Ўзбекистон республикаси президенти


Ртвеладзе Э.В., Сагдуллаев А.С. Современные мифы о далеком прошлом народов Центральной Азии. -Т.: О’zbekiston, 2006


Download 5.26 Mb.
bet17/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ртвеладзе Э.В., Сагдуллаев А.С. Современные мифы о далеком прошлом народов Центральной Азии. -Т.: О’zbekiston, 2006.

  • Сагдуллаев А.С. Қадимги Ўзбекистон илк ёзма манбаларда. -Т.: Университет, 1996.

  • Сагдуллаев А.С. Қадимги Ўрта Осиё тарихи. – Т.: Университет, 2004.

  • Сагдуллаев А., Аминов Б., Мавлонов Ў., Норқулов Н. Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти. -Т.: Академия, 2000.

  • Сагдуллаев А., Мавлонов Ў. Ўзбекистонда давлат бошқаруви тарихи. -Т.: Akademiy, 2006.

  • Ўзбекистон давлатчилиги тарихидан лавҳалар. - Т.: Шарқ, 2001.

  • Қудратов С. Марказий Осиё ҳудудида илк давлатларнинг пайдо бўлиши. - Гулистон, 1998.

  • Эшов Б. Цивилизация тизимида илк шаҳарлар. — Т.: Zar qalam, 2004.



    2-мавзу. Антик давр давлатлари. Даван, Қанғ, Кушон давлатлари.
    Буюк ипак йўлининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари.

    Маълумки, аҳамонийлар давлати турли халқлар ва элатларни босиб олиб бирлаштириш йўли билан ташкил топган эди. Бу давлат таркибидаги халқлар доимий равишда ўз озодлиги ва мустақиллиги учун кураш олиб бордилар. Ундан ташқари аҳамоний ҳукмдорларининг тахт учун курашлари ҳам давлатни заифлаштириб борди. Мил. авв. IV асрнинг ўрталаридан бошлаб эса, Болқон ярим оролидаги шаҳар-давлатлар кучая бошлайди. Бу даврда Македония подшоси Филлип II Болқон ярим оролида ўз мавқеини мустаҳкамлаб олди ва аҳамонийларга қарши курашга тайёргарлик кўра бошлади.


    Филлип II ўз даврига мос ҳарбий ислоҳотлар ўтказиб тартибли ва яхши қуролланган қўшин тузишга муваффақ бўлди. Мил. авв. 336 йилда аҳамонийлар давлатига қарши кураш бошланди. Аммо, Филлип II нинг ўлдирилиши туфайли бу кураш тўхтаб қолди. Ўша йили тахтга Филлип II нинг ўғли 20 ёшли Искандар (Александр) ўтирди. Бу пайтга келиб, юнон шаҳар-давлатларида Искандарга қарши ҳаракатлар бошланган бўлиб, ёш подшо бу ҳаракатларнинг барчасини шафқатсизлик билан бостирди. Искандар аҳамонийларга қарши урушга жиддий киришиб Кичик Осиёдан Парменион бошлиқ қўшинларни чақиртирди. Ҳарбий кенгаш тузиб қуруқликда ва сувда ҳаракат қилаётган қўшинлар олдига аниқ вазифалар қўйди.
    Мил. авв. 334 йилнинг баҳорида македон қўшинлари “уруш оловини Осиёга, Осиё бахтини эса ўзимизга қаратамиз” шиори остида форсларга қарши юриш бошлади. Мил. авв 334 йил май (Граник дарёси ёнида), 333 йил ноябрь (Исса шаҳри, Сурия чегарасида), 331 йил октябрь (Гавгамела, Шимоли-шарқий Месопотамияда) бўлган ҳал қилувчи жангларда форс қўшинлари тўла мағлубиятга учради. Аррианнинг -маълумот беришича аҳамонийларнинг сўнгги ҳукмдори Доро III Бақтрияга қочиб кетади ва Бақтрия сатрапи Бесс томонидан фитна уюштирилиб ўлдирилади.
    Мил. авв. 330-329 йиллар қишида Македониялик Искандар қўшинлари Ҳиндиқуш Даванидан ўтиб Шимолий Бақтрия ерларига чиқиб келадилар. Бесс ўз қўшинлари билан Искандарга қарши чиқди. Аммо, тажрибали юнон-македон қўшинларидан мағлубиятга учради. Искандар Бақтриянинг пойтахти Бақтра шаҳри, Аорн, Драпсак каби мустаҳкам қалъаларни эгаллади.
    Мил. авв. 329 йилнинг баҳорида Македониялик Искандар қўшинлари Окс (Амударё) бўйларига етиб келиб катта қийинчилик билан дарёни кечиб ўтдилар. Дарёдан ўтган қўшинларнинг дастлаб Птолемей Лаг бошчилигидаги илғор қисми кейин эса асосий қўшинлар Навтака вилояти (Шарқий Қашқадарё)га кириб борадилар. Бу ердан эса Искандар қўшинлари Сўғдиёнанинг пойтахти Мароканда (Самарқанд)га йўл олдилар. Курций Руф маълумотларига қараганда, юнон-македон қўшинлари Мароқандани эгаллашда унчалик қаршиликка учрамадилар ва “шаҳарда ўз гарнизонларини қолдириб, яқин атрофдаги қишлоқларни ёндириб ва вайрон этиб”, шимоли-шарққа томон ҳаракатлана бошладилар.
    Мароқандадан сўнг юнон-македон қўшинларининг юриши ниҳоятда оғир кечиб, у дасталаб Яксарт (Сирдарё) бўйида ўз мавқеини мустаҳкамлашга қарор қилиб, бу ердаги қўзғолонларни бостирди. Сўғдиёнада мил. авв. 329 йил кузида Спитаман бошчилигидаги қўзғолонни (Мароқандада) бостириш учун саркарда Фарнух бошчилигидаги қўшинларни жўнатди. Ўзи асосий кучлар билан саклар устига юриш қилди. Аммо, бу юриш муваффақиятсиз тугади.
    Фарнух бошчилигида Мароқандага жўнатилган қўшинлар Спитаман томонидан мағлубиятга учради. Искандарнинг ўзи асосий кучлар билан Сўғдиёнага қайтишга мажбур бўлди. Ўрта Осиё ҳудудларида кўтарилган қўзғолонлар юнон-македон зулмидан озод бўлишга қаратилган бўлиб, Искандарнинг “варвар”ларни осонликча босиб олмоқчи бўлган режаларини пучга чиқарди.
    Сўғдиёнанинг тоғли ҳудудларидаги босқинчилар қадами етмаган жойларда қўзғолончилар яшириниб олган эдилар. Сўғдиёнанинг деярли барча аҳолиси Спитаман томонида бўлиб, унинг ғалабаларига катта умид боғлаган эдилар. Искандар эса, мил. авв. 329-28 йиллар қишловини Бақтрияда (баъзи манбаларда Навтакада дейилади) ўтказар экан вақтни беҳуда кетказмади. У бу ерда Хоразм ҳукмдори Фарасман билан музокаралар олиб борди. Натижада Искандарнинг Хоразмга юриш режаси тўхтатилди.
    Мил авв. 328 йилнинг баҳоридан юнон-македонларга қарши кураш янада авж олди. Маҳаллий аҳоли йирик шаҳарлар, қалъалар, тоғли ҳудудларда курашни давом эттирдилар. Аҳвол жиддийлашганидан хавотирга тушган Искандар 30 минг қўшинини 5 гуруҳга бўлиб, бу гуруҳларга ишончли саркардалар-Гефестион, Птолемей Лаг, Пердикка, Кен ва Артабозларни бошлиқ этиб тайинлади.
    Юнон-македонларнинг шафқатсиз урушлари натижасида кўпгина маҳаллий аҳоли қирилиб кетди. Қолганлари ҳам тоғли ҳудудларда курашни давом эттирдилар. Бу ўринда Спитаманнинг жасорати ҳақида тўхталиш жоиздир. У доимо рақибларининг заиф жойларини излар ва уларга айнан ўша жойлардан зарбалар берар эди. Спитаман сўғдий ва бақтриялик зодагонлар ҳамда саклар билан иттифоқликда душманга қарши курашишга ҳаракат қилди. Манбаларнинг маълумот беришича мил. авв. 328 йилнинг охирида Спитаман ўз ватандошлари хиёнатининг қурбони бўлади. Спитаман тажрибали давлат арбоби ва саркарда бўлиб, у босқинчиларни Она-юртидан ҳайдаб чиқариши учун имконияти бўлган барча тадбирни кўрди, чоралардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. У моҳир саркарда бўлиб душманнинг кичик хатосидан ҳам унумли фойдаланар ва унинг заиф томонларини топишга ҳаракат қиларди. Аммо, Искандар ҳарбий куч-қудрати жиҳатдан Спитамандан устун эди.
    Спитаман ҳалок бўлганидан сўнг асосан тоғ қалъалари қўзғолон ўчоқларига айланади. Ёзма манбаларда эслатилган “Сўғд қояси” (ёки “Аримаз қояси”), “Хориен қояси” шулар жумласидандир.
    Македониялик Искандар маҳаллий аҳолини куч билан енгиш ниҳоятда оғир эканлигини англаб етганидан сўнг турли йўллар билан уларга яқинлашишга қарор қилди. Маҳаллий халқ вакилларига нисбатан сиёсатини тубдан ўзгартирди. Хусусан, зардўштий коҳинларига бирмунча эркинликлар бериб ўзи ҳам бу динни қабул қилди. Қўзғолон бошлиқлари Оксиарт, Сисимитр, Хориен кабиларни авф этиб, мол-мулкларини қайтариб берди. Ҳатто, қўзғолонга қатнашганларга мукофотлар тарқата бошлади. Маҳаллий аҳоли билан қариндошлик муносабатларини ўрнатиб, Оксиартнинг қизи гўзал Роксана (Роҳшанак)га уйланди. Натижада маҳаллий зодагонларниннг деярли барчаси Искандар ҳокимиятини тан олиб унинг хизматига ўтиб кетдилар. Мил. авв. 327 йилнинг охирида Сўғдиёнадаги қўзғолоннинг сўнгги ўчоқлари ҳам бостирилди.
    Юнон-македон босқинчиларига қарши уч йил давомида кураш олиб борар экан, Ўрта Осиё халқлари мислсиз жасорат намуналарини кўрсатдилар. Улар юнонлар ўйлаганидек, “варварлар” ва маданиятдан орқада қолган эмас, балки ўз даврининг юксак ҳарбий санъати ва маданиятига эга эканликларини намойиш этдилар. Искандар қўшинлари бутун Шарқ давлатларини ўзларига бўйсундирганларида Сўғдиёна ва Бақтриядаги каби қаттиқ қаршиликка учрамаган эдилар. Бу ҳолни Искандар тарихини ёзган кўпгина қадимги давр тарихчилари ҳам эътироф этадилар.
    Ўзбекистон ҳудудларида яшаган маҳаллий аҳоли қадимги даврлардан бошлаб босқинчиларга қарши аёвсиз кураш олиб бориб ўз озодлиги ва мустақиллиги йўлида бир тан-бир жон бўлиб ҳаракат қилганлар. Аммо, кучлар нисбати ва ҳарбий техниканинг тенг эмаслиги кўп ҳолларда босқинчилар устунлигини таъминлаган.



    Download 5.26 Mb.

    Do'stlaringiz bilan baham:
  • 1   ...   13   14   15   16   17   18   19   20   ...   87




    Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
    ma'muriyatiga murojaat qiling