Клон — бу она хужайрадан пайдо бўлган ва худди унга ўҳшаган янги хужайралар тўпламидир. Улар тўғридан тўғри битта хужайранинг иккига бўлиниши йўли билан ёки митотик бўлиниш йўли билан, яъни хромосомалар тўплами икки баробарига кўпайиб тенг ярмидан бўлиниши орқали пайдо бўлади. Клонлаштиришнинг асосий мақсади – таянч организмдан худди ўзига ўҳшаш организмни яратишдир. Боғбонлар клонлаштириш билан бир неча асрлардан буён шуғулланиб келишади. Ўсимликларни пайвандлаш орқали ўзига айнан ўҳшаш бўлган навлар яратилмоқда. Илм- фаннинг илғор усуллари клонлаштириш имкониятларини кенгайтириб юборди: бу усул хайвонларда ҳам синаб кўрилмоқда.
Ўсимлик клонини яратиш учун таянч материалнинг энг сифатлиси танлаб олинади. Кўпайтириш учун ўсимликнинг барча қисмлари тўғри келаверади, чунки хамма хужайралар она ўсимлик тўғрисидаги генетик ахборотни ўзида мужассам этган бўлади. Кесиб олинган қисмлар ўсиш гормонига эга бўлган ва озиққа бой муҳитга жойлаштирилади. Хужайралар бўлиниш йўли билан кўпая бошлайди. Ҳар олти хафтада уларнинг хажми икки бараварига ортади. Маълум вақтдан кейин хужайралар кичик оқ рангли юмалоқ тўда - эмбриоид холатига келади. Эмбриоидларнинг илдизчалари ва майда шохчалари бўлиб, кичкинагина ўсимликни эслатади. Шундан сўнг улар унумдор тупроққа ўтқазилади ва парваришлаш ишлари давом этади. 18 ойдан сўнг она ўсимлигининг янги нусхаси пайдо бўлади. Бу усул орқали пальма, аспарагус, ананас, земляника, брюссель карами, гул карам, банан, гвоздика, папоротник каби ўсимликлар кўпайтирилади. Клонлаштиришнинг афзаллик томонлари шундаки, уруғ орқали кўпайишда сақланиб қоладиган барча юқумли касалликлар клонлаштирилган ўсимликларга ўтмайди.
Инсонни ҳам клонлаштириш мумкинми? Назарий жиҳатдан мумкин экан. Лекин кўпчилик олимлар маънавий, диний, иқтисодий, этик ва бошқа нуқтаи назардан келиб чиқиб, бу масалани хавфли деб қабул қилишмоқда.
Лекин тиббиётда ядро трансплантацияси усули мавжуд бўлиб, турли ҳилдаги касалликларни даволашда қўл келмоқда. Бунда хужайра ядроси ирсий ахборотга эга бўлган ДНК билан биргаликда янги хужайрага кўчирилади. Бу технология орқали бемор организмига айнан мос келадиган донор тўқималари етиштирилади. Уларни ўстириш ва инсон организмига кўчириш йўли орқали турли хил касалликларни даволаш мумкин экан.
Олимлар ҳайвонларнинг клонини яратишга 1996 йилда муваффақ бўлдилар. Меган ва Мораг лақабли қўйлар клонлаштириш орқали яратилди. Уларни яратишда она қўйнинг эмбрион хужайраларидан фойдаланилган эди. Бу тажриба клонлаштириш соҳасидаги муҳим қадам деб ҳисобланади. Лекин муваффақиятнинг яққол намунаси сифатида Долли лақабли қўзичоқнинг яратилиши бўлди. Долли она қўйнинг етилган елин хужайрасидан пайдо бўлган. Табиий шароитда туғилган ҳар бир жонзотнинг ҳам отаси ҳам онаси бўлади. Лекин Доллининг ота-онаси битта – она қўй эди.
Тажриба чоғида аввалдан музлатиб олиб қўйилган елин хужайраси бошқа бир қўйнинг жинсий (ооцит)хужайрасига кўчирилиб ўтқазилди, чунки Доллининг донор онаси ўлган эди. Хужайрани ўтқазишдан аввал янги хужайра ичи барча генетик материалдан тозаланган эди. Шунда бу хужайра фақатгина Долли ҳақидаги генетик маълумотга эга бўлган. Шундай қилиб суррогат она қорнида сунъий яратилган қўзичоқ ривожлана бошлади ва ўзиниг донор онаси нусҳасини яратган ҳолда янги қўзичоқ дунёга келди. Олимлар томонидан клонлаштириш йўли билан ҳайвонларни яратиш мумкинлиги исботланди. Эксперимент чоғида 277 та тухум хужайраларига донор қўй елинидан олинган ядролар кўчириб ўтқазилган. Улардан 29таси эмбрион даражасигача ривожланди. 29 эмбриондан фақатгина биттаси муваффақиятли ўстирилиб, соғлом қўзичоқ дунёга келди. Матбуотда бу хабар 1997 йил 22 февралда, Долли 7 ойлик бўлганидан сўнггина ошкор этилди.
Долли 1996 йил 5 июлда Шотландияда туғилган. Аввалига унинг лақаби йўқ эди, унга 6LL3 идентификация рақами берилди ҳолос. Кейинчалик унга Долли (ингл. Қўғирчоқ) номи берилди.
Долли оддий қўйлардек яшади. Ҳаёти давомида 6 нафар қўзичоқни дунёга келтирди. Биринчи қўзичоғи Бонни 1998 йилда туғилди. Кейинги йилда 2та эгизак қўзичоқ Салли ва Рози туғилди. Охирги марта эса 3 нафар эгизак қўзичоқлар: Люси, Дарси ва Коттонлар туғилди. 2001 йилда Долли артрит касалига йўлиқди. У зўрға қадам босар эди. Касалликни даволагандан сўнг у яна 2 йил яшади. 2003 йилнинг 14 февралида Долли “ухлатиб” қўйилди. Унинг соғлиғи ёмонлашиб, оғир ўпка касалига йўлиққан, шунингдек аввалги артрит ҳам қўзғаган эди. Лекин олимлар фикри иккига бўлиниб қолди. Биринчи гуруҳдаги олимлар кўпчилик қўйлар 6-7 йил умр кўришини таъкидлашди. Ёпиқ бинода сақланадиган кўпчилик ҳайвонларда шу касаллик хавфи юқори бўлишини, Долли тажриба қўйи бўлгани учун уни очиқ хавога, бошқа қўйлар ёнига кам олиб чиқишганини ва унинг ўлими оддий бир холат эканлигини таъкидлашди. Лекин иккинчи гурух олимлари Доллининг кам умр кўрганлигини, оддий қўйлар 10-12 йил яшаши мумкинлигини таъкидлаб, клонлаштирилган жонзотлар узоқ умр кўра олмаслигини тан олишди.
Фан тарихида Долли энг машҳур қўйга айланди. Унинг макети (рус. чучело) 2003 йилнинг 9 апрелида Шотландиянинг қироллик музейига ўрнатилди. Сўнгги йилларда худди шу усулда (елин хужайраларидан олинган ядро тозаланган, яъни ўзининг ядроси олиб ташланган ооцит хужайраларига ўтқазилади) яна 4та қўзичоқ дунёга келтирилди. 2010 йилда улар 3,5 ёшда эди. Хозирги кунда улар соғлом ва хаётдир.
Клонлаштириш усулидан фанда йўқолиб бораётган ҳайвонларни асраб қолиш мақсадида фойлани мумкин. Хаттоки шу усулда мамонт ва динозаврларни ҳам қайта тиклаш мумкин, деган таҳминлар ҳам учрамоқда.
Клонлаштириш мавзуси турли давлатларда турли фикрларни келтириб чиқармоқда. Олимларнинг таҳминларига кўра яна 10 йиллардан сўнг инсоннинг клонини яратиш мумкин бўлади. Кўпчилик давлатларда инсонни клонлаштириш тажрибаларини ўтказиш таъқиқланган. Бу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар ғам тўҳтатиб қўйилди.
|