37-модда. Маҳкумларнинг учрашувлари
Вояга етмаган маҳкумларга яқин қариндошлари билан ҳар ойда бир марта муддати уч соатгача бўлган қисқа муддатли учрашув имконияти берилади.
38-модда. Маҳкумларнинг телефон орқали сўзлашувлари
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсларга, алоҳида ҳолларда, яқин қариндошлари билан ушбу Кодекснинг 77-моддасида белгиланган тартибда телефон орқали сўзлашув имконияти берилади.
39-модда. Посилкалар, йўқловлар, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда юбориш
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар энг зарур нарсалардан иборат битта бандерол ёки йўқлов олиш ҳуқуқига эга. Олишга рухсат этилган энг зарур нарсалар рўйхати ички тартиб қоидалари билан белгиланади.
Маҳкума ҳомиладор аёллар ва ёнида боласи бор аёлларга, шунингдек шифокорнинг хулосасига кўра даволанишга ва кучли овқат билан таъминланишга муҳтож деб топилган беморларга, тиббий хулосада белгилаб берилган миқдорда ва турда посилкалар ҳамда йўқловлар олишга рухсат этилади.
Маҳкумларга пул жўнатмалари олиш ва юборишга, шунингдек посилкалар ва бандероллар жўнатишга рухсат этилади. Жўнатма тарзида келиб тушган пул маблағлари маҳкумнинг шахсий ҳисобварағига ўтказиб қўйилади.
40-модда. Маҳкумларнинг ёзишмалари
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахслар чекланмаган миқдорда хат олишлари ва жўнатишлари мумкин. Маҳкумларнинг ёзишмалари цензурадан ўтказилади, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ёзишмалари бундан мустасно.
41-модда. Маҳкумларнинг моддий-маиший таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатиш
Қамоқ жазосига ҳукм қилинган шахсларнинг маиший-яшаш шароитлари белгиланган гигиена ва санитария қоидаларига мос бўлиши шарт.
Бир маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси икки ярим квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.
Маҳкумга ётиш учун алоҳида жой, кўрпа-тўшак ва чойшаб, шунингдек тергов ҳибсхоналарида қамоқда турган шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган норма бўйича овқат берилади.
Қамоқ уйининг камералари радиоэшиттириш тармоғи билан жиҳозланади, маҳкумларга стол устида ўйналадиган ўйинлар, газеталар, журналлар берилади, улар кутубхонадан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Маҳкумларга тиббий хизмат кўрсатиш ушбу Кодекснинг 87-моддасига мувофиқ амалга оширилади.
Ихтисослашган шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун маҳкумлар жазони ижро этиш колониялари қошидаги даволаш муассасаларига, алоҳида ҳолларда эса — соғлиқни сақлаш органларининг даволаш муассасаларига юборилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |