Ўзбекистон республикаси президенти


Илк давлатлар ҳақидаги ёзма манбалар. Қадимги аҳоли


Download 5.26 Mb.
bet10/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Илк давлатлар ҳақидаги ёзма манбалар. Қадимги аҳоли
Ўрта Осиё ҳудудларидаги дастлабки давлат уюшмалари ҳақидаги ёзма манбалар - зардўштийларнинг муқаддас динний китоби “Авесто”, аҳамонийлар даври миххат ёзувлари, юнон-рим тарихчиларининг асарлари ҳисобланиб, уларнинг барчаси юртимиздан четда битилган. Шунинг учун ҳам уларда баъзи ҳолларда чалкашликлар ва ноаниқликлар, бир-бирини инкор этиш ҳоллари учраб турадики, бу ўринда мавжуд ёзма манбаларни археологик тадқиқотлар натижалари билан солиштириш ва таҳлил этиш ниҳоятда муҳимдир.
Ватанимиз тарихини ўрганишидаги дастлабки ёзма манба сифатида “Авесто” катта аҳамият касб этади. “Авесто” қачон ва қаерда пайдо бўлганлиги тадқиқотчилар орасида ҳамон баҳсларга сабаб бўлмоқда. “Авесто” китоби ва зардўштийлик динининг асосчиси Заратуштра (Зардўшт, юнонча Зороастр) пайдо бўлган ва фаолият кўрсатган ҳудуд ҳақида “Авесто”да келтирилган географик ҳудудларни ўрганиб хулоса чиқарган кўпчилик ҳозирги тадқиқотчилар Ўрта Осиё ёки ҳеч бўлмаганда бу ҳудудга қўшни бўлган шимоли-шарқий Эрон деган фикр билдирадилар. Умуман олганда, “Авесто”нинг ватани Хоразм ёки Бақтрия деб ҳисобловчи олимлар кўпчиликни ташкил этади.
“Авесто”да аҳамонийларгача бўлган географик, ҳудудий номлар, атамалар, ижтимоий-иқтисодий маълумотлар, сиёсий тарих, диний фалсафа ва турли маълумотлар сақланган. Унда жумладан шундай дейилади: “О, Спитама Заратуштра, яшайдиган жойларга, бу ерларга бахтлик қанча кам бўлса-да, тинчлик тортиқ қилдим. Биринчидан, одамлар яшаши учун энг яхши мамлакатни, Ванхви Датьё дарёсидаги Арёнам Вайжо (Эрон текислиги ёки арийлар ўлкаси)га асос солдим.
Иккинчидан, мен, Ахурамазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган Гава Сўғда (Сўғдиёна) маконига асос солдим.
Учинчидан, мен, Ахурамазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган қудратли Моуру (Марғиёна)га асос солдим.
Тўртинчидан, мен, Ахурамазда, энг яхши мамлакатлар ва ўлкалардан бўлган, баланд байроқлари бўлган гўзал Баҳди (Бақтрия)га асос солдим”.1
“Авесто”да тилга олинган жуда кўплаб мамлакатлар - Ўрта Осиё ва Ўрта Шарқ, Афғонистон, Эроннинг шимоли-шарқий ҳудудлари билан боғлиқдир. Яшт қисмлари арийларнинг ерлари ҳақида қуйидагича эълон қилади: “У мамлакатнинг жасур сардорлари кўпдан кўп ҳарбий юришлар қилади, унинг кенг яйловларга эга, сувга сероб тоғларида чорва тинч ўтлов ва емиш билан таъминланган, бу ердаги серсув чуқур кўллар тўлқинланиб туради, кема қатнайдиган кенг дарёларнинг оқими Поурутадаги Искта, Харавайдаги Моуру, Сўғддаги Гава ва Хваризам томонига тошиб интилади”.
“Авесто” маълумотларига кўра, эроний сулолаларидан бўлган Каёнийлар сулоласининг сўнгги вакилларидан бири Кави Виштасп пайғамбар Заратуштрага ҳомийлик қилади. Заратуштра яшаб фаолият кўрсатган давр ҳақида аниқ фикр йўқ. Тадқиқотчилар бу даврни мил.авв. II минг йиллик ўрталаридан милодий I минг йиллик ўрталаригача белгилайдилар. Кўпчилик тадқиқотчилар фикрларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, Заратуштра мил.авв. I минг йилликнинг биринчи чорагида яшаб фаолият кўрсатган бўлиши мумкин.
Давлатчилик пайдо бўлишининг муҳим белгиларидан бири жамиятнинг ижтимоий табақаларга бўлиниши ҳисобланади. Кўпчилик манбалардан бизга маълумки, Авесто жамияти қуйидаги тўртта табақага бўлинади: 1) қоҳинлар (атраванлар); 2) ҳарбийлар (ратаистралар); 3) деҳқон-чорвадорлар (вастрйа-фшуйант); 4) ҳунармандлар (хутлар). Жамиятнинг бундай табақалашуви қадимги, яъни, зардўштийликкача бўлган аъаналарни ўзида акс эттиради. Бу анъаналар айрим ўзгаришлар билан кўп асрлар, Авестодан кейинги даврларда ҳам сақланиб қолади.
Дастлабки иккита табақа анча имтиёзларга эга бўлиб, жамиятни бошқарган. Айниқса, қоҳинлар жуда юқори мавқеда турганлар. Заратуштра ўз ғояларини тарғиб этиш жараёнида подшо Виштаспнинг энг яқин одами ва маслаҳтчисига айланади. Ўша даврдаги жамиятнинг ҳар бир бўлаги (ячейкаси) – уй, қишлоқ, воҳа ва вилоят – ўлка маълум унвони бўлган ўз диний йўлбошчисига эга бўлган. Манбаларга кўра, давлатнинг бош қоҳини «заратуштротем» унвонига эга бўлган. Ундан ташқари «заутара» (диний қўшиқлар ижрочиси), «атурпат» (олов бош қоҳини), «хирпат» (ибодатхона ва диний тадбирлар бошлиғи) каби диний увонлар ҳам мавжуд бўлган.
Подшо ва унинг яқинлари келиб чиққан ҳарбийлар табақасининг ҳам мавқеи баланд бўлган. Жамиятнинг асосий ишлаб чиқарувчилари ва моддий яратувчилари деҳқонлар, чорвадорлар ва ҳунармандлар эдилар. Авестода қуллар ҳам бир неча бор эслатиб ўтилади. Улар табақаларга кирмаган ва афтидан, жамият ҳаётида унчалик катта роль ўйнамаган.
Жамиятнинг бошқарув тартиби ҳақида Авестода маълумотлар сақланган. Манбада келтирилишича, орийлар ўлкаси қуйидаги тўртта маъмурий ҳудудий бирликка бўлинади: 1-патриархал оилага тегишли бўлган турар-жойлар (нмана); 2-қишлоқлар (вис); 3- туманлар (занту); 4-вилоят – ўлка (дахью). Ушбу бирликларнинг ҳар бири ўз йўлбошчисига эга бўлган: 1-нманопати (уй бошлиғи); 2-виспати (қишлоқ бошлиғи); 3-зантупати (туман оқсоқоли); 4-дахьюпати (вилоят –ўлка йўлбошчиси).
Энг йирик уюшма «дахьюсасти» (вилоятлар устидан ҳукмронлик ёки вилоятлар уюшмаси) эди. Бундай уюшманинг ҳукмдори «бутун дахьюлар дахьюпатиси» деб аталган. Қиёсий таҳлиллар асосида аҳамонийлар давридаги «шоҳлар шоҳи» унвони ушбу Авесто унвонига бориб тақалашини тахмин қилиш мумкин. Авестода шунингдек, «кави», «састар» ва «хатра» каби бошқарув билан боғлиқ бўлган унвонлар ҳам учрайди. «Кави» (форсчада «кай») унвони Авестода кўп учрайди. Бу унвон нафақат катта ўлкалар подшолари балки, кичик мулклар ҳукмдорларига ҳам берилган. Қалъалар, туманлар ва вилоятлар ҳукмдорлари «Састар» унвони билан аталган. «Ҳокимият», «қудрат» маъноларини берувчи «хшатра» унвони тумандан тортиб ўлкалар ҳукмдорларигача берилган. Мисол учун, Бехистун ёзувларида подшо Доро I ушбу унвон билан тилга олинади.
Авестода йиғин ёки йиғилиш маъносидаги «ханжмана» (янги форс тилида «анжуман») сўзи учрайди. Афтидан, дастлабки пайтларда подшо ҳокимияти сайлаб қўйилган. Чунки, «Шоҳнома» маълумотларига кўра кайонийлар (кавилар) сулоласининг асосчиси Кайқубод кавилар умумий анжуманида Эрон подшоси қилиб сайланади. Авесто маълумотларига кўра, подшо (дахьюпати) бир вақтнинг ўзида бош ҳарбий ва бош қози (судья) ҳисобланган. Подшо ўзининг ҳарбий дружинасига эга бўлган. Вилоят ва ҳарбий ҳолатларда бу дружиналар шоҳ ихтиёрида бўлган.
Мил авв. VI асрнинг ўрталарига келиб Эрондаги Аҳамонийлар сулоласи ҳукмдорлари Қадимги Шарқдаги кўпгина мамлакатлар устидан, жумладан, Ўрта Осиёдаги Парфия, Марғиёна, Бақтрия, Сўғдиёна, Хоразм, “Саклар ўлкаси” устидан ўз ҳокимиятини ўрнатдилар. Аҳамонийлар даврида битилган миххат манбалар мил авв. VI -IV асрларга оид бўлиб, Эрон ҳудудларида, хусусан, Беҳистун ва Нақши Рустам қояларида, Суза, Персепол ва Ҳамадон шаҳарларидан топиб ўрганилган. Булар орасида энг муҳими Беҳистун ёзувлари бўлиб, у Доро I даврида ёзилган. Бу ёзувларда Доро I босиб олган ўлкалар санаб ўтилади. Шунингдек, босиб олинган ҳудудларда форсларга қарши қўзғолонлар ҳақида маълумотлар берилади.
Суза шаҳридан топилган ёзувларда Доро I бундай эълон қилади: “Сузадаги саройни мен бино қилганимда унинг безаклари узоқ юртлардан олиб келинган. Уака ёғочи Гадхарадан, олтин - Сард ва Бақтриядан, ялтироқ тошлар ва ложувард Сўғдиёнадан, феруза-Хоразмдан, кумуш ва бронза Арахозиядан, тош устунлар - Эламдан етказиб келинган.”
Персепол шаҳридаги сарой деворларида бақтрияликлар, хоразмликлар, сўғдлар ва сакларнинг ўйиб ишланган расмлари топилган. Бу расмларда Сўғдиёна, Бақтрия, Хоразм ва саклар ўлкасидан бўлган солиқ тўловчиларнинг аҳамонийларга турли хил буюмлар (ҳунармандчилик, тикувчилик, заргарлик, ҳарбий қуроллар) ҳамда қадимги Шарқда машҳур бўлган отлар ва туяларни солиқ сифатида олиб келаётгани тасвирланган. Хуллас, аҳамонийлар даври ёзувларида ўлкамиз халқларининг қадимги тарихига оид қуйидаги маълумотлар сақланган: вилоятлар ва халқларнинг номлари, айрим сиёсий жараёнлар, саклар юртига қарши юришлар, иқтисодий тузум ва моддий маданият маълумотлари.
Юнон-рим тарихчиларидан биринчи бўлиб “тарихнинг отаси” Геродот (мил.авв. V аср) Ўрта Осиё халқлари ҳақида маълумотлар беради. Геродот ўзининг машҳур “Тарих” китобини мил. авв. 455-445 йилларда ёзган. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Геродот Ўрта Осиё вилоятларининг бирортасида ҳам бўлмаган. Шунинг учун ҳам Ўрта Осиёдаги халқлар, вилоятлар жойлашувидаги нафақат аниқ, балки умумий чегараларидан ҳам бехабар бўлган. Ўрта Осиё вилоятлари ҳақида эса, ўзи эшитган ҳикоялари, суриштириб билганлари асосида ёзган.
Тадқиқотчиларнинг ҳисобига қараганда, Геродот “Тарих” китобида Бақтрия, Бақтра, бақтрияликларни 13 марта, сўғдларни 2 марта, хоразмликларни 3 марта, сакларни 11 марта, массагетларни 19 марта тилга олиб уларнинг моддий маданияти, урф-одатлари, дини ва тарихи ҳақида ҳикоя қилган.
Геродотнинг Ўрта Осиё тўғрисидаги асосий фикрлари форсларнинг сак-массагетларга қарши юришлари, Кир II ва Тўмарис ўртасидаги сиёсий муносабатлар, аҳамонийлар ҳарбий қўшинлари сафида юртимиз халқлари жангчиларининг иштироки, уларнинг яроғ-аслаҳалари, йўлбошчилари, форс-юнон урушларида уларнинг жасорат кўрсатганлиги, халқларнинг аҳамонийлар давлатига бўйсуниши ва солиқ тартиби, сак-массагетларнинг турмуш тарзи ва диний эътиқоди ва бошқа айрим маълумотлардан иборат.
Асли Кичик Осиёдаги Книд шаҳрилик бўлган юнон тарихчиси Ктесий аҳамонийлар подшоси Артаксеркс (мил.авв. 404-359 йй.) саройида табиблик қилган. Ктесий қаламига мансуб “Персика” асарининг катта бир қисми бақтрияликлар тарихига бағишланган.
Ктесий Оссурия подшоси Ниннинг Бақтрияга қилган юришлари, Бақтриянинг пойтахти ва кўп сонли мустаҳкам истеҳком ва шаҳарлар ҳақида маълумотлар бериб, жумладан, шундай ёзади: “Бақтриядаги кўпдан-кўп шаҳарлар орасида Бақтра номли машҳур бир шаҳар бўлган. Бу шаҳар мамлакатнинг маркази бўлиб, кўп шаҳарлар ўртасида, баланд ва мустаҳкам мудофаа деворлари билан ўралган, унда подшо қалъаси жойлашган”.
Яна бир юнон муаллифи Ксенофонт “Киропедия” номли асарида Ктесий хабарларига ўхшаш, Бақтра шаҳарларининг оссурияликлар томонидан қамал қилиниши тўғрисида маълумот беради. Шунингдек, Ксенофонт Кир II ва Бақтрия урушлари ҳақида ҳам ёзади.
Мил. авв. IV асрнинг иккинчи ярмида македониялик Искандарнинг Шарққа қилган юришлари натижасида Ўрта Осиёдаги қадимги вилоятлар ҳақида кўплаб янги тарихий-географик маълумотлар пайдо бўлди. Кейинги антик давр муаллифлари (Арриан, Курций Руф, Страбон ва бошқ.) асарларидаги маълумотлар илк антик давр муаллифлариникига нисбатан кенгроқ берилган. Македониялик Искадар юришлари ҳақида ёзган тарихчилар асарларида қадимги Ўзбекистон вилоятлари, шаҳарлар, қалъалар, манзилгоҳлар, ҳимоя деворлари, хўжалик ва маданий ҳаёт ҳақида кенгроқ ва батафсилроқ маълумотлар олиш мумкин.
Олиб борилган археологик ва антропологик тадқиқотлар натижалари қиёсий таҳлил этилар экан, қадимги даврдаги Ўрта Осиё ҳудудида яшаган қадимги аҳоли тарихини тадқиқ этиш бир неча сабабларга кўра катта аҳамият касб этиши кузатилади. Ушбу аҳамиятли ҳолатни қуйидагича изоҳлаш мумкин: биринчидан, бу даврда аҳолининг табиий ҳудудлар бўйича хўжалик жиҳатдан табақаланиши содир бўладики, олиб борилган археологик тадқиқотлар натижалари Ўрта Осиё ва Қозоғистоннинг асосан деҳқончилик билан шуғулланган жанубий ҳамда асосан чорвачилик билан шуғулланган шимолий ҳудудларини ажратиш ва ўзаро таққослаш имконини беради. Иккинчидан, деҳқончиликка ва ишлаб чиқарувчи иқтисодга эрта ўтиш деҳқончилик жамоалари сонининг ортишини ҳамда илк шаҳарларнинг ривожланишини белгилаб берди ва демографик жиҳатдан таъсир кўрсатиб ортиқча аҳолининг турли археологик маданиятларга ва хўжалик юритиш тартибига мансуб бўлган табақаларнинг кўчиб кетишига туртки берди. Учинчидан, Ўрта Осиё ҳудудида мураккаб этно-маданий жараёнларнинг содир бўлиши, ҳозирги замон ўлкамиз халқларининг шаклланишида узоқ қадимга бориб тақалувчи маҳаллий унсурларнинг устунлиги қадимги даврлар билан бевосита боғлиқдир. Тўртинчидан, айнан мана шу аҳоли илк шаҳарлар маданиятини ривожлантириш жараёнида ўлкамиз ҳудудларидаги ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг бошқарувчилари бўлиб, уларнинг илк деҳқончилик манзилгоҳлари ва дастлабки шаҳарсозлик маданиятининг яратувчанлиги хусусиятини ҳам алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда, Ўрта Осиёда аҳоли жойлашуви этник ҳудудларининг ажрала бошлаши мил. авв. IX-VIII асрларга оид бўлиши мумкин. Мил. авв. VI асрда Эрондаги аҳамонийлар сулоласи подшолари юртимизда юриш қилганда бу халқларнинг ажралиб бориш жараёни бутунлай тугаган ва турли халқларнинг ҳудудий жойлашув чегаралари, вилоятларнинг маъмурий чегаралари аҳамонийлардан анча олдинги даврда пайдо бўлган.
Минг йиллар давомида Ўзбекистон ҳудудларида яшаб ўтган қабилалар ва элатларнинг тарихи ҳамда маданияти изсиз йўқолиб кетмаган. Ушбу элатларнинг айримлари аждодларимизнинг йирик гуруҳларини ташкил этиб, энг қадимги ёзма манбаларда тилга олинган. Ушбу манбаларнинг гувоҳлик беришича, мил. авв. VII-VI асрларда Ўзбекистоннинг деҳқончилик воҳаларида сўғдийлар, бақтрияликлар ва хоразмийлар яшаганлар. Ўрта Осиё ва Қозоғистонинг тоғлари, даштлари ва чўлларида яшаган саклар ва массагетлар чорвадор қабилалардир.
Мил. авв. I минг йилликнинг биринчи ярмида юртимиз ҳудудларида жойлашган турли халқлар қадимги шарқ-эроний тиллар шеваларида гаплашганлар. Уларнинг этник қиёфаси ва тиллари бир-бирига яқин бўлган. Шунинг учун ҳам сўғдлар, бақтрийлар, хоразмийлар, сак-массагетлар қариндош халқлар бўлиб, бир-бирларини тушунганлар. Айниқса, деҳқончилик билан шуғулланиб ўтроқ хўжалик юритган аҳолининг моддий ва маънавий маданият бир-бирига анча ўхшаш бўлган.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   6   7   8   9   10   11   12   13   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling