181-модда. Тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун ноқулай бўлган қонун ҳужжатларидаги ўзгартишлардан кафолатлар
Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилининг мураккаблаштирилишини ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини назарда тутадиган, шунингдек уларнинг жавобгарлигига оид янги чораларни белгилайдиган қонун ҳужжатлари расмий эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ойдан кейин кучга киради.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қонун ҳужжатларида уларнинг (ёки улар қисмларининг) кучга кириш муддати кўрсатилиши керак.
(181-модда Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 11 декабрдаги ЎРҚ-381-сонли Қонунига асосан киритилган — ЎР ҚҲТ, 2014 й., 50-сон, 588-модда)
19-модда. Тадбиркорлик субъектларининг қонун ҳужжатларида ман этилмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш эркинлиги кафолатлари
Тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида ман этилмаган ҳар қандай фаолиятни амалга оширишга ҳақли.
Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг муассислари таъсис ҳужжатларида фаолиятнинг фақат асосий турларини санаб ўтишга ҳақли. Юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъектлари таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган фаолият тури билан ҳам шуғулланиши мумкин.
Якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарори билан тасдиқланган «Хусусий тадбиркорлар юридик шахс ташкил этмасдан шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати».
20-модда. Тадбиркорлик субъектларининг ўз товарлари (ишлари, хизматлари) ва даромадларини (фойдасини) тасарруф этиш эркинлиги кафолатлари
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўзлари ишлаб чиқарадиган товарларнинг (бажарадиган ишларнинг, кўрсатадиган хизматларнинг) ва уларни реализация қилишдан олинган даромадларнинг (фойданинг) мулкдоридир.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари барча ишлаб чиқариш харажатларининг ўрни қопланиб, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) ўз хоҳишига кўра тасарруф этади, бундан суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари мустасно.
Do'stlaringiz bilan baham: |