Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олий таълим муассасалари ғоявий тарбия тизимини модернизациялаш


Download 24.18 Kb.
Sana04.02.2023
Hajmi24.18 Kb.
#1162165
TuriДиссертация
Bog'liq
2.Такриз-БухороДУ- (2)


Нукус давлат педагогика институти мустақил тадқитқотчиси Қадиров Қувондиқ Айитбаевичнинг “Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олий таълим муассасалари ғоявий тарбия тизимини модернизациялаш” (13.00.01 – Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи) мавзусидаги педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертациясига
ТАҚРИЗ

Шиддат билан глобаллашиб бораётган бугунги даврда жаҳонда инсоният учун ҳавф солаётган улкан маънавий таҳдидлар авж олиб бормоқда. Бу эса, дунёдаги кўплаб мамлакатлар ва халқларнинг иқтисодиётига, сиёсатига ва маънавиятига жуда катта салбий таъсирини кўрсатди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида мустақиллиги йиллари давомида барча соҳаларда улкан ўзгаришлар юз берди. Халқимиз миллий истиқлол ғояси остида бир мақсад йўлида бирлашди, лекин миллий мустақилигимиз натижасидаги ютуқларимизни кўролмайдиган, миллий маънавий қадриятларимизни қадрсизланишига қаратилган ғоявий таҳдидлар ҳамон давом этмоқда.


Мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлодни тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу билан бирга, жаҳонда ғоявий-мафкуравий курашлар кескин давом этаётган, маънавий таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда ёшлар ўртасида миллий қадриятларга беписандлик, зарарли ёт ғоялар таъсирига берилиш, жиноятчилик ва экстремизм ҳаракатларига адашиб қўшилиб қолиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Президент Ш.Мирзиёев 2021 йилнинг 19 январь куни «Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш» масалаларига бағишланган йиғилишида: «...бугун дунёда кескин кураш ва рақобат ҳукм сурмоқда, манфаатлар тўқнашуви кучаймоқда. Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятларга қарши таҳдид ва хатарлар тобора ортмоқда. Фақат ўзини ўйлаш, меҳнатга, оилага енгил қараш, истеъмолчилик кайфияти турли йўллар билан одамлар, айниқса, ёшлар онгига устамонлик билан сингдириляпти. Шунингдек, терроризм, экстремизм, трансмиллий ва кибер-жиноятчилик, одам савдоси, наркотрафик каби таҳдидлар хавфи ошиб бормоқда. Баъзи ҳудудларда атайин беқарорлик юзага келтирилиб, норозилик кайфияти авж олдирилмоқда», - деб аълоҳида таъкидлади.
Кейинги йилларда олий таълим педагогикаси соҳасида маънавий ахлоқий тарбия йўналишидаги тадқиқотлар кўлами кенгайган бўлсада миллий ғоя, маънавий-маърифий ишлар, ижтимоий гуманитар фанларни ўқитишни модернизациялаш асослари махсус мавзу сифатида тадқиқ қилинган эмас. Мазкур тадқиқот эса, маънавий ахлоқий тарбия самарадорлигини оширишда, аждодларимиз қолдирган бой маънавий фазилатларимизни замонавий илм-фан ютуқлари билан бойитиб, талаба ёшлар тафаккури, дунёқарашини миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида шакллантиришда ҳамда «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» бош ғомизни амалга оширишда фундаментал манба бўлиб хизмат қилади.
Бу эса, тадқиқот мавзусининг долзарблигини ва заруратини белгилайди.
Диссертация кириш, 4 та боб, хулоса ва тавсия ҳамда фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
Ишнинг кириш қисмида диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати асосланган, республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги кўрсатилган, муаммонинг ўрганилганлик даражаси очиб берилган, диссертация тадқиқотининг олий ўқув юрти илмий-тадқиқот ишлари режалари билан алоқадорлиги баён қилинган, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, шунингдек объекти, предмети ва методлари таърифланган; тадқиқотнинг илмий янгилиги ва амалий натижалар, олинган натижаларнинг ишончлилиги, уларнинг назарий ва амалий аҳамияти очиб берилган, тадқиқот натижаларининг жорий этилиши ва уларнинг апробацияси баён қилинган. Шунингдек, эълон қилинган ишлар ва диссертациянинг тузилиши борасида маълумотлар келтирилган.
Диссертациянинг биринчи боби “Олий таълим тизимида талаба ёшларни ғоявий тарбиялашнинг ижтимоий-сиёсий, ғоявий, назарий асослари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида ёшлар тарбияси соҳасидаги ислоҳотларнинг стратегик моҳияти, олий таълим тизимида юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга кадрларни тарбиялашнинг концептуал асослари ҳамда олий ўқув юртида ғоявий тарбия мазмунининг ижтимоий педагогик хусусиятлари учта параграфда очиб берилган.
Бунда талабаларни миллий ғоя руҳида тарбиялашда маънавий-маърифий ишларни модернизациялашнинг асосий тамойиллари сифатида ўз-ўзини англаш, индивидуалликни очиб бериш, субъективлик, танлаш, ижодкорлик ва муваффақият, ишонч ва қўллаб-қувватлаш, шахсга йўналтирилганлик принциплари маънавий-маърифий фаолиятнинг муваффақиятини таъминлашлиги асосли далиллар билан ёритиб берилган.
Олий таълим муассасаларида талабалар билан олиб бориладиган ғоявий тарбиявий ишлар мазмунини модернизациялашнинг концептуал асослари сифатида «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» деган бош ғоя, Учинчи Ренессанс, Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг ижтимоий-педагогик вазифалари, Узлуксиз маънавий тарбияни «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғояси платформаси асосида амалга ошириш, ОТМда ижтимоий-маънавий муҳитнинг доимий мониторинг тизимини жорий қилиш; терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, наркобизнес, лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, коррупция, оилавий қадриятларга беписандлик каби иллатларга барҳам бериш, талаба ёшларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтириш, маданият, адабиёт, кино, театр, мусиқа ва санъат, ОАВда маънавий-ахлоқий қадриятлар устуворлигига эришиш ҳал қилувчи аҳамият касб этиши илмий-назарий адабиётлар билан асослаб берилган.
Тадқиқотнинг иккинчи боби «Олий таълим муассасалари ғоявий тарбия тизимини модернизациялашнинг технологик хусусиятлари»га бағишланган. Унда узлуксиз маънавий тарбия жараёнида шахс ғоявий компетенциялари эволюцияси, олий таълим муассасасида ғоявий тарбиявий ишлар ташкилий-фаолиятининг хусусиятлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ғоявий тарбия жараёнининг технологик таҳлили амалга оширилган.
Баён қилинган фикрлар асосида таъкидлашимиз мумкинки, талабанинг ғоявий дунёқараши миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ва мақсадга қаратилган тарбиявий таъсирлар, иқтисодий, сиёсий, мафкуравий омиллар мажмуи билан белгиланган. Чунки, «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» деб белгиланган миллий ғоя талаба ёшлар тарбиясида принципиал методологик аҳамиятга эга. Дунё тажрибаси талабалар ғоявий тарбиясига эътиборнинг пасайиши турли минтақаларда ижтимоий сиёсий, иқтисодий, миллатлараро муносабатларнинг кескинлашувига, «рангли инқилоблар»га, «демократия экспорти»га, фан ва санъат, иқтисод сиёсат ва ижтимоий жабҳалардаги инқирозларга олиб келишини бугунги даврнинг ўзи кўрсатиб бермоқда.
Шунингдек, мазкур бобда олий таълим муассасаларида маънавий маърифий фаолиятни модернизациялашнинг психологик, миллий-семантик, маънавий маърифий, ижтимоий-фуқаролик, ташкилий-педагогик каби бир қатор янги механизмлари аниқланган ва янгича изоҳлар берилган.
Диссертациянинг учинчи боби «Талабаларни ғоявий тарбиялаш жараёнини бошқаришнинг ташкилий-педагогик масалалари»га бағишланиб, унда талабаларни ғоявий тарбиялаш жараёнининг социопедагогик талқини амалга оширилган ҳамда маънавий-маърифий ишларни ташкил қилишга инновацион ёндашувлар: infotainment ва entartainment мисолида талқин қилинади ҳамда олий таълим муассасаси маънавий-маърифий ишлар менежментини ривожлантириш ресурслари баён қилинган.
Ғоявий тарбиялашга йўналтирилган педагогик тизимнинг модернизациялашуви талаба-ёшларнинг «Беш муҳим ташаббус» доирасидаги маданий ҳордиқ чиқариш тадбирлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечиши, бунда: - миллий ғоя устувор муҳит; - когнитив ижодий муҳит, - ижтимоий-маданий муҳит, - бадиий-эстетик муҳит каби ижтимоий-педагогик шарт-шароитлар мақсад-манзилли, ўзаро уйғун ҳолда таъминланиши асосланган. Бу уйғунлик эса, «Беш муҳим ташаббус» асосида ташкил этилган турли тўгараклар, марказлар, талабалар клублари, студиялар, жамоалар, волонтёрлик уюшмалари фаолиятининг уйғунлигида намоён бўлиши очиб берилган.
Ҳақиқатдан ҳам, олий таълим муассасасида ғоявий тарбия тизимини социопедагогик таҳлил қилиш ижтимоий-гуманитар билимларда ривожланган ёндошув бўлиб, жамият ва маданият даражаларида ижтимоий-маданий ҳодиса ва жараёнларни, шахс, гуруҳ, жамоа, институт, ташкилот, тизим томонидан ташкил этилган таркибий яхлитлик сифатида ўрганилган. Шу сабабли бу ёндашув замонавий педагогика фанида муҳим ўрин эгаллайди. Чунки социопедагогик таҳлил - талаба шахси, гуруҳ, жамиятни бир-бири билан ва бутун жамият билан маънавий, ғоявий боғланган ажралмас ижтимоий организм сифатида қаралади. 
Мазкур бобда «Узлуксиз маънавий тарбия Концепцияси» ва ундаги ёш авлодларда тарбияланиши кўзда тутилган таянч ижтимоий терминал компетенциялар «Ватанга садоқат» фазилати билан бошланашини, ушбу компетенциянинг бугунги кунда давлатимиз, халқимиз тақдири учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини, шунингдек, айни масалада респондентлардан олинган тажриба-синовлар ва уларнинг таҳлили диққатга сазовордир.
Маънавият ва ахлоқ ёшлар ҳаётининг муҳим қисмидир. Маънавий-ахлоқий ривожланиш инсоннинг ахлоқий туйғуларини, ахлоқий қиёфасини, ахлоқий позициясини, ахлоқий хатти-ҳаракатларини шакллантиришга қаратилган. Тадқиқотда қўлланилган замонавий ижтимоий-маданий технологиялар - ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялаш, уни миллий ва умуминсоний қадриятлар билан таништиришнинг самарали усулларига қаратилган.
Тадқиқотда маънавий-маърифий ишларнинг ташкилий ва педагогик салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш учун қуйидаги йўналишлардан фойдаланиш керак, деган хулосага келинган:
- олий таълим муассасасининг талабалар маънавий эҳтиёжларини қондиришда устуворликларни илмий ва амалий асослаш;
- ижтимоий, маданий дам олиш салоҳиятини хизмат талаб даражасида ва ижтимоий ҳуқуқий жавобгарлик қонун нақадар харажатлар ва ресурсларни фойдаланиш учун муассасалари функционал ихтисослашуви ва ваколатлари доирасида;
- маданий ҳордиқ чиқариш муассасаларининг меҳнатнинг ҳар хил турлари, ўқув ва бошқа бирлашмалари билан тизимли ўзаро алоқаси;
- ёшларни фаол ижтимоий-маданий фаолиятга жалб қилиш;
- бўш вақтларда ахлоқ ва тарбия фаолияти механизмини амалга ошириш учун шароит яратиш. 
Таъкидлаш лозимки, диссертацияда “Талаба ёшларни ғоявий тарбиялаш модели”нинг ишлаб чиқилганлиги ушбу тадқиқотнинг муҳим натижаларидан биридир. Олий таълим маънавий-маърифий фаолият модели ўзида мақсадлилик, мазмунга йўналтирилганлик, ижтимоий-маданий, функционал-маданий, бўш вақтни йўналтириш, тузатувчи ва баҳоловчи принципларининг мажмуини намоён қилган. Унинг мазмуни талабаларда таянч маънавий-ахлоқий фазилатларни ғоявий таъминлаш манбаи сифатидаги ўзига хос хусусиятларини ифода этиши асосланган.
Тадқиқотнинг тўртинчи боби «Олий таълим муассасаларида ғоявий тарбия тизимини модернизациялашнинг ташкилий-педагогик йўналишлари»га бағишланган бўлиб, унда ОТМ ғоявий тарбия тизимида «Талабалар кенгаши»нинг роли (НукусДПИ мисолида) очиб берилган, олий таълим муассасаларида ғоявий тарбия жараёнини такомиллаштириш йўналишлари асосланган ва ўтказилган тажриба-синовлар натижалари таҳлил қилинган.
Диссертантнинг узоқ йиллик тажрибаси асосида илк бор янги жорий қилинган “Талабалар кенгаши” тузилмаси ва унинг фаолияти – Янги Ўзбекистон олий таълим тизимида талаба билан ишлашнинг, хусусан, ғоявий тарбия йўналишининг ўзига хос модернизацион тизими сифатидан баҳолаш мумкин. Чунки, Талабалар кенгашини тузиш ҳақидаги Низоми ва шу асосда тўртта иловани ўз ичига олган қўшимча стипендиялар бериш тўғрисидаги Низоми - тизимда олдин кузатилмаган ҳолатдир. Низомнинг асосий мақсади сифатида яхши ва аъло баҳоларга ўқиётган, ҳар томонлама билимли, иқтидорли, ташаббускор ҳамда атрофидагиларга ўрнак бўлаётган ижтимоий фаол талабаларни аниқлаш ва уларни эзгу мақсадларга йўналтириш; чин етим, ногирон, боқувчисини йўқотган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож, шунингдек, оилали талабаларни ҳар томонлама моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш; «Талабалар кенгаши» лидерларига «5 та муҳим ташаббус» доирасида ташкил қилинган тўгараклар, клублар ва ижодий жамоаларга «Тенгдошга тенгдош» лойиҳаси асосида раҳбарлик қилишни тайинлаш ва бошқариш; Ватанпарвар, фидоий ёшларни аниқлаш ва уларни институт талаба-ёшлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга, коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга, жамоада ижтимоий маънавий муҳитни бузишга қаратилган кучларга ҳамда турли хил кўринишдаги ғоявий таҳдидларга қарши курашишга қаратилган гуруҳларга раҳбар сифатида белгилаш ва фаолиятини мувофиқлаштириш; ижтимоий фаол ёшларни рағбатлантириш, қизиқтириш ва мотивация бериш мақсадида талабаларга базавий стипендиянинг 50 фоизигача миқдорда ҳар ойда устама ҳақи тўлаш тизимининг жорий қилинганлигини Ўзбекистон ОТМлари орасида илк бор кузатилаётган ҳолат, деб баҳолаш мумкин.
Ва, «Талабалар кенгаши» фаолиятининг энг катта профилактик ютуғи бу - 2018-2021 йилларда, яъни 4 йил давомида талаба-ёшлар томонидан жиноятчилик ёки ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг қайд этилмаганлигидадир.
Тадқиқот иши бўйича қуйидаги фикр ва мулоҳазаларимиз ҳамда таклифларни билдиришимиз мумкин:
1. Диссертацияда “Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши” қисмини ихчамлаштириш зарур.
2. Диссертациянинг 95-бетида Рус педагог олими С.С.Комиссаренконинг фикрлари келтирилган, лекин иловада қайд этилмаган.
Кўрсатилган бу камчиликлар тадқиқотнинг илмий-амалий аҳамиятини пасайтирмайди.
Хулоса сифатида таъкидлаш мумкинки, Қувондиқ Айитбаевич Қодировнинг «Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олий таълим муассасалари ғоявий тарбия тизимини модернизациялаш» (13.00.01 – Педагогика назарияси. Педагогик таълимотлар тарихи) мавзусидаги педагогика фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертацияси тугалланган тадқиқот сифатида ОАК талабларига жавоб беради ва уни кейинги босқичга тавсия этаман.


Тақризчи,
Бухоро давлат университети
............ кафедраси
профессори, педагогика фанлари доктори: ......

Download 24.18 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling