170-модда. Маҳкум вафот этганлиги муносабати билан жазо ижросини тугатиш тартиби
Маҳкум вафот этган тақдирда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти бу ҳақда зудлик билан марҳумнинг яқин қариндошларидан бирига телеграф орқали хабар қилади.
Марҳумнинг жасади қариндошларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда берилади.
Маҳкумнинг қариндошларидан жасадни бериш тўғрисида ариза тушмаган тақдирда, муассаса маъмурияти марҳумни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгилаб қўйилган тартибда дафн этади.
30-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ҚИЛИШ ТАРТИБИ
171-модда. Маҳкумларни озод қилишга тайёрлаш
Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг жазони ўташ муддати тугашига узоғи билан уч ой қолганда уни озодликка чиқаришга тайёрлаш, меҳнат ва турмушда ўрнашишга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, унинг муассасадан озод бўлгандан кейинги ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш мақсадида маҳкум билан тарбиявий иш олиб боради.
Ишда ва турмушда ўрнашишга муҳтож шахслар аниқланган тақдирда муассаса маъмурияти олдиндан маҳкум яшашни мўлжаллаётган жойдаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашуви марказини унинг озод қилиниши, турар жойи бор-йўқлиги, меҳнат қобилияти ва ихтисоси тўғрисида хабардор этади.
Муассаса маъмурияти айни бир вақтда устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати ўрнатилиши зарур бўлган шахсларни аниқлайди ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга тегишли тақдимнома киритади.
172-модда. Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётган шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш
Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётган шахслар яшашни мўлжаллаётган жойга етиб олиши учун йўл ҳужжатлари, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари ёки пул компенсацияси билан таъминланадилар.
Озод қилинаётган шахсларда мавсумий кийим ва пойабзал, шунингдек уларни сотиб олишга пул бўлмаса, улар кийим ва пойабзал билан бепул таъминланадилар. Шу мақсадлар учун озод қилинаётган шахсларга бир йўла тўланадиган пул нафақаси берилиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |