1. Давлат ва жамият қурилиши / Референдумлар. Сайлов тизими. Депутат]


Download 88.11 Kb.
Sana16.06.2023
Hajmi88.11 Kb.
#1513168
Bog'liq
Ўзбекистон Республикасида депутатларнинг мақоми тўғрисида 66-I 06.05.1995




[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.09.00.00 Депутатлар ва Сенат аъзолари / 01.09.02.00 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатининг мақоми;

2.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.09.00.00 Депутатлар ва Сенат аъзолари / 01.09.04.00 Маҳаллий халқ депутатлари кенгаши депутатининг мақоми]

[ТСЗ:

1.Давлат ва жамият қурилиши / Референдумлар. Сайловлар. Сайлов тизими. Депутат]

Ўзбекистон Республикасининг қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ДЕПУТАТЛАРНИНГ МАҚОМИ ТЎҒРИСИДА
LexUZ шарҳи
Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 сентябрдаги ЎРҚ-563-сонли «Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатларининг мақомини, энг муҳим ваколатларини ва депутатлик фаолиятининг кафолатларини мустаҳкамлайди.
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Депутатнинг давлат ҳокимиятини амалга оширишдаги иштироки
Олий Мажлис ва Жўқорғи Кенгеснинг қонун чиқарувчи ҳокимиятини амалга ошириши депутатларнинг қонунлар тайёрлаш ва уларни қабул қилишда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясида олий давлат вакиллик органларининг ихтиёрига берилган масалаларни ҳал қилишда ташаббускорлик билан фаол иштирок этишига асосланади.
Депутатларнинг вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг ишида иштирок этиб, ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этадилар, қонунлар ва давлат ҳокимияти юқори органлари қарорларининг жойларда ижро этилишини назорат қиладилар.
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати ўз фаолиятида сайловчиларнинг, шунингдек ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган тегишли сиёсий партиянинг ёхуд тегишли ҳокимият вакиллик органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг манфаатларини ифода этади.
Давлат ўз ишини Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси қонунларига мувофиқ, шунингдек халқ депутатлари тегишли Кенгашларининг қарорлари ва тегишли сиёсий партияларнинг сайловолди дастурлари асосида ташкил этади.
2-модда. Депутат ваколатларининг вужудга келиши ва муддати
Депутатнинг ваколатлари у тегишинча Олий Мажлисга, Жўқорғи Кенгесга, халқ депутатлари вилоят, туман ёки шаҳар Кенгашига сайланган кундан бошланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
(2-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сонли Қонунига мувофиқ ўз кучини йўқотган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
Депутатнинг ваколатлари янги чақириқ Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари сайланган кунда ёки ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ҳолларда тугайди.
Депутатнинг ваколатларини бошқа шахсга топшириш мумкин эмас.
3-модда. Депутатлик фаолиятини ишлаб чиқариш ва хизмат вазифаларини бажариш билан қўшиб олиб бориш
Депутатлар ўз ваколатларини, қоида тариқасида, ишлаб чиқариш ёки хизмат фаолиятини тўхтатмаган ҳолда амалга оширадилар.
Депутатлар депутатлик фаолиятини амалга ошириш учун ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан қонун ҳужжатларига мувофиқ озод қилинишга ҳақлидирлар.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 165-моддасига мувофиқ ходим давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётган вақтида (жумладан, депутатлик вазифаларини бажариш вақтида) иш берувчи уни иш жойини (лавозимини) сақлаган ҳолда ишдан озод қилиши шарт ва ана шу вазифаларни бажариш вақтида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Олий Мажлиснинг ёки Жўқорғи Кенгеснинг депутатлари тегишинча Олий Мажлисда, Жўқорғи Кенгесда доимий асосда ишлашлари мумкин. Депутатни Олий Мажлис ёки Жўқорғи Кенгесга доимий ишга ўтказишни расмийлаштириш тартиби тегишли ҳокимият олий вакиллик органи томонидан белгиланади.
Олий Мажлисда ва Жўқорғи Кенгесда доимий ишлайдиган депутатлар ўз ваколатлари даврида бошқа ҳақ тўланадиган бирон-бир лавозимни эгаллашлари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари мумкин эмас.
Олий Мажлисга, Жўқорғи Кенгесга сайланган депутатларга уларнинг депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.
LexUZ шарҳи
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 24 февралдаги 23-I-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари фаолиятининг таъминоти тўғрисида»ги низомнинг 4-бандига мувофиқ Олий Мажлис депутатларига депутатлик фаолияти билан боғлиқ харажатлари учун ой сайин энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида даромад солиғи олинмайдиган маблағ тўланади.
4-модда. Депутатнинг сайловчилар билан, уни депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партиялар ва органлар билан ўзаро муносабатлари
Депутат ўзини депутатликка номзод этиб кўрсатган сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан алоқа боғлаб туради, тегишли ҳокимият вакиллик органида уларнинг манфаатларини ифода этади.
Депутат сайловчилар олдида масъул ва ҳисобдордир.
Сайловчиларнинг ишончини оқламаган депутат қонунда белгиланган тартибда чақириб олиниши мумкин.
LexUZ шарҳи
Қаранг: «Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши депутатини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини чақириб олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни.
5-модда. Депутатнинг тегишли ҳокимият вакиллик органи билан ўзаро муносабатлари
Депутат тегишли ҳокимият вакиллик органининг, бу орган тузадиган қўмиталарнинг, комиссияларнинг ишида фаол иштирок этишини таъминлайдиган барча ҳуқуқларга тўла-тўкис эгадир, у бу органлар олдида масъулдир.
Ҳокимият вакиллик органи депутатнинг ўз иши тўғрисидаги, қабул қилинган қарорлар ва ўзига берилган топшириқларни қандай бажараётганлиги ҳақидаги ахборотларини тинглашга ҳақли. Депутат ўз вазифаларини бажармаган, белгилаб қўйилган иш тартибини бузган тақдирда унинг хулқи тўғрисидаги масала тегишли ҳокимият вакиллик органи ёки унинг топшириғига кўра бошқа орган ёхуд комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
Ҳокимликлар депутатларни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш дастурлари қандай бажарилаётгани тўғрисида, уларнинг танқидий мулоҳазалари ва таклифлари юзасидан қабул қилинган чоралар ҳақида хабардор қилади, депутатларнинг қонун ҳужжатларини, ҳокимият вакиллик органларининг иш тажрибасини, жамоатчилик фикрини ўрганишига кўмаклашади ва уларнинг ишига зарур бошқа ёрдам беради.
6-модда. Депутатлик одоби
Ўзбекистон Республикасида депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депутатнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлат манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.
Депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала тегишли ҳокимият вакиллик органи ёки унинг топшириғига кўра бошқа орган ёки комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.
7-модда. Депутат ваколатларининг муддатидан илгари тўхтатилиши
Депутатнинг ваколатлари:
у ўз ваколатини заммасидан соқит қилган;
қонунга кўра депутатлик ваколатини бажаришига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган;
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: мазкур Қонуннинг 3-моддаси тўртинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Судлар тўғрисида»ги Қонунининг 66-моддаси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси ва «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси.
унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган;
суд уни муомалага лаёқатсиз деб топган;
чақириб олинган;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган;
вафот этган тақдирда муддатидан илгари тўхтатилади.
Алоҳида ҳолларда депутатнинг ваколатлари тегишли ҳокимият вакиллик органи қарори билан муддатидан илгари тўхтатилиши мумкин. Депутат деган юксак номга доғ туширувчи хулқ-атвор бундай масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиши мумкин.
Депутат уни депутатликка номзод этиб кўрсатган орган (партия) олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган тақдирда, бу органнинг (партиянинг) таклифи ҳам депутатнинг ваколатларини муддатидан илгари тўхтатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.
(7-модданинг иккинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 25 декабрдаги 729-I-сонли Қонунига мувофиқ иккинчи ва учинчи қисмлар билан алмаштирилган — Олий Мажлис Ахборотномаси, 1999 й., 1-сон, 20-модда)
II. ДЕПУТАТНИНГ ҲОКИМИЯТ ВАКИЛЛИК ОРГАНИДАГИ ФАОЛИЯТИ
8-модда. Депутатнинг ҳокимият вакиллик органидаги фаолиятини амалга ошириш чоғидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Депутат тегишли ҳокимият вакиллик органининг сессияларида, ўзи сайланган қўмиталар ва комиссияларнинг мажлисларида қатнашиши, уларнинг ишида фаол иштирок этиши шарт. Сессияга ёки қўмита, комиссия мажлисига етиб келиш имконияти бўлмаган тақдирда депутат бу ҳақда тегишли ҳокимият вакиллик органининг ёки қўмитанинг, комиссиянинг раҳбарларидан бирига хабар қилади.
Депутат тегишли ҳокимият вакиллик органининг сессиясида кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади.
Депутат муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан баён қилган нуқтаи назари учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Депутат:
тегишинча Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари органларига сайлаш ва сайланишга;
тегишли вакиллик органи қараб чиқиши учун масалалар таклиф этишга;
кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва уларнинг моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;
қарор лойиҳалари ва уларга киритиш учун тузатиш таклиф этишга;
тегишли вакиллик органи тузадиган органларнинг шахсий таркиби, ушбу вакиллик органи сайлаб қўядиган, тайинлайдиган ёки тасдиқлайдиган мансабдор шахсларнинг номзодлари хусусида ўз фикрини билдиришга;
музокараларда қатнашишга, сўров билан мурожаат қилишга, маърузачи ва раислик қилувчига саволлар беришга;
ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари хусусида изоҳ беришга;
сессияда ҳокимият вакиллик органига ҳисобдор ёки унинг назоратида бўлган ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботини ёки ахборотини эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;
Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, тегишли ҳокимият вакиллик органи қарорларининг бажарилишини текшириш ҳақида кўриб чиқиш учун масалалар таклиф этишга;
ўз нутқларининг стенограммалардаги матнлари билан танишишга ва эълон қилинмайдиган нутқларнинг матнлари билан белгиланган тартибда танишишга ҳақлидир.
Депутат сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ва мулоҳазасининг матнини сессия стенограммасига киритиш учун раислик қилувчига топшириши мумкин.
Депутат ушбу Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга вазифаларни ҳам бажаради.
Мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби ушбу Қонун ва тегишли ҳокимият вакиллик органининг регламенти билан, бошқа қонунлар билан белгилаб қўйилади.
LexUZ шарҳи
Қўшимча маълумот учун қаранг: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.
[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.14.00.00 Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти / 01.14.02.00 Қонунчилик ташаббуси]

[ТСЗ:

1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]

9-модда. Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутатининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутати тегишли ҳокимият олий вакиллик органида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлиб, бу ҳуқуқ янги қонун ишлаб чиқиш зарурлиги тўғрисида масала қўйиш, янги қонун лойиҳаларини, амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини киритиш, шунингдек амалдаги қонунларга ўзгартишлар киритиш ҳақида таклифлар билан чиқиш тарзида рўёбга чиқарилиши мумкин.
Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи тегишли қонунларда белгиланган тартибда амалга оширилади.
[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.14.00.00 Давлат органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти / 01.14.02.00 Қонунчилик ташаббуси]

[ТСЗ:

1.Давлат ва жамият қурилиши / Қонунчилик ташаббуси. Норма ижодкорлиги фаолияти]

10-модда. Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутатининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини рўёбга чиқариш кафолатлари
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутатининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонунчилик ташаббуси тартибида киритилган таклифни Олий Мажлис ва Жўқорғи Кенгес мажлисида албатта кўриб чиқиб, қонун қабул қилиш; янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни бошлаш ҳақида қарор қабул қилиш; таклиф қилинган қонун лойиҳасини такомилига етказиш учун тегишли қўмиталар ва комиссияларга юбориш; қонун лойиҳасини, таклифни асосли рад қилиш сингари қарорлардан бирини қабул қилиш билан кафолатланади.
[ОКОЗ:

1.01.00.00.00 Конституциявий тузум / 01.08.00.00 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси / 01.08.03.00 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси (қуйи палата) / 01.08.03.06 Фракциялар]

11-модда. Депутатларнинг фракциялар, блоклар ва бошқа депутатлар гуруҳларига бирлашиш ҳуқуқи
Депутатлар ўзаро келишув асосида фракциялар, блоклар ва бошқа депутатлар гуруҳларига бирлашишлари мумкин.
(11-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
12-модда. Депутат сўрови
[СПиТ:

1.Депутатлик фаолияти / Депутат сўрови]

Депутат сўрови — сессияда давлат органлари ёхуд мансабдор шахсларга ижтимоий аҳамиятга молик масалалар юзасидан расмий тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиб бериш ҳақида қўйилган талабдир.
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутати тегишли олий вакиллик органининг сессияларида тегишинча Олий Мажлиснинг Раисига ва Ўзбекистон Республикасининг Ҳукуматига, Қорақалпоғистон Республикасининг Жўқорғи Кенгеси Раисига ва Вазирлар Кенгашига, вазирларга, бошқа давлат органлари раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутати қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ҳокимиятига ва бошқаруви маҳаллий органларига, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров киритиши мумкин.
Вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутати ҳокимга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимлик бўлимлари ва бошқармаларнинг раҳбарларига, шунингдек Кенгаш ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўров билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Сўров депутат ёки бир гуруҳ депутатлар томонидан ёзма равишда ёхуд оғзаки киритилиши мумкин. Ёзма равишда киритилган сўров ҳокимият вакиллик органининг сессиясида ўқиб эшиттирилиши керак.
Сўров қаратилган давлат органи ёки мансабдор шахс сўровга кечи билан уч кунлик муддат ичида ёки тегишли ҳокимият вакиллик органи белгилаб қўйган бошқа муддатда сессияда оғзаки ёки ёзма равишда жавоб бериши шарт. Сўров муносабати билан ўтказилган муҳокама натижаси бўйича қарор қабул қилинади.
13-модда. Ҳокимият вакиллик органи сессиясида депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқиш
Депутатлар сессияда оғзаки билдирган ёки сессияда раислик қилувчига ёзма равишда берган таклиф ва мулоҳазалар ҳокимият вакиллик органи, унинг қўмиталари ёки комиссиялари томонидан кўриб чиқилади ёхуд кўриб чиқиш учун тегишли давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг органлари ва мансабдор шахсларга юборилади.
Сессияда депутатлар билдирган таклиф ва мулоҳазаларнинг олган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг органлари, мансабдор шахслар кечи билан бир ойлик муддат ичида бу таклиф ва мулоҳазаларни кўриб чиқишлари ҳамда натижалари тўғрисида бевосита депутатга ва тегишли ҳокимият вакиллик органига маълум қилишлари шарт.
Депутатларнинг таклиф ва мулоҳазаларини кўриб чиқиш ҳамда уларни рўёбга чиқариш устидан назорат Олий Мажлис Кенгаши, Жўқорғи Кенгес, тегишли комиссиялар ва қўмиталар, Ҳукумат, ҳокимликлар томонидан амалга оширилади.
14-модда. Депутатнинг Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари органларидаги фаолияти
Қўмита, комиссия ёки бошқа органлар таркибига кирган депутат мазкур органлар кўриб чиқиш учун ҳар қандай масала ва таклиф киритишга, бу масала ва таклифларни кўриб чиқиш учун тайёрлашда, уларни муҳокама қилиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилишда, шунингдек қабул қилинган қарорлар рўёбга чиқарилишини ташкил этиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда иштирок этишга ҳақлидир.
Депутат тегишли органнинг таркибида бўлса-ю, унинг қарорига қўшилмаса, ўз нуқтаи назарини сессияда баён қилишга ёки бу ҳақда раислик қилувчига ёзма равишда маълум қилишга ҳақлидир.
Қўмита ёки комиссия таркибига сайланган депутат уларнинг ишида ҳал қилувчи овоз билан қатнашади.
Қўмита ёки комиссиянинг аъзоси бўлмаган депутат уларнинг мажлисида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.
III. ДЕПУТАТНИНГ САЙЛОВ ОКРУГИДАГИ ФАОЛИЯТИ
15-модда. Депутатнинг сайлов округидаги иш билан боғлиқ ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Депутат сайлов округида ўз ваколатларини амалга ошириш учун:
тегишли ҳокимият вакиллик органи назорати остидаги ташкилотларда ўз сайлов округидаги фуқароларнинг муҳим манфаатларига тааллуқли бўлган ҳар қандай масала кўриб чиқилиши чоғида иштирок этиш;
округ сайловчилари билан йиғилишлар, меҳнат жамоалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, сиёсий партияларнинг ташкилотлари билан учрашувлар ўтказиш ҳуқуқига эгадир.
Депутат ўз депутатлик фаолиятига доир масалалар юзасидан матбуот органларида чиқиш, радио ва телевидение орқали сўзлаш борасида имтиёзли ҳуқуққа эгадир.
Депутат ўз сайлов округида:
аҳолини тегишинча Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг иши тўғрисида мунтазам хабардор қилиб туриши;
қонунларнинг ва ҳокимият вакиллик органлари қарорларининг бажарилишини ташкил этиш ҳақида назорат қилишда иштирок этиши;
жамоатчилик фикрини, аҳолининг талаб ва эҳтиёжларини ўрганиши, булар ҳақида тегишли давлат ҳокимияти органларига хабар бериши, тегишли қонунлар ва қарорлар тайёрлаш чоғида ўз таклифларини киритиши шарт.
Депутат ушбу Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган ўзга вазифаларни ҳам бажаради.
16-модда. Депутатнинг фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиши
Депутатнинг сайловчилардан ўзига тушган таклиф, ариза ва шикоятларни қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда кўриб чиқади, уларни ўз вақтида тўғри ҳал этиш чораларини кўради, ўз сайлов округида фуқароларни мунтазам равишда қабул қилиб туради. Депутат фуқароларни қабул қилишда иштирок этиш учун тегишли ҳокимият вакиллик органи ҳудудида жойлашган давлат органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахсларини таклиф қилишга ҳақлидир.
Депутат шикоятларни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганади ва зарур ҳолларда ўз таклифларини тегишли ҳокимият вакиллик органига киритади.
Депутат ўзи юборган таклиф, ариза ва шикоятлар тегишли ҳокимият органи ҳудудида жойлашган давлат органларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда кўриб чиқилишини назорат қилишга ва уларнинг кўриб чиқилишида шахсан иштирок этишга ҳақлидир.
17-модда. Депутатнинг сайловчилар олдида ҳисоб бериши
Олий Мажлис ва Жўқорғи Кенгес депутати вақти-вақти билан, аммо йилига камида бир марта, вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутати эса йилига камида икки марта ўз иши тўғрисида сайловчиларга ҳисобот бериб туриши ва ўзи сайланган ҳокимият вакиллик органининг иши ҳақида хабардор этиб бориши шарт. Депутатнинг ҳисоботи сайловчилар талаби билан ҳам ўтказилиши мумкин.
Депутатнинг ҳисоботлари шу мақсадда чақириладиган сайловчилар йиғилишларида ёки мазкур сайлов округи вакилларининг йиғилишларида ўтказилади. Депутатнинг ҳисоботи юзасидан йиғилиш қарор қабул қилади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли оммавий ахборот воситалари депутатларнинг ҳисоботлари ёритилишини таъминлайдилар.
18-модда. Ҳисоботларни ва сайловчилар билан учрашувларни ўтказишда депутатга кўмаклашиш
Депутатларнинг ҳисоботларини ва улар билан учрашувларни ўтказиш учун сайловчиларнинг йиғилишлари тегишли ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан чақирилади.
Ҳисобот бериш ва сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун депутатга зарур шарт-шароитлар таъминланади. Унинг илтимосига кўра ҳокимият ижроия органлари бино ажратиб, депутатнинг ҳисоботи, унинг сайловчилар билан учрашувлари ўтказиладиган, депутат фуқароларни қабул қиладиган вақт ва жойини фуқароларга маълум қиладилар, қабул ва учрашувларда иштирок этиш учун депутатнинг таклифига биноан ўзларининг масъул вакилларини юборадилар, шунингдек депутатнинг жойлардаги ишига кўмаклашиш юзасидан бошқа чора-тадбирлар кўрадилар.
Ҳисоботлар ва сўзга чиқиш учун зарур бўлган маълумотнома ҳамда ахборот материаллари депутатнинг илтимосига биноан тегишли ҳокимият ижроия органлари томонидан берилади.
19-модда. Депутатнинг қуйи Кенгашлар ишида қатнашиши
Депутат қуйи Кенгашлар ва уларнинг органлари мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этишга ҳақлидир.
20-модда. Депутатнинг қонунийлик бузилган ҳолларни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқи
Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари бузилган тақдирда ёки қонунийликни бузишнинг бошқа ҳолларида депутат давлат ҳокимиятининг вакили сифатида, ўша жойнинг ўзида бундай қонунбузарлик тўхтатилишини талаб қилишга, зарур ҳолларда эса, уларга чек қўйишни талаб қилиб, тегишли органлар ва мансабдор шахсларга мурожаат этишга ҳақлидир. Қонунбузарлик факти депутатнинг ўзи ёки унинг талаби билан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки назорат органининг вакили тузган баённомада қайд этилиши мумкин.
Депутат талаб билан мурожаат этган давлат органларининг мансабдор шахслари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг маъмурияти, шунингдек милиция ходимлари қонун бузилган ҳолларни бартараф этиш учун, зарур ҳолларда эса айбдорларни жавобгарликка тортиш учун зудлик билан чора кўришлари ва кейинчалик буни депутатга маълум қилишлари шарт. Чора кўрмаган тақдирда мансабдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддаси.
IV. ДЕПУТАТЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ
21-модда. Депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш
Ўзбекистон Республикасида ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун шароит яратилишига кафолат берилади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.
Депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига қасд қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга жавобгарликка тортиладилар. Депутатни ҳақорат қилиш, шунингдек унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 40 ва 41-моддалари ҳамда Жиноят кодексининг 139 ва 140-моддалари.
Депутат олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, унга атайлаб сохта маълумот берадиган, депутатлик фаолияти кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 193-моддаси.
Депутатлик вазифаларини бажаришга бирон-бир шаклда монелик қилиш ёки кимнингдир фойдасига қарор қабул қилинишига эришиш мақсадида депутатга қанақа тарзда бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунда белгиланган тартибда жазоланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 198-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 219-моддаси.
22-модда. Депутатнинг мансабдор шахслар томонидан дарҳол қабул қилиниши ҳуқуқи
Депутатлик фаолияти масалалари юзасидан Олий Мажлис депутати депутатлик гувоҳномасини кўрсатиб, республика ҳудудидаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек уларнинг раҳбарлари ва давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоат бирлашмаларининг бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.
Жўқорғи Кенгес депутати мазкур ҳуқуқдан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида, вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутати эса тегишли Кенгашга қарашли ҳудудда фойдаланади.
Фаолияти давлат сири билан ҳамда қонун томонидан муҳофаза қилинадиган бошқа сир билан боғлиқ корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга депутатларнинг кириши тартиби қонунда белгилаб қўйилади.
23-модда. Депутатнинг мурожаатларини кўриб чиқиш юзасидан мансабдор шахсларнинг мажбуриятлари
Депутат барча давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоат бирлашмаларига, мулкичилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахсларга депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мурожаат қилишга ва ўртага қўйилган масалаларни кўриб чиқишда иштирок этишга ҳақлидир. Мазкур органлар ва мансабдор шахслар депутатнинг мурожаатига дарҳол, қўшимча равишда ўрганиш ёки текшириш зарур бўлган тақдирда эса, кечи билан бир ойлик муддат ичида жавоб қайтаришлари шарт.
Депутатларнинг ғоят муҳим масалалар, шу жумладан тегишли органнинг қарор қабул қилиши, қабул қилган қарорини ўзгартириши ёки бекор қилиши зарурлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилиши шарт. Мурожаат кўриб чиқиладиган кун тўғрисида депутат олдиндан хабардор қилиниши керак.
24-модда. Депутатга ўз ваколатларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиб бериш
Ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари депутат ўз ваколатларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиб берадилар.
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутатларининг фаолиятини таъминлаш тартиби тегишли равишда Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес томонидан белгиланади.
LexUZ шарҳи
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 24 февралдаги 23-I-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлари фаолиятининг таъминоти тўғрисида»ги Низом.
25-модда. Депутатнинг ахборот ва маслаҳатлар олиш ҳуқуқи
Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес девони, ҳокимликлар тегишли депутатларни тегишли ҳокимият вакиллик органлари қабул қилган ҳужжатлар билан таъминлайдилар, ахборот ва ёрдамчи материаллар билан таъминлашга кўмаклашадилар, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар юзасидан мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштирадилар.
26-модда. Депутатга ҳуқуқий ёрдам бериш
Ҳокимликлар, корхоналарнинг, ташкилотларнинг, илмий, юридик муассасаларнинг, ўқув юртларининг маъмурияти, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар депутатга унинг депутатлик фаолиятида юзага келадиган ҳуқуқий масалаларда ёрдам берадилар.
27-модда. Депутатнинг транспортда текин юриш ҳуқуқи
Олий Мажлис депутати республика ҳудудида барча турдаги давлат пассажир транспортида (такси ва бошқа турдаги транспорт турларининг буюртма йўналишлари бундан мустасно) текин юриш, шунингдек йўл патталарини навбатсиз олиш ҳуқуқидан фойдаланади.
Жўқорғи Кенгес, вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман, шаҳар ҳудудида давлат пассажир транспортининг барча турларида (такси ва бошқа турдаги транспорт турларининг буюртма йўналишлари бундан мустосно) текин юриш ҳуқуқидан фойдаланади.
LexUZ шарҳи
27-модданинг биринчи ва иккинчи қисмларининг шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишга доир қисми Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунига асосан ўз кучини йўқотган.
Депутатларнинг транспортда текин юриш тартиби ва шартларини, шу иш билан боғлиқ равишда транспорт ташкилотлари билан ҳисоб-китоб қилиш тартибини тегишинча Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши белгилайди.
28-модда. Ўзбекистон Республикасида депутатнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати
Депутатнинг ҳокимият вакиллик органида ишлаган вақти умумий ва узлуксиз иш стажига, аввалги ихтисоси бўйича иш стажига қўшиб ҳисобланади.
(28-модда Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
29-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатининг таътили
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатига ҳар йили 36 иш кунига тенг ҳақ тўланадиган таътил берилади, қонун ҳужжатларида бундан ҳам кўпроқ давом этадиган таътил назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир.
30-модда. Олий Мажлис, Жўқорғи Кенгес депутатининг дахлсизлиги
Олий Мажлис депутати Олий Мажлиснинг, сессиялар оралиғидаги даврда эса — Олий Мажлис Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.
Жўқорғи Кенгес депутати Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида Жўқорғи Кенгеснинг, сессиялар оралағидаги даврда эса — Жўқорғи Кенгес Раисининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Жўқорғи Кенгес Раисининг розилик бериш ҳақидаги қарори кейинчалик Жўқорғи Кенгес тасдиғига киритилади.
Олий Мажлис депутатига нисбатан жиноий иш фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан, Жўқорғи Кенгес депутатига нисбатан эса — Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Олий Мажлис ва Жўқорғи Кенгес депутатини мажбуран келтириш, ушлаш, шунингдек унинг шахсий буюмларини, юки, транспорти, уй-жойи ёки хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.
31-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар, Кенгаши депутатининг дахлсизлиги
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутати тегишли ҳудудда тегишли Кенгашнинг, сессиялар оралиғидаги даврда эса — ҳокимнинг ёки ҳоким вазифасини ижро этувчи мансабдор шахснинг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Ҳокимнинг ёки ҳоким вазифасини ижро этувчи мансабдор шахснинг розилик бериш ҳақидаги қарори кейинчалик тегишли ҳокимият вакиллик органи тасдиғига киритилади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашининг депутатига нисбатан жиноий иш тегишли вилоят, Тошкент шаҳри прокурори ёки юқори турувчи прокурор томонидан, туман, шаҳар Кенгашининг депутатига нисбатан эса — тегишли туман, шаҳар прокурори ёки юқори турувчи прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.
32-модда. Депутатни жавобгарликка тортиш учун розилик олиш тартиби
Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ҳибсга олиш ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортишга Олий Мажлиснинг ва Жўқорғи Кенгеснинг, вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг розилигини, сессиялар оралиғидаги даврда эса — Олий Мажлис Кенгашининг, Жўқорғи Кенгес Раисининг, тегишли ҳокимнинг розилигини олиш учун тегишли прокурор тақдимнома киритади. Тақдимномани юқори турувчи прокурор ҳам киритиши мумкин.
Бундай тақдимнома депутатга айб қўйиш ёки уни қамоққа олишга санкция бериш олдидан ёхуд маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни судга юбориш олдидан киритилади.
Юқори турувчи прокурор депутатни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида қуйи прокурор томонидан киритилган тақдимномани чақиртириб олиши мумкин.
Прокурорнинг тақдимномаси кечи билан бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилади. Тақдимномада қўйилган масалани ҳал этиш учун прокурордан зарур қўшимча материаллар ҳам сўраб олиниши мумкин, қабул қилинган қарор тўғрисида тегишли прокурор уч кунлик муддат ичида хабардор қилинади. Асос бўлган тақдирда илгари қабул қилинган қарор қайта кўриб чиқилиши мумкин. Депутат ўзининг депутатлик дахлсизлиги тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганида иштирок этишга ҳақлидир.
Ҳокимият вакиллик органининг қарорига рози бўлмаган тақдирда юқори турувчи прокурор қарорни бекор қилиш ва масалани қайта кўриб чиқиши учун тегишли ҳокимият вакиллик органига топшириш тўғрисида тегишинча юқори Кенгашга, Жўқорғи Кенгесга, Олий Мажлисга тақдимнома киритишга ҳақлидир.
Башарти прокурорнинг ушбу моддада назарда тутилган тартибда киритилган тақдимномаси тегишли ҳокимият вакиллик органи томонидан бир ойлик муддат ичида кўриб чиқилмаган бўлса, юқори ҳокимият вакиллик органи тегишли прокурор ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан унинг дарҳол кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради.
Тақдимнома киритган прокурор ишни кўриб чиқиш тугаган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида депутатни жавобгарликка тортишга ва уни ҳибсга олишга розилик берган ҳокимият вакиллик органига ишни кўриб чиқиш чоғидаги текшириш натижалари тўғрисида хабар қилиши шарт.
Башарти депутат ўзи сайланган Кенгашга қарашли бўлмаган ҳудудда жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг депутатини жиноий жавобгарликка тортиш, ҳибсга олиш ёки суд томонидан бериладиган маъмурий жазога тортиш учун розилик олиш талаб қилинмайди.
33-модда. Депутатлик гувоҳномаси ва депутатнинг кўкрак нишони
Олдинги таҳрирга қаранг.
Депутатда депутатлик гувоҳномаси ва депутатнинг кўкрак нишони бўлади, бу гувоҳнома билан нишон унга депутат тариқасида рўйхатга олинганидан кейин топширилади. Депутатлик гувоҳномаси ва кўкрак нишонидан депутат ўз ваколатлари муддати давомида фойдаланади.
(33-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 26 майдаги 82-II-сонли Қонуни таҳририда — Олий Мажлис Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1995 йил 6 май,
66-I-сон


(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 6-сон, 114-модда; 1996 й., 9-сон, 141-модда; 1999 й., 1-сон, 20-модда; 2000 й., 5-6-сон, 153-модда)

Download 88.11 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling