Ўзбекистон республикаси президенти


Эфталитлар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт


Download 5.26 Mb.
bet23/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Эфталитлар ҳукмронлиги давридаги ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт

Илк ўрта асрлардаги Хитой манбаларида эфталитларнинг кўчманчи қабилалар эканлиги, уларнинг юртида шаҳарлар йўқлиги, ўзлари ўтлоқларда яшаганликлари таърифланади.


Уларнинг бир қисми кўчманчи чорвадор бўлса, иккинчи каттароқ қисми шаҳар ва қишлоқларда яшайдиган ўтроқ аҳоли бўлган. Тоҳаристон ва Сўғдда деҳқончилик ва боғдорчилик ривож топган. Қашқадарё ва Зарафшон водийларида ғалладан ташқари шоли ҳам етиштирилган, Хитой манбаларида қайд этилишича V-VI асрларда Шарқий Туркистон ва Ўрта Осиё ерларида кўплаб ғўза экилар эди. Ўрта Осиё пахта толаси Хитойда ҳам машҳур бўлган. Тоғ ва тоғ олди ерларидаги аҳоли йилқичилик билан шуғулланган. Фарғона водийсида зотдор армуғонлар кўпайтирилар эди. Янги ер эгалиги муносабатларининг таркиб топа бошлаши билан суғориладиган ер майдонларининг маълум бир қисми мулкдор зодагон табақа вакиллари-”деҳқонлар” қўлида тўплана бошланган эди. Бунинг натижасида қишлоқ жамоасининг эркин қўшчилари маълум даражада задагон деҳқонлар асоратига тушиб, уларга қарам кадиварларга айланиб боради. Обикор ерларнинг бир қисми ибодатхоналар мулки ҳисобланган. Бундай ерлар “вағнзе” деб юритилган эди. Яйловларнинг асосий қисми оқсоқол зодагонлар қўлида бўлган.
V-VI асрларда деҳқончилик воҳаларида эфталитларнинг ўтроқлашуви кучаяди. Бунинг оқибатида эса обикор ерларга бўлган муҳтожлик ортади. Кичик-кичик суғориш каналлари қазиб чиқарилиб минглаб гектар янги ер майдонлари ўзлаштирилади. Суғориш техникаси такомиллашади, шоҳариқлар чуқурлашиб, ер-сув ва сершоҳа суғориш тармоқларига айланади. Ҳозирги вақтда ҳам мавжуд бўлган Заҳариқ, Бўзсув, Дарғом каналлари V асрда барпо этилган энг йирик суғориш тармоқларидан бўлган.
Шунингдек, тоғ олдиларига сув чиқариш учун унинг асбобларидан кенг фойдаланилган. Янги ўзлаштирилган ерларда зодагон деҳқонларнинг қалин ва катта-катта хом ғиштдан уриб чиқилган ҳамда мустаҳкам асос (фундамент) устига қурилган қўрғонлари, истеҳкомлари юзага кела бошлаган. Истеҳкомларнинг тўрт бурчаги баланд миноралар билан мустаҳкамланиб, девору йўллари бир неча қатор камондан ўқ узгич нишон туйнуклари билан таъминланган. Қалин мудофаали қўрғонлар илк ўрта асрнинг ўзига хос меъморчилик намуналаридан бўлиб, Наҳшаб воҳасидаги Заҳоки-Морон қалъаси, Бухородаги Шаҳри Вайрон, Хоразмдаги Фир қалъаси шулар қаторидандир. Воҳаларни ташқи душмандан ҳимоя қилиш мақсадида бир неча чақиримлаб узунликдаги қалин деворлар барпо этилган. Самарқанд воҳасидаги 12 та дарвозага эга бўлган “Девори қиёмат”, Бухоро воҳасидаги узунлиги 336 километрли “Кампирак”, Тошкент воҳасидаги “Кампирдевор” истеҳком деворлари шулар жумласидандир.
Эфталитлар даврида ҳунармандчилик ҳам ривож топган. Айниқса кулолчилик, шишасозлик, чилангарчилик, бўзчилик, заргарлик, қуролсозлик касб-ҳунарлари равнақ топган. Чочда ясалган ўқ ва ёй “камони чочий” номи билан машҳур бўлган. Катта-кичик шаҳарлар сони кўпайган. Биргина Зарафшон воҳасида Ривдод, Кушония, Хариман, Арқуд, Ромитон, Варахша, Пойканд каби савдо ҳунармандчилик шаҳарлари мавжуд эди. Айрим маълумотларга кўра Пойканд шаҳри эфталитларнинг пойтахти бўлган (хитойликлар уни Би деб, араблар кейинчалик “Мадинат-ут-тужжор” деб аташган). Пойканд шаҳри айниқса зирҳли пўлат қуроллар ишлаб чиқариш билан ҳам машҳур бўлган. Шунингдек шу даврда рангли ойналар ишлаб чиқариш ҳам кенг тарқалган. Эфталитлар халқаро савдо соҳасида Эрон, Византия, Ҳиндистон, Хитой билан савдо-сотиқ муносабатларини олиб боришган.
Эфталитлар “Ипак йўли” савдо йўлини назоратда тутишга ҳаракат қилганлар. Ипак йўли савдосида ва умуман савдогарлар ичида сўғдийлар етакчи ўринни эгаллашган эди. Бу пайтда Ўрта Осиёдан олтин, кумуш, Бадахшон лаълиси, рангли шиша ва шиша буюмлар, турли хил мевалар, ип-газлама, қоракўл, зотдор тулпорлар олиб чиқилиб савдо қилинарди.
Аввал бошда эфталитлар сосонийлардан бўлган Варахран V ва Перознинг кумуш тангаларидан ўзаро савдо-сотиқда фойдаланар эдилар. Кейинчалик эфталитлар Эрон шоҳи Варахран V Баҳромгўр тангаларига тақлид қилган ҳолда кумуш тангалар зарб қилдилар. Бундан ташқари Бухоро, Пойканд, Самарқанд, Хоразмдаги маҳаллий ҳокимлар томонидан чиқарилган чақа тангалар ички савдода кенг муомалада бўлган.
V-VI асрларда диний эътиқод ва тасаввур билан узвий боғлиқ бўлган тасвирий санъат-коропластика-маъбудаларнинг сопол ҳайкалчаларини ясаш ва уларга топиниш кенг ёйилади. Сопол ҳайкалчалар ҳудудларга кўра турлича бўлиб, кийим-кечаклари, юз сиймолари, тақинчоқлари жиҳатидан ҳам бир-биридан фарқланган.
Улкан ҳудуддаги эфталитлар давлати жуда кўп халқларни ўзида бирлаштирганлиги сабабли ундаги диний эътиқодлар ҳам турлича бўлган. Сўғдда зардўштийлик кенг тарқалган бўлса, Тоҳаристон ва Шарқий Туркистонда буддизмга эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил этган. Шаҳарларда христиан ва яҳудий жамоалари ҳам мавжуд эди. Монийлик ва Маздак таълимоти тарафдорлари ҳам пайдо бўлаётган эди. Зардўштлар Ноҳид, Митра, Сиёвуш каби маҳаллий маъбудаларга ҳам сиғинганлар. Наврўз куни Бухоро оташпарстларлари Сиёвуш қабри устида хўроз сўйиб қурбонлик қилар эдилар. Жанубда буддизмнинг таъсири кўпроқ бўлган эди.
Чорвадор аҳоли туркийча сўзлашар, туркий тил тобора кўпроқ ёйила бошлаган эди. Ўтроқ аҳолининг катта қисми сўғдий тилида сўзлашар эдилар. Сўғдий тили ва ёзуви Еттисув, Фарғонадан ўтиб Шарқий Туркистонга қадар етиб боради. Унинг хусусий сўғд-“самарқанд усули” кенг ёйилган эди. Бундан ташқари хоразм, кхароштий, бухоро ёзувлари ҳам мавжуд бўлган. Эфталитлар ёзуви бақтрия ёзуви асосида пайдо бўлган. Сюань Цзаннинг ёзишича у 25 та ҳарфдан иборат бўлиб, хат чапдан ўнгга қараб кўндалангига ёзилган. Бундай ёзув намуналари Зангтепа, Қоратепа, Афросиёб харобаларидан, Кофирқалъадан топилган.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   19   20   21   22   23   24   25   26   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling