Ўзбекистон республикаси президенти


Салавкийлар, Парфия ва Юнон-Бақтрия давлатлари


Download 5.26 Mb.
bet18/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Салавкийлар, Парфия ва Юнон-Бақтрия давлатлари
Македониялик Искандар давлати турли халқлар, элатлар ва қабилаларнинг зўрлаб бирлаштирилган йиғиндисидан иборат бўлиб, фақат қўрқитиш ва қурол кучи орқали идора қилинар эди. Мил.авв. 323 йилда македониялик Искандарнинг Бобилда тўсатдан вафот этиши сиёсий вазиятнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Юнон диадохлари (ҳукмдорлар, амалдорлар) ўртасида ҳокимият учун шафқатсиз кураш бошланди.
Мил.авв. 312 йилда Искандарнинг энг ишончли саркардаларидан бири Салавка диадохлар билан бўлган курашда устун келиб Бобил, Сузиана, Мидия ва бошқа қўшни вилоятларни босиб олди ва кўп ўтмай Олд Осиё, Эрон ва Ўрта Осиё ҳудудларига ҳам ўз ҳукмронлигини ўрнатди. Аммо, Ҳиндистондаги ҳарбий-сиёсий вазият туфайли бу ҳудудлардаги муваффақият Салавкийлар фойдасига ҳал бўлмади. Мил. авв. IV асрнинг охирларида бу ерда Чандрагупта асос солган кучли Маурья давлати Салавкага қаттиқ қаршилик кўрсатганлиги сабабли Салавка сулҳ тузишга мажбур бўлди.
Унинг Ҳиндистондаги мағлубияти салавкийларнинг Ўрта Осиёдаги ноиблари аҳволига сезиларли даражада салбий таъсир кўрсатди. Бу ҳолат бу ерда салавкийларга қарши кураш кучайишига сабаб бўлди. Маҳаллий ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг кўп сонли қўзғолонлари бу курашлардан далолат беради. Улар салавкийларнинг таянч нуқталари бўлган Марғиёнадаги Александрия ва автидан, Александрия Эсхатани вайрон қиладилар. Тадқиқотчиларнинг фикрича, бу курашлар натижасида йирик этник кўчишлар бўлиб ўтган бўлиши мумкин. Хуллас, салавкийлар ҳокимиятни эгаллаган пайтдаёқ уларнинг Ўрта Осиёдаги аҳволи таҳликали эди. Айнан шу сабабли Ўрта Осиё вилоятлари ерларидан маҳрум бўлишдан қўрқиб кетган Салавка I ўз вориси Антиох I бошчилигидаги Шарқий ноиблик (страплик)ларни таъсис этди.
Антиох I вайрон этилган қалъаларни тиклади, йирик ва қалин девор бунёд этди (Марғиёна девори), қўзғолонларни бостирди. У салавкийлар қудратини намойиш этиш мақсадида атроф ўтроқ ва кўчманчи аҳоли устига ҳарбий юришлар уюштирди. Антиох I томонидан ўтказилган бир қанча ҳарбий-сиёсий ва дипломатик тадбирлар туфайли Ўрта Осиёдаги салавкийларга қарши ҳаракатлар бостирилди.
Ўрта Осиёдаги вилоятлар салавкийлар давлати сиёсий тарихида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Салавка Искандар даврида Спитаманнинг қизи Апамага уйланди. Қариндошчиликни ҳисобга олибми ёки бошқа мақсадни назарда тутибми, Салавка мил. авв. 293 йилда ўғли Антиох I ни Шарқий сатрапларга, жумладан Ўрта Осиё ерларига ҳоким этиб тайинлайди.
Ўзининг узоқ йиллик ҳукмронлиги даврида (мил. авв. 293-261 йй.) Антиох I Ғарбга қилган кўпгина юришлари билан шуҳрат қозонди. У ўз давлатининг шарқига, жумладан, Ўрта Осиё ерларига кам эътибор қаратди. Бу пайтда унинг вилоятларида иқтисодий ўзгариш юз беради. Анча тинч ҳаёт бошланиб қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ анчагина ривожланади. Салавкийлар давлати марказидан четда бўлишига қарамасдан, Ўрта Осиё улар давлатининг энг муҳим қисми эди. Ўрта Осиё ҳарбий-стратегик ва иқтисодий аҳамиятга эга бўлиб, салавкийлар бу ҳудуд бўйлаб ўтган савдо йўллари бўйида шаҳарлар ва қишлоқлар қурдириб, уларда ҳунармандчилик, ўзаро алмашинув ва савдо-сотиқни ривожлантирганлари бежиз эмас.
Салавка I Антигон билан ҳокимият учун талашиб, Шарқий ҳудудлар ва Кичик Осиё учун кейинги кураш жараёнидаёқ йўл-йўлакай ўз ҳокимиятида бошқарув тартибини жорий эта бошлаган эди. У Искандар анъаналарига содиқ қолганлигини кўрсатиш мақсадида сатрапияларни йирик вилоят уюшмалари сифатида сақлаб қолди. Тангашунослик манбалари маълумотларига қараганда Салавка I давлати Аҳамонийлар ва Искандар давлатларига нисбатан анча кичик бўлиб, ҳокимият 27-28 сатрапияларга бўлинган.
Ҳар қайси сатрапияни шоҳ томонидан тайинлаб қўйилган сатрап ёки стратег деб номланувчи шахс бошқарган. Форс сатрапларидан фарқ қилган ҳолда улар ҳам маъмурий, ҳам ҳарбий бошқарувни қўлга олганлар. Сатрап-стратег маъмурий бошқарувда энг яқин одамларидан ўзига ёрдамчи танлаган. Бу ёрдамчи солиқ йиғувчилар фаолияти, ички ва ташқи савдо, хўжалик ҳаётини назорат қилиб борган.
Тарихий манбаларда салавкийлар сатрап-стратеглари юнонча номда тилга олинади. (Стратоник, Александр, Гиеракс ва б.). Демак, салавкийлар ҳукмдорлари асосан юнонлардан ва айрим ҳолларда эллинлашган маҳаллий аҳолидан тайинланган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Ўрта Осиёда юнон ҳокимлари ва улар атрофида тўпланган юнон-зодагонлар билан бирга маҳаллий зодагонлар ҳам ҳокимлик қилар эдилар. Салавкийлар ҳокимияти, Ўрта Осиёдаги ҳарбий манзилгоҳлар (катойкиялар)да жойлашган ҳарбий кучларга таянган эди. Аҳолига жабр-зулм қилишда маҳаллий ҳукмрон гуруҳ вакиллари ҳам иштирок этардилар.
Ўз даврида салавкий ҳукмдорлари шаҳарсозлик билан фаол шуғулланганлар ва кейинчалик «Салавкия» деб аталган шаҳар марказларига асос солганлар. Марказ сулола вакилларидан бирининг номи билан аталган ҳолларда унга полис ҳуқуқи (тўлиқ мустақил бўлмаган) берилган. Бундай шаҳарлар маъмурий назорат остига олинган. Шунингдек, бу шаҳарларда юнон аҳолиси жамланиши лозим эди. Салавкийларнинг шаҳарсозлик фаолияти ҳақида Плиний, Страбон, Аммиан Марцеллин каби антик давр муаллифлари маълумотлар берадилар. Бу маълумотларга кўра, Марғиёна Антиохияси, Скифиядаги Антиохия, Тармат Антиохияси (Термиз бўлиши мумкин), Ойхоним кабилар полис ҳуқуқига эга бўлган. Салавкийлар давлатида шаҳарларга тобе қишлоқлар ўзининг жамоа тузилишини сақлаб қолган бўлиб, уларнинг тобелиги жамоавий хусусиятга эга бўлган ва улар полис ҳудудига киритилмаган.
Ўрта Осиёдаги юнонлар билан алоқалар маҳаллий халқлар маданиятининг баъзи томонларини ғарбга тарқатувчи муҳим омиллардан бирига айланди. Айрим тадқиқотчилар тўғри таъкидлаганларидек, эллин маданиятида соф юнон маданий ижоди эмас, балки юнон ва шарқ мамлакатларининг ўзига хос қўшилиши ўз аксини топди. Эллин маданиятининг ривожланишида Ўрта Осиё халқлари ҳам муҳим рол ўйнадилар. Ўрта Осиёнинг катта қисми салавкийлар давлатига қўшиб олиниши ғарб ва шарқ ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ривожланишига туртки бўлди. Шу билан бирга маҳаллий маданият, савдо-сотиқ, шаҳар ҳаёти, ҳунармандчилик ва суғориш ишлари изчил ривожланиб борди.
Шундай қилиб, Ўрта Осиёнинг салавкийлар давлати таркибига кирган даври юнон-македон истилоси туфайли вайрон этилган иқтисодий ҳаётни тиклаш, бақтрияликлар, сўғдийлар, парвфияликлар ва бошқа Ўрта осиё халқларининг салавкийларга қарши курашиш учун бирлашуви даври бўлди.
Мил. авв. III асрнинг 60-50-йилларига келиб Кичик Осиё ва Болқон ярим оролида салавкий ҳукмдорлари ўртасида ҳокимият учун курашлар авж олди. Натижада салавкийлар давлатининг шарқий сатраплари сиёсий ҳаётида ўзгаришлар содир бўлди. Мил. авв. 250 йилга келиб дастлаб Парфия, кейин эса Юнон-Бақтрия давлатлари салавкийлар давлатидан ажралиб чиқиб ўзларини мустақил деб эълон қилдилар.
Парфия ҳақидаги дастлабки маълумотлар мил. авв. VII асрга оид Оссурия ҳужжатларида учрайди. Мил. авв. VI асрнинг бошларида Парфия кучли Мидия ҳукмронлиги остига тушиб қолади.
Парфия қўшни Бақтрия, Марғиёна ва Сўғдиёна каби серҳосил ерларга эга эмас эди. Тадқиқотчиларнинг “Қорақум-Парфия давлатининг бешигидир” деган фикрлари бежиз эмас. Бироқ мамлакат ҳарбий-стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим ҳудудда жойлашган эди. Мидияликларга у скифлар ҳужумидан сақланиши учун зарур бўлса, Кир учун бой Хоразм воҳаларига чиқиш йўлидаги дарвоза вазифасини ўтар эди. Македониялик Искандарнинг Парфияни истило қилишига сабаб шимолдаги кўчманчи қабилаларни итоатда тутиш бўлса, салавкийлар учун Парфияни қўлда сақлаш шимолий чегараларнинг хавфсизлигини таъминлаш эди.
Мил. авв. 247 йилда Парфияда Аршак бошчилигидаги парнлар қабиласи Нисо шаҳрига ҳужум қилиб уни эгаллайди. Шу йили парнлар Аршакни ўзларига подшо қилиб сайлайдилар. Тарихий манбаларнинг маълумот беришича Аршак узоқ муддат подшолик қилган ва катта мавқега эга бўлган. Сулола (Аршакийлар) асосчиси ўзининг ташкилотчилиги, жасурлиги ва моҳир дипломатлиги сабабли қисқа муддат ичида мустақил давлат тузишга эришган. Мил. авв. 235 йилдан бошлаб Парфия подшолари ўз давлатлари ҳудудларини кенгайтириб бордилар.
Парфия давлатининг улкан империяга айланиб халқаро сиёсат майдонига чиқиши Митридат I ҳукмронлиги билан боғлиқдир. Ўттиз беш йил (мил.авв. 171-137 йй.) ҳукмронлик қилган бу подшо кўплаб ҳарбий юришлар қилди. Унинг ҳукмронлик даврида ғарбга қилинган кўп йиллик урушлар, ички низолар ва беқарорлик туфайли Салавкийлар давлати заифлаша бошлаган эди. Бундан унумли фойдаланган Митридат I дастлаб Экбатанни, кейин эса Ҳиндистонни босиб олди. Мил.авв. 141 йилда Бобил бўйсундирилди. Шу тариқа Митридат I Парфияни қудратли давлатга айлантириб, Аршакийларнинг кўпгина эркинликларини қайта тиклади.
Мил. авв. II асрнинг ўрталарида юечжилар сак қабилаларини Парфиянинг шарқий чегараларига суриб борган. Саклар билан бўлган жангларда Фраат III ва Артабон II лар ҳалок бўлдилар. Мил. авв. 128 йилда Митрадат II тахтга ўтирди. Унинг ҳукмронлик давридан бошлаб Рим ва Парфия кучли рақибларга айланади. Икки кучли салтанатнинг ўзаро муносабатлари Шарқ ва Ғарбдаги сиёсий жараёнларни белгилаб бера бошлайди. Мил. авв. 88 йилда Митридат II вафот этиб, Аршак IX номи билан Готраз тахтга ўтиради. Унинг ҳокимият тепасига келиши мамлакат ичидаги сиёсий инқирозлар даврига тўғри келади. Баъзи давлатлар Парфиядан ажралиб кета бошлайдилар. Умуман, милоднинг III асрига қадар Парфия давлатига Аршакийлар сулоласи ҳукмронлик қилди. Милоднинг 207-222 йилларида Вологез V ҳукмронлиги даврида Парфия давлати иккига бўлиниб кетди (213 й.). Булар Вологез V ҳукмронлигидаги Месопотамия ва Артабон V ҳукмронлигидаги Мидия эди. Айнан шу вақтга келиб форс ерларида янги кучли давлат-сосонийлар давлати вужудга келмоқда эди. Ўзини ўнглаб, оёққа туриб олган бу ёш давлат кўҳна ва улкан Парфия салтанатини ағдариб ташлади.
Парфиянинг давлат бошқаруви учта - аҳамонийлар, эллинистик ва кўчманчи парн қабилалари анъаналарига асосланган эди. Олий ҳокимият подшо қўлида бўлиб, подшолик қилиш ҳуқуқи фақат Аршакийлар уруғига берилган. Подшо ҳузурида иккита қариндошлар кенгаши ҳамда зардўштий коҳинлари ва сарой зодагонлари кенгаши фаолият кўрсатган. Биринчи кенгаш кўчманчи парн қабилалари анъаналарини акс эттириб, давлат бошқарувида катта рол ўйнаган. Муҳим давлат масалаларини ҳал этишда Могустон (Авестода зардуштий коҳинларининг олий кенгаши маъносида эслатилади) деб номланган қўшма кенгаш ўтказилган. Манбаларда Аршакийлар саройидаги «пахракпат» - сарой қўриқчилари бошлиғи, «аркпат» - қалъа бошлиғи каби унвонлар эслатилади.
Нисо (Туркманистон) шаҳридан топилган ҳужжатлар (хумларга битилган) Парфия давлатининг ижтимоий-иқтисодий ҳаёти ҳақида, археологик топилмалар эса Бақтрия, Сўғдиёна, Хоразм ва Марғиёна билан ўзаро иқтисодий ва маданий алоқалар ҳақида маълумотлар беради. Парфия қишлоқ хўжалигида қуллар меҳнатидан кенг фойдаланилган. Помпей Трог маълумотларига кўра, “Парфияда қуллар кўп эди, қулларни озод қилиш давлат томонидан ман қилинган эди. Бутун Парфияда қуллар меҳнатидан суғориш иншоотларини қуриш мақсадида кенг фойдаланилган”. Мамлакатнинг иқтисодий ҳаётида савдо-сотиқ ишлари муҳим аҳамиятга эга бўлган. Парфия давлати беш аср давомида Ҳиндистон, Ўрта Осиё ва Хитойнинг Ғарб мамлакатлари билан қилган савдо алоқаларида воситачилик қилган.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда Юнон-Бақтрия давлатининг салавкийлардан ажралиб чиқиши юнон зодагонларининг қўзғолони хусусиятига эга бўлиб, унга Бақтрия аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланган Диодот бошчилик қилади. Тадқиқотчилар Юнон-Бақтрия давлати пайдо бўлган турли саналарни белгилайдилар (мил. авв. 256, 250, 248 ва 246-245 йй.). Бу давлатнинг асоси Бақтрия бўлиб, баъзи ҳокимлар даврида (Евтидем, Деметрий, Евкратид) Ҳиндистоннинг шимоли-ғарбий қисми, Амударё ва Сирдарё ўртасидаги катта ерлар қўшиб олинади.
Юнон-Бақтрия давлатининг гуллаб-яшнаган даври мил. авв. III асрнинг иккинчи ярми ва мил. авв. II асрнинг биринчи ярмига тўғри келади. Жанубий ҳудудлардан бу даврга оид Жондавлаттепа, Далварзин (пастки қатламлар), Ойхоним, Қорабоғтепа, Кампиртепа каби ёдгорликлардан ҳокимлар саройлари, ибодатхоналар, турар-жойлар, меҳнат ва жанговар қуроллар, турли ҳунармандчилик буюмлари ҳамда кўплаб танга пулларнинг топилиши бу ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётдаги ривожланиш жараёнларидан далолат беради.
Юнон-Бақрия давлати марказлашган давлат бўлиб, ҳокимиятни подшо бошқарар эди. Давлат бир неча вилоятларга бўлинган бўлиб бу вилоят ҳокимлари подшога бўйсунар эдилар. Баъзи тадқиқотчилар Сўғд ва Фарғона ҳам Юнон-Бақтрия таркибига кирган десалар, айримлари бу давлатнинг чегаралари Амударёдан нарига ўтмаган дейдилар. Сўнгги йилларда олиб борилган қазишмалар натижасида топилган жуда кўплаб археологик топилмалар Амударёнинг ўнг ва сўл қирғоғи аҳолисининг мил.авв. III-II асрлардаги ўзаро алоқалардан дарак берибгина қолмай, бу ерларни Юнон-Бақтрия давлати таркибига кирганлигидан далолат беради.
Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда мил. авв. 250-140-130 йиллар давомида Юнон-Бақтрия давлати мустақил давлат сифатида мавжуд бўлиб, бу даврда Диодот, Евтидем, Евкратид, Гелиокл каби подшолар ҳокимиятни бошқарганлар. Мил. авв. II асрнинг иккинчи ярмига келиб кўчманчилар зарбалари остида Юнон-Бақтрия давлати инқирозга учради.
Яқин ва Ўрта Шарқнинг турли давлатлари, жумладан Ўрта Осиё ҳудудларида катта хронологик давр юнон-македон сулолалари сиёсий ҳукмронлиги даври сифатида изоҳланиб фанда бу давр-эллинизм даври деб аталади. Эллинизм-(Болқон ярим оролидаги Эллада шаҳри номи билан боғлиқ)бу аниқ тарихий мавжудлик бўлиб, иқтисодий ҳаётда, ижтимоий ва сиёсий тузумда, мафкура ва маданиятда эллин (юнон) ва Шарқ унсурларининг ўзаро уйғунлашуви ифодасидир.
Қадимги (антик) даврда эллин дунёси Юнонистондан Ҳинд дарёси водийсига бўлган улкан ҳудудни қамраб олган эди. Тадқиқотчилар, эллинлашув даражасига қараб бу ҳудудни учта минтақага бўладилар: 1. Эллада. 2. Кичик Осиё, Сурия ва Миср. 3. Ефрат дарёсининг шарқидаги вилоятлар. Бу ҳудудлар тарихий адабиётларда “Эллинлашган Шарқ“ тушунчасида акс этган бўлиб, унинг таркибига Месопотамия, Эрон, Ўрта Осиёнинг жанубий вилоятлари, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистоннинг Македониялик Искандар босиб олган ҳудудлари кирган.
Македониялик Искандар юришлари натижасида кенг миқёсда бошланган эллинизм маданиятининг кириб келиши Бақтрия, Парфия ва Сўғдиёна шаҳарлари, ҳунармандчилиги ва бадиий-амалий санъатига катта таъсир кўрсатди. Ёзма манбалар Искандар номи билан боғлиқ учта шаҳар: Александия Оксиана (Окс бўйидаги Искандария), Александрия Марғиёна (Марғиёна Искандарияси), Александрия Эсхата (Чеккадаги Искандария) ҳақидаги маълумотлар беради. Улардан ташқари, катойкиялар деб номланган юнон ҳарбийлари манзилгоҳлари ҳам мавжуд эди.
Олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида Ўрта Осиёнинг жанубий ҳудудларидан эллинизм маданияти билан боғлиқ бўлган турар-жойлар, моддий-маънавий маданият буюмлари, танга пулларнинг топилиши бу ҳудудлардаги маҳаллий маданиятга эллин анъаналари (шаҳарсозлик, ҳайкалтарошлик, бадиий-амалий санъат, алифбо ва бошқалар.) кучли таъсир этганидан далолат беради. Шу билан биргаликда бу топилмалар маҳаллий маданиятдаги ривожланиш қадимги давр (антик) Шарқ ва Ғарб маданиятининг ўзаро уйғунлашуви натижасида ўзига хос маданият даражасига кўтарилишининг натижасидир.

Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   14   15   16   17   18   19   20   21   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling