Ўзбекистон республикаси қонун ҳужжатлари тўплами
Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти] III. ҚОНУНЛАРНИ ҲАМДА ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ
Download 1.15 Mb.
|
Qonunlar to\'plami
- Bu sahifa navigatsiya:
- 12-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш
- 13-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиш
- 14-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш
- 15-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқиш
- 16-модда. Келишув комиссияси
- 17-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти қайтарган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби
- 18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари
- 19-модда. Қонунчилик палатаси қарорларини қабул қилиш тартиби
1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]
III. ҚОНУНЛАРНИ ҲАМДА ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ҚАРОРЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ 12-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун киритиш Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритишда қуйидагилар тақдим этилиши керак: 1) қонун лойиҳасига унинг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати, ушбу концепцияда ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети; тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо; қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари; қонун лойиҳасининг асосий қоидалари; бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари прогнози белгилаб берилган бўлиши керак; (12-модданинг иккинчи қисми 1-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) 2) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонунларни ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси; 3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши лозим бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати; 31) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларининг, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал; (12-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майдаги ЎРҚ-372-сонли Қонунига асосан 31-банд билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 20-сон, 222-модда) 4) моддий харажатларни талаб қиладиган қонун лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар; 5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси. (12-модданинг иккинчи қисми 5-банди Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти лойиҳа матнини ўзгартириш ёки ўзи киритган қонун лойиҳасини чақириб олиш ҳуқуқига эга. Қонунчилик палатасига илгари палата томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган тегишли қонун лойиҳасига доир масалага дахлдор бўлган қонун лойиҳаси келиб тушган ҳолларда, Қонунчилик палатаси янги киритилган қонун лойиҳасини қайтариш тўғрисидаги ёхуд уни илгари биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳаси билан бирлаштириш ҳақидаги масалани масъул қўмитанинг хулосаси асосида ҳал этишга ҳақли. (12-модданинг учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) 13-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиш Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, масъул қўмитани белгилайди, қонун лойиҳаси ҳамда унга илова қилинган материалларни масъул қўмитага ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) топширади. Бунда Қонунчилик палатаси Кенгаши фракциялар (депутатлар гуруҳлари) томонидан фикрлар ва таклифларни ҳамда масъул қўмита томонидан хулосани тақдим этиш муддатини белгилайди. (13-модданинг биринчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида таклифлар ишлаб чиқиш учун қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар (депутатлар гуруҳлари) ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас. Масъул қўмита қонун лойиҳаси бўйича барча фракциялардан (депутатлар гуруҳларидан) фикрлар ва таклифларни тўплаб, Қонунчилик палатаси Кенгашига қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисида белгиланган муддатда хулоса тақдим этади. Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш тўғрисида ёки қонун лойиҳаси ушбу Қонун 12-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда уни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига қайтариш ҳақида қарор қабул қилади. (13-модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан тўртинчи қисм билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Аниқланган камчиликлар бартараф этилганидан кейин қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун янгидан киритилиши мумкин. Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилинаётганда унинг Кенгаши қонун лойиҳасини палата мажлисида кўриб чиқишга тайёрлаш муддатини белгилаши шарт. Кўриб чиқиш учун қабул қилинган қонун лойиҳаси унга илова қилинган материаллар билан Қонунчилик палатасининг қўмиталарига юборилади. (13-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-349-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 16-сон, 215-модда) 14-модда. Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш Қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш ва уни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш масъул қўмита томонидан амалга оширилади. Фракциялар (депутатлар гуруҳлари) қонун лойиҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунларига кўра масъул қўмитага ўз фикрлари ва таклифларини тақдим этади. Масъул қўмита фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларининг фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қонун лойиҳасининг дастлабки тарздаги муҳокамасини ўтказади ва, агар Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан бошқа муддат белгиланган бўлмаса, қонун лойиҳаси олинган кундан эътиборан икки ой ичида унга: Қонунчилик палатаси Кенгашининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини; масъул қўмитанинг мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш ёки рад этиш зарурлиги асосланган хулосасини; фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини илова қилган ҳолда, Қонунчилик палатаси Кенгаши кўриб чиқиши учун тақдим этади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси қўмиталарида муҳокама қилиш очиқ, қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари таклиф этилган ҳолда ўтказилади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин. (14-модданинг тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмита тақдим этган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш учун Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартиби лойиҳасига киритиш тўғрисида қарор қабул қилади. 15-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида кўриб чиқиш Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини, қоида тариқасида, уч ўқишда кўриб чиқади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисларида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида уни қабул қилиш зарурати, қонун лойиҳасининг концепцияси, унинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига мувофиқлиги, шунингдек қонунни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар ҳамда молиялаштириш манбалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинади. Бунда масъул қўмитадан бўлган маърузачи биринчи ва кейинги ўқишларда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини депутатларга етказиши шарт. Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим. Қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ёки унинг вакили Қонунчилик палатаси мажлисида қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида сўзга чиқиши мумкин. Қонунчилик палатаси муҳокама натижалари бўйича қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини мажбурий тартибда белгилаган ҳолда уни биринчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Қонунчилик палатаси муҳокамасига қонун лойиҳаларининг муқобил таҳрирлари киритилган тақдирда улар бир вақтда кўриб чиқилиши керак. Қонунчилик палатаси депутатларининг қарор қабул қилиш учун талаб қилинадиган энг кўп миқдордаги овозини тўплаган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган ҳисобланади. Биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасининг матни, қоида тариқасида, Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштирилади, зарур бўлган ҳолларда эса, Қонунчилик палатасининг қарорига кўра оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. Масъул қўмита келиб тушган фикрлар ва таклифларни қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида умумлаштиради. Қонун лойиҳасининг маромига етказилган матни фракцияларга (депутатлар гуруҳларига), шунингдек қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига уларнинг ушбу қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларини олиш учун юборилади. Масъул қўмита маромига етказилган қонун лойиҳаси бўйича фикрлар ва таклифларни олганидан сўнг уларнинг муҳокамасини қонун лойиҳасини киритган қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти вакиллари иштирокида ташкил этади. Муҳокамаларга олимлар, мутахассислар, фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин. Социал ва ижтимоий аҳамиятга молик масалаларга дахлдор қонун лойиҳалари муҳокамаларига фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари таклиф этилиши шарт. Масъул қўмита томонидан асосли деб топилган таклифлар қонун лойиҳасининг матнига киритилади. Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида масъул қўмита томонидан маъқулланган фикрлар ва таклифлар ҳам, маъқулланмаган фикрлар ва таклифлар ҳам муҳокама қилинади. Қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш моддама-модда ўтказилади. Муҳокама натижалари бўйича Қонунчилик палатаси қонун лойиҳасини маромига етказиш ва кейинги ўқишда кўриб чиқиш учун палатага киритиш муддатини белгилаган ҳолда уни иккинчи ўқишда қабул қилиш ҳақида ёхуд қонун лойиҳасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Учинчи ўқишда қонун лойиҳаси муҳокама қилинмасдан тўлалигича овозга қўйилади. Қонун лойиҳаси биринчи ёки иккинчи ўқишда қабул қилинган тақдирда, масъул қўмитанинг таклифига биноан қонунни кейинги ўқишлар тартиб-таомилини истисно этган ҳолда қабул қилиш тўғрисидаги масала овозга қўйилиши мумкин. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан палата депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, бундан ушбу Қонун 151, 17 ва 18-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун ўн кун ичида Сенатга кўриб чиқиш учун юборилади. Сенатга қонун билан биргаликда қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш чоғида тақдим этилган материаллар юборилади. (15-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) 151-модда. Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши лозим. Масъул қўмита Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан хулоса беради. Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади. Сенат томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади: юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун белгиланган тартибда келишув комиссиясини тузиш; қонунни Қонунчилик палатаси томонидан аввалги қабул қилинган таҳририда қабул қилиш; қонунни Қонунчилик палатасининг қайта кўриб чиқишидан олиб ташлаш. Агар Қонунчилик палатаси Сенат томонидан рад этилган қонунни Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади. (151-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) 16-модда. Келишув комиссияси Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Қонунчилик палатасида келишув комиссиясини тузиш тўғрисидаги ташаббус Қонунчилик палатаси Спикеридан, шунингдек фракциялар ва депутатлар гуруҳларидан чиқиши мумкин. Келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркиби унинг мажлисида тасдиқланади. Бунда келишув комиссиясининг Қонунчилик палатасидан кўрсатилган таркибига ўзини мухолифат деб эълон қилган фракцияларнинг вакиллари киритилиши шарт. (16-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонунига асосан учинчи қисм билан алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан сайланган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссиянинг ҳамраисларини сайлайдилар. Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Келишув комиссиясининг қарорлари келишув комиссияси таркибига кирган Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг алоҳида-алоҳида овоз бериши орқали қабул қилинади. Қарор, агар комиссиянинг ҳар бир палатадан сайланган аъзоларининг кўпчилиги уни ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Келишув комиссияси ўз ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилади. Хулосага қонунга доир ўзгартишлар ва қўшимчалар лойиҳасининг матни илова қилинади. Хулоса Қонунчилик палатаси ва Сенатдан сайланган келишув комиссиясининг ҳамраислари томонидан имзоланиб, тегишинча Қонунчилик палатаси ва Сенатга топширилади. Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда қонун Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқилиши керак. Қонунни қайта кўриб чиқишда келишув комиссиясининг баённомасида мавжуд бўлган таклифларгина муҳокама қилинади. Келишув комиссиясининг лоақал битта таклифи рад этилган тақдирда Қонунчилик палатаси келишув комиссиясига янги таклифларни тақдим этиш учун палата томонидан маъқулланган тузатишларни инобатга олган ҳолда ишни давом эттиришни таклиф қилиши мумкин. Қонунчилик палатаси қонунни келишув комиссиясининг таҳририда қабул қилса, у маъқуллаш учун Сенатга юборилади. Агар келишув комиссиясининг қонун бўйича ишлари якунларига кўра келишувга эришилмаса, қонун Сенат томонидан рад этилган қонун сифатида қайта кўриб чиқилиши керак. Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2005 йил 8 ноябрдаги 152-I-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2005 йил 3 декабрдаги 112-I-сонли қарорлари билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг келишув комиссиясини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби». 17-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти қайтарган қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан эътирозлар билан қайтарилган қонун Қонунчилик палатаси томонидан бир ойлик муддатда қайта кўриб чиқилиши керак. Масъул қўмита Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонун юзасидан хулоса беради. Масъул қўмитанинг хулосаси олинганидан кейин қонунни Қонунчилик палатаси томонидан қайта кўриб чиқиш масаласи белгиланган тартибда Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади: қонунни Ўзбекистон Республикаси Президентининг мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда қабул қилиш; қонунни бундан буён кўриб чиқмаслик; қонунни аввалги қабул қилинган таҳририда маъқуллаш. Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, Сенатга маъқуллаш учун юборилади. (17-модда Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) 18-модда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг, конституциявий қонуннинг, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг лойиҳаларини қабул қилиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади. Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой ичида унинг кенг муҳокамасини инобатга олган ҳолда кўриб чиқиши мумкин. Агар Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилмаса, уни кўриб чиқиш камида бир йилдан кейин қайта бошланиши мумкин. 19-модда. Қонунчилик палатаси қарорларини қабул қилиш тартиби Қонунчилик палатаси қонунлар қабул қилиниши талаб этилмайдиган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилади. Қарор лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда унга қисқача тушунтириш хати ва бошқа зарур материаллар илова қилинади. Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, масъул қўмитани белгилайди, унга ва, бир вақтнинг ўзида, фракцияларга (депутатлар гуруҳларига) қарор лойиҳасини ҳамда унга илова қилинган материалларни топширади. Масъул қўмита қарор лойиҳаси бўйича барча фракциялар (депутатлар гуруҳлари), манфаатдор ташкилотлар ҳамда экспертлар гуруҳларидан фикрлар ва таклифларни тўплаб, уни Қонунчилик палатаси мажлисида кўриб чиқиш мумкинлиги тўғрисида Қонунчилик палатаси Кенгашига хулоса тақдим этади. Қонунчилик палатаси Кенгаши масъул қўмитанинг хулосаси асосида, фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) фикрлари ва таклифларини ҳисобга олган ҳолда қарор лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисининг кун тартибига киритиш ёки киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Қонунчилик палатаси мажлисида масъул қўмита вакилининг ахбороти эшитилиб, унда фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари депутатларга етказилиши шарт. Фракцияларнинг (депутатлар гуруҳларининг) қарор лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари мажбурий равишда ва ҳар томонлама муҳокама қилиниши лозим. (19-модданинг еттинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-396-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 52-сон, 645-модда) Муҳокама натижаларига кўра депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинади. (19-модданинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмлари Ўзбекистон Республикасининг 2013 йил 18 апрелдаги ЎРҚ-349-сонли Қонунига асосан учинчи — саккизинчи қисмларга алмаштирилган — ЎР ҚҲТ, 2013 й., 16-сон, 215-модда) Агар овоз бериш якунларига кўра қарор лойиҳасини қабул қилиш тўғрисидаги таклиф зарур миқдорда овоз тўпламаган бўлса, таклиф рад этилган ҳисобланади. Қонунчилик палатасининг Сенат билан биргаликдаги ваколатларига киритилган масала юзасидан қабул қилинган қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, агар ушбу Қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Сенатга юборилади. [ОКОЗ: Download 1.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling