Намуна
“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича МАЪРУЗА
Ассалому алайкум,
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Маълумки, сўнгги йилларда жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида туб ўзгаришлар бўляпти. Манзилли ижтимоий ҳимоя тизими яратилди, иқтисодиёт эркинлашиб, хусусий мулк эгалари кўпайиб боряпти, маданий ҳаётимизда, спорт соҳасида ёшларимизнинг ютуқлари кундан-кунга ошиб боряпти, парламентаризм ва суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам демократик ўзгаришлар қилиняпти. Халқимизни қарашлари ўзгариб, ҳуқуқий онги ошиб боряпти, давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назорати олиб бориляпти.
Бундан ташқари, нақд пул, валюта муаммолари ҳал қилинди, қўшни мамлакатлар билан орамиздаги муносабатлар яхшиланди ва ҳоказо яна бошқа ишларни санаб ўтиш мумкин. Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш лозим.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари,
Конституция ўзи нима? Конституция – давлатнинг Асосий қонуни бўлиб, шахс, жамият ва давлатнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади. Ҳар қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қонун, фармон, қарор ёки бошқа бўладими авваламбор Конституцияга асосланади.
Конституциямиз замондан орқада қолиб кетмасагина, у шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг Бош ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қила олади, тинч ва осуда ҳаётимизнинг кафолати бўла олади!
Бинобарин, ҳаммамиз гувоҳи бўлаяпмизки, дунёда ҳар куни кутилмаган хавф-хатар ва таҳдидлар юзага келяпти. Ҳатто, айрим давлатларнинг дунё харитасида қолиш-қолмаслиги савол остида қолаётгани ҳам сир эмас.
Жаҳондаги қарийб 100 миллион одам ўз ҳаётини сақлаш учун бошқа юртларда бошпана излаб юргани, озиқ-овқат етишмаслиги, энергия ресурслари тақчиллиги, пандемия каби глобал муаммолар ривожланган давлатлар аҳолисини ҳам жиддий ўйлантирмоқдаки, буларнинг бари бизга ҳам таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас.
Қолаверса, минтақамиздаги вазият ҳам бизни жиддий ташвишга солмай қўймайди: ёнгинамизда қарийб 50 йиллик нотинчлик давом этяпти.
Do'stlaringiz bilan baham: |