Ўзбекистон республикаси президенти


Download 5.26 Mb.
bet15/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Қўшинлар. Аҳамонийлар давлатида мунтазам қўшин мавжуд бўлиб, унинг асосини таркибида ўн минг жангчи бўлган «абадий ўлмас» полк ташкил этган. Қўшинларнинг бош қўмондони шаҳаншоҳ эди. Ҳарбий тузилмада кейинги ўринда «хазарпат»-мингбоши турган. Аҳамонийлар қўшинлари қуйидаги қисмлардан иборат бўлган: 1. – «абадий ўлмас» полк; 2-пиёда қўшинлар; 3-отлиқ қўшинлар (суворийлар); 4-сатраплар қўшинлари; 5-юнон ёлланмалари; 6-кўнгилли қўшин. Қўшиннинг қисмлари 10,100,1000, 10000 кишилик ҳарбийлардан иборат бўлиб, ҳар бир қисмнинг тайинлаб қўйилган бошлиғи бўлган.
Йилда бир марта шаҳаншоҳнинг шахсан ўзи қўшинларни кўрикдан ўтказиб, яхши хизмат қилганларни тақдирлаган, ҳарбий қоидаларни бузганларни жазолаган. Бутун давлат ҳудуди тўртта ҳарбий округга бўлинган. Ҳар бир округ ҳарбий бошлиғи марказдан тайинланиб бевосита шаҳаншоҳга бўйсунган. Босиб олинган ҳудудлар ва чегара районларда ҳарбий горнизонлар жойлаштирилган. Аҳамонийлар қўшинларининг ҳарбий тартиби ҳақида Геродот ва Курций Руф батафсил маълумотлар берадилар. Бу маълумотларга кўра, уларнинг асосий ҳарбий қуроллари қилич, гурзи, ўқ-ёй, қалқон, ханжар, ҳарбий болта ва найзалардан иборат бўлган.
Юқорида таъкидланганидек, Аҳамонийлар босиб олган барча ҳудудлар сатрапия ҳокимликларга бўлинган бўлиб уларни форс подшолари томонидан тайинлаб қўйилган сатрап-ҳокимлар бошқарганлар. Геродот маълумотларига кўра, Бақтрия XII сатрапия бўлиб 300 талант (талант-Бобил пул бирлиги бўлиб, 1 талант 30 кг дан зиёдроқ кумушга тенг), саклар ва каспийлар XV сатрапия бўлиб 200 талант Хоразм, Сўғд, Парфия ва Ария XVI сатрапия бўлиб 300 талант миқдорда йиллик солиқ тўлар эдилар. Шунингдек, Ўрта Осиёликлар солиқ сифатида қимматбаҳо тошлар, чорвачилик ва деҳқончилик маҳсулотларини ҳам форс подшоларига бериб турганлар.
Мил. авв. VI-IV асрлар Ўрта Осиё вилоятларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёт анча ривожланади. Бу даврда Бақтрия йирик давлат бўлиб, форс подшоларининг Шарқдаги йирик марказларидан бири эди. Сўнгги йилларда Ўрта Осиёнинг жанубида олиб борилган археологик қазишмалар натижасида Қадимги Бақтрия ҳудудидан ўттиздан зиёд аҳамонийлар даврига оид манзилгоҳлар очилган. Уларнинг ҳар бирида ўзлаштирилган майдонлар ва суғориш тартибидан ташқари турар жойлар ва хўжалик хоналари, меҳнат ва ҳарбий қуроллар, кулолчилик буюмларининг қолдиқлари мавжуддир.
Бу давр Бақтрия аҳолисининг асосий машғулоти деҳқончилик эди. Қалаимир, Кучуктепа, Қизилча, Бандихон каби кўплаб ёдгорликлардан деҳқончилик билан боғлиқ бўлган меҳнат қуроллари-ўроқлар, кетмонлар, ёрғучоқ ва деҳқончилик маҳсулотлари қолдиқларининг топилиши деҳқончиликдан далолат бериб, деҳқончилик асосан сунъий суғоришга асосланганлигини кўрсатади.
Бақтриянинг пойтахти қадимги Бақтра (Ҳозирги Балх) шаҳрида қазиш ишлари олиб борилиб, у ердан топилган кулолчилик буюмлари кўҳна шаҳарнинг энг қадимги қатламлари мил. авв. I минг йилликнинг ўрталарига оид эканлигидан далолат беради.
Бу даврда Бақтрияда бадиий ҳунармандчилик ҳам юқори даражада бўлган. 1877 йилда Кобадиён беклиги (Тожикистон) дан олтин ва кумушдан иборат катта хазина топилган. “Амударё хазинаси” номи билан машҳур бўлган бу хазинада олтин ва кумушдан қуйилган жанг аравалари, жангчилар қиёфаси, ҳайвонлар тасвирларини учратиш мумкин. Бу хазина маҳаллий усталар ижоди бўлиб, мил. авв. V-IV асрларга оиддир.
Мил. авв. VI-IV асрларда Сўғдиёна ҳудудларида кўплаб шаҳар ва қишлоқлар бўлиб, улар форс подшоларига катта-катта солиқлар тўлаб турар эдилар. Археологик тадқиқотлар натижасида Зарафшон ва Қашқадарё воҳаларидан бу даврга оид Узунқир, Ерқўрғон, Даратепа, Сангиртепа, Лолазор, Афросиёб, Хўжа Бўстон каби 50 дан зиёд кўҳна шаҳар ва манзилгоҳлар очиб ўрганилган.
Сўғдиёнанинг пойтахти бўлган Афросиёб (Самарқанд)да шаҳар ҳаётининг ривожланиши Сўғдиёна ва бутун Ўрта Осиёдаги сиёсий ва иқтисодий ҳаётнинг юксалиши ҳамда инқирози билан мувофиқ тарзда кечган. Сўғдиёнанинг “иккинчи пойтахти” бўлган Ерқўрғонни (Қашқадарё) тадқиқотчилар юнон-рим тарихчилари томонидан эслатилган Ксениппа вилоятининг марказий шаҳри деб ҳисоблайдилар.
Сўғдиёна ҳаётида деҳқончилик катта аҳамиятга эга эди. Шуниси муҳимки, деҳқончилик сунъий суғоришга асосланган бўлиб, бу ҳақда ёзма манбалар маълумот беради. Хусусан, Страбонинг ёзишича, Политимет (Зарафшон) дарёси воҳадаги энг катта сув манбаи бўлиб, суғориладиган ерларга каналлар орқали сув чиқарилган. Қўҳна шаҳарларда эса ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ривожланиб борган.
Мил. авв I минг йилликнинг ўрталарида Хоразм ҳам ривожланиши жараёнини бошдан кечиради. Хоразм тадқиқотлари натижаларига қараганда VI-IV асрларда бу ҳудудда йирик-йирик манзилгоҳлар мавжуд эди. Бу даврда Хоразмда иншоотлар қурилишида хом ғишт, пахса ишлатилган. Манзилгоҳлар ва турар жойлардан топилган топилмаларнинг бой ва қашшоқлиги бу ерда мавжуд бўлган ижтимоий ва мулкий тенгсизликдан далолат беради. Шаҳарлар аҳолисининг асосий машғулоти ҳунармандчилик бўлган. Кўплаб топилган сопол, бронза, темир буюмлар фикримиз далилидир. Хоразмда бу даврда маҳаллий ўтроқ аҳолидан ташқари кўчманчи чорвадорлар ҳам яшаган бўлиб, улар ўртасида доимий ҳарбий тўқнашувлар, иқтисодий ва маданий муносабатлар бўлиб турган.
Авесто”. Маданий ҳаёт
Олиб борилган тадқиқотлар натижаларига қараганда, илк темир даври Ўрта Осиёда яшаган халқлар ва қабилалар орасида кенг тарқалган ва асосий дин зардуштийлик эди. Бу диний таълимотнинг асосчиси Заратуштра ва бу диннинг муқаддас китоби “Авесто” ҳақидаги баҳс ва мунозаралар тадқиқотчилар орасида ҳозиргача давом этмоқда.
Заратуштра (ўрта форс тилида “олтин туяли”, “олтин туя етаклаган одам”) тарихий шахс бўлиб Спитама авлодидан келиб чиққан. Заратуштранинг отаси Поурушасп қоҳинлар авлодидан бўлган. Заратуштра туғилган жой ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Унинг туғилган йилини тадқиқотчилар кенг саналар билан (мил. авв. 1500-1000 йиллардан бошлаб, мил. авв. VII-VI асрларгача) боғлайдилар. Сосонийлар даври (III-VII аср) зардуштийлар анъаналарига эътибор берадиган бўлсак, Заратуштранинг ҳаёти мил. авв. VII-VI асрнинг бошларига тўғри келади. Кўпчилик тадқиқотчилар бу санани тўғри деб ҳисоблайдилар.
Заратуштра туғилган жой ҳамда “Авесто” пайдо бўлган ҳудуд ҳақида ҳам олимлар орасида ягона фикр йўқ. Бир гуруҳ олимлар Заратуштрани ҳозирги Озарбайжонда, яна бир гуруҳ қадимги Бақтрияда, бошқа гуруҳ олимлар Хоразмда ва Эронда туғилиб фаолият кўрсатган ва “Авесто” ҳам шу ҳудудларда пайдо бўлган деб ҳисоблайдилар.
Заратуштранинг янги таълимоти ўз ватанида тарафдорларини топмаганлиги сабабли у ўз юртидан кетишга мажбур бўлган. Заратуштра диний таълимотини биринчи бўлиб қабул қилган тарафдорлар қадимги Бақтрия подшоси Кави Виштасп, малика Хутаоса ва уларнинг яқин қариндошларидир. Заратуштра ўз ғояларида қонли қурбонлик қилишни қатъиян қоралайди. У яна шуни таъкидлайдики, одамзод яшашга ҳақли бўлиб, бу ҳуқуқдан уни маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Заратуштра ўз ғояларини тарғиб қила бошлаган давр Ўрта Осиё ва Эрон халқлари тарихида энг муҳим давр эди. Ибтидоий жамоа муносабатлари ўзгариб, давлатчилик тизими муносабатлари қарор топмоқда эди. Янги дин эса бу ўзгаришларни ўзида акс эттириб, туғилаётган синфий жамиятга хизмат қилар эди. У бирлашишга ва кучли марказлашган ҳокимият тузишга, ўша даврда ўтроқ деҳқончилик билан шуғулланувчи водий аҳолиси учун “худонинг қамчиси (тиғи)” ҳисобланган кўчманчи халқларга қарши кескин курашга чақирди.
Зардуштийларнинг диний фалсафаси қарама-қарши кучларнинг курашига асосланган. Бу кураш ёруғлик, яхшилик кучлари худоси Ахурамазда, қора ва зулмат кучлари худоси Ахриман ўртасида бошланиб жамият ва инсонлар орасида давом этган.
Заратуштра таълимотига кўра жамият яхшилик ва ёмонликдан иборат. Шунингдек, бу таълимотга кўра инсонлар ҳаётининг асосий мазмуни доимо хайрли ишлар қилиш, бир-бирига меҳр-оқибатли, хушмуомала бўлиш ва олижаноб фазилатлардан иборат. Зардуштийларда тўрт унсур - олов, ер, сув ва ҳаво муқаддас ҳисобланган ва улар доимо ардоқланиб келинган.
Зардуштийлар ўлимни дунёда, жамият тараққиётида энг ёвуз нарса деб ҳисоблаганлар. Шунинг учун ҳам улар муқаддас ерга ўликни кўммаганлар ҳамда ўзига хос кўмиш маросимларига амал қилганлар. Ўликни (одам, ҳайвон) ерга кўмиш қаттиқ жазоланган. Зардуштийлар ўликни махсус жойларда сақлаб, ҳайвонлар ва қушлар улар суякларини тозалаганидан сўнг тозаланган суякларни тош, лой ёки оҳакдан ясалган махсус “астадон” (“оссуарий”)ларга дафн этганлар.
Заратуштра дини вақт ўтиши билан аста-секин, эрон тилига мансуб халқлар ўртасида тарқалар экан ўз асосини сақлаган ҳолда бироз ўзгаради. Ахурамазда ва Ахримандан ташқари “Авесто” бир қатор бошқа худолар - Митра, Хоума, Анахита, Аши ва Зурвон каби улуғ худолар фаолияти ҳақида ҳам ҳикоя қилади.
Зардуштийлик Сосонийлар даврида (мил. III-VII асрлар) узил-кесил расмийлашган. Бу даврда зардўштийлик адабиёти ҳам кенг тарқалди. Дастлабки пайтларда зардуштийлик динининг муқаддас матнлари авлодларга оғзаки етказилган ва Заратуштра ўлимидан сўнг бир неча аср ўтгач маълумотлар тўпланиб ягона матн ёзилган. “Авесто” шу тариқа юзага келган. Бир қатор олимлар зардуштийлик ақидаларига таяниб “Авесто”ни илк сосонийлар (III-IV асрлар) даврига боғласалар-да, шунга қарамай унинг биринчи таҳрири мил. авв. I асрда бўлиб ўтган деб ҳисобланади. “Авесто” (“Асос”, “Асосий матн”) жумласи ҳам ўша пайтда пайдо бўлади.
Олиб борилган тадқиқотлар натижаларига қараганда, илк темир даври Ўрта Осиё ҳудудларида маданий ҳаёт, миллий урф-одатлар, анъаналарнинг ривожланганлигини кузатишимиз мумкин. Шундай анъаналардан бири Наврўз байрамидир.
Наврўз қадим авлодларимиздан бизгача етиб келган муқаддас урф-одатлардан бўлиб, уни байрам қилиш Ўрта Шарқ ва Ўрта Осиёда қадимдаёқ расм бўлган. Асрлар ўтиши билан Наврўз билан боғлиқ анъаналар халқлар ва элатлар ўртасидаги иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ривожланиши заминида кенг ёйила бориб, кўп ўлкаларнинг анъанавий миллий байрамига айланди.
Наршахийнинг маълумот беришича, “Наврўз - Янги йил байрамини ўтказиш” анъаналари бошланганига уч минг йилдан ўтган. Инглиз олимаси М.Бойс фикрича, зардўштийларда “олов ҳамда эзгулик ҳомийси Аша Ваҳишта шарафига баҳорий удум - Наврўзни ўтказиш анъанаси пайдо бўлган”. Берунийнинг ёзишича, “Наврўз янги йилнинг биринчи куни бўлиб, унинг форсча номи ҳам шу маънони тақозо этади. Эронликлар ўтмиш замонларда йилларни қабисали ойларга бўлишган. Бу вақт қуёшниннг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Сўнгра у орқага сурилгач, баҳорда келадиган бўлди. Энди у бутун йил унга хизмат қиладиган бир вақтда, яъни, баҳор ёмғирининг биринчи томчиси тушишидан гуллар очилгунча, дарахтлар гуллашидан мевалари етилгунча, ... ўсимлик униб чиқа бошлашидан такомиллашгунча давом этган вақтда келади. Шунинг учун Наврўз оламнинг бошланиши ва яратилишига далил қилинган.”
Демак, Наврўз 3-3,5 минг илгари пайдо бўлган бўлиб, асрлар давомида янгича қарашлар ва анъаналар билан бойиб борди. Шу билан бирга унинг таркибида аждодларимизнинг қадимги мифологик тасаввурлари ва ҳаёт тарзи билан алоқадор маросим ва урф-одатлар ҳам сақланиб қолди.

Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   11   12   13   14   15   16   17   18   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling