Акциядорлик жамияти фаолиятида “дивиденд” тушунчаси нимани англатади ва у қандай тартибда тўланади?
Дивиденд фойданинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан, қайта инвестиция амалга оширилганидан сўнг акциядорлик жамияти ихтиёрида қоладиган, акциядорлар ўртасида тақсимланиши керак бўлган қисмидир.
Акциядорлар жамиятининг умумий йиғилиши қарорига биноан дивиденд пул маблағлари ёки бошқа қонуний тўлов воситалари билан тўланиши мумкин.
Дивиденд акциядорлар ўртасида уларга тегишли акцияларнинг сони ва турига мутаносиб равишда тақсимланади.
Жамият йилнинг ҳар чорагида, ҳар ярим йилда ёки йилига бир марта жойлаштирилган акциялар бўйича дивидендлар тўлаш тўғрисида, агар ушбу Қонун ва жамият уставида ўзгача қоида белгиланмаган бўлса, қарор қабул қилишга (эълон қилишга) ҳақлидир.
Дивидендлар тўлаш вақтида биринчи навбатда имтиёзли акциялар бўйича, сўнгра оддий акциялар бўйича дивидендлар тўланади. Имтиёзли акциялар бўйича қатъий белгиланган дивидендларни тўлаш учун етарли миқдорда фойда мавжуд бўлган тақдирда жамият мазкур акцияларни сақловчиларга дивидендлар тўлашни рад этишга ҳақли эмас.
РЕПО битими деганда нимани тушунасиз ва РЕПО битими бўйича тузилган шартнома қандай мажбурий шартларни ўз ичига олиши лозим?
Қимматли қоғозларни қайта сотиб олиш шарти билан тузиладиган битим РЕПО битими дейилади. РЕПО битимини амалга ошириш учун томонлар репо-келишув тузади.
Репо-келишув қимматли қоғозларни бирламчи топшириш шартлари ҳамда қимматли қоғозларнинг нархи, сони ҳамда томонларнинг ўзаро келишувига асосан бошқа шартларни, шунингдек қайта сотиб олиш бўйича муддати, сони, олувчининг номи ва томонларнинг ўзаро келишувига асосан бошқа шартларни ўз ичига олиши лозим.
Дивидендларни тўлаш тўғрисидаги қарор кимлар томонидан қабул килинади?
Жамият кузатув кенгашининг тавсияси асосида акциядорлар умумий йигилиши томонидан карор кабул килинади. Жамият кузатув кенгашининг тавсияси, молиявий ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида аудиторлик хулосаси мавжуд бўлган тақдирда, молиявий ҳисобот маълумотлари асосида акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |