Мавзунинг асосланиши ва долзарблиги. Шу кунгача бўлган тилшунослик ички, яъни тил системаси ва у билан боғлиқ муаммоларни ўрганишга катта эътибор қаратди ва бу йўналишда салмоқли муваффақиятларга эришди. Ҳозирги замон тилшунослиги, ички тилшунослик муаммолари билан бир қаторда, тил билан боғланишда бўлган ҳодисалар ва омилларга, хусусан, тил ва сўзловчи (тингловчи), тил ва коммуникация жараёни (муҳит, омиллар), тил ва мантиқ, тил ва фалсафа, тил ва оламни билиш, тил ва маданият каби муносабатларни жиддий тадқиқ этишга киришмоқда.
Ҳозирги даврда линвокультурологик тадқиқотларга катта эътибор берилмоқда. Ушбу йўналишда тил – инсон – маданият триадаси, маданият ва тилнинг ўзаро таъсири масалалари ўрганилади. Ушбу диссертацион тадқиқот
лингвистиканинг янги йўналиши бўлмиш фоностилистиканинг хусусиятларини ўрганиш масалаларига бағишланган бўлиб, унда фонетик ходисаларга янгича ёндашиш кўзда тутилади.
Тадқиқот объекти: инглиз тили сўзлашув нутқининг орфоэпик ва орфографик шаклларда ифодаланган нутқ бирликлари ва инглиз тилида сўзларнинг фонемалар таркиби ўзгариши билан фарқланувчи услубий бўёққа эга бўлган талаффуз вариантларидир.
Маълумки, нутқ тилнинг бевосита фаолияти бўлиб, фоностилистика ушбу нутқнинг лингвистик ва экстралингвистик омилларини ўрганувчи йўналиш сифатида пайдо бўлган. Ушбу лингвистик ходиса турли тизимдаги тилларда тил воситалари ёрдамида ўзига хос равишда намоён бўлади. Инглиз тилида нутқ фоностилистик нуқтаи назардан айрим тилшунослар томонидан таҳлил қилинган бўлсада, унинг ўзига хос хусусиятлари тўлалигича очиб берилмаган ва илмий ишнинг долзарблиги қуйидагиларда намоён бўлади ва бу эса диссертациянинг асосий мақсадини ташкил этади. Бу максадни амалга ошириш учун куйидаги вазифаларни амалга ошириш зарур деб биламиз:
Фоностилистиканинг ўрганиш объекти тўлалигича аниқланиши лозимлиги масаласи;
Оғзаки нутқнинг ўзига хос стилистик хусусиятлари тўла ўрганилмаганлиги;
Инглиз тили мисолида фоностилистиканинг хусусиятларини лингвистик таҳлил қилиш;
Талаффуз стили ва унинг турлари масаласи ўз ечимини кутаётганлиги;
Экстралингвистик омилларнинг талаффуз стилига таъсир кўрсатиши масалалари;
Инглиз тилидаги адабий ва оғзаки нутққа бўлган турли қарашларнинг борлиги каби масалаларнинг тадқиқ этилмаганлиги кабилардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |