Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тошкент педиатрия тиббиёт институти
Download 4.91 Mb. Pdf ko'rish
|
1-mannanom-darslik-pdf
14 УМУМИЙ ҚИСМ МЕЪЁР ТЕРИНИНГ ТУЗИЛИШИ Терининг эмбриогенези Гаструляция тугагандан сўнг эмбрион юзасини бир қават ясси, юпқа номукаммал эктодермал ҳужайралар қоплайди. Одам териси эмбриогенезнинг биринчи ойлари давомида эктодермадан ҳосил бўлган бир қаватли кубсимон эпителийдан иборат бўлса, 2-ойнинг бошларида ёки ўрталарида ана шу бир қаватли ҳужайраларнинг айримлари юқорига сиқиб чиқарилиб, перидерма деб аталувчи юпқа, ясси ҳужайралар қаватини ҳосил қилади. Унинг остидаги базал мембрана қавати мезодермага яқин жойлашган майда эктодермал ҳужайралардан тузилган бўлади. Ривожланишнинг дастлабки даврларида бир хил тусдаги ҳужайралар бирлашиб, қаватлар ҳосил қилишидан десмосомалар шаклланади. Икки ойлик даврида тери қўл ва оёқ кафтларида 2-3 қатор, панжалараро бурмаларда, оғиз ва жинсий тешикчаларда 4-5 қатор ҳужайралардан тузилган бўлади. Ҳужайраларнинг жойлашувига қараб уларнинг шакли ва катталиги турлича бўлади. Эмбрионал тараққиётнинг иккинчи ойи охирларида одам ҳомиласининг ташқи қопловчи қаватларида эпидермис ва дермани аниқ ажратиш мумкин. Эмбриогенезнинг 8-9 ҳафталарида айрим жойларда икки қаватли, айрим жойларда уч қаватли ҳужайралардан тузилган эпидермис ҳосил бўлади. Ҳужайраларнинг қайта тақсимланиши натижасида оралиқ қатлам шаклланади. Бу қават ҳужайралари горизонтал йуналишда узунасига жойлашиб, кучли вакуоллашган бўлади. Базал қават ҳужайралари призматик шаклга эга бўлиб, цитоплазмаси оқиш ва апикал қисмига жойлашган шарсимон ядролардан иборат бўлади. Унинг дерма билан бўлган чегараси сўрғичсимон тузилмалар ҳосил қилмайди ва майда тишсимон кўринишдаги тузилмалардан ташкил топган бўлади. Ташқи қават узунчоқ, ядроси ясси бўлган ҳужайралардан иборат бўлади. Барча қатлам ҳужайралари ўз таркибларида гликоген моддасини тутиб, аниқ чегарага эга бўлади. Кейинги ривожланиш 15 даври 8 ҳафтадан 26 ҳафтагача бўлган вақт давомидан иборат бўлиб, у 3 босқичга ажратилади. Ривожланишнинг 8-11 ҳафталари давоми- да перидермал қават ҳужайраларининг актив митотик бўлинишлари натижасида оралиқ қават ҳужайралари шаклланади. Эмбриоге- незнинг 11-ҳафтасида эпидермиснинг базал қаватига меланоцит ҳужайралари кириб келади ва уларнинг салмоғи тез ортиб кетади. Иккинчи босқичда, яъни 12-15 ҳафталар давомида перидермал ҳужайралар ташқи юзасида глобуляр ўсимталар ҳосил бўлади. Кейинги 16-26 ҳафталар давомида мугузланиш жараёнини эслатувчи перидермал ҳужайралар инволюцияси ва ядро тутувчи ўсимталар- нинг узилиши кузатилади. Лекин бу жараён давомида кератогиалин ва кератин фибриллалари ҳосил бўлмайди. Ривожланишнинг 3-ойи давомида базал қават ҳужайралари митоз йўли билан кучли равишда бўлина бошлайди. Ана шу йўл билан эпидермис ўса бошлайди ва 12- ҳафталарга келганда, эпидермис 4-5 қават ҳужайралардан иборат бўлиб қолади. Шу даврдаги базал қават герминатив қават, деб юритилиб, унинг ҳужайралари зич, яхши бўялувчан цитоплазмага ва чегарага эга бўлади. Ривожланишнинг 4-ойи давомида базал қават ҳужайралари баланд призматик шаклга эга, цитоплазмаси базофил бўлиб, гликоген миқдори камаяди. Юқори қаватдаги ҳужайралар полигонал шаклда бўлиб, гликоген тутувчи оксифил цитоплазмага эга бўлади. Шу билан бир вақтда юқори қават ҳужайраларида кера- тин моддаси тўпланади. Кератин ҳужайрада хусусий донадорликни ва юқори қават ҳужайраларида тиғизликни таъминлайди. Кератинизация жараёни асосан кўпроқ тасиротларга учрайдиган қўл-оёқ кафтлари терисида кузатилади. Шуни ҳам айтиш керакки, кафтлар териси эпидермис қаватининг қалин бўлиши эмбрионда тасиротларнинг кучайишидан олдинроқ ҳам кузатилади. Ҳомила ривожланишининг 4-5 ойларида қўл-оёқ кафтлари эпидермиси нафақат кўп қаватли (базал, тиканакли, донадор, ялтироқ ва қалин кератинлашган), балки ҳар бир қават бир-биридан аниқ ажралиб туради. Ана шу ривожланиш даврида донадор қават ҳужайралари цитоплазмасида гистокимиявий услублар ёрдамида майда, қорамтир бўялувчи кератогиалин доначаларини аниқлаш мумкин. Ялтироқ қават ҳужайралари кератогиалиннинг кимёвий ўзгаришдан ҳосил бўлган гомоген ярим суюқ модда элеидинни тутади. Энг юқори жойлашган қават бу вақтда мугузланишнинг энг охирги маҳсулоти-кератин тутувчи, бир-бирига зич жойлашган 16 ҳужайралардан иборат бўлиб, кератин миқдорининг кўпайиши билан намоён бўлади. Ҳомиладорликнинг охирги ҳафталарида ҳомила тана териси деярли ўзгармайди. У фақат дерма ҳисобига бироз қалинлашади, тери ҳосилаларининг ривожланиш жараёни сусаяди ёки бутунлай тўхтайди. Маълум бўлишича, эпидермис ривожланишининг тезлигига иқлим ва географик шароитлар ҳам таъсир кўрсатади. Иссиқ ва қуруқ шароитли иқлимда, масалан, Марказий Осиё шароитида эпидермис қаватининг етилиши ҳолати одатдаги муддатларга қараганда 2-3 ҳафта олдин бўлади. Маълумки, эпидермисга нисбатан дерма қаватининг гистогенези бирмунча кам ўрганилган. Ҳоми- ланинг икки ойлик даврига қадар дермада ядро тутувчи эритроцит оролчалари, кўплаб майда қон томирлари ва мезенхима ҳужайралари тўплами сифатида намоён бўлади. Аморф асосий модда кўп миқдорда бўлиб, унда гликоген туридаги ШИК-мусбат моддалар, муко- ва гликопротеидлар кузатилади. Эмбрионал даврнинг 2-ҳафтаси охири ва 5-ойлари бошларида мезенхима ҳужайралари фибробластларига айланиб, анча вақт давомида мукаммаллашган ҳолда қолади ва уч хил: дендритик ўсимталарга эга юлдузсимон ҳужайраларга, калта ўсимтали майда ҳужайраларга ва юмалоқ ҳужайраларга ажратади. Шу даврга келиб, эпидермис атрофида қуюқ жойлашувчи, ингичка аргирофил толалари ҳосил бўлади. Эпидермис ва дерма орасидаги чегара нотекис контурга эга бўлади, аргирофил толалар сони эса ортиб боради ва тўр шаклидаги кўринишни ҳосил қилади. Ҳомиланинг 3,5-4 ойлик даврида ингичка бўлган коллаген толалар пайдо бўлиб, улар тери юзасига нисбатан параллел жойлашадилар. Бириктирувчи тўқима толалари тузилишини ва ёшга нисбатан улар хусусиятларини ўрганган Л.Д.Марцинкевич тадқиқотларига кўра, эмбрионал ҳаётнинг 6-ойларига келиб, бириктирувчи тўқима толалари аниқ коллаген ва эластик толаларга ажралади. Коллаген толалар етилишнинг асосий белгиси бўлиб, улар диаметрининг 20 нм дан 35 нм гача прогрессив катталашуви ҳисобланади. Коллаген толаларнинг кўпайиши аргирофил толалар сонининг камайишига олиб келади. Бу даврда дерма кўплаб фаол бўлган фибробластларни, лаброцитларни, меланобластларни, макро- фаг ва Меркел ҳужайраларини тутади. Меркел ҳужайралари ҳажми кератиноцитларга нисбатан катта бўлиб, юмалоқ шаклга ва оқиш 17 цитоплазмага эга бўлади. Улар ҳомиладорликнинг 2-ярмида эпидермисга яқин бўлган сўрғичли қаватида, соч ва тери безлари атрофида кузатилади. Одам ҳомиласида эластик толалар асосан ҳомиладорликнинг охирги ойларида кўпроқ бўлади. Чақалоқларнинг териси етук ёшдагилардан маълум даражада фарқ қилади, эпидермиснинг ўсувчи қавати юпқа, донадор ва ялтироқ қаватлар эса узуқ-юлуқ, мугуз қават эса қалин бўлади. Эмбрионал даврда бошланган эпидермиснинг сўрғичлараро ўсим- талари шаклланиши 1 ёшли даврнинг охирида ҳам тугалланмайди. Янги туғилган чақалоқларда эпидермис қаватининг ривож- ланиши бир текис бўлмасдан, у юз ва бўйин бурмаларида жуда юпқа кўринишда бўлади. Айрим чақалоқларда эса тери капиллярларининг кенгайишидан терининг қизариши (терининг физиологик катари) ҳолати кузатилади, лекин бундай ҳолат 2-3 кун давомида ўз-ўзидан ўтиб кетади. Ёғ безларининг актив ҳолати натижасида улар маҳсулотининг тўпланиши кузатилиб, пешона, энса ва бошнинг сочли қисми соҳалари терисида оқиш-сариқ рангдаги бўртиб турувчи, кичик юмалоқ тузилмалар ҳосил бўлади. Тери капиллярларининг локал кенгайишини келтириб чиқаради. Бу даврда эпидермиснинг қўп қисмини асосан 3 қаватга - базал,тиканакли ва мугуз қаватларга ажратиш мумкин. Донадор ва ялтироқ қаватлар фақат қўл ва оёқ кафтларидагина шакллана бошлайди. Чақалоқ териси базал ҳужайралари цитоплазмасида микроўсимталар ҳосил бўлади, улар плазмолемманинг ультрамикроскопик инвагинацияларига айланади. Бу эса ўз навбатида дерма билан ўзаро боғланишларга олиб келади. Дерма сўрғичли ва тўр қаватлардан иборат бўлиб, уларни бириктирувчи тўқимали асоси ва мушак толалари суст ривожланган бўлади. Эпидермис ва дерма орасидаги базал мембрана жуда ёмон шаклланган ва эластик бириктирувча тўқима тутмайдиган сийрак толалар тўридан иборат бўлади, шунинг учун ҳам чақалоқ эпидермиси хусусий дерма қаватидан осон тарзда ажралади. Чақалоқ юзи терисида эластик толалар тўри шаклланиб, тўртинчи ойда эластик каркаснинг хусусий фарқлари пайдо бўлади. Бу каркаснинг шаклланиши 25 ёшларга борганда тугалланади. Чақалоқлар териси рангини аниқловчи қон томирлар мажмуаси қуюқ капиллярларга бой бўлади. Майда қон томирлар бир қават эндотелийдан тузилган бўлади. Ҳомилада дерманинг эластик 18 толалари ҳомиладорликнинг охирги ойларида пайдо бўлади. Чақалоқлар териси дерма қаватининг хусусиятларидан бири бўлиб, бу фибробластлар, семиз ҳужайралар ва макрофаглар тутувчи, лекин тўлиқ шаклланмаган бириктирувчи тўқиманинг мавжудлиги ҳисобланади. Тери ости ёғ клетчаткаси чақалоқларда сийрак ва ёғ бўлакча- ларининг кўплиги билан таърифланади. Бу ёшдаги хусусиятлардан яна бири қўнғир ёғ тўқимасининг мавжудлигидир. Бу тўқима кўкрак қафаси, кўкрак оралиғи ва қон томирлар атрофида жойлашади. Чақалоқларда ёғ безлари яхши шаклланган бўлиб, она гормонлари таъсирида актив фаолиятда бўлади ва туғилиш вақтида бола танасини қоплаб турувчи сузмасимон суртма ҳосил қилади. 1-3 ёшдаги болалар тери эпидермис қавати катталарникига нисбатан юпқа, ундаги қаватлар жойлашуви бир тартибда бўлиб, катталарникига ўхшаш бўлади, яъни базал, тиканакли, донадор, ялтироқ ва мугуз қаватлар кузатилади. Download 4.91 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling