31-модда. Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ҳамда йўриқчи-йўл бошловчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:
тур вақтида ўз мажбуриятларини бажариши учун туроператордан, турагентдан ёки туристик маҳсулот буюртмачисидан зарур ахборот билан таъминланишини талаб қилиш;
ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи ҳужжатлар билан (шартнома мавжуд бўлганда) танишиб чиқиш;
туристлар ва экскурсантлар билан мустақил равишда шартномалар тузиш.
Гидлар (гид-таржимонлар), экскурсия етакчилари ва йўриқчи-йўл бошловчилар:
тегишли маълумотга, малака сертификатига эга бўлиши ва ўз вақтида малака оширишдан ўтиши;
мамлакатнинг тарихи, маданияти, этнографияси, иқтисодиётини ва бошқа соҳаларини расмий ёки ишончли манбалардан билиши;
туристик йўналишни режалаштириш ва экскурсияда ҳамроҳлик қилиш кўникмаларига эга бўлиши;
ўз функционал вазифаларини бажариш чоғида исми ва фамилияси ёзилган кўкрак нишонини (бейжикни) тақиб юриши;
хавфсизликни таъминлаш чораларини билиши ва фавқулодда вазиятларда амалий ҳаракат қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларига эга бўлиши шарт.
8-боб. Туризм соҳаси субъектларининг бирлашмалари
32-модда. Туризм соҳаси субъектларининг бирлашмаси
Туризм соҳаси субъектларининг касбий фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти туризм соҳаси субъектларининг бирлашмасидир.
Туризм соҳаси субъектларининг бирлашмаси Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида фаолиятини амалга оширувчи туризм соҳаси субъектларининг ихтиёрий аъзолиги принципига асосланади.
33-модда. Туроператорлар ва турагентлар бирлашмаси
Туроператорлар ва турагентлар ўз тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида бирлашма тузиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туроператорлик ва турагентлик фаолиятини амалга оширувчи юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг ихтиёрий аъзолиги принципига асосланган нодавлат нотижорат ташкилоти туроператорлар ва турагентлар бирлашмасидир.
Туроператорлар ва турагентлар бирлашмаси янги аъзолар кириши учун очиқдир.
Do'stlaringiz bilan baham: |