II БЎЛИМ. ТОВАРЛАР ВА ТРАСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БОЖХОНА ЧЕГАРАСИДАН ОЛИБ ЎТИШ
1-боб. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР
8-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш ҳуқуқи
Барча шахслар, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишда тенг ҳуқуқларга эгадирлар.
Товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.
9-модда. Товарлар ва транспорт воситаларини олиб кириш ва олиб чиқишни тақиқлаш
Давлат хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, маънавият, инсон ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳамда бошқа мамлакатлар халқларининг бадиий, тарихий ва археологик бойликларини, мулк ҳуқуқини, шу жумладан интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқни, олиб кирилаётган товарларни истеъмол қилувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро шартномаларига мувофиқ айрим товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш тақиқланиши мумкин.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиш тақиқланган товарлар ва транспорт воситалари, агар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ёки халқаро шартномаларида бу товарлар ва транспорт воситаларини мусодара қилиш назарда тутилмаган бўлса, дарҳол Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилиши ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтарилиши шарт.
Товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқиб кетишни ёки қайтаришни олиб ўтаётган шахс ёхуд ташувчи ўз ҳисобидан амалга оширади. Товарлар ва транспорт воситалари дарҳол олиб чиқиб кетилмаган ёки қайтарилмаган тақдирда улар божхона органига қарашли бўлган омборга вақтинча сақлаш режими остида жойлаштирилади. Сақлаш муддати уч сутка бўлади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Do'stlaringiz bilan baham: |