Ўзбекистон республикаси президенти


Туркий хоқонлик ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиё


Download 5.26 Mb.
bet24/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Туркий хоқонлик ҳукмронлиги даврида Ўрта Осиё
Туркий хоқонлик тарихи юзасидан муҳим манбалар ва маълумотлар Ўрхун-Енисей руний ёзувларида, Хитойнинг «Тан хонадони тарихи» (VII-IX асрлар) манбасида, VI аср охирида яшаган византиялик тарихчилар Менандр Протектор, Феофан Византийский, суриялик тарихчи Ионна Эфесскийлар тарихий асарларида учрайди. Шунингдек, бу тўғридаги маълумотлар араб тарихчилари ат-Табарий, ан-Деноварий (IX-X асрлар), ўлкамиз алломаларидан Беруний, Наршахий, Қошғарий, Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб асарларида учрайди. Туркий хоқонлик тарихи юзасидан Л.Гумилев, П.Пельо, Ў.Сулайманов, Н.Раҳмонов ва бошқаларнинг XX асрда яратган тадқиқотлари алоҳида эътиборга сазовордир.
“Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Манас”, “Дада Қўрқут” каби умумтуркий халқ достонлари, ўрта асрлардаги Маҳмуд Қошғарий, Аҳмад Югнакий, Юсуф Хос Ҳожиб ва бошқалар асарларида туркий маданият, адабиёт, тарих тўғрисида турли қимматли маълумотлар келтирилади. 1999 йили Алпомишнинг 1000 йиллиги Республикамизда кенг нишонланиб, Термизда қаҳрамон Алпомишга маҳобатли ҳайкал ҳам ўрнатилди.
Хитой манбалари, туркийлар “Хун” номи остида эрамизнинг 92 йилида Олтой этакларига келиб ўрнашганлиги ва бу ердаги жужанлардан рухсат олиб, улар учун темир қазиб чиқаришни бошлаганликлари ҳақида маълумот беради. Бу уруғ Ашина уруғи номи билан аввал бошда аталиб келинган. Хитойлар Ашин қабиласини “Тукю” деб, хитойча “Ашина” деб ҳам юритганлар. П. Пельо бу сўзни “Туркют” (яъни туркийлар) деб изоҳлаган. “Турк” атамаси кучли, бақувват деган маънони англатган. Ашина хитойча “бўри” деган маънони англатиб, бўри хитойликларда “шоно”, “гино” деб ҳам юритилган. “А” қўшимчаси эса Хитойда ҳурмат белгиси ҳисобланган. Бошқа бир фикрга кўра, турк сўзи Олтой тоғларига нисбат қилиб олиниб “дубулға” деган маънони берган деб ҳам айтилади. Аввал бир уруғга берилган “турк” атамаси кейинчалик уларга яқин турган барча қабила-уруғларга ҳам умумий ном сифатида ишлатилиб кетилган.
Ашина уруғидан бўлган Асан (Асян), Шад, Туу (460-545) лар туркий қабилалар иттифоқига асос соладилар. Туунинг ўғли Бумин (бу туркча номи, хитойча Тумин) ўзига теле қабиласини бўйсундиради. Эндиликда анча мустаҳкамланган бу қабилалар иттифоқи ўзлари қарам бўлиб турган жужанлардан халос бўлиш йўлини қидиришади. 545 йил Ғарбий Вэй императори Вань-ди Ашин уруғи бошлиғи Буминга дўстона муносабат ўрнатиш учун элчи юборади. Ғарбий Вэй давлатининг асосчилари асли туркий қабилалардан бўлиб (386-558) Хитойнинг шимолида ўз давлатларини барпо қилиб, бутунлай хитойлашиб кетган эдилар. Туркийлар уларни Тўба ёки Табғач давлати деб юритганлар. Манбаларда берилишича, Бумин Вэй давлати билан иттифоқдош бўлиб, улардан жужанларга қарши курашда ёрдам олиши мумкинлигига умид қилади. Бумин жужан хони Айнағайга унинг қизига уйланмоқлиги тўғрисида совчи юборади. Бу таклиф Бумин томонидан атайлаб низо чиқиши учун қилинган бўлиб, Айнағай Буминга: “Ҳа, темир эритувчим, менга бундай таклифни киритишга қандай журъат этдинг?” деб жавоб беради. Бу ҳолат икки ўртада жанг бошланишига бир баҳона бўлди. Бумин шу жавобдан сўнг курашни бошлаб юборади ва 551 йили Марказий Осиёдаги энг кучли бўлган жужанлар хонини мағлуб этади. Ўша йили Бумин янги давлат-Туркий хоқонликка (551-744) асос солади.
Бумин Или дарёси бўйида ҳукмдор деб эълон қилиниб, “илихон” деган унвонни олади. Туркийлар ҳукмдори ўзини хоқон (туркча-қаған) деб юрита бошлайди. Олтойдаги Ўтукан шаҳри туркий хоқонликнинг пойтахти қилиб белгиланади. Бумин ўз укаси Истемига (Истеми-туркча, Сэдими-хитойча, Синжибу-арабча, Стемби-хаган юнонча) биринчи саркарда, давлатнинг биринчи амалдори унвонига тўғри келувчи “Ябғу” (баҳодир) унвонини бериб, у билан биргаликда ўз давлатини кенгайтириш пайига тушди. Истеми кўпроқ ғарбий йўналишга бошчилик қилиб тез орада Шарқий Туркистондаги нушиби, туркаш, дули қабилаларини ўзига бўйсундиради. 552 йилнинг охирида Бумин хоқон вафот этди. Шундан сўнг тахтга Дянгу Қора Иссиқ хон ўтиради. У жужанларни қайта бош кўтарганлигига қарши курашиб, натижада уларнинг раҳбари Дин ўз қўшини билан тор-мор келтирилади. Тез орада Қора Иссиқ хон ҳам вафот этади. Шундан сўнг унинг укаси Муқан хон “Кушу” унвони билан (554-572) тахтга ўтиради. Муқан хон ҳукмронлиги даври Туркий хоқонликни энг қудратли паллага олиб кирди. 554 йил Муқан Шарққа юриш қилиб Узоқ Шарқ ўлкаларни ўзига бўйсундирди ва Тинч океан қирғоқларига чиқади. Шундан сўнг у Ўрхун, Тўғла, Селенга дарёлари бўйларидаги қабилаларни, Енисей дарёси бўйларидаги қирғизларни, Байкал атрофларидаги уйғурларни ўзига бўйсундиради.
Тинч океани соҳилидан то Қора денгиз соҳилигача чўзилган бу улкан давлат VI асрнинг 2-ярмида Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборади. Истеми Хисрав I Ашушервон қўшинларини тор-мор қилиб Эроннинг шимолига бостириб киради. Туркийлар эфталийлар ерларининг Эронга ўтиб қолган ерларини яна ўз қўлига қайтариб оладилар. Эрон тинчлик сулҳига келишиб ҳар йили 40.000 Византия тилласи тўлаш мажбуриятини олади. Ундан сўнг Эрон билан Византия ўртасида ҳам уруш бошланиб кетиб, сосонийлар давлати жуда ночор аҳволга тушиб қолади.
576 йили Муқан хоқон ва Истеми ябғуларни вафотидан сўнг Туркий хоқонликнинг таъсири анча заифлаша бошлайди. Эрон саркардаси Баҳром Чубин туркийларнинг Чур Баға хоқон қўмондонлигидаги 300.000 кишилик қўшинини тор-мор келтиради. Чур Баға жангда ҳалок бўлди. Баҳром Чубин Бухоро яқинидаги Пойкенд шаҳрига бостириб кириб, хоқоннинг ўғли Бармуда Тегинни асирга олади ва хоқон хазинасини Эрон шоҳига юборади.
Муқан хоқон вафотидан (576 й.) сўнг тахтга унинг укаси Арслон Тўба ўтирди. Арслон Тўба қўлида 8 та вилоят жам этилган бўлиб, ўз вақтида улар ўзаро бир-бирлари билан чиқиша олмас эдилар. VI асрнинг иккинчи ярмига келиб туркий хоқонлари ва шаҳзодалари ўртасида тож-тахт учун гоҳ ошкора, гоҳ зимдан кураш кетаётган, иқтисодий таназзул бошланаётган бир пайтда туркий шаҳзода Абруй бошчилигидаги халқ ҳаракати бўлиб ўтди. Абруй ҳаракати тўғрисида тўлиқ маълумотлар сақланиб қолмаган. Хусусан Абдураҳмон Муҳаммад Нишопурийнинг (XI аср) “Хазинат-ал-улум” асаридаги бу масалага бағишланган парча Наршахийнинг “Тарихи Бухоро” асарига киритилган. Унинг маълумотига кўра Абруйнинг қароргоҳи Пойкендда бўлиб, у бой зодагонлар ва савдогарлар устидан қаттиқ назорат ўрнатган. Бунга чидай олмаган зодагонлар Туркистон томонга йўл олишган. Абруй атрофида эса қашшоқ деҳқонлар гуруҳлари йиғилиша борган.
Зодагонлар Туркистон томонда ўз раҳбарлари Ҳамук номига бағишлаб Ҳамукат шаҳрини қурадилар ва туркий хоқон Қора Чуриндан ёрдам сўрайдилар. Хоқон ўз ўғли Шири-Кишварни исёнчилар устига юбориб, бу ҳаракатни шафқатсиз бостиради. Шири-Кишвар Абруйни тутиб уни қизил асалари тўла қопга тиқиб ўлдиришни буюради ва ўзи Бухоро воҳасининг ноиби бўлиб, қочиб кетган зодагонларни орқага қайтариш чораларини кўрган.
Ўзаро муттасил урушлар, тахт талашишлар мамлакатни парчаланиб кетиши ва маънавий-иқтисодий инқироз ҳолатига олиб келди. Хусусан, 582-603 йиллардаги ўзаро урушлардан сўнг 603 йил хоқонлик тўла мустақил икки қисмга: Шарқий ва Ғарбий қисмларга ажралди. Еттисув, Чу водийси, Волга, Кубаннинг қуйи қисми, Иртиш, Ишим дарёлари бўйидаги ерлар, Ўрта Осиёнинг кичик ярим мустақил давлатлари Ғарбий хоқонлик таркибига кирар эди.
Ғарбий хоқонликдаги ёзги қароргоҳ Исфижоб яқинидаги Мингбулоқда, қишкиси Суёб шаҳрида эди. Суёбнинг шарқий томонида дулу қабиласининг беш ўқ бўдул иттифоқи, ғарбида эса нушиби қабиласининг беш ўқ эл иттифоқининг ерлари жойлашган эди. Ғарбий хоқонлик ижтимоий-иқтисодий, маданий жиҳатдан Шарқий хоқонликдан мутлақо ажралиб турар эди. Шарқий хоқонликдаги аҳоли асосан кўчманчи чорвадорлардан иборат бўлса, ғарбий хоқонлик аҳолисининг катта қисми эса ўтроқ деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан машғул эди. Ер эгалиги муносабатлари ривожланаётган Ғарбий хоқонликнинг ижтимоий таркиби ҳам, сиёсий бошқаруви ҳам анча-мунча мураккаб эди. Ярим асрлик ҳукмронлик жараёнида туркий аҳолининг бир қисми ўтроқлашади, қолганлари ерли чорвадорлар билан қоришиб кетишади. Ўтроқ ҳаётнинг анъанавий маъмурий удумлари таъсирида бошқарув тартиблари аста-секин ўзгариб, туркийларнинг ижтимоий ва сиёсий мавқеи мустаҳкамланиб боради. Туркий аҳоли сиёсий ҳаётда фаол қатнашиб, Ўрта Осиё ўша давр сиёсатининг ҳамма жабҳаларида тенг қатнаша бошлайдилар.
Хоқон Шегуй вафотидан кейин (618 й.) ҳокимиятга келган Хоқон Тўн ябғу (Тўн шоҳ) даврида Ғарбий хоқонлик яна кучаяди. Унинг чегаралари Олтойдан то Ҳинд дарёси бўйигача чўзилиб кетди. Унинг қўлидаги улкан ҳокимиятни бошқарув тартиблари ислоҳ этилди. Маҳаллий сулолалар ҳокимлари билан бевосита боғланиш, уларнинг устидан назоратни кучайтириш мақсадида маҳаллий ҳукмдорларга “ябғу” унвонлари берилади. Улар ўз вақтида ҳоқоннинг ноибларига айланадилар. Туркийлар “Тудунлар” деб юритилган ўз вакилларини ярим мустақил ҳокимликларга юбориб, сиёсий назорат ва бож солиғини изга тушириш ишларини амалга оширдилар. Шу билан бирга хоқон дипломатик тарзда ҳам иш тутар эди. Масалан, у Самарқанд ҳокими ва Қашғар ҳокимлари билан қуда-андачилик ипини боғлаб, улар билан муносабатни яхшилади.
Бутун салтанат устидан олий ҳукмронликни хоқон олиб борган. Бу лавозим меросий бўлган. Хитой манбаларига кўра ота доимо ўз ўғлига тахтни қолдиравермай, балки ундан каттароқ турган қариндошларини қолдириши лозим бўлган. Бундан ташқари, шундай ҳоллар ҳам бўлганки, тахт соҳибини “уруғ оқсоқоллари” тайинлаган. Хитой манбаларига кўра, туркийлар хонни тахтга ўтқазишда махсус маросим ўтказганлар, яъни, амалдорлар бўлажак хонни кигизга ўтказиб, қуёш юриши бўйлаб 9 маротаба айлантирганлар, иштирокчилар уларни қутлаб турган. Кейин хонни отга ўтказиб, бўйнига ипак мато боғлаганлар. Кейин ундан сўраганлар: “Сиз неча йил хон бўлмоқчисиз?. У неча йил хон бўлишини айтган, шу муддат тугагандан кейин тахтдан кетган. Хоқондан кейинги шахс Ябғу (баҳодир) давлатдаги биринчи амалдор (вазир) вазифасида бўлган. (Масалан, Истеми ябғу). Аммо ябғу тахтга меросхўрлик қила олмас эди. Тахт меросхўри тегин (шаҳзода) деб юритилган. Тегин тахтга даъвогар шахс бўлган. Шод унвони туман ва вилоят ҳокимлигидаги шаҳзодаларга берилган. Шаҳзодалар билан қондош бўлмаса, ундай одамга шод унвони берилмаган. Хитой манбаларининг бирида шундай дейилади: “Олий мартабалар орасида энг улуғи Шеху (Жабғу, Ябғу), кейин Дэлэ (Тегин), учинчиси эса Силифа, тўртинчиси Тумаофа, (қолган) кичиқроқ даражасидаги мансабларда 20 киши банд; уларнинг ҳаммалари мансаблари меросийдир... қўриқчиларни эса Фули (яъни бўри) деб атайдилар”.
Тудун унвони ҳукмдорнинг жойларидаги ноиби (назоратчиси)га берилган. Улар маҳаллий ҳокимлар сиёсатини, бож-солиқ ишларини назорат қилганлар. Шод унвонидаги киши ҳукмдорнинг ўнг томонидан жой олган.
Чорвадор туркий аҳолида уруғ-жамоачилик анъаналари ниҳоятда кучли бўлиб, қабила ва уруғ жамоаларининг негизи катта оилалардан иборат эди. Бундай оилаларда уй қуллари ҳам мавжуд бўлар эди. Қулларнинг кўпайиши билан табақаланиш муносабатлари таркиб топа бошлаган. Лекин қулчилик ижтимоий ҳаётга кенг кириб келмади. Кўпинча жангларда аёллар қул қилиб олиб кетилар эди. Лекин қул аёллардан оғир ишларда фойдаланилмай, балки уй-рўзғор ишларида ишлатилинар эди. Қул эркакми, аёлми бари бир, имкон топиши билан қочиб кетаверган. Қочган қул таъқиб қилинмаган. Улар учун ҳеч ким товон тўламаган.
Туркий кўчманчиларнинг асосий қисми камбағал чорвадор ва овчилардан иборат эди. Бундай халқ оммасини бўдун ёки қора бўдун деб аташган. Мамлакат бўдунлар яшайдиган элларга бўлинган. Хоқонликнинг марказий бошқарув тизими асосан йирик сиёсий-давлат тадбирлари (салтанат осойишталигини сақлаш, давлат ҳудудини кенгайтириш, солиқ тизими, ички ва ташқи савдо, дипломатик муносабатлар ва ҳакозо) билан машғул бўлиб жойлардаги маҳаллий ишларга маълум даражада эркинликка йўлга қўйилган. Шунинг учун ҳам Фарғона, Сўғд, Шош, Тоҳаристон, Хоразм ва бошқа жойларда бошқарув иши асосан маҳаллий сулолалар қўлида бўлган. Хитой манбаларига кўра Сўғдда келиб чиқиши асли юечжилардан бўлмиш Кан сулоласининг мавқеи кучли бўлиб, Сўғд ҳукмдори ихшид унвонига, тобе ҳокимликлар ҳам ўз унвонларига эга бўлганлар. (Масалан, Кеш ҳукмдори ихрид унвонига эга бўлган)
Қонунчилик, ижтимоий ҳаётда у ёки бу масалаларни ҳал этиш учун “туркий тузуклари” ёки “Туролари” бўлган. Хитой тарихчиси шундай тузуклардан бири Сўғддаги ибодатхоналардан бирида сақланишини ёзади. Қонунларга кўра, энг оғир гуноҳ қилган одам уруғ-аймоғи билан йўқ қилиб юборилган. Қолган жазолар ўлим ва турли миқдордаги товон тўлаш усуллари бўлган. (Масалан бировни ўлдирса, бузуқчилик қилса, от ўғирласа, ўлим жазоси, бировнинг мол-мулкини ўғирласа ёки кишига лат етказса товон тўлаган ва ҳоказо).
Туркий хоқонлик улкан ҳудуд ичида зарур тинчликни таъминлаганлиги натижасида “Буюк ипак йўли” самарали ишлашда давом этди. Ўлканинг асосий савдо ҳамкорлари Эрон, Хитой, Ҳиндистон ва Византия эди. Бу мамлакатларга тўқимачилик, ипакчилик маҳсулотлари, қимматбаҳо тошлар ва улардан ишланган буюмлар, тақинчоқлар, дориворлар, наслдор арғумоқлар, бир неча хил туз, шароб, боғдорчилик маҳсулотлари, қазилма бойлик ва ҳоказолар олиб борилган. Сўғд савдогарларининг мавқеи анча кучли бўлган. Шу маънода Хитойлик муаллифнинг қуйидаги гувоҳлиги эътиборга сазовордир: “(сўғдиёналик) эркаклар йигирма ёшга тўлишлари билан қўшни мамлакатга ошиқадилар ва (савдо-сотиқда)қаерда (қулайлик) ва манфаат бўлса (албатта) у ерга қадам ранжида этадилар”. Ўрта Осиёнинг шу даврдаги Марв, Пойканд, Бухоро, Самарқанд, Чоч, Исфижоб, Суёб каби шаҳарлари савдо-сотиқнинг марказлари эди.
Туркийларнинг дини ҳақида “Вэй-шу” ва “Суй-шу” Хитой йилномаларида қайд этилган. Унда туркийлар дини, одатлари ҳақида шундай маълумотлар бор: 1) хоқон қароргоҳига Шарқ томонидан киритилган, бу билан кун чиқиш тарафга ҳурмат маъноси ифодаланган, айни пайтда қуёшга сиғинишни ҳам билдирган. 2) ҳар йили хоқон ўз амалдорлари билан махсус ғорга бориб, ота-боболари руҳига қурбонлик келтирган. 3) ҳар 5-маротаба ой чиқишида ва ўша ойнинг ўртасида хоқон яқинларини йиғиб, дарё бўйига борган, осмон руҳи (тангри)га қурбонлик келтирганлар. Қабилалар ўртасида ҳам турли худоларга эътиқод қилиш бўлган. Тангри (осмон руҳи) барча қабилалар учун ягона асосий худо бўлган. Унга доимий қурбонликлар келтирганлар. Улар руҳ абадийлиги, нариги дунё борлигига ишонганлар. Бирор киши қазо қилса, унинг ёнига бошқа кишилар, буюмларни ҳам қўшиб кўмганлар. Масалан, 576 йил Истеми-ябғу вафот этганида у билан бирга 4 та ҳарбий асир ўлдирилиб кўмилган. Муқанхон вафот этганида унга охиратда хизмат қилиш учун 20.000 киши ўлдирилиб, бирга кўмилган. Қиёмат кунини туркийлар “Қолдирилган кун” деб атаганлар. Туркийлар қабр тошлари, яъни битигтошлар ёнига одамларнинг тош ҳайкалчаларини қўйишган. Улар “балбаллар” дейилган. Бу балбаллар ўлган одамнинг руҳига бағишланган ёдгорликдир. Шаманизм ўша даврда туркийларнинг асосий дини бўлиб, кейинчалик улар ичида буддизм, христианлик ва бошқа динлар ҳам тарқалган.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   20   21   22   23   24   25   26   27   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling