Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат шарқшунослик институти
Download 1.35 Mb.
|
КУЛЛАНМА Дунё динлари тарихи
Жаъфария. Шиаликнинг имомия фирқасидаги имомлардан бири Абу Абдуллоҳ Жаъфар ас-Содиқ 699 йил Мадинада туғилди. У Имом Муҳаммад ибн ал-Боқирнинг ўғли бўлиб, ота тарафидан насаби Али ибн Аби Толибга, она тарафидан насаби Абу Бакр ас-Сиддиққа боради. Ёшгина Жаъфар бобоси Зайн ал-Обидин қўлида тарбия топиб, ундан илм олди. Бобоси вафот этгач, отасининг қўлида илм олиб, кейинчалик замонасининг кучли олимларидан бирига айланди. Отаси 732 йил вафот этгач, уларнинг хонадони гўё Мадина дорилфунунларидан бирига айланди. Куфа, Басра ва ҳижоздан кўпгина олимлар келиб, ундан илм олганлар. Абу Абдуллоҳ диний ва дунёвий илмларни эгаллаган олимлардан эди. У Исломда биринчилардан бўлиб фалсафа йўналишига асос солган. Бундан ташқари у фиқҳ, ҳадис, калом илмларида ҳам пешқадамлардан бўлган.
Жаъфария мазҳабининг суннийлик мазҳабларидан фарқли томони шундаки, уларда қиёс билан фатво чиқариш усули тан олинмайди, ҳадислардан фақат пайғамбар хонадонидан бўлган аҳли байт ривоят қилганларинигина қабул қиладилар. Бундан ташқари уларда мутъа ва тақия ҳалол деб ҳисобланади. Исмоилия. Исломдаги шиа оқимининг асосий шаҳобчаларидан бири бўлиб, Ислом тарихида жуда муҳим ўрин тутган. Ушбу фирқа вакиллари турли мамлакатларда “ботиния”, “сабъия”, “қарматия”, “таълимия”, “мулҳидия” ва ҳоказо номлар билан аталганлар. Исмоилиянинг пайдо бўлиши VIII асрда шиалар орасидаги бўлинишдан бошланди. Шиаларнинг кейинчалик “имомийлар” деб аталган бир гуруҳи Жаъфар ас-Содиқнинг кичик ўғли Мусо ал-Козимни еттинчи имом деб тан олдилар. Чунки Имом Жаъфар ичкилик ва маишатга берилган катта ўғли Исмоилни ворисликдан маҳрум этиб, имомликни кичик ўғлига васият қилган эди. Аммо, шунга қарамай, бошқа бир гуруҳ Жаъфар ас-Содиқнинг катта ўғли Исмоилни имомликнинг меросхўри сифатида тан олдилар. Исмоил отаси тириклигида вафот этганлиги сабабли, кейинчалик унинг ўғли Муҳаммад ибн Исмоилни еттинчи имом сифатида қабул килдилар. Имомия шиаларидан фарқли равишда имоматнинг давомчиси Исмоилдир деб даъво қилувчи ушбу фирқа ўзларини “исмоилийлар” деб атадилар. Муҳаммад ибн Исмоилнинг ўлимидан сўнг улар орасида бўлиниш юзага келди. Улардан бир гуруҳлари еттинчи имом деб Муҳаммадни тан олдилар. Шунинг учун улар сабъия (еттинчилар) деб аталдилар. IX асрнинг 2-ярмида “Исмоилия”нинг бу йўналиши “қарматия” деб номлана бошлади. Бошқа гуруҳ эса Муҳаммад ибн Исмоилнинг авлодларини имомлар сифатида тан олишда давом этдилар. Бу имомлар Аббосийлардан Сурия, Хуросон ва бошқа ерларга қочиб юрганлиги учун “яширинган, махфий” имом дейилиб, бу гуруҳ тарафдорлари уларнинг номидан жуда фаол даъватчилик ҳаракатини амалга оширдилар. Шимолий Африкада “фотимийлар” хокимият тепасига келгунига қадар Исмоилия ҳаракати тарихида “ас-сатр” “яширинлик” (махфийлик) даврини бошдан кечирди. X аср бошларидан бошлаб бу гуруҳни “фотимий-исмоилийлари” деб атала бошлади. Яширин имомнинг номи ва қайтиш жойи қаттиқ сир сақлангани учун узоқ вақт қарматийлар ва исмоилийлар орасида катта фарқ бўлмади. Баъзи тадқиқотчилар фотимийларгача бўлган даврни “Исмоилия” ҳаракатининг қарматийлик босқичи деб ҳисоблайдилар. Исмоилия мафкураси шаклланишининг илк даврдаёқ унинг икки қирраси “ташқи” – экзотерик (аз-зоҳир) ва “ички” – эзотерик (ал-батин) намоён бўлди. “Ташқи” таълимот ўз ичига барча урф-одат ва жамоанинг оддий аъзоларига мажбурий бўлган шариатнинг ҳуқуқий қонунларини олган эди. “Исмоилия” таълимотининг бу жи\ати имомийлар таълимотидан кам фарқ килади. “Исмоилия”нинг “Ички” эзотерик ақидаси икки қисмдан иборат: “Ат-Таъвил” – Қуръон ва шариатни аллегорик тарзда шарҳлаш; “Ал-Ҳақоиқ” – “махфий”, “олий” ҳақиқатларни тафсир қилишга асосланган фалсафий ва илоҳий билимлар тизими. “Исмоилия” илоҳиётчилари “ташқи” ва “ички” жиҳатларнинг бир-бири билан мустаҳкам боғлиқ эканлигини таъкидлайдилар. Исмоилийларнинг диний-сиёсий ақидасининг асоси имомат – Али ибн Абу Толиб авлодларидан бегуноҳ имомнинг бор бўлиши эди. Исмоилийларда дин асослари еттита бўлиб, улардан асосийси имомга итоат этишдир. Қолган олтитаси таҳорат, намоз, закот, рўза, ҳаж ва жиҳоддир. Бу фирқа вакиллари Ҳиндистон, Покистон, Арабистон ярим оролининг жануби ва бошқа жойларда мавжуд.
Download 1.35 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling