Ўзбекистон республикаси президенти
Республикада 1946-90 йиллардаги маънавий-маданий қарамлик ва унинг оқибатлари
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
Республикада 1946-90 йиллардаги маънавий-маданий қарамлик ва унинг оқибатлари.
Тоталитар тизим шароитида оммага маданий-маърифий муассасалардан ғоявий таъсир ўтказиш мақсадида кенг фойдаланилди. 1960 йиллар республикада 2.977 клуб бўлса, 1970 йилда уларнинг сони 3.441 тага етди. Шу йиллари кутубхоналар сони тегишли равишда 3.418 тадан 5.822 тага; музейлар сони 14 тадан 26 тага; киноқурилмалар сони 2.178 тадан 3.988 тага ошди. Лекин буларнинг кўпчилиги статистик ҳисоботларда ошириб кўрсатилган бўлиб, аслида ўзларининг бевосита функцияларини самарали бажариш учун ҳаётий имкониятга эга бўлмади. Уларнинг моддий техника базаси паст даражада бўлиб, молия билан етарли таъминланмади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон собиқ совет республикалари ўртасида энг қуйи поғонада турди. 1969 йилда Россияда аҳолининг 10 минг нафарига 14 та клуб муассасаси тўғри келса, Белоруссияда 11 та, Ўзбекистонда эса атиги 4 та эди. Маданий-маърифий муассасаларга давлат томонидан ажратилган маблағ аҳоли жон бошига Эстонияда 21,3 сўмни, Арманистонда 17,9, РСФСРда 9,7 сўмни ташкил қилса, Ўзбекистонда 4,5 сўмни ташкил қиларди. Республика кутубхоналарининг китоб фонди 1950-1970 йилларда ўн баробарга кўпайган бўлса ҳам, лекин уларнинг кўпчилигини мафкуравий тарғибот учун зарур бўлган марксизм-ленинизмга оид асарлар ташкил қилар эди. Олинган китобларнинг 8-10 фоизигина республикада нашр этилган бўлиб, қолганлари четдан келтирилиб, уларнинг аксарияти рус тилида эди. Маданий-маърифий муассасалар молиявий жиҳатдан давлат назоратидан четда қолганлиги учун бундай муассасалар кўпинча жамоатчилик асосида қурилди. Масалан, 1961 йили Ўзбекистон касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан жамоатчилик асосида 45та маданият ва техника университетлари, 5 та халқ театрлари, 1.258 жисмоний тарбия жамоалари иш олиб борди. Ўзбекистонда таълим тизимини яхшилаш учун ўнлаб қарорлар қабул қилинарди. Бироқ, бу қарорлар миллий мактабларда тўлиқ бажарилмасди. Мактаблар урушдан кейин ҳам дарсликлар билан тўлиқ таъминламади. Моддий ўқув базаси русийзабон мактабларникидан анча паст эди. Ўрта мактаб битирувчилари орасида эрта турмушга берилиши туфайли қизлар камчиликни ташкил қилар эди. Маорифни ривожлантиришда маҳаллий миллатларга паст назар билан қараш совет тузуми сиёсатининг пинҳона фаолиятига яширинган эди. Кейинги йилларда очилган архив маълумотларида собиқ Иттифоқдаги республикаларда онгли, маданиятли, ҳурфикрли кишиларнинг бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги махфий кўрсатмалар бежиз эмас эди. 1985 йилда олий ўқув юртлари сони 42 тага етди. 1946-47 ўқув йилида республикада 4483 мактаб бўлиб, 212.000 ўқувчи ўқиган бўлса, 1965-66 ўқув йилида мактаблар сони 9716 га, ундаги ўқувчилар сони 2.476.000 кишига етди. Олий ўқув юртларида талабалар сони 21.190 дан 168.800 тага етди. Бу миқдор “маҳаллий миллат йигит қизлари билим учун эмас, диплом учун қизиқсин” деган ақидага асосланганлигини кўрсатади. Шундай бўлишига қарамай, ўзбекистонликларни, хусусан, ўзбекларни илмга чанқоқлиги ҳар қандай сунъий тўсиқларни енга бошлади. Ўзбекистонда фан ва техниканинг ҳамма соҳаларида йирик олимлар етиштирилиб, фан номзодлари ва докторларини тайёрлаш бўйича собиқ СССРда олдинги қаторларга чиқди. 1950 йил Ўзбекистонда 1760 фан номзоди, 180 фан докторлари илмий иш олиб борди. 1965 йилда эса, фан номзодларининг сони 4000 ва фан доктори 324 га етди. 50-60 йиллари Ўзбекистон Фанлар Академияси олимлари, айниқса, математика-механика, тиббиёт, энергетика, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ишлар олиб борди. Бир қанча илмий-текшириш институтлари, травматология ва ортопедия, энергетика, математика, онкология ва радиология, Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва электрлаштириш, кибернетика ва бошқа бир қанча институтлар шу йилларда ишга туширилди. ЎзФА қошида Фалсафа ва ҳуқуқ институти ташкил этилиб, Шарқшунослик институти фаолияти кенгайтирилди. 50-йиллардан бошлаб республикадаги илмий-тадқиқот ишларида атом қувватидан фойдалана бошланди. Дастлабки пайтда атом қуввати Тошкент ва Самарқанд Давлат Университетлари лабораторялари, Фанлар академиясининг Физика-техника институти, Политехника ва Медицина институтларида ишлатилди. Лекин техника базаси етарли бўлмаганлигидан атом қувватидан фойдаланиш доираси тор бўлиб қолди. 1956 йил бошларида Тошкентдан 30 км йироқда, 750 штат бирлигига мўлжалланган Ядро илмий-тадқиқот инситути ва барча қулайликларга эга бўлган шаҳарча қурилиб, 1958 йили ишга туширилди. Унинг биринчи директори этиб йирик физик олим, академик – Убай Орифов тайинланди. 1951-1954 йиллари республикада яна бир йирик илмий марказ бунёд этилди. 80 гектар майдонда, иттифоқда ягона тиббий шароитда ўсадиган Тошкент ботаника боғи яратилди. 1956 йили 5 ноябрда Ўрта Осиёда биринчи Тошкент телемаркази ишга туширилди. Кейинчалик 1962 йил Урганчда, 1964 йил Нукусда ҳам телевизон марказлар иш бошлади. Ўзбекистонлик олимларнинг бир қанчаси, айниқса, табиий фанлар соҳасида ўзларининг илмий ютуқлари билан, нафақат, собиқ Иттифоқ доирасида, балки жаҳон миқёсида тан олинди ва юқори даражадаги давлат мукофотларига сазовор бўлдилар. Ўзбек математик олимларидан – Т.Н.Қори-Ниёзий, Т.А.Саримсоқов, С.Х.Сирожиддинов, физиклар –У.О.Орифов, С.А.Азимов, химиклар – О.С.Содиқов, С.Ю. Юнусов, М.И.Набиев, геологлар – Х.М.Абдуллаев, И.Х.Хамрабоев, Г.А.Мавлонов, биологлар – А.М.Музаффаров, К.З. Зокиров, Т.З.Зоҳидов, техника соҳасида – М.Т.Ўразбоев, Х.А.Раҳматуллин, Х.Файзиев, жамиятшунослик фани соҳасида – И.М.Мўминов, Ҳ.Сулаймонова, Я.Ғ.Ғуломовлар шулар жумласидандир. Республика зиёлилари қаторида 125 мингдан ортиқ олий ва ўрта махсус маълумотга эга мутахассислар бўлиб, шулардан 25 мингдан кўпроғи муҳандис ва техниклар, 10 минг қишлоқ хўжалик мутахассислари, 24 минг врачлар ва 60 мингдан ортиқ ўқитувчилар, юздан ортиқ ёзувчи, шоир, драматурглар, рассомлар уюшмасида 105 киши, композиторлар уюшмасида 26 нафар аъзолари бор эди. 1956 йилнинг охирларида республика зиёлиларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтди. Партия ғоявий тизгинига қарамасдан адабиёт ва санъат соҳасида кўзга кўринарли асарлар яратилди. Ғафур Ғулом, Уйғун, Зулфия, Миртемир, Туроб Тўла, М. Бобоев, Мирмуҳсин ва бошқаларнинг тинчлик мавзусига бағишланган шеърлари юзага келди. Ойбекнинг “Олтин водийдан шабадалар”, Парда Турсуннинг “Ўқитувчи”, Асқад Мухторнинг “Опа-сингиллар” романлари, Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, “Оғриқ тишлар”, Б.Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” драмалари катта шуҳрат қозонди. 50-йилларнинг иккинчи ярмидан бошлаб сиёсий қатағонликдан озод бўлган ижодкорларнинг асарлари юзага чиқа бошлади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи, Миртемирнинг “Сурат”, Шайхзоданинг “Тошкентнома” достонлари нашрдан чиқди. 60-йиллардан адабиётда янги авлод пайдо бўлди. Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Ҳусниддин Шарипов, Озод Шарафутдиновлар билан изма-из янги ижодий тафаккурга эга бўлган истеъдодли Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Хошимов, Муҳаммад Али, Жамол Камол, Омон Матжон, Рауф Парфи каби ёш адабиётчилар майдонга келди. Ўзбек адабиётининг ривожланиш даврида адабиётга мафкуравий таъсир ўтказишнинг қуроли сифатида қаралиб, ижод эркинлиги бўғилди ва партиявий синфий ақидалар тиқиштирилди. 50-80-йилларда аҳён-аҳёнда бўлса ҳам озодликка интилувчи фикрлар кўзга чалинарди. Бироқ бунга дарҳол танқидлар, маъмурий жазолар тўсиғи қўйиларди. 80-йилларнинг ўрталаридан адабиёт халқ ҳаётини ҳаққоний акс эттириш йўлида янги қадамлар қўя бошлади. Бадиий асарларнинг мавзу доирасига Орол фожеаси, ўзбек деҳқонининг машаққатли тақдири, табиат, тил, маданият ва тарихимизга оид муаммолар кириб келди. Янги мазмун ижодда янгича замонавий шакл, халқона оҳангларга кенг йўл оча бошлади. 50-60 йилларда Республика санъатида, хусусан театр ва рақс санъатида силжишлар юз берди: 1947 йили Тошкентда хореография билим юрти очилди. 1957 йили машҳур раққоса М.Турғунбоева томонидан “Баҳор” ўзбек халқ рақс ансамбли, 1958 йили Г.Раҳимова раҳбарлигида Хоразм ашула ва рақс ансамбллари тузилди. Бу жамоалар ўзбек саҳна рақсларини бойитди. Республикада театр санъатининг ривожланишида Самарқанд Давлат ашула ва балет театри (1964 йил), Тошкентда “Ёш гвардия” (1990 йилдан Аброр Хидоятов номидаги) ўзбек драма театрининг очилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Мусиқа ва театр соҳасидаги бу ўзгаришлар бир томонлама бўлиб, жаҳон санъати даражасига тезроқ етиб олиш учун ўзбек миллий маданиятидан узоқ бўлган опера, балет, симфоник мусиқага асосий эътибор берилиб, миллий драма театрларимиз эътибордан четда қолди. “Шаклан миллий, мазмунан социалистик” шиори остида ривожланган совет адабиёти ва саънатининг асл мақсади “байналмилаллаштириш” бўлиб, бадиий асарларда миллийлик йўқола борди. Урушдан кейинги чорак аср мобайнида Ўзбекистон саноати ва қишлоқ хўжалиги, маданияти ва фани ривожланишида маълум натижаларга эришди. Лекин бу ривожланиш зиддиятлар билан тўла бўлди, демократлаштириш йўлида олиб борилган тадбирлар етарли натижаларни бермади. Маъмурий-буйруқбозлик тизими кучайиб бораётган Ўзбекистонда халқнинг турмуши, аҳолига кўрсатиладиган маиший хизмат жиҳатидан Республика собиқ Иттифоқда охирги ўринларда эди. Таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги баландпарвоз кўрсаткичлардан социалистик тизимнинг ташвиқот-тарғиботи учун фойдаланилди. Умуман олганда, жамиятнинг инқироз томон йўл тутиши кучая борди. Ўзбекисистон Республикаси мустақилликка эришгач, хусусан, республика раҳбариятининг қатъиятли ҳаракати билан ноҳақлик барҳам топди. Минглаб бегуноҳ фуқороларнинг номлари оқланди. КПСС МК Апрель (1985 й) пленуми совет жамиятини “қайта қуриш”, бу жамият ҳаётининг барча соҳаларини “чуқур ислоҳ қилиш” йўлини эълон қилди. Бунда, аввало, ижтимоий ҳаётни демократлаштириш, ошкоралик, иқтисодий ўсишни фан-техника ютуқларига таяниб жадалллаштиришга қарор қилинди. Бироқ узоқ йиллар тоталитар режимга мослашган давлат монополияси, идоралар бюрократик аппарати кўзда тутилган режаларни амалга оширишга йўл қўймади. 80-йилларнинг ўрталарига келиб, мамлакатдаги иқтисодий тараққиётни чуқур таҳлил қилмай, 90-йилларнинг охирига бориб, собиқ СССР да миллий даромадни 2-2.5 баробар ўстириш, аниқроғи, 70 йил ичида амалга оширилган ишларни кейинги 15 йил ичида бажариш вазифалари қўйилдики, бу мутлақо ҳақиқатдан узоқ эди. Бу ҳол табиий равишда 70-80-йиллар бошида жамият олдидаги муҳим халқ хўжалиги вазифаларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш йўли билан эмас, балки қўшиб ёзиш, пора бериш, ошна-оғайнигарчилик билан осонгина ҳал қилишга олиб келди. Давлат режалаштириш тизими мураккаб ижтимоий ва хўжалик вазифаларини маъмурий-буйруқбозлик йўли билан ҳал қилишга қодир бўлмай қолди. Натижада иқтисодий ўсиш йилдан-йилга камайиб борди. Республика халқ хўжалигида умумий ижтимоий меҳнат унумдорлигини пасайиши ҳисобга мўлжалдагидан 4,3 фоиз ёки 850,4 миллион сўмга кам миллий даромад олди. 1989 йилда Ўзбекистондаги ҳар бир кишига собиқ Иттифоқдаги ўртача даражадан бир ярим баравардан кам капитал маблағ тўғри келди. Ушбу муаммолардан халқ эътиборини чалғитиш учун кўп йиллар давомида йиғилиб қолган миллий норозиликлардан фойдаланилди. Коммунистик мафкура ўз ҳукмронлигини сақлаб қолиш учун, ҳатто, айрим республикаларда миллатлараро низоларни уюштира бошлади. 1989 йилда Тошкент, Фарғона, Андижонда рўй берган миллатлараро можаролар, Кавказдаги қуролли тўқнашувлар, қувғин қилинган халқларнинг норозиликларидан разилона манфаат йўлида, республикаларда, шу жумладан, Ўзбекистонда пайдо бўлаётган ҳурлик овозини бўғиш учун фойдаландилар. XX асрнинг сўнгги ўн йиллигига келганда СССРда миллатлараро муносабатларда жиддий муаммолар келиб чиқди. 1989 йил 24 майда Қувасой шаҳрида ёшлар ўртасида (Р. Нишонов таърифича, “бир банка қулпуной учун” ) бўлган безорилик миллатлараро (маҳаллий ёшлар билан месхети турклар ўртасида) тўқнашувни келтириб чиқарди ва бу можаро Фарғона водийсида оммавий тус олди. Республиканинг сиёсий раҳбарияти юзага келган бу мураккаб вазиятни тўғри баҳолай олмагани учун, ёшларнинг оммавий чиқишлари, миллатлараро тўқнашувлар содир бўлди. Бундай оммавий чиқишларга, коммунистик мафкура тартибига қаршиликларга “кўникмаган” сиёсий раҳбарият намойишчиларга қарши ҳарбий қисм ташлади. 1989 йил 8 июнда Қўқонда тинч намойишчилар ана шу ҳарбий қисм аскарлари томонидан ўққа тутилди. Натижада, намойишда қатнашган 50 дан зиёд аҳоли ҳалок бўлди (уларнинг кўпчилиги ёшлар эди), 200 дан ортиғи эса ярадор қилинди. Умуман 3-12 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлган миллатлараро тўқнашувларда ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиш оқибатида 103 киши ҳалок бўлган. 1009 киши ярадор бўлган, ва 650 хонадонга ўт қўйилиб, вайрон қилинган. Фарғона фожиаларига тааллуқли маълумотларнинг (лекин маълумотлар йўқ даражада) таҳлили шуни кўрсатадики, месхети турклари учун бу можаро мустабид тузум айби билан уруш даврида мажбуран ташлаб чиқилган она ватанларига қайтиб боришлари учун баҳона сифатида керак бўлган. Маҳаллий аҳоли эса бу можарога табиий равишда қўшилиб кетган. Чунки жойларда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор берилмаган, маҳаллий ёшлар ўртасида ишсизлик кўпайиб, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб борган, аҳоли уй-жойлар билан таъминланмаган, уй қуриш учун участкалар ажратилмаган, пахта яккаҳокимлиги, экология муаммолари ҳал қилинмаган, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунбузарлик авж олган. Мудҳиш воқеалардан кейин берилган расмий баёнотларга кўра, республикада вужудга келган ижтимоий-иқтисодий кескинликдан оммавий тартибсизликлар орқасида миллатлар ўртасида нифоқ ва тўқнашувларни келтириб чиқаришга уринган экстремистик кучлар турган. Бу атайлаб уюштирилган сиёсий иғвогарлик эди. Фарғонадаги мудҳиш воқеа Сумгаит, Боку, Тоғли Қорабоғ, Ўш-Ўзган ва бошқа минтақаларда худди шундай тарзда уюштирилган иғвогарлик билан бир қаторда турар эди. Фарғона воқеаларидан кейин Ўзбекистоннинг И.Каримов бошлиқ сиёсий раҳбарияти, мавқени, республика зиёлилари ва сиёсий кучлари ана шу таҳликали кунларда сиёсий ва маънавий жиҳатдан юксак мавқеда турди. Фожеанинг асл сабабларини очиб ташлаш, ўз халқининг шон-шуҳрати ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш йўлидаги ўзларининг машаққатли уринишларида улар республиканинг энг кескин муаммоларини биринчи бор ошкора равишда муҳокамага қўя бошладилар. 80-йилларнинг ўрталарига келиб СССРнинг парчаланиши реал объектив ҳақиқатга айланиб қолди. Миллий онгни ўсиши, ўзбек тили масаласини кун тартибига қўйилишига олиб келди. Р. Нишонов бошчилигидаги республика раҳбарияти бу муаммони ҳал қилишга эмас, аксинча бу ҳаракатни “жамиятга қарши” деб, уни барҳам топтиришга, қонунчилик, ошкоралик ва оммавий талабларга риоя қилиш оқимига буриб юборишга уринди. Демократик тараққийпарвар кучлар томонидан қўйилган масалани И.Каримов бошчилигидаги янги раҳбарият ўз вақтида англаб етди ва уни ҳал этишга киришди. Такрорлаш учун саволлар Туркистон ўлкасида совет ҳукумати ўрнатилишига маҳаллий сиёсий кучлар ва аҳоли қандай муносабатда бўлди? Туркистондаги миллий давлат чегараланиши қандай мақсадларни кўзлаб амалга оширилган эди? Совет даврида Ўзбекистонинг иқтисодий ва маданий ривожи қайси йўналишларда амалга ошди? Советларнинг Ўзбекистонда амалга оширган қатағон сиёсатининг асл мақсади нимада кўринади? Совет даврида Ўзбекистоннинг халқаро алоқалари қандай аҳволда эди? Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага Ўзбекистон қандай ҳисса қўшди? АДАБИЁТЛАР Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. -Т.: “Ўзбекистон”, 1999. Каримов И.А. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. -Т.: “Ўзбекистон”, 1999. Каримов И.А. Ўзбекистоннинг 16 йиллик мустақил тараққиёт йўли. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси ва Президент Девонининг Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган қўшма мажлисидаги маъруза. // Халқ сўзи, 2007 йил 31 август. Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: “Маънавият”, 2008. Аҳмад Закий Валидий Тўғон. Бўлинганни бўри ер (Хотиралар). -Т.: “Адолат”, 1998. Аъзамхўжаев С. Туркистон мухторияти. -Т.: “Маънавият”, 2000. Зиёев Ҳ. Тарих — ўтмиш ва келажак кўзгуси. -Т.: “Ўзбекистон”, 2000. Ражабов Қ. Бухорога қизил армия босқини ва унга қарши кураш. -Т.: “Маънавият”, 2002. Ражабов Қ. Мустақил Туркистон фикри учун мужодалалар (1917-1935 йиллар). -Т.: “Ўзбекистон”, 2000. Ризаев С. Шароф Рашидов. Штрихи к портрету. -Т., 1992. Ғойибназаров Ш. Ижтимоий ривожланиш сабоқлари. 20-йиллар таҳлили. -Т.: “Ўзбекистон”, 1994. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Иккинчи китоб. Ўзбекистон Совет мустамлакачилиги даврида. -Т.: “Шарқ”, 2000. Ўзбекистон тарихи. -Т.: “Университет”, 2003. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling