VIII БЎЛИМ.
СОЛИҚҚА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР
ВА УЛАРНИ СОДИР ЭТГАНЛИК
УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
27-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун
жавобгарлик тўғрисидаги умумий қоидалар (210 - 218-моддалар)
28-боб. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва уларни
содир этганлик учун жавобгарлик (219 - 227-моддалар)
29-боб. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик
учун банкларнинг жавобгарлиги (228 - 229-моддалар)
27-БОБ. СОЛИҚҚА ОИД ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР
СОДИР ЭТГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК
ТЎҒРИСИДАГИ УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
210-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тушунчаси
211-модда. Жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар
212-модда. Жавобгарликка тортишнинг умумий шартлари
213-модда. Жавобгарликка тортишни истисно этувчи ҳолатлар
214-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этилганда айб шакллари
215-модда. Шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир
этганликдаги айбини истисно қилувчи ҳолатлар
216-модда. Жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар
217-модда. Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиши
218-модда. Молиявий санкциялар
210-модда. Солиққа оид ҳуқуқбузарлик тушунчаси
Солиқ тўловчининг, солиқ агентининг ёки бошқа шахснинг ушбу Кодексда жавобгарлик белгиланган ғайриқонуний айбли қилмиши (ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги) солиққа оид ҳуқуқбузарлик деб эътироф этилади.
211-модда. Жавобгарликка тортилиши лозим бўлган шахслар
(1-қ.) Юридик ва жисмоний шахслар солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун ушбу Кодекснинг 28 ва 29-бобларида назарда тутилган ҳолларда жавобгар бўлади.
(2-қ.) Жисмоний шахс солиққа оид ҳуқуқбузарликлар содир этганлик учун ўн олти ёшдан бошлаб жавобгарликка тортилиши мумкин.
212-модда. Жавобгарликка тортишнинг умумий шартлари
(1-қ.) Ҳеч ким солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун ушбу Кодексда назарда тутилганидан бошқа асослар бўйича ва тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
(2-қ.) Ҳеч ким солиққа оид содир этилган айни бир ҳуқуқбузарлик учун такроран жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
(3-қ.) Юридик шахснинг солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлиги учун жавобгарликка тортилишига мазкур ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги факти солиқ органининг кучга кирган қарорида аниқланганлиги асос бўлади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)
(4-қ.) Юридик шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши тегишли асослар мавжуд бўлган тақдирда унинг мансабдор шахсларини маъмурий, жиноий ёки қонунда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод этмайди.
(5-қ.) Шахснинг солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун жавобгарликка тортилиши уни тўланиши керак бўлган солиқлар (йиғимлар) ва пеняларнинг суммаларини тўлаш (ўтказиш) мажбуриятидан озод этмайди.
(6-қ.) Шахснинг айби қонунда белгиланган тартибда исботланмагунига қадар у солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этишда айбдор деб ҳисобланмайди. Жавобгарликка тортилаётган шахс ўзининг солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор эмаслигини исботлаши шарт эмас.
(7-қ.) Солиққа оид ҳуқуқбузарлик факти ва шахснинг уни содир этишда айбдорлиги тўғрисида далолат берувчи ҳолатларни исботлаш мажбурияти солиқ органларининг зиммасига юклатилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |