Косонсой тумани
Download 40.5 Kb.
|
1 2
Bog'liq2. Косонсой тумани
- Bu sahifa navigatsiya:
- Косон” сўзи этимологияси.
КОСОНСОЙ ТУМАНИ Косонсой тумани Фарғона водийсининг шимолида жойлашган. Туман атрофи тоғ ва адирликлар билан ўралган. Косонсой тумани азал-азалдан ўзининг кўркам табиати ва баҳаво иқлими ҳамда заҳматкаш инсонлари билан маълум ва машҳур. Айниқса, жазирама иссиқ ёз ойлари ушбу туманда бўлган ҳар бир инсон зилол ва тез оқар сувли жўшқин сойи, меҳмондўст одамлари ҳамда гўзал табиатига мафтун бўлмай қолмайди. Косонсой тумани 1926 йил 29 сентябрда ташкил топган бўлиб, маркази Косонсой шаҳри ҳисобланади. Туман ҳудудида 7 та қишлоқ фуқаролар йиғинларида 63 та маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд. Шундан 16 та маҳалла фуқаролар йиғинлари туман марказида, 47 таси эса қишлоқларда жойлашган. Туманнинг умумий майдони 0,512 минг кв. км бўлиб, 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига доимий аҳоли 211,7 минг кишини ташкил қилади. Косонсой тумани шимолда Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилояти Ала Буқа тумани билан, шарқда Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани билан, ғарбда Наманган вилояти Чуст тумани билан ва жанубда Наманган шахри ва Тўрақўрғон туманлари билан чегарадош бўлиб, Қирғизистон Республикаси билан умумий чегара узунлиги 47.5 км ташкил қилади. Косонсой тумани худудида кўплаб археологлар ёдгорликлар мавжуд бўлиб улар турли тарихий даврларга тегишли тепаликлар мажмуини ташкил этади. Бу борада қадимги Косон тумани жойлашган “Муғқалъа” ёдгорлигидан ташқари Тергачи қишлоғидаги “Ноғоратепа”, Гўрмирон қишлоғидаги эски қабристон, Ровот қишлоғидаги “Навжартепа”, “Дукортепа” каби тепалар ўтмишнинг гувоҳи бўлган ва халқимизнинг узоқ ўтмиш тарихидан ҳикоя қилувчи археологик ёдгорликлар ҳисобланади. Косонсой тарихига оид дастлабки маълумотлар қадимги Хитой сайёҳи Чжан Цянь (мил. ав. 128 й.), Сюань Цзан (630 й.), араб тарихшуносларидан Яъқубийнинг «Китоб ул-Булдон», Муқаддасийнинг «Ахсан ут-тақосим» асарларида учрайди. Яъқубий асарида араблар босқини даврида Косон пойтахт сифатида тилга олинган. Араб географи ат Табарий араблар мазкур минтақага кириб келишидан аввалги даврдаги Фарғона шаҳарлари ҳақида маълумот бериш асносида Фарғона шаҳарлари - Хўжанд, Поп, Қува ва Фарғона шаҳарлари билан бир қаторда Косон шаҳрини ҳам тилга олган. Бобур даврида Косон Фарғонадаги мавжуд 8 шаҳардан бири бўлиб, у бу гўзал шаҳарларнинг жойлашган ўрни борасида: “Фарғона вилояти бешинчи иқлимдиндур... Етти пора қасабаси (шаҳри) бор; беши Сайхун суйининг жануб тарафида. Икки шимол жонубида” деб ёзади. Буюк ватандошимиз ушбу шаҳарларнинг ўзига хос хусусиятларига таъриф берар экан, Косон шаҳри ҳақида “Яна бири Косондур, Ахсининг шимолида тушубтур. Кичикроқ қасабадур. Нечукким, Андижон суйи Ўшдин келур, Ахси суйи Косондин келур. Яхши ҳаволиқ ердур. Сафолик боғчалари бор. Вале сафолиқ боғчалари тамом сой ёқасида воқеъ бўлгон учун, “пўстини пеш берра” дебтурлар. Сафо ва ҳавода Ўш била Косон элининнг таассуби бор” – деб таъкидлайди. “Косон” сўзи этимологияси. Косон номининг келиб чиқиши ва номланиши борасида ҳам фанда ягона фикр мавжуд эмас. Ўрта аср манбаларида ҳам бу шаҳар турлича зикр этилган. Жумладан, муаллифи номаълум бўлган географик манба “Ҳудуд ул олам ” (Х аср) асарида Касон, Соъмоний ва Ёқут (ХII–XIII асрлар) асарларида Косан тарзида зикр қилинади. Турли олимлар ушбу сўзнинг келиб чиқиши борасида хар-хил фикрларни билдирганлар. Чунончи, айрим топонимик тадқиқотларда ушбу сўз Кушон сўзининг ўзгарган шакли бўлиб, IX асргача сўз ўртасида ш>с, у>а>о товуш ўзгариши юз берган, деб ёзилади. Ҳ. Ҳасановнинг ёзишича, кушон сўзи аслида халқ номи бўлиб, Кошон–Кушон номининг ўзгарганидир. Фарғоналик мутафаккир Ибрат Косон сўзи сўғд тилида султонларни зикр қилган маъно билдиради, яъники Бағдод шаҳридан ислом динини тарғиб қилгани келган кишиларни ҳурмат қилиб Косон аҳли қадимги суғд тилида Касон деб айтганлар. Ул кишиларнинг султон Жалолиддин Сомоний, яъни Ғўзапоя мозор гумбазида ётган кишидурлар, – деб ёзади. Эронлик олимлар Саид Нафисий, доктор Муин, ўзбек тилшунос олимларидан профессорлар Н. Маҳмудов ва И. Йўлдошевлар “Косон” “косибон” сўзининг ассимлацияга учраган шаклидир, - деган хулосага келишган. Бу ўринда Косон 32 ҳунар ривожланган қадимги шаҳар эканлигини ҳисобга олсак, бу фикр ҳақиқотга яқинроқ. Демак. “Косон” – косиблар шаҳри, ҳунармандлар манзили деган маънони билдириши мумкин. Мустақиллик йилларида Косонсой тумани ўзгача қиёфа касб этди. Айнан истиқлол йилларида туман аҳолисининг турмуш тарзи, яшаш даражаси яхшиланди ва янги саноат корхоналари, фирмалар ҳамда қўшма корхоналар ташкил топди. Истиқлолнинг дастлабки йилларида туманда 15 га яқин йирик саноат корхонаси, шу жумладан, пахта тозалаш зоводи, пойафзал фабрикаси, автокорхона, нонвойхоналар, ғишт заводи, қурилиш ташкилотлари, “Косонсойпарранда” акциядорлик жамияти фаолият кўрсатди. Бугунги кунда самарали тарзда иш юритаётган “Косонсой тўқимачи” МЧЖ, “Ал-Азиз” МЧЖ, “Уй меҳнати” фабрикаси,”Тревейл интернейшен” хорижий корхонаси, “Қўқимбой қурилиш сервис” МЧЖ, ”Оқтош” хусусий фирмалари янги ташкил этилиб, уларга чел эл ҳамда миллий валютада маблағлар ажратилди. Косонсойда бир неча йиллардан бери фаолият юритиб келаётган “Чашмаи сафед”, ”Абдулазизхон”, “Иноят карвон” каби хусусий фирмаларнинг сони бугун 150 дан ортди, туманда ҳозирги кунда 72 та сервис мажмуаси бўлиб, шулардан 40 таси қишлоқларда жойлашган. Download 40.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
1 2
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling