000001

Sana01.01.1970
Hajmi
#170904

Инсоният тарихидан бизга маълумки, математика барча замонларда фанлар шоҳи дея қадрланиб келинмоқда. Шу билан бирга, ўзлаштирилиши энг қийин фанлардан ҳисобланади. Математика фанлар шоҳи деб таърифланиши бежизга емас. Президентимиз ҳам таъкидлаганларидек, “Математика ҳамма аниқ фанларга асос, бу фанни яхши билган бола ақлли, кенг тафаккурли бўлиб ўсади, исталган соҳада муваффақиятли ишлаб кетади”.
Математика фақатгина ҳисоб-китоб илми, яъни арифметикадан иборат эмас. У жуда кўплаб тармоқларга бўлинган бўлиб, илм-фан, жамият ва шу жумладан, иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида муҳим ўрин тутадиган илмлар мажмуи ҳисобланади. Шунингдек, математика кишининг абстракт-мантиқий фикрлаш қобилиятини юксалтиришга хизмат қилади. Бу фанни яхши ўзлаштирган мутахассис бошқа соҳаларда юзага келадиган муаммоларнинг туб моҳиятини ўрганишда ва уларни ҳал қилишда кўплаб қулайлик ва устунликларга эга бўлади.
Математика асосан икки турга бўлиниб, булар соф ва амалий-татбиқий математикадир. Соф математикада математик муаммолар назарий жиҳатдан таҳлил қилинса, амалий-татбиқий математикада, асосан, жамиятнинг турли соҳаларида мавжуд бўлган муаммоларнинг математик моделлари тузилиб, уларни соф математика натижаларини татбиқ қилган ҳолда ҳал қилиш устида иш олиб борилади. Бугунги кунда соф математика соҳасида шуғулланаётган, дунё тан олган мутахассисларимиз, академик ва профессорларимиз кўп. Aмалий-татбиқий математика эса юртимизда янгидан ривожланаётган соҳалардан.
Бугунги кунда иқтисодий ривожланган давлатларнинг барчасида, иқтисодий муассасалар, банклар, суғурта компаниялари, инвестиция корхоналари ҳамда консалтинг институтларида ишга қабул қилиш учун асосий талаблардан бири, кўп ҳолларда, бу математик даражага (бакалавр, магистр ёки ундан ҳам юқори) эга бўлганликдир ва бу бежизга емас. Мана шундай вазиятда Президентимизнинг математика фани ривожига ўз вақтида, алоҳида эътибор қаратишлари биз математикларни жуда ҳам қувонтириш билан биргаликда бизнинг юртимизда соҳа келажагига бўлган ишончимизни оширмоқда.
Биламизки, энг ривожланган давлатлар энди ривожланишни бошлаганларида биринчи навбатда математика фанига эътибор қаратган. Масалан, қашшоқ давлат даражасидан илғор давлат даражасига етган Сингапурни олиб қарасак, айниқса бошланғич синфлардаги математикага эътиборни кучайтирган. Чунки иқтисодиётнинг турли соҳалари, ишлаб чиқариш, агросаноат ва умуман олганда, барча соҳаларнинг тагида илмий асос, математик модел бўлса, ундан фойда яна-да самарали бўлади.
Download

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling