Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси. Фуқаролик жамияти


Download 33.27 Kb.
Sana08.02.2023
Hajmi33.27 Kb.
#1177647
Bog'liq
Имамов


Тошкент молия институти Сиртқи таълим йўналиши талабалари учун “Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси.Фуқаролик жамияти” фанидан оралиқ назорат
саволлари
ВАРИАНТ-15
1. Фуқаролик жамиятининг шакллантириш ва ривожлантиришда демократик институтларнинг тутган ўрни, ҳуқуқий асосларнинг вужудга келиши
2. Фуқаролик жамияти қуришда қонун устуворлиги тамойилининг мустаҳкамланиши

1. Ҳозирги даврда фуқаролик жамиятини шакллантириш, ҳуқуқий давлат қуриш вазифалари нодавлат нотижорат ташкилотларни янада ривожлантиришни тақозо этмоқда. Фуқаролик жамияти шароитларида фуқароларнинг турли туман ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлиги, уларнинг ихтиёрий равишда жамият бошқарувида иштирок этиши жараёнлари асосан нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Давлат билан жамиятнинг бир-бирларидан бегоналашмаслиги ҳам нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг ривожланиши билан боғлиқдир.


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 34-моддасидаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмалари, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар» каби фуқароларнинг жамият институтларида иштирок этишини таъминлаб берадиган ҳуқуқий асосларнинг эътироф этилиши республикада жамият тараққиёти инсоният ҳаётининг бир неча асрлар мобайнидаги тажрибалари ва синовларидан муваффақиятли ўтган эркинлик жамияти - фуқаролик жамияти сари интилаётганлигини англатади.
Ҳозирги даврда Ўзбекистондаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва сиёсий партиялар фаолияти 1991 й. 14 февралда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги Қонуни (1997 й. апрелда қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган), Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни (1992 й. июль), Ўзбекистон Республикасининг «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги Қонуни (1996 й. декабрь), Ўзбекистон Республикасининг «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида» янги таҳрирдаги Қонуни (1998 й. май), Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида» янги таҳрирдаги Қонуни (1999 й. апрель), Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни (1999 йил апрель) каби қонунлар воситасида мувофиқлашади.
Ўзбекистонда нодавлат ташкилотларга доир қонунчилик ривожланган мамлакатлар тажрибаси, халқаро ҳуқуқий меъёрлар ва миллий анъаналар асосида шакллантирилган бўлиб, у ўзида демократик принциплар ва қадриятларни мужассамлаштиради. Мамлакатда давлат бош ислоҳотчи сифатида нодавлат ташкилотларнинг қонунчилик асосларини ҳар томонлама ривожлантиришга муҳим аҳамият бермоқда. Парламентда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиришга доир юзлаб қонунлар ва бошқа ҳуқуқий меъёрлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг ичида Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуни (1999 йил 14 апрель) нодавлат нотижорат ташкилотларнинг серқирра фаолиятини ҳар томонлама мувофиқлаштириш ва ҳуқуқий жиҳатлардан таъминлашга қаратилди.
Қонуннинг 1-моддасида нодавлат нотижорат ташкилоти тузишнинг умумий мақсади ижтимоий фойдали манфаатларнинг қондирилиши эканлиги эътироф этилиб, бу билан нодавлат ташкилоти ўз фаолиятида халқчиллик принципига амал қилиши шарт эканлиги белгилаб қўйилди.
Мазкур Қонуннинг 2-моддасида «Нодавлат нотижорат ташкилоти тушунчаси»нинг таърифи демократик қадриятлар асосида талқин қилинади: «Нодавлат нотижорат ташкилоти - жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилган, даромад (фойда) олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ҳамда олинган даромадларни (фойдани) ўз қатнашчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламайдиган ўзини ўзи бошқариш ташкилотидир.
Нодавлат нотижорат ташкилоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, бошқа демократик қадриятларни ҳимоя қилиш, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришиш, маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш, хайрия фаолиятини амалга ошириш учун ҳамда бошқа ижтимоий фойдали мақсадларда тузилади».
Ушбу қонунда нодавлат нотижорат ташкилотлар билан давлатнинг ҳамкорлиги шундай ўз ифодасини топганки, давлат органи, яъни парламент қонун қабул қилади, бу қонунга биноан «учинчи сектор» аъзолари ва жамият манфаатлари учун хизмат қилади. Қонунда қайд этилган ижтимоий фойдали мақсад тушунчаси нодавлат ташкилотлар фаолиятини аҳолининг ночор қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтиради. Давлат органларининг муҳим функцияларидан бири аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш эканлигини эътиборга олсак, бу соҳада давлат органлари билан нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги учун ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги намоён бўлади.
«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги қонунга биноан нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақсадлари қуйидаги йўналишлардаги фаолиятлар бўйича амалга оширилади:
-биринчидан, кенг маънодаги маданий мақсадларга эришиш кўзлаб тузилган. Бунда маориф, илм-фан, маданият соҳаларида фаолият олиб борилади;
-иккинчидан, мамлакат аҳолисининг сиҳат-саломатлигини таъминлашни кўзлаб фаолият юритиш (спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланувчи, турли хил хасталикларнинг олдини олиш ва уларни даволашнинг илғор тажриба ҳам усулларини тарғиб этувчи ташкилотлар);
-учинчидан, турлича фаолият йўналишидаги ҳуқуқни муҳофазаловчи ташкилотлар (масалан, истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоялаш жамияти);
-тўртинчидан, фуқароларнинг маънавий ва бошқа хилдаги номоддий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган ташкилотлар (носиёсий уюшмалар, ижтимоий жамғармалар ва бошқалар);
-бешинчидан, хайр-эҳсон ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар.
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлиги ушбу Қонуннинг 4-моддасида қуйидагича таърифланади: «Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг алоҳида ижтимоий фойдали дастурларига давлат кўмак кўрсатиши мумкин.
Қонуннинг мазкур 4-моддаси нодавлат нотижорат ташкилотларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабати асосларини белгилаб беради. Давлат, бир томондан, қонуний асосда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини мустаҳкамлайди, иккинчи томондан, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммасига олади.
Давлат нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари амалга ошишини кафолатловчи шарт-шароитлар яратади, барча давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг зиммасига қонун талабларини сўзсиз ижро этиш вазифасини юклайди, зарур ҳолатларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳар хил тажовузлардан ҳимоялайди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя этилишини мавжуд барча ҳуқуқий усуллар билан муҳофазалашга ҳақлидир.
Шунингдек, қонуннинг 4-моддасига мувофиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари ўзларининг молиявий манбаини шакллантириш, ички тизилма ва асосий фаолият йўналишларини ўз ихтиёри билан ўзи белгилаш масалаларида тўла мустақилдир.
Шу билан бирга, ривожланган мамлакатлар ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва миллий қонунчиликдан келиб чиқиб давлат қуйидаги йўналишларда нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини назорат этиш ҳуқуқига эгадир:
-нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятлари Ўзбекистон Республикаси Констутуцияси ва қонунлари доирасида амалга ошиш лозимлиги давлат томонидан назорат этилади (Қонуннинг 34-моддасига мувофиқ);
-нодавлат нотижорат ташкилотларини рўйхатга олган давлат органи мазкур ташкилотлар фаолиятлари йўналишлари улар низоми доирасида бўлишини назорат этади (Қонуннинг 21-моддасига мувофиқ);
-нодавлат нотижорат ташкилотлари анжуманлари ва тадбирларида давлат органлари вакили иштирок этиши мумкин;-нодавлат нотижорат ташкилотлари статистика ва солиқ органларига ўз вақтида ҳамда тегишли тарзда ҳисобот беришларини назорат қилади (Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ).
-нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўз навбатида, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ишига аралашмайди, яъни, улар давлат органларининг иши устидан назорат ўрнатиш, ҳисобот талаб этиш, молиявий назорат ўрнатишга ҳақли эмас. (Конституциянинг 58-моддаси).
«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси давлат органлари билан нодавлат ташкилотлар ўзаро муносабатлари ва ҳамкорлиги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатлардан мувофиқлаштиради. Бу модда шундай талқин этилади:
«Нодавлат нотижорат ташкилоти қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-ўз аъзолари ва қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
-ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;
-давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш».
Шунингдек, нодавлат ташкилотлар тизимини янада мустаҳкамлаш, мазкур ташкилотларнинг жамиятдаги барча ижтимоий қатламлар ва гуруҳлар манфаатларини ифода этиш мақсадларида 2003 йил 29 августида Олий Мажлис томонидан Ўзбекистон Республикасининг «Жамоат жамғармалари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Унинг 3-моддасига биноан жамоат жамғармаси деб, юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар асосида тузилган, ўзининг аъзоларига эга бўлмаган, хайрия, ижтимоий, маданий, таълим ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзда тутган нодавлат нотижорат ташкилотига айтилади. Шунингдек, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда ҳам маҳаллий жамоат жамғармалар тузиш мумкин.
Мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг фуқаролик жамияти институти даражасида бўлишининг ҳуқуқий асосларини ривожлантириш мақсадларида 2007 йилда Ўзбекистон Республикасининг «Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонунда нодавлат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг эркин ҳамда мустақил фаолиятларининг мавжуд қонунчилик ва давлат органлари томонидан кафолатланиши асосий мақсад қилиб олинди.
Мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлар мустақиллигини таъминлаш, шунингдек, уларнинг фуқаролик жамиятининг муҳим институтига айланишини таъминлаш мақсадида давлатнинг «Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари» концептуал сиёсий дастури қабул қилинди ва у мамлакатда жамиятни ривожлантиришнинг асосий тамойилига айланди. Жамият сиёсий тизимини янада эркинлаштириш масалалари мазкур сиёсий дастур қабул қилинганидан кейин янада долзарб аҳамият касб эта бошлади.
2. Бугунги кунда фуқаролик жамиятига ўтиш асосларини ўрганиш, унинг илмий-назарий ва ижтимоий-фалсафий жиҳатларини таҳлил этиш ҳар қачонгидан ҳам ўта долзарб вазифалардан бирига айланмоқда. Айниқса, бу масала собиқ иттифоқ таркибида бўлган республикалар ва бугунги кунда мустақил тараққиёт жараёнида ўз олдиларига демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишдек стратегик вазифани амалга оширишда муҳим муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Глобаллашув жараёнида бу муаммонинг сиёсий-фалсафий, иқтисодий, ҳуқуқий ва миллий-маънавий асосларини шакллантиришнинг айрим ўзига хос йўналишларини тадқиқ этиш эса ижтимоий-гуманитар фанлар вақиллари олдига бир қатор мураккаб масалаларнинг ҳам мавжуд эканлигини кўрсатмоқда. Мамлакатимизни демократик янгилашнинг бугунги босқичдаги энг муҳим йўналишларидан бири бу — қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштиришдан иборатдир. Бир сўз билан айтганда, юртимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада такомиллаштириш ва аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш биз учун ҳал қилувчи вазифа бўлиб қолмоқда.
Мамлакатимиз Биринчи Президенти И. А. Каримов ўзининг бир қатор асарлари, маъруза ва мулоқотларида фуқаролик жамияти, демократия, қадриятлар тушунчаларининг ўзаро диалектик уйғунлигини таъминлашнинг илмий-назарий муаммоларини янада кенгроқ ва чуқурроқ таҳлил этиш заруратини қайта-қайта таъкидламоқдалар. “Биз жамиятимиздаги демократик жараёнлар йўли – келажак тараққиётимиз ҳақида фикр юритар эканмиз, бу борада бизда кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамиятига ўтиш ғояси, бу ғоянинг маъно-мазмуни исботлаб, асослаб берилганлиги кўришимиз мумкин.
“Фуқаролик жамияти” тушунчаси, унинг тарихий ва сиёсий-фалсафий илдизлари қадимги дунё мутафаккирларининг давлат назарияси билан бевосита боғлиқдир. Бинобарин, фуқаролик жамиятининг шаклланиши ва ривожи инсоният, давлат, ҳуқуқ тарихининг муайян цивилизациялашган даври билан ҳам боғлиқдир. Лекин жамият пайдо бўлгандан бошлаб унинг маълум бир тараққиёти даврида давлат пайдо бўлган. Шунинг учун ҳам “жамият” ва “фуқаролик жамияти” тушунчаларини айнан бир хил талқин қилиш мумкин бўлмаганидек, уни давлат назарияси билан боғлиқдир деб кўрсатиш ҳам масалага сиёсий-фалсафий жиҳатдан тор маънода тушунишга олиб келади. Негаки, давлатдан фарқли ўлароқ, жамият ҳамиша мавжуд бўлган1. Бунинг устига давлат ҳамма вақт жамиятда асосан сиёсий функцияларни бажарган. Бугунги кунга келиб илмий-назарий, сиёсий-фалсафий адабиётларда “фуқаролик жамияти” тушунчаси кўпгина ҳолларда давлат тушунчасига боғлаб ўрганилишнинг асосий сабаби эса – антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида уларнинг давлат тушунчаси билан боғлаб тушунганликларидадир. Унинг яна бир сабаби қадимда фуқаролик жамияти билан давлат ўртасида фарқнинг йўқлиги эди. Унинг учунчи сабаби, қадимги юнон ўлкасида оила, эътиқод, маърифат, маданият, санъат, умуман ҳаётнинг барча-барча қирралари сиёсатлаштирилган эди. Бунинг устига, алоҳида олинган шахс ўзини жамиятдан айрим ҳолда ҳис қила олмас эди.
Шу ўринда ушбу муаллифнинг қадимги дунё мутафаккирлари даврида “фуқаролик жамияти” тушунчаси “сиёсий жамият”нинг муқобили сифатида ҳам ишлатилган деган фикрига тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Биз “Фуқаролик жамияти” тушунчасини сиёсий-фалсафий жиҳатдан таҳлил этар эканмиз, фуқаролик ва фуқаро ҳақидаги тасаввурлар пайдо бўлган даврлардан бошлаб фуқароларнинг умумуюшмаси сифатида жамият тушунчаси юзага келганлигини таъкидлаш зарур.
Илмий-юридик, ижтимоий-сиёсий ва фалсафий адабиётларда жамият тушунчаси «давлат» тушунчасидан кенгроқдир деган қарашлар илмий ҳақиқатга яқин. Дарҳақиқат, шу нуқтаи назардан фуқаролик жамиятининг дастлабки шакл-шамойиллари антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида ҳам ўз ифодасини топган эди дейишга асос бўлади. Фақат улар фуқаролик жамияти тушунчасини давлат тушунчаси билан боғлаб тушунганлар. Масалан, қадимги Хитой мутаффаккири Конфуцийнинг «Фуқаролик дунёсининг қадриятлари, юнон донишмандларидан Афлотун (Платон)нинг идеал давлат, Арасту (Аристотель)нинг инсонни сиёсий мавжудот сифатида қадрлаши - фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлларини эмас, балки унинг илк назарияларини ўртага ташлашга интилиш деб тушунмоқ зарур.
“Бу – деб таъкидлайди академик М. Шарифхўжаев, - аввало, шарқда, жумладан, қадим Бобилда “Ҳаммурапи қонунлари”, қадим Туронда “Авесто” сиёсий ва ҳуқуқий таълимоти билан боғлиқ оташпарастлик, яъни зардўштийлик замонида, кейинчалик қадим Эллада, қадим Римда пайдо бўлди.”
Россиялик академик В. С. Нерсесянц ўзининг бир қатор асарларида, жумладан “Ҳуқуқ фалсафаси” рисоласида “қадимги дунё сиёсий-фалсафасида “фуқаролик жамияти” ҳуқуқ ва қонун тушунчалари орқали ифодаланган эди” деб ёзади. Ҳақиқатдан ҳам фуқаролик жамиятида ҳар бир табақа ва давлатнинг ҳар бир аъзоси ўз иши билан шуғулланишидан ва ўзгаларнинг ишларига аралашмаслиги “ҳеч ким ўзганинг молини эгаллаб олмаслигини ва ўз молидан маҳрум бўлмаслигини” талаб этади. Бинобарин, полис ва қонунларнинг ўзаро алоқаси ҳамда бирлиги Афлотун (Платон) бутун сиёсий фалсафасининг муҳим тамойили ҳисобланади. “Мен, - деб ёзган Платон, - қонун кучга эга бўлмаган ва кимнингдир ҳокимияти остида бўлган давлатнинг ҳалокати яқинлигини кўраман. қонун ҳукмдорлар устидан ҳоқон, ҳукмдорлар эса унинг қули бўлган жойда мен давлат қутқарилади ҳамда худолар давлат орқали барча нарсани инъом этади, деб ҳисоблайман” (Законў, 715 с «Қонунлар»). Афлотун фуқаролик жамиятининг маънавий асос белгиси ва мезони бўлган инсон комиллиги масаласини ҳам қонун билан боғлиқлигини кўрсатади. У қонунлар тўғрисидаги фанни жуда юксакка қўяди. “Чунки барча фанлар ичида қонунлар тўғрисидаги фан инсонларни барчасидан кўпроқ камолга етказади”. Бинобарин, “фуқаролик жамияти” тушунчаси ҳуқуқ билан бевосита боғлиқдир. Демак, “фуқаролик жамияти”нинг дастлабки шакл-шамоиллари антик давр ижтимоий-сиёсий қарашларида ўзининг чуқур ифодасини топган бўлса-да, лекин улар фуқаролик жамияти тушунчасини давлат тушунчаси билан боғлиқ ҳолда тушунганлар. Шунинг учун ҳам қадимги дунё мутафаккирларининг “фуқаролик жамияти” тушунчаси ҳақидаги фикрларидаги алоҳида ҳолат у ёки бу тарзда давлатни такомиллаштириш (усиз бу жамият яшай олмайди), ҳуқуқ ва қонун ролини юксалтириш муаммолари билан боғлаб кўрсатганликларида кўринади. Афлотуннинг Эйдос (давлат ғояси) назарияси шунга хизмат қилган. “Одатда, фуқаролик жамияти хусусида гап кетганда, қадимги Юнон файласуфи Арасту фикрларига таянилади. Дарҳақиқат, бу тушунча Арасту томонидан илк бор илмий ва сиёсий истеъмолга киритилган эди. У фуқаролик жамиятини сиёсий қурилишнинг маълум шакли орқали бир-бирлари билан боғланган эркин ва тенг ҳуқуқли фуқаролар уюшмаси сифатида ҳарактерлаган эди”. Муаллиф ўзининг фикрларини исботлаш мақсадида бир қатор россиялик олимларнинг қарашларига таянади. Бироқ уларнинг биронтаси бу тушунчани айнан Арасту илк бор илмий, сиёсий-фалсафий адабиётларга истеъмолга киритган деган фикрни айтишмаган. Фақат Арастунинг давлат фуқароларининг ўз эҳтиёжларини ўзи қоплаб яшай оладиган даражадаги бирлашмасидир, яъни айнан фуқаролик жамиятидир, деган фикрига ҳам шу аснода қараш керак – деб таъкидлайди С. А. Жўраев. Шу ўринда, бугунги кунда ҳам кўплаб илмий баҳс-мунозарага сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири – бу “фуқаролик жамияти” тушунчаси қадимги файласуфларининг ижтимоий-сиёсий фалсафасида айнан шу тушунча мавжуд эдими ёки йўқ? Бу илмий-назарий жиҳатдан принципиал масала, албатта. Шунга кўра Арастунинг сиёсий фалсафасида, айниқса, унинг “Сиёсат ” асарида, “фуқаролик жамияти” тушунчаси ишлатилмаган бўлса-да, лекин у бу масалага алоҳида эътибор қаратган. У ўз қарашларида умумманфаат ва фозилликни қўйганлиги – бу давлатни бошқарув шакли демократия эмас, балки полития эканлигини таъкидлайди. Арасту “фозил давлат” деб атаган давлатга илмли фуқаролар ва онгли фаолият асосида эришиш мумкунлигини ҳам алоҳида таъкидлайди. Шу ўринда яна бир табиий савол туғилади. Нима сабабдан Арастудек буюк мутафаккир, намунали, фозил давлат қурилиши муаммосига ниҳоятда кўп диққат-эътибор берган-у, лекин “фуқаролик жамияти” деб атамаган. Бунинг ижтимоий-фалсафий ва тарихий илдизларини у яшаган даврда фуқаролик тушунчаси чекланган ҳарактерда бўлганлигидан излаш керак деб ҳисоблаймиз. Тарихий ҳақиқат шундан иборатки, қадимги дунёда, жумладан демократиянинг мумтоз шакли бўлган Афинада, яъни Арастудан олдин ҳам фуқароликка бўлган чеклашлар мавжуд бўлган. Бундан ташқари фақат туғилишдан озод бўлган эркакларгина фуқароликка сазовор бўлган, деб топилган. Аёллар, қуллар ва Афинада истиқомат қилувчи ажнабийларга эса фуқаролик берилмаган.
«Фуқаролик жамияти» тушунчаси, унинг айрим ижтимоий-фалсафий жиҳатлари немис классик фалсафасининг асосчиси Эммануэл Кант (1724 - 1804) асарларида илмий мунозара сифатида ўртага ташланган эди. Умуман Кантнинг фикрлаш ва яшаш тарзига учта ижтимоий омил кучли таъсир кўрсатган. Биринчиси Жан Жак Руссо асарлари. Айниқса, унинг «Ижтимоий шартнома тўғрисида»ги асари. Иккинчиси – уни ҳуқуқ, давлат назарияси ва фалсафа тарихига эътибор қаратишга ундаган францўз инқилоби. Учинчиси 1794 йилда чоп этилган «Дин фақат ақл доирасида» асари туфайли прусс ҳукумати билан зиддиятга киришиши содир бўлган воқеалар натижасида вужудга келган эди. Э. Кант сиёсий – фалсафасини тўлиқ таҳлил этиш ишимизнинг асосий вазифаси бўлмаганлиги туфайли бу муаммони биз «фуқаролик жамияти» тушунчаси нуқтаи назаридан таҳлил этамиз, холос. Э. Кантдан олдин яшаган Европа уйғониш даври мутафаккирлари дин билан муроса қила олмай, ҳурфикрликка эришиш учун курашга йўл тутган бўлса-да, фалсафа соҳасида дин билан муроса қилиш ҳеч қачон кўзга ташланиб турмас эди. У ана шу мураккаб давр вақили, унинг сиёсий фалсафаси эса ўша давр инъикоси эди. XVII аср охиридаги Франциядаги инқилобий ҳаракатлар Кантга жуда кучли таъсир қилади. У янгича мазмундаги фуқаролик тартиби ва ҳуқуқий омилларни амалга ошириш йўлларини айнан шу воқеаларда кўради. Э. Кантнинг 1789 йилги францўз инқилобига хайрихоҳлиги ҳам шундан. У замонасининг долзарб назарий муаммолари билан шуғулланар экан, инсоният тарихий тараққиёти ва келажаги фуқаролар тенглиги масаласининг қай даражада ҳал этилишига боғлик деб кўрсатади. Кант фуқаролик жамиятида ҳар бир кишининг эркинлиги бошқалар эркинлигига монанд келиши билан ифодаланишини алоҳида уқтириб, куйидаги тушунчаларни илгари суради:
- инсон сифатида жамият аъзолари эркинлиги;
- фуқаро сифатида уларнинг тенглиги;
- фуқаро сифатида ҳар бир жамият аъзоларининг тенглиги ва бошкалар.
Кант сиёсий-фалсафаси ва этикасида шахснинг маънавий мустақиллиги ва автономиясини, унинг лозимлик қоидаларини ўзи белгилаши, ташқаридан бўладиган мажбурларсиз ва таъзйикларсиз уларга риоя қилиш қобилияти ҳамда ҳуқуқини белгиловчи эркин иродаси алоҳида ўринга эгадир.
Ҳозирги пайтда мамлакатимиз аҳолисининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти ва ижтимоий онг даражасининг ўсиб бориши, жамиятни демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнларининг жадал ривожланиши, юртимизда кўппартиявийлик тизимининг тобора мустаҳкамланиши давлат ҳокимиятининг учта субекти, яъни давлат бошлиғи бўлган Президент, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасидаги ваколатларнинг янада мутаносиб тақсимланишини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни юзага келтирмоқда.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 98-моддасини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинади:
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи ҳокимиятни амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раисларидан иборат. Қорақалпоғистон Республикаси ҳукуматининг бошлиғи Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.
СММ-52 гуруҳ талабаси Имомов Ф.Ф.

1


Download 33.27 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling