10-модда. Хавфли ишлаб чиқариш объекти ходимларига қўйиладиган саноат хавфсизлиги талаблари.
Хавфли ишлаб чиқариш объектининг ходимлари:
саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун хужжатларида, шунингдек норматив техник ҳужжатларда кўрсатилган талабларга риоя этишлари;
саноат хавфсизлиги соҳасида тайёргарликдан ва аттестациядан ўтишлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авария ёки нохуш ҳодиса ҳақида тегишли шахсларни дарҳол хабардор қилишлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектида авария ёки нохуш ҳодиса юз берган тақдирда, ишларни белгиланган тартибда тўхтатиб туришлари;
хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш бўйича ишларни амалга оширишда белгиланган тартибда иштирок этишлари шарт.
11-модда. Хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш бўйича ҳаракатларгатайёргарлик кўришга оид саноат хавфсизлиги талаблари.
Хавфли ишлаб чиқариш объектидан фойдаланувчи ташкилот:
хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш тадбирларини режалаштириши ҳамда амалга ошириши;
тегишли профессионал авария-қутқарув хизматлари билан хизмат кўрсатишга доир шартномалар тузиши, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса ўз авария-қутқарув хизматларини ёки ходимлари жумласидан штатсиз авария-қутқарув тузилмаларини ташкил этиши;
хавфли ишлаб чиқариш объектидаги авариянинг кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ва унинг оқибатларини тугатиш учун қонун ҳужжатларига мувофиқ молиявий маблағлар ва моддий ресурсларнинг захирасига эга бўлиши;
хавфли ишлаб чиқариш объектида авария ёки нохуш ҳодиса юз берган тақдирда, ходимларини бажариладиган ҳаракатларга ўқитиши;
хавфли ишлаб чиқариш объектида авария эҳтимолини назарда тутган ҳолда кузатиш, хабар қилиш, алоқа ва ҳаракатларга кўмаклашиш тизимларини ташкил этиши, шунингдек мазкур тизимларни яроқли ҳолатда сақлаб туриши шарт.
Do'stlaringiz bilan baham: |