Мутлақ озод қилиш корхонанинг айланма маблағларга бўлган эҳтиёжини камайтиришни тавсифлайди ҳамда мавжуд ресурслардан рационал фойдаланишга оид турли ташкилий-техник чора-тадбирлар ҳисобига амалга оширилади.
Нисбий озод қилиш айланма маблағлари ҳажмининг ўзгариши ҳамда сотилган маҳсулот ҳажмининг ўзгаришини акс эттиради. Уни аниқлаш учун ҳисобот йилида айланма маблағларга эҳтиёжни, маҳсулотни мазкур давр мобайнида сотиш бўйича ҳақиқий айланиш ҳамда ўтган даврдаги айланишни (кунларда) инобатга олган ҳолда ҳисоблаш зарур. Улар ўртасидаги фарқ озод қилинган воситалар миқдорини беради.
Қисқача хулосалар
Ҳеч бир корхона айланма маблағларсиз фаолият кўрсата олмайди. Уларнинг мавжуд бўлиши ҳар бир ишлаб чиқариш жараёни учун мажбурий элемент ҳисобланади.
Корхонанинг молиявий аҳволи кўп жиҳатдан айланма маблағлардан фойдаланиш даражаси ва тузилмасига боғлиқ бўлади. Мазкур даража маҳсулотнинг материал сиғими, электр сиғими, энергия сиғими, моддий ресурс харажатлари ва ундан фойдаланиш коэффициенти каби кўрсаткичларни тавсифлайди. Айланма маблағлардан фойдаланиш кўрсаткичлари қуйидагилар: айланиш коэффициенти, бир марта айланиш давомийлиги ва юкланиш коэффициенти.
Корхонада маҳсулотнинг материал сиғимини пасайтириш иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан катта аҳамият касб этади, чунки у қуйидагиларга имкон яратади:
ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли равишда камайтириш;
корхона ихтиёрида қолувчи фойда миқдорини ошириш;
маҳсулотнинг рақобатбардошлигини ошириш;
корхонанинг молиявий аҳволини яхшилаш.
Корхонада моддий ресурслардан оқилона фойдаланишга фақат доимий амал қилувчи тизим сифатидаги ресурсларни сақлашнинг чуқур ўйланган сиёсати асосида эришиш мумкин.
Назорат ва муҳокама учун саволлар
Айланма маблағлар ишлаб чиқариш айланма фондларидан қандай фарқ қилади?
Айланма маблағларни ташкил қилувчи асосий элементлар қайсилар?
Айланма маблағлар тузилмаси деганда нима тушунилади? Қайси омиллар унинг ўзгаришига таъсир кўрсатади?
Қайси кўрсаткичлар ишлаб чиқариш айланма фондлари ва айланма маблағлардан фойдаланиш даражасини тавсифлайди?
Қайси омиллар айланма маблағларнинг айланиш даражасига таъсир кўрсатади?
Корхонада маҳсулотнинг материал сиғимини камайтириш қандай аҳамият касб этади?
Айланма маблағларни меъёрлаштиришнинг моҳияти ва аҳамияти қандай?
Do'stlaringiz bilan baham: |