184-модда. Руҳий касалларни кўчириш
Касалларни руҳий касалликлар шифохонасига кўчириш, шунингдек уларни бир касалхонадан иккинчисига ўтказиш қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади.
185-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Руҳий касалликлар шифохоналарида мажбурий даволанаётган беморлар:
ҳар куни сайр қилиш;
хатлар, посилка, йўқлов ва бандероллар, шунингдек пул жўнатмалари олиш ва юбориш;
қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашиш;
диний расм-русумларни адо этиш;
озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш ҳамда уларни ўз ёнида сақлаш;
касалхона кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Беморлар адвокат хизматидан фойдаланишлари мумкин.
Даволаш самарадорлигини ва касаллар ёки бошқа шахслар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда беморларнинг ҳуқуқлари чекланиши мумкин.
Беморлар тайинланган муолажани қабул қилиши ва ички тартиб қоидаларига риоя этиши шарт.
186-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида беморларни сақлаш шароитлари
Руҳий касалликлар шифохоналарида беморлар касаллик тури, хулқ-атворининг хусусияти, руҳий ва жисмоний ҳолатини инобатга олиб, уларни батамом ажратиб қўйишни таъминловчи ҳамда улар томонидан янги ижтимоий-хавфли қилмиш содир этиш, қочиш, сақлаш режимини бузиш эҳтимолининг олдини олишни таъминлайдиган шароити бор палаталарга жойлаштирилади.
Эркаклар ва аёллар, катталар ва вояга етмаган шахслар алоҳида-алоҳида сақланади.
Бир беморга тўғри келадиган фойдали майдон нормаси беш квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.
Беморларга овқат ва касалхона кийими бепул берилади.
Беморларни овқат ва уст-бош билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Посилка, йўқлов, бандерол ва пул жўнатмалари олиш ҳамда юбориш, учрашувлар ўтказиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш, сақлаш, шунингдек беморларга ҳар куни бериладиган сайр тартиби ички тартиб қоидалари билан белгиланади.
Руҳий касалликлар шифохоналарида беморларга узоқ муддатли учрашув берилмайди.
Бемор номига келиб тушган пуллар унинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни беморлар пул ўтказиш йўли билан сотиб оладилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |