Ўзбекистон республикаси президенти


Ислом дини. Ўрта Осиёга араб босқинининг


Download 5.26 Mb.
bet25/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ислом дини. Ўрта Осиёга араб босқинининг
дастлабки даври. Қутайба юришлари

Жаҳон тарихида улкан из қолдирган давлатлардан бири бу Араб халифалигидир. Араб халифалиги даври Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Яқин ва Ўрта Шарқ, шимолий Ҳиндистон, Пиренея ярим ороли ва шимолий Африка халқларининг ижтимоий, иқтисодий, маданий тараққиётида ўзига хос юксалиш даврини белгилаб берди. Араб истилочилари хусусида шубҳасиз энг асосий маълумотларни араб, мусулмон муаллифлари бериб ўтганлар. Шу хусусда, жумладан, ал-Балазурийнинг “Футуҳ ал булдон” (Мамлакатларнинг фатҳ этилиши), ат-Табарийнинг “Тарихи расули ва мулук” (Пайғамбарлар ва подшолар тарихи) асарлари алоҳида аҳамият касб этади.


Ислом динининг ватани Арабистон ярим оролидир. Араблар семит қабилалари гуруҳига мансуб бўлиб, асосан кўчманчи, чорвачилик билан ҳаёт кечирган. Кўчманчилар бадавийлар деб юритилган. Воҳалардаги аҳоли деҳқончилик билан шуғулланган. Денгиз бўйлари, воҳаларда, шаҳарлар қад ростлаган бўлиб, уларда асосан савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан кун кўрадиган аҳоли яшар эди.
VI асрнинг иккинчи ярми, VII асрнинг биринчи ярмидаги араб ижтимоий ҳаёти жуда мураккаб ва ранг-баранг эди. Унда уруғ-аймоқчилик муносабатлари эндигина куртак очиб келаётган феодал муносабатлар билан чатишиб кетган эди. Асосий савдо йўлларининг бу ҳудуддан ўтишидан араб зодагон-савдо аҳли жуда манфаатдор эди. Лекин мамлакатда бу пайтда сиёсий парокандалик ҳукм сурар эди. Ўзаро қабилавий урушлар натижасида деҳқончилик ва савдо-сотиқ ишларига катта зарар етказилар, хонавайронлик авж олган эди. Бу ҳолат араб аслзода гуруҳлари, зодагонлари манфаатига зид бўлиб, мамлакат иқтисодий йўналишида юқоридаги салбий ҳолатлар катта зарар етказар эди. Юқоридаги вазият ҳам турли табақа, тоифа кишиларининг ўзаро ҳамжиҳатликка ягона, кучли давлат атрофига бирлашишга чақирар эди. Аҳоли ичида кўп худолик бутпарастлик урф эди (хусусан Каъбада 360 та бут бўлиб, уларнинг энг йириклари Ҳубал ва Лут бўлган).
Шундай вазиятда Ислом тўғри ва ҳақ йўлни кўрсатувчи дин сифатида юзага келди. Ислом бу ягона Аллоҳ деб эътироф этилиб, унга бўйсунмоқлик ва бутун қалби билан унга ихлос қилмоқлик ва Аллоҳ буюрган диний эътиқодга иймон келтирмоқлик демакдир. Ислом “итоат”, “бўйсуниш” маъноларини билдиради. Бу диннинг асосчиси Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) (570-632) маккалик Абдуллоҳнинг ўғли бўлган. Унинг бобоси Абумуталлиб қурайш қабиласининг бошлиғи бўлган.
Муҳаммад пайғамбарнинг таълимотига эргашганларни “муслим”, яъни “итоаткорлар” деб юритганлар. Ўз пайғамбарлик фаолиятини Муҳаммад Маккада бошлаган. Макка Арабистон ярим оролининг ғарбий қисмидаги Ҳижоз вилоятида жойлашган шаҳар бўлиб, бу ерда Каъба жойлашган эди. Диний таълимотга кўра Каъбани Одам Ато барпо қилган бўлиб, уни Иброҳим пайғамбар ўз ўғли Исмоил билан бирга қайта қурган ва биринчи Ҳаж сафарини уюштирган. Каъбанинг ичида муқаддас тош “Ҳажар-ул-асвод” ўрнатилган. Ҳар йили бу муқаддас жойга миллионлаб мусулмонлар зиёратга келадилар.
Муҳаммад пайғамбар муслим (мусулмон)ларнинг ягона Аллоҳ олдида тенг эканликларини, Яратганнинг ўзи ризқ-рўз улашишини, жамиятдаги адолатсизликка қарши жазо муқаррар ва ҳар бир киши бу дунёдаги ишларига кўра тақдирланиши, инсон Яратган, ёлғиз Аллоҳгагина эътиқод қилишини тарғиб қилади. Бу таълимот аҳолининг барча қатламлари манфаатларига мос бўлиб, тез орада биринчи навбатда шаҳар аҳли ичида тарқала бошлайди. Лекин янги дин тарафдорларининг аҳволи уларнинг эътиқодларига кўра оғирлашиб боргандан сўнг бир қисм мусулмон аҳоли Ҳабашистонга, баъзилари шимолга қараб кетишга мажбур бўлдилар. Муҳаммад ҳам ўзига қарши турган қурайш қабиласи аъзоларининг таъқиби кучайиб кетган 622 йил 16 июлда (баъзи адабиётларда 15 июль дейилади) ўзининг энг яқин дўсти ва сафдоши Абу Бакр билан Маккадан Мадинага кўчишга мажбур бўлади. Бу араб тилида “ҳижрат” деб аталиб, шу кундан бошлаб мусулмон оламида қабул қилинган ҳижрий йил бошланади. (Ҳижрий йил ҳисоби 2 хил бўлади: ҳижрий-қамарий, яъни ой ҳисоби бўйича ва ҳижрий-шамсий, қуёш ҳисоби бўйича).
Мадинада Муҳаммад ўз таълимотини давом эттиради. Мадинада шуҳрат қозонган маккаликлар бутпарастлик ғояларига қарши ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий зарба бера бошлайдилар. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар вафот этгач (632 й), кетма-кет “Хулофоий рашоддин” (ҳақ йўлдан борган саҳиҳ халифалар) номларини олган Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алилар (661 йилгача) пайғамбар сиёсатини давом эттириб, Арабистон ярим оролида марказлашган - Араб халифалиги давлатига асос соладилар. Ўзаро қабилалар бирлашуви, дини исломнинг ёйилишида илоҳий муқаддас китоб Қуръоннинг ўрни ниҳоятда катта бўлди.
Араблар Амударёдан (Жайхун) шимолда жойлашган ерларга “Мовароуннаҳр”, яъни, “дарёнинг нариги томонидаги ерлар” деб ном беришади. Ҳозирги Афғонистоннинг шимоли, Эроннинг шимоли-шарқий қисми ҳамда Жанубий Туркманистондан то Амударёгача бўлган ҳудудлар эса Хуросон деб юритилган. Аввал бошда Хуросоннинг марказий шаҳри Марв, кейинчалик Ҳирот шаҳри бўлган.
Арабларнинг Мовароуннаҳрга қарши ҳарбий юришлари ўз мақсад ва режалари билан 2 даврга бўлинади. Биринчи даврда халифалик истило этишни эмас, балки ҳарбий жиҳатдан тайёргарлик кўриш, маҳаллий ҳукмдорлар куч-қудратини синаб кўриш, мавжуд географик, ҳарбий, иқтисодий, сиёсий жойлашувини ўрганиш, кичик юришлар орқали катта ўлжалар орттириш режасини амалга оширади.
651 йили ноиб Абдуллоҳ ибн Амир ҳукмронлиги даврида араблар Хуросондаги Нишопур, Обинаҳр, Тус, Жом, Обивард ва бошқа катта-кичик қўрғон шаҳарларни эгалладилар. Фақатгина 651 йилнинг ўзида Хуросон ноиби ибн Амир янги эгалланган ерлардан халифа хазинасига 6 млн. 200 минг дирҳам тўплаган солиқларни юборади. Балх яқинидаги ҳал қилувчи жангда (652 й.) араблар Балх шаҳрини эгаллашади. Ўша йили Амударёдан ўтиб Мовароуннаҳрга ҳужум қилиш режаси араблар учун муваффақиятсиз тугайди. Лекин шу билан бирга, ҳар ҳолда Хуросон ноиби Абдуллоҳ ибн Амир 652 йил бошида Чағониённи эгаллашга муваффақ бўлади. Бу эса илк бор Мовароуннаҳр ерларини эгаллаш эди. 654 йили Сўғддаги Маймурғ қалъасига арабларнинг биринчи ҳужуми бўлади.
657 йили Чағониёнга араблар қайта юриш қилиб эфталитларга қарши қатъий зарба бердилар. Араблар кенг миқёсдаги ҳужумларга тайёргарлик кўра бошлаган эдилар. Халифалик ичидаги ўзаро ҳокимият учун ички низоларнинг кучайиши натижасида арабларнинг Мовароуннаҳр ерларига ҳужумлари бир оз тўхтаб қолади. Ҳатто 658-659 йилларда ноиб Хулайд Нишопур ва Марв аҳолисидан арзимас солиқлар олиш хусусида шартнома имзолаб, босиб олинган Хуросон ерларидаги назоратни анча сусайтиради. 661 йили ҳокимият бошига янги Уммавийлар (661-750) сулоласининг келиши ҳарбий ҳаракатларнинг фаоллашувига сабаб бўлади. 665 йили халифа Муовия (661-680) Зиёд ибн Абу Суфённи Басра, Сейистон ва Хуросон ноиби этиб тайинлайди. Халифа унга жадал ҳарбий ҳаракатлар қилиш топшириғини берган эди.
Халифа Абдулмалик ибн Марвон (685-705) даврида ички низоларга чек қўйилгандан сўнг араб сиёсий арбоблари ва зодагонлари Мовароуннаҳрга ҳақиқий юриш қилиш вақти келди деб топдилар. Янги тайин этилган Хуросон ноиби Қутайба ибн Муслимга Ироқ ноиби ал-Ҳажжож Мовароуннаҳрни буткул эгаллашни ва қатъият билан ҳаракат қилишни топширади. Араб босқинчилигининг иккинчи даври, яъни, Мовароуннаҳр ерларини халифаликка бутунлай қўшиб олиш бошланади.
Ўрта Осиёдаги сиёсий парокандалик ва кичик давлатларнинг бир-бирлари билан тез-тез низоларга бориб туриши Қутайбага қўл келди. Ўз ҳарбий юришларини Қутайба 705 йил Балх вилоятини босиб олиш билан бошлади. Балхдан ташқари Қутайбага Чағониён, Шуман ва Ўрта Осиёнинг жанубидаги кичик вилоятлар бўйсунади. Чағониён ҳокими Тиш араблар томонига ўтиб кетади.
706 йил Қутайба катта қўшин билан Мовароуннаҳрга кириб келди. Табарийнинг маълумотларига кўра Қутайба энг обод ва бой шаҳарлардан бири Пойканд томон ҳаракат қилди. Унинг қўшини таркибида араблар хизматига ўтган Балх ва Чағониён ҳокимларининг ҳам қўшинлари бор эди. Пойканднинг кўпчилик аҳолиси савдогарлар эди. Шаҳарда қолдирилган ҳарбий қўшинга турк саркардаси бош эди. Сўғд ва бошқа вилоятлардан келган кучлар билан пойкандликлар арабларга қаттиқ туриб қаршилик кўрсатдилар. Араблар сўғдлар томонидан ўраб олиниб Қутайбанинг барча йўллари кесиб қўйилди.
Лекин ички иттифоқнинг йўқлиги, ўзаро низолар натижасида Пойканд ҳимоячиларининг кучи заифлаша борди. Қутайба қалъага биринчи сафда борган ва шаҳид бўлган кишиларнинг оилаларига катта мукофот ваъда қилди. Кетма-кет 15 кун давом этган жанглардан сўнг араблар қалъа деворини тешишга муваффақ бўлдилар. Шаҳардаги оғир жанглардан сўнг Пойканд араблар қўлига ўтди.
708-709 йиллар мобайнида Қутайба Бухоро ва унинг атрофига бир неча бор ҳужум қилиб, Бухорхудод Туғшод қўшинларини тор-мор этади ва унга амир этиб ўз яқинларидан бирини тайинлайди. Амир Бухорхудод устидан назорат қилиб туриш, Бухорода қолдирилган ҳарбий қисмга аскарбошилик қилиш, аҳолидан солиқ ундириши ва уни ўз вақтида халифаликка етказиб бериш вазифасини адо этар эди.
Хоразмда бошланган ички зиддиятлар Қутайба фикрини ўзгартирди. Хоразмда халқ ғалаёни бошланган бўлиб, унга Хоразмшоҳ Чағоннинг укаси Хурзод бошчилик қилар эди. Қутайба Хурзод бошчилигидаги қўзғолончиларни тор-мор келтиради. 710-712 йилларда Хоразмшоҳ Қутайба билан тинчлик сулҳини тузиб, унга 10000 қорамол миқдорида бож тўлайди. Хоразм шу билан ўз мустақиллигини йўқотиб араблар ҳокимиятини тан олади. Қутайба эса ўз қўшини ҳамда Хоразмшоҳ ва Бухорхудод қўшинлари билан биргаликда Самарқандга йўл олади.
Шу пайтда норозилик ва қўзғолон натижасида шаҳар подшоси Тархун тахтдан ағдарилган эди. Сўғд подшоси ва Самарқанд афшини сифатида Тархуннинг укаси Ғурак (710-737) тахтга ўтиради. Тархун эса ҳибсда ўзини-ўзи ҳалок этади.
Ғурак Қутайбага қарши чиқади. Каттақўрғон яқинидаги Арбинжон мавзесида шиддатли жанг бўлиб ўтади. Аммо Ғуракнинг кучлари озлик қилиб Самарқандга чекинишга мажбур бўлади. Араблар томонидан Хоразм ва Бухоро ҳокимлари қўшинининг қатнашуви, сўғдийларнинг яккаланиб қолишлари ва атрофдан ёрдам ололмасликларига сабаб бўлади. Ундан ташқари Самарқанд зодагонлари ичида бирлик ҳам йўқолади. Тархуннинг ўлимидан сўнг унинг тарафдорлари кўпроқ арабларга ён боса бошлашади. Панжикент ҳокими Деваштич шу гуруҳга раҳбарлик қила бошлайди. Қутайба эса “Тархун ўлими учун қасд оламан” деб эълон қилади.
Қамалда қолган Ғурак Шош подшоси, Туркий хоқон ва Фарғона ихшидига мурожаат қилиб улардан ёрдам сўрайди. Туркийлар қўшини бу пайтда Суғд чегараси яқинида бўлиб Фарғона ва Шош қўшинлари билан биргаликда иттифоқчилар лашкарини вужудга келтиради. Иттифоқчилар қўшинининг тепасига лашкарбоши этиб Туркий хоқоннинг кичик ўғли Инал ҳоқон тайинланади. Қутайба дарҳол ўз укаси бошчилигида сараланган қўшин тузиб, иттифоқчилар йўлига тузоқ қўяди. Араблар иттифоқчиларни тор-мор этиб, уларнинг мол-мулкларини талайдилар.
Қутайба шундан сўнг Самарқандга ҳужумни кучайтиради. Шаҳар раъданроз (тош отғич)лардан ўққа тутилади. Бу жангларда айниқса бухороликлар, хоразмликлар катта жонбозлик кўрсата бошлайдилар. Бир ой давомида шаҳар мудофаачилари Самарқандни қаҳрамонона мудофаа қилдилар. Араблар охир оқибатда шаҳар деворларини бузиб шаҳристонга бостириб кирдилар. Самарқанд арабларга таслим бўлди. Ғурак ва Қутайба ўртасида сулҳ тузилди.
Қутайба жўнаб кетиши олдидан шаҳарда ўз укаси Абдураҳмон ибн Муслим бошлиқ яхши сараланган қўшинни қолдириб кетади. Лекин матонатли Сўғд аҳолисининг қаршилиги бу билан тугамайди. Ал-Яқубийнинг ёзишича, 712 йил кузида Самарқандда араб ноибига қарши қўзғолон кўтарилади. Уларга турклар ёрдам беради. Фақатгина 713 йил баҳорида Қутайбанинг етиб келиши билан шаҳардаги қўзғолон бостирилади.
Муғ тоғидан топилган ҳужжатга кўра Қутайба ўзининг кейинги юришларида Шош, Фарғона ва Туркий хоқонлик қўшинларидан иборат яна бир ҳарбий иттифоқнинг қаршилигига дуч келади. Сўғд, Чоч, Фарғона иттифоқига Панжикент ҳокими Деваштич ҳам қўшилади. У Чоч ва бошқа ерларга ўз элчиси Фатуфарнни юборади. Фатуфарн номани Чоч ҳукмдори Мохеду тудун (Баҳодир тудун)га топширади. Қолган икки мактубни Фарғона элчиси орқали туркийлар ҳокими ва Фарғона ихшидига бериб юборган.
Қутайба бу ўлкаларни тезда ўзига бўйсундириш ҳаракатига тушади. Табарийнинг маълумотларига кўра, Қутайба 713 йил Бухоро, Кеш, Насаф ва Хоразм аҳолисидан 20000 аскар тўплаб беришни талаб қилади. Ўз қўшини билан уни қўшиб, қўшинни 2 га бўлиб ажратади. Кеш, Насаф, Хоразмдан келган қўшин Чоч вилоятига, ўзи эса асосий куч билан Уструшона орқали Фарғона водийсига йўл олади. Биринчи қўшин Чоч қўшинини тор-мор этиб, Чоч вилоятини эгаллайди. Қутайба эса Уструшонда ҳал қилувчи жанг олиб бориб Хўжанд ва Косонни забт этади.
714 йил Қутайба Туркий хоқонликдан ҳарбий ёрдам келиш йўлини тўсиш мақсадида Чоч воҳасига қайта бостириб киради. Ўша йили асосий йўлдаги Исфижоб (Сайрам)ни ишғол этади. 715 йил бошида эса Фарғона подшоси қочиб кетишга мажбур бўлади. Қутайба ўша йили Қашқаргача бўлган ерларни истило этади. Ҳамма вилоятларга араблардан бўлган амирларни ноиб этиб тайинлайди. Ўша йили араб халифаси Волид вафот этади. Халифалик тахтига Сулаймон ибн Абдулмалик ўтиради. Қутайба Сулаймонга нисбатан ғанимлик муносабатида бўлиб, уни қўлламас эди. Қутайба уни тахтга чиқишидан норози бўлиб исён кўтаради. Натижада бу исён муваффақиятсиз тугаб, Қутайбанинг ўзи Фарғонада ўлдирилади (715 й).
Шундай қилиб, 10 йил давомида олиб борилган доимий курашлар натижасида Мовароуннаҳр халифалик ихтиёрига кирса-да, аммо унинг мағрур аҳолиси ўзини буткул тобе этилган деб ҳисобламайди. Шунинг учун ҳам Қутайба ҳар йили қишлаш учун Марвга жўнаб кетар, баҳорда эса янги кучлар билан Мовароуннаҳрга ҳужум қилар эди. Шунинг учун ҳам араблар Мовароуннаҳрни эгаллашда муваффақият қозондилар. Бунинг асосий сабаблари қуйидагича эди. Аввало мамлакатда ҳукм сураётган сиёсий тарқоқлик ва кичик ҳукмдорларнинг ўзаро курашлари арабларга жуда қўл келган эди. Айниқса араблар кўчманчи жанговар туркийлар билан ўтроқ деҳқончилик вилоятлари аҳолиси ўртасида баъзан юзага келган келишмовчиликлардан фойдаланиб, уларни бирини иккинчисига қарши қўйдилар ва иттифоқчиларни ажратиб юборишга муваффақ бўлдилар. Шу билан бирга, халифалик Мовароуннаҳрдан ҳарбий қурол-аслаҳалар жиҳатидан унчалик устун бўлмаса ҳам, бироқ қўшин сафларини тўлдириб туриш имконига эга эдилар.
Араблар қўшинига мунтазам равишда янги ҳарбий кучлар ички вилоятлардан сафарбар қилиб турилар эди. Ундан ташқари кескин қаршилик курашини олиб борган халқ, маҳаллий ҳукмдорларнинг хоинона ҳаракатлари, араблар билан махфий тил бириктиришлари туфайли муваффақиятсизликка учради.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   21   22   23   24   25   26   27   28   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling