Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент давлат шарқшунослик институти
Download 1.35 Mb.
|
КУЛЛАНМА Дунё динлари тарихи
Ҳанбалийлик мазҳаби. Ҳанбалий мазҳабининг асосчиси Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад аш-Шайбоний 164/780 йили Бағдод шаҳрида туғилган. Унинг оиласи Марвдан Бағдодга кўчиб келаётган вақтда онаси ҳомиладор бўлганлиги сабабли Имом Аҳмад Марвда туғилган деган фикрлар ҳам манбаларда зикр қилинган. Ўғли Солиҳнинг ривоят қилган шажарасига қараганда аждодлари Расулуллоҳнинг боболаридан бўлмиш Низор ибн Маод билан бирлашиб, ҳазрат Исмоилга бориб етиши ҳақида манбаларда хабарлар келган. Бобоси Ҳанбал ибн Ҳилол умавийлар даврида Сарахс волийлиги лавозимини эгаллаган ва аббосийлар сулоласининг тахтга келишида катта хизмат қилган.
Аҳмад ибн Ҳанбал фаолиятининг энг юксак даври анъанавий илоҳиётшунослик билан мўътазилия орасидаги ғоявий курашнинг авжига чиққан (Қуръони каримни махлуқ, яъни яратилган деган ақидани халққа куч билан сингдириш билан боғлиқ “миҳна” - “синов”) даврига тўғри келди. 833 йилдан бошлаб аббосийлардан бўлмиш халифалар Маъмун, Муътасим ва Восиқ замонларида илоҳиётшунос олимлар “синов”дан ўтказилиб, мавжуд тузумга хайрихоҳ ёки мухолиф эканлиги текширилган. Аббосий халифа Маъмун (813-835) ҳукмронлигининг охирги йилларида мўътазилия мазҳабининг кучайиши натижасида кўпгина олимлар қатори Имом Аҳмад ҳам қувғинга учраб, 833-834 йилларда ҳибсга олинди. У қамоқда икки йилу тўрт ой тазйиқ ва қийноқ остида ҳаёт кечирди. Қамоқдан озод бўлгандан сўнг, яна фатво бериш билан шуғулланди ва ҳадис илмида ўзининг “ал-Муснад” асарини ёзди. Аҳмад ибн Ҳанбал 835 йил 31 майда Бағдодда вафот этди. У икки халифа – Маъмун ва Муътасим даврида Қуръони карим яратилган, деган ғоядан бош тортган. “Исломни бидъатлардан қутқарувчи” деган номи туфайли унинг атрофига Бағдоднинг йирик анъанавий илоҳиёт тарафдорлари (аҳл ас-сунна) йиғилади. Кейинчалик Аҳмад ибн Ҳанбал ҳанбалий мазҳабининг асосчиси сифатида танилди. Ҳанбалий мазҳаби ҳозирги кунда Саудия Арабистони, Қатар, Баҳрайн каби давлатларда тарқалган. Буюк мужтаҳидлар даврида юқорида зикр этилган мужтаҳидлар номи билан боғлиқ асосий сунний ҳуқуқий мазҳаблар пайдо бўлди ва ўз таълимотини шакллантирди. VIII асрнинг охири – IX асрнинг бошларида Мовароуннаҳрда (ҳозирги Марказий Осиёнинг аксарият қисми) исломдаги аҳл ас-суннанинг ҳанафий мазҳаби тарқала бошлади. Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида шу мазҳаб таълимоти асосида Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби таркиб топди. VIII-X асрларда Мовароуннаҳрнинг айрим шаҳарлардаги ҳанафийликка асосланган илмий марказлар пайдо бўлди. Бунга Ироқ ва Хуросон мактабларининг таъсири катта бўлди. Бухоро мактабига Абу Ҳафс Аҳмад ибн Ҳафс ал-Кабир ал-Бухорий (ваф. 832 й.) асос солган. Самарқанд илмий марказининг шаклланишига Абу Сулаймон ал-Жузжоний, Ибн Самоа ва Шаддод ибн Ҳукайм каби Балх фақиҳларининг хизмати катта бўлди. Бухоро фақиҳлари бу даврда асосан фиқҳнинг амалий масалалари (фуруъ ал-фиқҳ) билан, самарқандликлар эса ўз илмий фаолиятларини илоҳиёт (усул ад-дин) мавзуи билан шуғулланишга қаратдилар. Умуман фиқҳ, хусусан ҳанафий мазҳабининг ривожланиш тарихида XI-XII асрлардаги Мовароуннаҳр фақиҳларининг илмий фаолияти жуда муҳим ўрин тутади. Бу даврда етишиб чиққан ҳанафий фақиҳларидан – ад-Дабусий Аби Зайд (ваф. 430/1063 й.), ал-Ҳалвоъий (ваф. 456/1063 й.), Абу Бакр Муҳаммад ас-Сарахсий (400-483/1009-1090), ал-Паздавий Али (ваф. 482/1089 й.), ас-Садр аш-Шаҳид Умар (ваф. 536/1141 й.), ан-Насафий Умар (ваф. 537/1142 й.), Алоуддин ас-Самарқандий (ваф. 539/1144 й.), Ибн Моза Маҳмуд (ваф. 570/1174 й.), ал-Аттобий Аҳмад (ваф. 586/1190 й.), ал-Косоний Масъуд (ваф. 587/1191 й.), Қозихон (ваф. 592/1191 й.) ва юқорида зикр этилган ал-Марғиноний Али (ваф. 593/1196 й.) каби маълум ва машҳур фақиҳларнинг номларини келтириш мумкин.
Download 1.35 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling