15-модда. Бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасалар ва органлар
Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчиларга нисбатан эса — улар хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлиги томонидан амалга оширилади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари:
ижтимоий хавфли қилмиш содир этган руҳий касалларга нисбатан — соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан;
алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан маҳкумларга нисбатан — соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан, улар озодликдан маҳрум этиш ёки қамоққа ҳукм қилинган тақдирда эса — ички ишлар органларининг тиббий муассасалари томонидан ижро этилади.
Вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чоралари:
жабрланувчидан узр сўраш, етказилган зарарни тўлаш ёки бартараф этиш мажбуриятини юклаш — суд томонидан;
махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш — халқ таълими органлари томонидан ижро этилади.
4-БОБ. ЖАЗОЛАРНИ ВА БОШҚА ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ ТАЪСИР ЧОРАЛАРИНИ ИЖРО ЭТУВЧИ МУАССАСАЛАР ВА ОРГАНЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ ҲАМДА НАЗОРАТ ҚИЛИШ
16-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан текшириш
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жазоларни ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасалар ва органлар фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда текширадилар.
17-модда. Прокурор назорати
Жазоларни ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя этилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар қонунда белгиланган тартибда амалга оширадилар.
18-модда. Жазони ўташ жойларига кириш
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш ҳуқуқига эга.
Шикоятларни кўриб чиқишда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текширишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.
Жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Маҳкумларнинг кино-, фото-, видеотасвирга тушириш ва улардан интервью олишга уларнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда, маҳкумлар хавфсизлигини ва қўриқланишини таъминловчи объектларни тасвирга олишга эса, жазони ижро этувчи муассаса ёки орган рухсати бўлган тақдирда йўл қўйилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |