Ўзбекистон республикаси президенти


Ёзув ҳақида янги маълумотлар


Download 5.26 Mb.
bet4/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Ибтидоий тасвирий санъат. Бронза даври ютуқлари

Ёзув ҳақида янги маълумотлар


Дунё тарихида ибтидоий тасвирий санъат, хусусан, ғорларнинг деворларига турли тасвирлар тушириш сўнгги палеолит даврига оиддир (Испаниядаги Алтамир ғори). Ўрта Осиёда унгурлар ва қоятошларга ишланган расмлар мезолит даврида пайдо бўлади. Неолит даврига келиб бу санъат янги асосда ривожланиш босқичига ўтади.


Ўлкамиздаги қоятош расмларнинг энг нодир намуналари Зараутсой, Сармишсой, Биронсой, Кўксарой, Такатош, Тераклисой кабилар бўлиб, улар юздан зиёддир. Мазкур жойлардаги қоятошларда Ўзбекистоннинг қадимги ва ҳозирги ҳайвонот олами вакилларининг расмларини кузатиш мумкин. Улар буқалар, шерлар ва йўлбарслар, қоплон, тулки ва бўрилар, буғу ва жайронлар ва ҳ.к. Расмлар орасида ўқ-ёй, қопқон каби нарсалар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Мавжуд қоятош расмлари мазмунан бой ва манзараси жиҳатдан хилма-хилдир. Унда одамлар, ов, йиртқич ҳайвонлар тўқнашувлари манзаралари тасвирланган. Қоятош расмлар қадимги авлодларимизнинг ғоявий қарашлари ва диний эътиқодларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эгадир. Бундан ташқари, қоятош суратлари мазмун ва манзараларининг бойлиги билан ажралиб туради ва улар кенг тарқалади. Ушбу суратлар ишланиш услуби хилма-хил бўлиб, археологик ёдгорликларнинг бир тури ҳисобланади. Уларнинг мазмун ва манзараси маъносидан келиб чиқиб, ибтидоий ёки қадимги давр кишиларининг хўжалик ҳаёти ҳақида, ҳайвонларни ов қилиш, қўлга ўргатиш ва хонакилаштириш, чорвачиликни пайдо бўлиши ҳақида маълум тасаввурларга эга бўлишимиз мумкин. Айни пайтда қоятош расмлари ўзига хос санъат асари бўлиб, улар орқали биз ибтидоий ва қадимги одамларнинг санъати, эстетик истеъдоди ўша давр нуқтаи назаридан юқори даражада бўлганлигини билиб олишимиз мумкин.
Кўпчилик тадқиқотчилар фикрига қараганда бронзанинг ватани Кичик Осиё ва Месопотамия бўлган. Ўрта Осиёда бронза даври мил. авв. III минг йилликдан I минг йилликнинг бошларигача бўлган даврни ўз ичига олади. Тадқиқотчиларнинг фикрларига қараганда бронза асри учта катта хронологик даврга: илк, ривожланган ва сўнгги бронза даврларига бўлинади. Ўрта Осиёнинг шимолий ва шарқий ҳудудларида мажуд бўлган бронза даври ёдгорликлари маданияти жанубий ҳудудлардаги ўтроқ маданиятдан ажралиб туради. Бронза даврида асосан чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланган қабилаларнинг моддий-маданий ёдгорликлари Хоразмда 50 дан зиёд очилган бўлиб, Тозабоғёб маданияти номи билан машҳурдир. Тозабоғёб маданиятига оид маконларнинг айримларидан қадимий мозорлар (Кўкча), кўпчилигидан эса ярим ертўла шаклидаги уй-жой қолдиқлари очилган. Улардан зеб-зийнатлар, ҳайвон суяклари, сопол идишлар, тошдан ва бронзадан ишланган қуроллар топилган. Тозабоғёб сопол идишлари асосан қўлда ишланган. Хоразмдаги сўнгги бронза даврига оид ёдгорликлар Амиробод маданияти номи билан машҳур бўлиб мил. авв. IХ-VIII асрларга оиддир. Бу маданият соҳиблари Тозабоғёб маданияти хусусиятларини сақлаб, ярим ертўла турар-жой, суғориш иншоотлари излари ва қўлда ясалган сопол идишлар билан изоҳланади.
Қуйи Зарафшоннинг бронза даври ёдгорликлари Замонбобо маданияти номи билан аталади. Замонбоболиклар чайласимон кулбаларда истиқомат қилиб деҳқончилик ва хонаки чорвачилик билан шуғулланганлар. Топилган кўплаб меҳнат қуроллари, бошоқли ўсимликлар қолдиқлари ва ҳайвонлар суяклари шундан далолат беради. Шунингдек, замонбоболиклар жамоасида ҳунармандчиликнинг турли тармоқлари, хусусан, кулолчилик, бронзани эритиб ундан ҳар хил ашёлар ясаш, айниқса, тошни ишлаш техникаси анча ривожланган. Бу даврга мансуб ёдгорликлар орасида Замонбобо кўли ёқасидан топилган қадимги қабристон айниқса диққатга сазовордир. Қазишмалар жараёнида эркаклар қабрларидан ўқ-ёй пойконлари, пичоқлар, пичоқсимон тош қуроллар ва турли шаклдаги сопол идишлар; аёллар қабрларидан сопол идишлар, бронза кўзгу, упадон, сурмадон каби пардоз буюмлари ва ярим қимматбаҳо тошлардан турли шаклда ишланган мунчоқ ва маржонлар топилган.
Ўзбекистоннинг жанубидаги бронза даври ёдгорликлари қадимги суғориш ҳудудлари - Улонбулоқсой, Шеробод, Бандихон ва Миршодида топиб текширилган. Улар Сополли маданияти номи билан машҳурдир.
Ўлкамиздаги дастлабки шаҳармонанд манзилгоҳ бўлган Сополлитепа марказидан тўртбурчакли истеҳком, истеҳком ичида турар-жойлар ва хўжалик хоналари, ҳунармандчилик устахоналари аниқланган. Сополлида қурилиш, ҳунармандчилик ва иқтисодий муносабатлар анча ривож топган. Асосий қурилиш ашёси пахса ва хом ғиштдир.
Мил. авв. II минг йилликнинг боши ва ўрталарига оид Сополлитепа аҳолисининг хўжалиги деҳқончилик ва уй чорвачилигига асосланган. Шунингдек, дарё тошларидан ва қумтошдан ишланган ёрғучоқлар ва ҳовончалар ҳам кўплаб учрайди. Бу топилмаларнинг барчаси Сополлитепада деҳқончилик анча ривожланганидан далолат беради. Тадқиқотчиларнинг фикрича, Сополлитепа ҳозирча Ўзбекистондаги дастлабки энг қадимги деҳқончилик қишлоғидир.
Амударёнинг ўнг қирғоғида шаклланган Сополлитепа – бронза давридаги дарёдан кечув йўлини ҳимоя қилувчи мустаҳкам олдинги истеҳком (форпост) сифатида пайдо бўлган. Кейинчалик ўтроқ деҳқончилик жамоалари шимолий чегараларининг кенгайиши муносабати билан Сополлитепа ўзининг илгариги аҳамиятини йўқота бошлайди ва бўшаб қолади. Асосий марказ вазифаси эса, тоғ дарасидан чиқувчи йўл устидаги мустаҳкам қалъа сифатида пайдо бўлган Жарқўтонга ўтади. Бу ёдгорлик Ўзбекистондаги дастлабки шаҳар харобаси ҳисобланади.
Мил.авв. II минг йилликнинг ўрталарига келиб Жарқўтон ўша ҳудудлардаги деҳқончилик билан шуғулланувчи аҳоли қабилалари уюшмаларининг мустаҳкам истеҳкомига айланади. Айнан мана шу истеҳком орқали Ҳисор тоғ олди воҳалари ва жанубий Тожикистоннинг ғарбий ҳудудларига шимолдаги аҳолининг кўчишлари бўлиб ўтади. Бу ҳудудлардан топилган ёдгорликлар топографияси ва уларни давлатлаштириш ушбу жараён изчиллик билан бўлиб ўтганлигини кўрсатади. Бу жараённинг ривожланиши мил.авв. II минг йилликнинг иккинчи ярми Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ўтроқ деҳқончилик турмуш тарзи кечирувчи аҳоли манзилгоҳларида аҳоли сонининг ўсиши ва ишлаб чиқарувчи кучларнинг тараққиёти учун ҳам кенг имкониятлар яратди.
Ўзбекистон ҳудудида чорвадор қабилаларга мансуб бронза даври қабристони Самарқанд яқинидаги Мўминобод қишлоғидан топилган.
Қуйи Қашқадарёдаги Гужайли қабристонидан чорвачилик ва деҳқончилик қабилаларига тегишли бўлган ашёлар, Фарғона водийси Янгиариқ ҳудудидан деҳқончилик буюмлари ва деҳқончилик билан боғлиқ қоятош суратлар, Чустдан ҳунармандчилик ва деҳқончиликка оид буюмлар кўплаб топилган.
Мил. авв. II минг йилликка келиб Ўзбекистоннинг дашт ҳудудларига чорвадор қабилалар келиб ўрнаша бошлайдилар. Уларнинг маконларидан топилган моддий манбалар Жанубий Қозоғистоннинг чўлларидаги Андронов маданиятига ўхшаб кетади. Дашт қабилалари тарқалганлигидан айниқса, сопол идишлар, металл буюмлар ва чорвадор қабилаларга мансуб қадимги қабрлар тузилиши далолат беради. Бу ўринда тадқиқотчилар бронза давридаёқ Ўрта Осиё ҳудудларида маълум даражада этник маданий жараёнлар бўлиб ўтган деган фикрни илгари сурадилар.
Бронза даврининг хўжалик соҳасида эришган энг катта ютуқларидан бири қадимги деҳқончиликнинг кенг ёйилиши ва мил. авв. II минг йилликда чорвачиликнинг деҳқончиликдан ажралиб чиқишидир. Металл қуроллар қадимги ижтимоий-иқтисодий тараққиётни тезлаштиргани туфайли Ўрта Осиё дашт ва тоғ олди ҳудудларида яшаган аҳоли бошқа аҳолидан (деҳқонлардан) ажралиб чиқади ва асосан чорвачилик билан машғул бўлади. Бу тарихий жараён - кишилик жамияти тараққиётидаги дастлабки йирик меҳнат тақсимоти эди.
Бронза даври Ўрта Осиёнинг ижтимоий тузумида ҳам ўзгаришлар содир бўлиб ўтди. Уруғчилик тузуми бу даврда ҳам давом этди. Аммо, бу даврда она уруғининг мавқеи йўқолиб борди. Металл эритиш ва хўжаликнинг ривожланиши натижасида жамиятда эркаклар меҳнат ва мавқеи биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиб борди. Ишлаб чиқаришда ҳукмронлик қилиш шу тариқа эркаклар қўлига ўтади ва она уруғи тузуми ўрнини ота уруғи (патриархат) тузуми эгаллайди.
Ўрта Осиё ҳудудларида ёзув яқин кунларга қадар мил.авв. V-IV асрларда пайдо бўлган деб келинар эди. Сўнгги йиллардаги тадқиқотлар бошқачароқ хулосалар бермоқда. Хусусан, 2000 йилда Жанубий Туркманистондаги Гонуртепа кўҳна шаҳрида очилган қабрларнинг биридан мил.авв. III минг йилликка оид ўйма сопол муҳр топилди. Унда миххат ёзувлар бор эди. Жанубий Туркманистон қадимиятининг билимдони В. Сарианиди ва америкалик мутахассис Т. Шарлачларнинг фикрича, бу хилдаги муҳрлар фақат подшо атрофидаги, подшо саройига яқин шахсларга тегишли бўлиши мумкин. Месопотамиядаги Саргон муҳрларини (мил.авв. 2250-2200 йй.) эслатувчи Гонуртепа муҳри маҳаллий хом ашёдан тайёрланган бўлиб, ундаги миххат ёзувлар «Лукакс хўжалик ва қуллар ҳукмдори», деб ўқилди. Ушбу ёзув бу ердаги бронза давридаёқ якка ҳукмдор бошқаруви ва Месопотамия билан ўзаро алоқалардан далолат беради.
Шунингдек, сўнгги археологик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг жанубидан ҳам пиктографик белги - ёзувлар топилган. Тадқиқотчи Ш. Шайдуллаевнинг фикрича, Жарқўтон ёдгорлигидан сополларга битилган 47 та белгидан иборат ёзувнинг топилиши аждодларимизнинг бронза даврида пиктографик ёзувни яратгани ва ўз фикрини турли белгиларда ифодалаганини кўрсатади. Шунингдек, Шерободдаги Ғоз қишлоғи ёнидаги илк темир асрига оид ёдгорликдан тош ўғир (кели) топилган бўлиб, унинг сиртида умумий сони 14 та бўлган пикторафик белги-ёзув мавжуд. Ш. Шайдуллаев бу белгини Миср иероглификаси билан солиштириб улардан бири «ҳақиқат», яна бири эса дунёнинг айланиши, яъни, «чархпалак» деб ўқилиши мумкинлигини тахмин қилади. Хуллас, бронза даври ва унинг охирларига келиб ўлкамиз ҳудудларида ёзув пайдо бўлганлиги илмий асосланмоқда ҳамда кейинги тадқиқотлар бу масалага янада ойдинлик киритиши шубҳасиздир.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling