714 йили Қутайба яна Чочга қарши юриш уюштиради. Лекин воҳа ҳудудига етганида шаввол ойининг охирида халифанинг Ироқ ва Шарқий ўлкалардаги ноиби Ҳажжож ибн Юсуф вафот этгани ҳақида хабар олади ва дарҳол ўзининг қароргоҳи Марвга қайтади. Ҳажжож Қутайбанинг ҳомийси бўлгани учун унинг тақдири нима бўлиши энди номаълум эди. Шунинг учун Қутайба бир муддат Марвда иккиланиб туради. Бироқ тез орада халифа Валиддан мактуб келади, унда халифа Қутайбани қўллашини билдирган эди.
715 йил эрта баҳорда Қутайба катта лашкар тўплаб, Хитойга юриш ташкил қилади: уни йўли Фарғона орқали ўтади. Шу кезда халифа Валид ибн Абдумалик вафот этиб, ўрнига Сулаймон ибн Абдулмалик халифа бўлади, деган хабар келади. Лекин марҳум халифа ўлимидан олдин ўғли Абдулазиз ибн Валид ўзидан кейин халифа бўлишини васият қилган ва бу ҳақда барча ноиб ва лашкарбошиларга мактуб йўллаган эди. Фақат Ҳажжож билан Қутайба буни тан олиб, Абдулазизга байъат қилган эдилар. Шунинг учун Қутайба Сулаймоннинг одамларидан хавфсираб, оила аъзолари ва бутун қариндош-уруғларини ҳам оилалари билан Марвдан олиб кетиб, Самарқандга жойлаштиради. Ўзи эса Фарғона орқали Хитойга йўл олади. Қутайба шу юришида Кошғаргача боради ва турклар билан бўлган оғир жангда ғалаба қозонади, аммо шаҳарни олмайди. Шундай бўлсада, 715 йилнинг бошида Фарғона водийсини узил-кесил халифалик таркибига қўшиб, Қошғаргача бўлган ҳудудларни эгаллайди. Бунинг натижасида Марказий Осиёнинг исломлашуви асосан якунланди52.
715 йили Қутайба Фарғонада Сулаймон тарафдорлари томонидан ўлдирилиб, унинг боши халифага юборилади, танаси Фарғонада (ҳозирда Андижон вилоятига тўғри келади) дафн этилади53. Қутайба ибн Муслим тарихга ҳақли равишда арабларнинг Марказий Осиёдаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаган шахс сифатида кирди. Гардизи таъкидлаганидек, унинг қўшинлари шимолда Шош, жануби-шарқда эса Кошғаргача етиб борди54.
Исломнинг илк даврларида амир ва ноиблар қозилик вазифасини ҳам ўтаган. Уларнинг ваколатлари анчайин кенг бўлиб, барча турдаги суд ишлари, васият, мерос, ердан фойдаланишнинг ҳуқуқий жиҳатларини улар томонидан кўриб чиқилган. Қозилар Қуръон ва суннатдан топмаган масалаларини ўзлари ижтиҳод қилиб, ечим топадиган даражада диндан хабардор бўлишлари талаб этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |