1-маъруза. Статистика фаннинг предмети ва усули. Статистика тўғрисида умумий тушунча


Download 120 Kb.
bet1/6
Sana22.02.2023
Hajmi120 Kb.
#1219852
  1   2   3   4   5   6
Bog'liq
Статистика 1-мавзу Статистика предмети ва усули (2)


1-маъруза. Статистика фаннинг предмети ва усули.


Статистика тўғрисида умумий тушунча.

Илк бор статистиканинг вужудга келиши амалий эҳтиёжлар билан узвий боғлиқ бўлган. Қадим замонлардаёқ қуролли кучларга лаёқатли кишилар сонини билиш, солиққа тортиш объектларини белгилаш зарурати туғилган, натижада аҳоли сони, унинг ёши ва жинси жиҳатдан тузилиши хақидаги маълумотларга эҳтиёжлар пайдо бўлган. Бу эса давлатни аҳоли сони ва таркибида бўлаётган ўзгаришлар устидан кузатишлар олиб боришга ундаган. Инсонлар ўртасидаги муносабатлар ривожланиб борган сари улар билан бевосита боғлиқ бўлган воқеаларни қайд қилишга зарурият ортиб борган. Шунинг учун туғилиш, ўлиш, никоҳга олиш, ажралиш каби ҳодисаларни ёзиб бориш тартиби ўрнатилган, кейинчалик эса одамларнинг бир жойдан иккинчисига кўчиб юриши билан боғлиқ бўлган миграцияси (ҳаракати)ни қайд қилиш тартиби белгиланган. Қишлоқ хўжалиги, савдо-сотиқ, хунармандчилик, саноат ва бошқа соҳалар ҳамда иқтисодий алоқаларнинг тараққий этиши хўжаликка оид ҳодиса ва амаллар устидан мунтазам равишда кузатиш олиб боришни тақозо этган. Натижада баҳолар ва савдо-сотиқ статистикаси, маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва тақсимоти статистикаси ва бошқа иқтисодий статистика тармоқлари вужудга келган ва ривож топган.


«Статистика» атамаси лотинча «Status» сўзидан олинган бўлиб, ҳодисаларнинг ҳолатини, аҳволини билдиради. «Status» сўзи негизида «State» давлат, «Statista» давлатни билиш, «Statistica» яъни давлат тўғрисида муайян билим, маълумотлар йиғиндиси деган тушунчалар келиб чиққан.
Статистика кўп асрлик тарихга эгадир. Айрим маълумотларга кўра, эрамиздан 3500 йил илгари Мисрда аҳоли (ҳисоби) рўйхати ўтказилган. Дмитрий Донской ҳукмронлиги даврида Москвада 1362 ва 1389 йилларда аҳоли рўйхати ўтказилган. ХV асрда Москвада «Мирза дафтарлари» номи билан маълум бўлган махсус статистик тўпламлар тузилган. Пётр 1 даврида «Аҳоли тафтиши» номи билан машҳур бўлган солиқ тўловчилар рўйхатлари ўтказила бошлаган. Жами 10 марта тафтиш (охиргилари 1857-60 йилларда) ўтказилган. Улардаги маълумотлар XVIII ва XIX биринчи ярмидаги Россия аҳолисининг сонини тавсифловчи ягона манбаа бўлиб ҳисобланади.
Статистика фани XVII асрнинг охирларига келиб мустақил фан сифатида шакллана бошлади. Бу даврда эндигина феодализм тузумининг ўрнини капитализм тузуми эгаллаётган эди. Капиталистик тузумининг барқарор бўлиши кўпгина фанларнинг, шу жумладан статистиканинг ривожига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. XVIII асрда Англияда “Сиёсий арифметика” деган фан вужудга келди. Унинг асосчилари инглиз олимлари Уильям Петти (1623-1687) ва Жон Граунт (1620-1674) бўлганлар. У.Петтини ўз вақтида сиёсий иқтисоднинг «отаси» ва маълум даражада статистиканинг ихтирочисидир, деб аташган.
Европада статистиканинг асосчиси бўлиб бельгиялик олим Адольф Кетле (1796-1874) ҳисобланган. Ўша даврда Германияда Г.Ахенвал (1719-1772) биринчи марта «статистика» сўзини от сифатида қўллади ва илмий одатга киритди. Унинг фикрича, статистика бу давлат учун алоҳида аҳамият касб этадиган масалалар шархи, тасвиридир.
Россияда статистиканинг ривожланишига қуйидаги олимлар ўз ҳиссаларини қўшишган.
В.Н.Татишчев (1686-1750) биринчи маротаба аҳоли рўйхатини ўтказиш билан бирга аҳолининг жорий ҳисобини татбиқ қилиш лозимлигини кун тартибига қўйди.
К.И.Крилов (1689-1737) статистика тарихида биринчи маротаба давлатни тавсифловчи иқтисодий-статистик маълумотларни жадвал ёрдамида изоҳлади.
Д.П.Журавский (1810-1856) биринчи маротаба статистика фанининг таърифини берди, гуруҳлаш ролини кўрсатди, марказий статистика бошқармасини тузиш тўғрисидаги ғояни илгари сурди.
Семёнов Тянь-Шанский (1827-1914) маълум даражада рус давлати статистикасининг «отаси» ҳисобланади. У 1864 йилда марказий статистик қўмитанинг бошлиғи этиб тайинланган. Унинг раҳбарлигида 1897 йилда Бутун Россия аҳоли рўйхати ўтказилган.
Э.Янсон (1835-1893) биринчи маротаба Россияда назарий статистика бўйича дарслик ёзган.
Рус статистикасининг ривожланишида земство статистикаси алоҳида ўрин тутади. Бу статистика ХIX асрнинг бошларида вужудга келади. В.И.Орлов (1849-1885), А.А.Русов (1847-1915) ва бошқалар земство статистикасининг буюк намоёндалари бўлиб ҳисобланади.
Земство статистикаси ер ва унинг сифати, ундан олинадиган даромадни ўрганиш билан шугулланади. Уларнинг тўплаган маълумотларидан кейинчалик бир қанча иқтисодчи олимлар кенг фойдаланишган.
Статистика назарияси ва амалиётини ривожланишида қуйидаги олимларнинг хизматлари каттадир. Академик С.Г.Струмилин (1877-1975) меҳнат ресурслари, меҳнат унумдорлиги, илмий-техника тараққиёти каби муҳим муаммоларни ечишнинг янги усулларини ишлаб чиқди.
Академик В.С.Немчинов (1894-1964) қишлоқ хўжалик статистикасига асос солган биринчи олимдир. У иқтисодий тадқиқот фанида янги, яъни иқтисодий тадқиқот ва режалаштиришда математик усулларни қўллашни асослаб берди.
Ўзбекистонда статистикани ривожлантиришда Тошкент халқ хўжалиги институтида 1932 йилдан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган «Статистика» кафедрасининг олимлари муносиб ҳиссаларини қўшганлар. Улар жумласига биринчилар қатори докторлик диссертациясини ёқлаган, сўнгра Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвонига сазовор бўлган Н.М.Соатов ва И.А.Акрамовларни киритишимиз мумкин. Масалан Н.М.Соатовнинг «Суғориладиган ерлар статистикаси муаммолари» номли асари Ўзбекистонда сугориладиган ерлар статистикасининг такомиллаштирилишига қаратилган бўлса, И.А.Акрамовнинг «Капитал қўйилмалардан фойдаланиш самарадорлиги» асарида эса инвестиция кўрсаткичларини такомиллаштириш масалалари ёритилган. 1979 йилда ушбу олимлар махсус муҳаррирлиги остида биринчи марта ўзбек тилида муаллифлар жамоаси томонидан «Статистика асослари» номли ўқув қулланмаси чоп этилди. Сўнгги йилларда статистика фанини ривожлантиришда иқтисод фанлари докторлари, профессорлар И.Н.Эрматов, Ҳ.Набиев, С.Сирожиддинов, А.Набихўжаев каби олимларнинг хизматлари ҳам каттадир.



Download 120 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
  1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling