1-маъруза. Статистика фаннинг предмети ва усули. Статистика тўғрисида умумий тушунча


Download 120 Kb.
bet2/6
Sana22.02.2023
Hajmi120 Kb.
#1219852
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
Статистика 1-мавзу Статистика предмети ва усули (2)

Статистика фанининг предмети.

Статистика предмети деганда статистика ўрганадиган объект, унинг жиҳатлари ва ривожланиш қонуниятлари тушунилади.


Хўш, статистика Фани нимани ўрганади? Статистика Фани ижтимоий ҳодисаларнинг миқдорий томонларини уларнинг сифат томонлари билан узвий равишда боғланган ҳолда ўрганади. Бутун борлиқ, яъни моддий дунёдаги табиий ва ижтимоий ҳодисаларнинг барчаси статистиканинг ўрганиш объекти бўлиб ҳисобланади.
Табиий ҳодисаларнинг сифат томонларини махсус табиий фанлар ўрганади. Масалан, ҳайвонот дунёсини – зоология, модда тузилишини – кимё, органиқ ҳаётни – биология, фазони –астрономия, ер қатламлари ва бойликларини – геология фани ўрганади ва ҳоказо. Табиий ҳодисаларнинг миқдорий томонларини эса мавҳум ҳолда математика ўрганади.
Ижтимоий ҳаётдаги ҳодисаларнинг сифат томонини фалсафа, иқтисодий назария, иқтисодий география, иқтисодий тарих, иқтисодиёт ва шу каби ижтимоий фанлар ўрганади. Масалан, иқтисодий назария жамият олдида турган иккита қарама-қарши муаммо, яъни ишлаб чиқариш ресурсларининг чекланганлиги ва эҳтиёжларнинг чексизлиги ўртасидаги мутаносибликни ўрганади, тегишли қонун ва қонуниятларни белгилаб беради.
Ижтимоий ҳодисаларнинг миқдорий томонларини эса статистика ўрганади. У айрим ҳодисалар билан шуғулланмасдан, балки оммавий ҳодисаларнинг миқдорий томонларини сифат томони билан чамбарчас боғлаган ҳолда таҳлил қилади.
Статистика фани билан боғлиқ бўлган масалалардан бири статистик тўплам хақидаги тушунчадир. Статистик тўплам деганда маълум боғланишда бир хил сифатга эга бўлган ҳодисалар, элементлар, бирликлар, далиллар тўплами тушунилади. Масалан, саноатда иш ҳақи билан меҳнат унумдорлиги ўртасидаги муносабат статистик жиҳатдан ўрганилиши лозим бўлса, у ҳолда барча саноат корхоналари статистик тўплам деб ҳисобланади. Бу ерда сўз айрим корхоналарда иш ҳақи билан меҳнат унумдорлиги ўртасидаги муносабат тўғрисида бормай, балки умуман барча саноат корхоналарида ушбу муносабат қандай миқдорда ифодаланиши устида бораётир. Шу жиҳатдан жами корхоналарни бир турдаги ҳодисалар, бирликлар, элементлар, деб қараш мумкин.
Статистик тўпламнинг муҳим белгиси – унда кичик ўзгарувчанликнинг, яъни вариациянинг мавжудлигидир. Масалан, ҳар бир ишчининг бир ойда бажарган иши умумий шароитларга (меҳнатни ташкил этиш даражаси, корхонанинг замонавий ишлаб чиқариш воситалари ва хом ашё билан таъминланиш даражаси) ҳамда хусусий ҳолатларга (ишчининг малакаси, мехнатнинг интенсивлиги ва унумдорлик даражаси кабилар) боғлиқдир. Бу ерда биринчи турдаги омиллар ҳамма ишчилар учун бир хил, иккинчи турдаги омиллар эса ҳар бир ишчи учун алоҳида ҳарактерга эга. Улар бир-бири билан қўшилиб пировард натижада айрим ишчиларнинг бир ойда бажарган иши турлича миқдорлар билан ифодаланишига, яъни вариация қилинишига олиб келади. Бундай белгилар вариацион, яъни ўзгарувчан белгилар деб аталади. Статистика оммавий ижтимоий ҳодисаларни ана шу вариацион белгилари асосида ўрганиб уларнинг ривожланиш қонуниятларини белгилаб беради.
Статистика фани билан боғлиқ масалалардан бири – оммавий-ижтимоий ҳодисалар хусусидаги тушунчалардир.
Статистика оммавий ҳодиса ва жараёнларни ўрганади. Улар бирор нарсалар тўпламида ва ўзаро боғланган тўпламлар орасида кечади. Бу ерда ҳодиса сўзи жамият ҳаётида, турмушда, табиатда, бир сўз билан айтганда, моддий дунёда хақиқатда бўлган реал воқеани билдиради. Масалан, оилада бола туғилиши, пахта ёки ғалла ҳосили, ишчилар сони, ёғингарчилик (қор ёки ёмғир ёғиши), йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳоказолар. Жараён сўзи воқеалар оқимини, уларнинг маълум макон ва замон шароитида қандай тезликда кечишини, юзага чиқиш ёки чиқмаслигининг ўзгаришини, ҳодисалар ривожланишини англатади.
Демак, оммавий ҳодиса – бирор объектлар тўпламида содир бўлган воқеа, ҳаракат натижаси. Масалан, Ўзбекистон барча фермер хўжаликлари томонидан бир йилда етиштирилган пахта ҳосили, ҳамма оилаларда туғилган болалар сони, ёққан қор ва ёмғир ҳажми, барча турдаги йўл-транспорт ҳодисалари ва ҳоказолар.
Оммавий жараён – бу объектлар тўпламида ёки мураккаб объектда содир бўлган воқеалар оқими, уларнинг ривожланиши. Масалан, Ўзбекистонда туғилган болалар сонининг кўпайиши, туғилиш даражасининг ўзгариши, умумий экин майдонида пахта салмоғининг камайиши ва дон экинлари улушининг ортиши ва ҳоказолар.
Хўш, оммавий-ижтимоий ҳодисалар дейилганда қандай ҳодисалар тушунилади?
Биринчидан, иқтисодий ҳодисалар тушунилади. Энг аввало бу ерда моддий неъмат ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Статистика ижтимоий ҳодисалар миқдорини, ижтимоий тараққиёт негизи – иқтисодий қонун ва қонуниятларни аниқ вақт ва жой шароитида қандай миқдорий боғланиш ва нисбатларда юзага чиқараётганлигини ўрганади.
Иккинчидан, маданий ва таълим-тарбия соҳасидаги ҳодисалар тушунилади. Статистика уларни ҳам миқдор жиҳатдан ўрганади. Жумладан, у маданий-маърифий муассасаларнинг, ўкув юртларининг, мактаб, кутубхона ва ҳоказоларнинг ривожланишини ўрганади.
Учинчидан, сиёсий мафкуравий ҳодисалар тушунилади. Барча бўлиб ўтган ва бўлаётган қурултойлар, сессиялар, сайловлар, улардаги қатнашчиларнинг сони, овозларнинг тақсимланиши, иш ташлашлар, намойишлар кабилар шундай ҳодисалар туркумига киради.
Тўртинчидан, табиий ҳодисалар тушунилади. Табиий офатлар, яъни зилзила, сув тошқини, дўл ёғиши, ёнғин, портлаш каби ҳодисалар статистика фаниниг ўрганиш объекти бўлиб ҳисобланади.



Download 120 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling