тартибга солиш зарурати конституциявий ҳуқуқ предметидаги ўзига хосликни келтириб чиқаради. 2. Конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқнинг етакчи соҳаси сифатида. Ҳар бир мамлакатнинг, жумладан Ўзбекистоннинг ҳам ҳуқуқ тизими мавжуд. Ҳуқуқ тизими турли тармоқ ҳуқуқлари йиғиндисидан иборат бўлиб, ҳар бир ҳуқуқ тармоқларини ўз вазифаси ва тартибга солувчи предмети мавжуд. Бошқа ҳуқуқ тармоқларидан фарқ қилиб, конституциявий ҳуқуқ икки хусусиятга эга: биринчиси, у мустақил ҳуқуқ тармоғи бўлса, иккинчиси, у етакчи ҳуқуқ ҳисобланади. Ёдда тутинг: Конституциявий ҳуқуқнинг етакчи роли унинг нормалари билан тартибга солинадиган ижтимоий муносабатларнинг аҳамияти, етакчилиги, бошқа ҳуқуқлар билан тартибга солинадиган муносабатлар учун асос, таянч бўлиши билан белгиланади. Конституциявий ҳуқуқ шахс ва давлат муносабатларининг асосларини, шахснинг ҳуқуқий ҳолати асосларини, давлат ва ҳокимият тузилишини, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолиятининг принципларини, давлатнинг нодавлат ташкилотлар билан муносабатининг асосларини ўрнатар экан, ана шу масалаларни тартибга солувчи барча тармоқ ҳуқуқлари учун етакчилик ролини ўйнайди. Яна конституциявий ҳуқуқнинг етакчилик роли бошқа ҳуқуқларнинг конституциявий нормалар орқали вужудга келишида ҳам кўринади ва ниҳоят, конституциявий ҳуқуқнинг асосий манбаи конституция эканлиги ҳам унинг етакчилигини кўрсатади. Конституциянинг 36-моддаси “Ҳар бир кишини мулкдор бўлиш, мерос ҳуқуқи қонун билан кафолатланиши, 53-моддада хусусий мулк даҳлсиз эканлиги ва давлат ҳимоясида бўлишини белгилар экан, бу билан мулкий масалаларни тартибга солувчи “Фуқаролик ҳуқуқи”га асос солади. Шу 53-моддада тадбиркорлик фаолиятини белгилар экан “Тадбиркорлик ҳуқуқи” учун асос бўлади. Худди шунингдек, конституциявий ҳуқуқнинг бошқа нормалари ҳам бошқа ҳуқуқлар учун асос бўлади ёки, бошқача қилиб айтганда, бошқа ҳуқуқлар ўзининг бошланғич нуқтасини, таянчини конституциявий ҳуқуқ нормаларидан олади. Ҳар қандай бошқа ҳуқуқ тармоқлари тартибга солаётган ижтимоий муносабатларнинг асоси конституциявий ҳуқуқ нормалари билан мустаҳкамланган. Бошқа тармоқ ҳуқуқлари, шу конституциявий ҳуқуқ нормаларида мустаҳкамланган ижтимоий муносабатларни кенгайтириб, аниқлаштириб, амалга ошириш меҳанизмларини белгилаб тартибга солади. Конституциявий ҳуқуқ нафақат моддий ҳуқуқ учун асос бўлади, улар процессуал ҳуқуқлар: жиноят процессуал ҳуқуқи, фуқаролик процессуал ҳуқуқлари учун ҳам асос бўлиб ҳисобланади. Масалан, конституциянинг 26-моддасида судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун шароит яратилиши, 116-моддасида айбланувчи ҳимоя билан таъминланиш ҳуқуқига эга бўлиши кўрсатилган экан, бу қоидалар ўз ифодасини кенг ва аниқ процессуал ҳуқуқларда топади. Конституциявий ҳуқуқ ҳуқуқ тизимида алоҳида, яъни етакчи ўринга эга экан, унинг бу мавқеини яна бошқа ҳолатлар ҳам кўрсатади. Жамиятдаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар конституциявий ҳуқуқ нормаларида акс этиши билан ҳуқуқнинг бошқа тармоқлари ривожига ҳам таъсири кучли бўлади. Мамлакатимизда амал қилиб турган конституциявий ҳуқуқ нормалари, Ўзбекистоннинг давлат суверенитетини, шахснинг олий қадрият эканлигини, миллий давлатчиликнинг ўзига хос хусусиятларини, бозор иқтисодиёти хусусиятлари ва тамойилларини ўзида аниқ акс эттирган бўлиб, улар бошқа ҳуқуқ тармоқларида ҳам ўз ифодасини топган. Конституциявий-ҳуқуқий нормаларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, улар орқали: - Ўзбекистоннинг суверенлиги, мустақиллиги тўла таъминланган; - Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро андозаларга мос равишда белгиланган; - Шахс ва давлат муносабатларида шахс манфаатларининг устиворлиги ҳисобга олинган; - Демократик асосларда ва тамойилларда ҳокимият тизими ва ҳокимиятни амалга оширувчи органлар тизими мустаҳкамланган; - Энг асосийси, конституциявий ҳуқуқ нормалари ҳар қандай мафкурадан озод қилинган. Download 205.89 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling