1-мавзу. Диншунослик фанига кириш Режа


Диннинг таърифи ва унинг жамиятдаги вазифалари


Download 135.61 Kb.
bet2/22
Sana09.06.2023
Hajmi135.61 Kb.
#1474463
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   22
Bog'liq
1-ЖН Диншунослик

Диннинг таърифи ва унинг жамиятдаги вазифалари
Дин – эътиқод ва у ҳар бир кишининг шахсий иши ҳисобланади. Диний нуқтаи назарга кўра, дин – муайян диний эътиқодларга, яъни илоҳга, унинг томонидан инсонларга хабар етказувчиларнинг ғайриоддий салоҳиятга эга эканига (пайғамбарлик), инсонлар атрофида унга кўринмайдиган аммо ундан анча юқори даражада турувчи мавжудотлар борлигига (фаришталар, жинлар) инсон идеал ҳаёт кечириши учун азалдан белгиланган қонуниятлар мавжудлигига (муқаддас китоблар), инсон ҳаёти мунтазам назорат остида эканига, қилинган барча яхшилик ва ёмонлик учун мукофот ёки жазо муқаррарлигига (охират, ҳисоб-китоб қилиниш), инсон қисмати аввалдан белгиланишига (тақдир) ва шу каби қарашларга ишониш, уларни ақида сифатида қабул қилишдан иборат.
Дин – табиaт, жамият инсон ва унинг онги, яшашдан мақсади ҳамда тақдири инсониятнинг бевосита қуршаб олган атроф-муҳитдан ташқарида бўлган, уни яратган айни замонда инсонларга тўғри, ҳақиқий, одил ҳаёт йўлини кўрсатадиган илоҳий қудратга ишонч ва ишонишни ифода этадиган маслак, қараш таълимотдир. У муайян таълимотлар, ҳис-туйғулар, тоат-ибодатлар ва диний ташкилотларнинг фаолиятлари орқали намоён бўлади. У олам, ҳаёт яратилишини тасаввур қилишнинг алоҳида тариқаси, уни идрок этиш усули, оламда инсониятнинг илк тарихидан то бизгача ўтган даврларни илоҳий тасаввурда акс этишидир. Дин комил инсонни тарбиялашда салмоқли тарбияловчи қудратга эга бўлган маънавий-ахлоқий кучдир.
Дин ишонмоқ туйғусидир. Ишонмоқ туйғуси инсониятнинг энг теран ва гўзал руҳий-маънавий эҳтиёжларидандир. Дунёда дини, ишончи бўлмаган халқ йўқ. Халқ динсиз, эътиқодсиз бирор-бир нарсага ишончсиз ҳолда яшай олмайди. Социологик нуқтаи назардан қараганда дин жамият учун зарурий нарса, ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмидир. У ижтимоий муносабатларни юзага келтирувчи ва амалга оширувчи омил сифатида намоён бўлади. Бу эса динни жамиятда бажарган вазифаларига кўра ўрганиш мумкин демакдир.
Диннинг вазифалари унинг алоҳида шахс ва жамиятга таъсири ва табиатидан келиб чиқади. Диннинг вазифаси ёшларга шахс, оила, жамият ҳаётига кириб бориши, маданият ва маънавиятни бойитишга қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришдир.
Диннинг ижтимоий вазифалари ҳақидаги таълимотни функционизм ривожлантиради. Функционизм жамиятга ижтимоий тизим сифатида қарайди. Унда жамиятдаги ҳар бир элемент муайян функцияни бажаради. Диннинг жамиятда бажарадиган ижтимоий, маънавий, руҳий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:
Биринчидан, ҳар бир дин ўз эътиқод қилувчилари учун тўлдирувчилик, тасалли берувчилик – компенсаторлик вазифасини бажаради. Масалан, инсонда доимий эҳтиёж ҳосил қилиш ҳодисасини олайлик. Инсон ўз ҳаёти, турмуш тарзи, табиат ва жамият билан бўлган муносабатлари жараёнида ҳаётий мақсадларига эришиши иложсиз бўлиб кўринганида, унда қандайдир маънавий-руҳий эҳтиёжга зарурият сезади. Бу диний эҳтиёж бўлиб, у маънавий-руҳий эҳтиёжни қондирувчи, тасалли берувчилик вазифасини бажарган ва бажармоқда.
Масалан, буддавийлик дини роҳибликни тарғиб қилади, христианликда эса, ҳар бир христиан Исо масиҳнинг қайтишига умид қилиб, сабр-бардош билан ҳаёт кечиради. Ислом динида ҳар бир мусулмон дунёда эришмаган моддий ёки руҳий орзу-истакларига охиратда эришишга ишонган ҳолда яшайдилар.
Иккинчидан, дин ўз таълимот тизимини вужудга келтиргач, ўзига эътиқод қилувчилар жамоасини, шу таълимот доирасида сақлашга ҳаракат қилган ва ҳозир ҳам шундай. Бу диннинг бирлаштирувчилик – интеграторлик вазифаси деб аталади. Дин доимо ижтимоий, этник, ижтимоий ва маънавий ҳаётда узвийлик, мунтазамлиликни таъминлаш мақсадида у халқларнинг ижтимоий ҳаётига, ахлоқий муносабатларига, адабиёти ва санъатига боғланган.
Масалан, яҳудийликда мазкур дин вакиллари бир мафкура атрофида бир миллат ва ягона маслак эгалари бўлиб, ягона худо Яҳвенинг севимли бандалари эканлиги уқтирилади.
Христианликда диний меъморий, тасвирий, мусиқа санъатидан фойдаланиб икона чизувчилар мактаблари фаолият олиб боради.
Учинчидан, ҳар бир дин ўз қавмлари турмушини тартибга солиб назорат қилувчилик – регуляторлик вазифасини бажаради. Динлар ўз урф-одатлари, маросим ва байрамларининг қавмлари томонидан ўз вақтида, қатъий тартибда амал қилишини шарт қилиб қўяди.
Масалан, исломда кунига беш маҳал намоз ўқилиши, ҳар ҳафта жума намозини жомеъ масжидларида адо этиш ва ҳоказолар.
Тўртинчидан, дин алоқа боғлашлик – коммуникативлик вазифасини ҳам бажаради, яъни ҳар бир дин ўз қавмларининг бирлиги, турли диндаги кишиларнинг ўзаро алоқалари, ўзаро ҳуқуқ ва бурчларининг борлиги, урф-одат ва ибодатларни жамоа бўлиб бажарилиши лозимлиги назарда тутилади.
Бешинчидан, дин қонунлаштирувчилик – легитимловчилик функциясини ҳам бажаради. Диннинг бу функцияси назарий асосини америкалик социолог Т.Парсонс ишлаб чиққан. Унинг фикрича, “ҳар қандай ижтимоий тизим муайян чекловларсиз мавжуд бўла олмайди. Бунинг учун у қонун даражасига кўтарилган ахлоқ нормаларини ишлаб чиқиши керак. Дин бундай нормаларни қонунлаштирибгина қолмай, уларга бўлган муносабатни белгилайди”.
Олтинчидан, дин вазифаларининг фалсафий, назарий жиҳатлари мавжуд. У инсонга яшашдан мақсад, ҳаёт мазмунини, дорулфано ва дорулбақо дунё масалаларига ўз муносабатларини билдириб туришдан иборатдир.
Дин инсониятнинг руҳий дунёси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, унинг ижтимоий ҳаётида доимо у билан бирга бўлади. Динни ўрганиш бу инсониятни ўрганишдир. Дин инсоният билан бирга дунёга келган.
Динлар турли гуруҳларга бўлинади:
- Уруғ-қабила динлари – тотемистик, анимистик тасаввурларга асосланган, ўз уруғидан чиққан сеҳргар шомон қабила бошлиқларига сиғинувчи динлар. Улар ҳозир Австралия, Жанубий Америка ва Африкадаги баъзи қабилаларда сақланиб қолган:
- Миллий динлар – маълум миллатга хос бўлиб, бошқа элат вакиллари ўзига қабул қилмайдиган динлар. Уларга яҳудийлик, ҳиндуийлик, конфуцийлик, синтоизм киради;
- Жаҳон динлари – дунёда энг кўп тарқалган, кишиларнинг миллати ва ирқидан қатъи назар унга эътиқод қилишлари мумкин бўлган динлар. Унга буддавийлик, христианлик ва ислом дини киради.
Динлар таълимотига кўра, монотеистик – яккахудолик (яҳудийлик, ислом) ва политеистик – кўпхудолик (ҳиндуийлик, конфуцийлик) динларига бўлинади.
Дин муаммоларига хос дастлабки ғоялар Марказий Осиёда -деизм, пантеизм ва бошкалар, бу ўлкада яшаган, ижод қилган улуғ алломалар Муҳаммад Мусо Хоразмий, Ахмад Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Умар Хайёмнинг ижтимоий-фалсафий қарашларида, Ибн Рушднинг "Икки ҳақиқат" таълимотида олға сурилган эди. XVII асрда Бобурнинг набираси Шоҳ Акбар, сўнгра XVIII асрда француз файласуфларининг динга, диний ташкилотларга муносабатлари XIX асрда илмий диншунослик доирасида янги оқим, йўналиш ва назариялар юзага келишига катта туртки бўлган. Бинобарин, XIX асрда мифологик мактаб (ака-ука Я. ва В. Гримм, М.Мюллер); антропологик мактаб (Л.Фейербах) ва бошқа мактаблар пайдо бўлган. XX асрда диншунослик янада янги назариялар билан бойиган. Букда швейцариялик психолог К.Юнг ва айниқса, француз социологи Э.Дюркгеймнинг "коллектив онг" ҳақидаги таълимоти диққатга сазовордир.
Аммо ўша давр диншунослиги динга ўз ижтимоий-сиёсий қарашларини баён этар экан, бу қарашлари диний ташкилотлар манфаатлари билан боғланмаган, мафкуравий жиҳатдан бетараф қилиб кўрсатмоқчи бўлган. Бу уринишларни "асослаш" да турли фалсафий ҳамда ижтимоий назариялардан фойдаланган. Амалда эса илоҳиётга кўпроқ ёндашган.
XIX аср ўрталарида диншунослик фани дин фалсафасидан ажралиб чиқди. Динни эмпирик ўрганилиши диний ёдгорликларнинг тадқиқ этилишига туртки бўлди. Мифологик мактаб асосчиси М. Мюллер бу борада систематик нашрлар эълон қилди. У динни филологик тадқиқ этиш, йўқ бўлиб кетган динларни уларнинг ёдгорликларига қараб аниқлаш ва бунинг учун динни қиёсий ўрганиш услубини илгари сурди. Мюллер диннинг асосида ибтидоий инсоннинг табиат ҳақидаги қарашлари ётади, деб ҳисоблаб, диннинг натуралистик назариясини илгари сурди. Унинг фикрича, дин ибтидоий натурфилософия эди. Диннинг бошланғич элементи миф, диннинг вазифаси эса миф қаҳрамонларининг ҳақиқатини аниқлаш деб ҳисоблади. Диншунослик соҳасида мифологик мактаб XIX асрнинг охирги чорагига қадар ҳукмронлик қилди. Натуралистик қарашларнинг таъсири кейинроқ ҳам, масалан, Фрэзер асарида (“The Worship of Nature”, L., 1926) ўз аксини топди. Натуралистик қараш турларидан бири диннинг астраль назарияси бўлиб, унга кўра диний образ ва мифларда самовий жисмларнинг ҳаракати ўз аксини топган. Бу назарияга XVIII асрда асос солинган бўлиб, XX аср бошларида ҳам унинг етарлича тарафдорлари бор эди (Г. Винклер, Э. Штукен, А. Немоевский).
Диншунослик тараққиётининг янги босқичи диннинг илк шаклларини ўрганувчи инглиз антропологик мактабининг ишлари билан боғлиқ. Бу тадқиқотлар Э. Тайлорни 1867 йилда анимизм концепциясига олиб келди. (“Первобытная культура”. V. 1-2 , L. 1871; рус. пер. М., 1939.). Тайлор, шунингдек Спенсер ва Леббок динга “инсоннинг элементар тажрибаларини (уйқу, ўлим ва ҳоказо) нотўғри талқин қилиш оқибатида вужудга келган ибтидоий одам ақлий фаолиятининг меваси бўлган ибтидоий гносеология” сифатида қарадилар. Тайлорнинг фикрига кўра, культ диний қарашлардан ҳосил бўлган нарса бўлиб, кейинроқ пайдо бўлган. Дин тарихи эволюция тушунчасини қўллаб Тайлор ва Спенсер диндан аввалги давр бор деб ҳисоблайдилар. Анимистик қарашларда эса кейинроқ ундан барча мавжуд динлар келиб чиққан диннинг минимумини кўрдилар. Кенг, этнографик материалга асосланган анимизм теорияси XIX асрнинг охирги чорагида динни ўрганишда ҳукмронлик қилди. Россияда унинг энг йирик намояндаси Л.Я. Штернберг эди. Аммо XIX аср охири XX аср бошларида бир қатор муаллиф анимизмни танқид қилиб чиқдилар.
Робертсон-Смитт ўзининг “Сомийлар дини ҳақида” лекцияларида (W.H. Smith, Lectures on the Religion of the Semites, Edin., 1889) таъкидлашича, энг қадимий динлар фаолият системаси ёки культни ифодалаган, диний ритуални белгилайдиган эътиқод ва миф эса кейинчалик шаклланган. 1900 йилда Маретт (1866-1945) шундай ғояни илгари сурдики, унга кўра, анимизмдан олдин аниматизмнинг янада қадимийроқ босқичи бўлган ва у даврда ҳали руҳлар ва шахсий руҳ ҳақида тасаввурлар бўлмаган. Аввал диний-магик ҳаракатлар импульсив реакция характерига эга бўлган, диннинг ғоявий ва ақидавий шакллари кейинчалик унинг ҳиссий субстратидан келиб чиққан. Мареттнинг қарашларига немис дин тадқиқотчилари Прёйс ва Фиркандт ҳамда рус тадқиқотчиси В. Богораз-Танлар анча яқин эдилар. А. Ланг (1844-1912) ибтидоий халқларнинг динини мифологияга ҳам анимизмга ҳам киритиш мумкин эмас, деб динда эволюционизм ғоясига қарши чиқди (A. Lang, Myth, ritual and religion, v. 1-2, L., 1887). Австралияликлар динида антропоморф худолар ҳақида ривожланган қарашларни топган Ланг прамонотеизм ғоясига жуда яқинлашди (“The making of Religion”, L., 1898.). Бу ғоядан кейинчалик В. Шмидтнинг клерикал, маданий-тарихий мактаби кенг фойдаланди. XX аср бошида Вундт анимистик назарияни қайта кўриб чиқишга уринди ва ўзиннг ассоциатив психологияси ёрдамида дин ибтидоий инсоннинг фикрий фаолияти эмас, балки фантазиявий фаолиятининг натижаси, деган хулосага келди. Вундт диний-мифологик тасаввурлар билан бир қаторда руҳоний руҳ, янада қадимийроқ бўлган, инсоннинг ташқи қиёфасидан ажралмайдиган, ҳайвонга кўчиб ўта оладиган жисмоний руҳ ҳақидаги тасаввурларга қараб тотемизм анимизмдан келиб чиққан деган фикрга келди.
Инглиз антропологик мактабининг йирик намояндаси Фрэзер ҳам Тайлор каби диннинг пайдо бўлишига рационалистик ёндашиб, дин уч руҳоний тараққиёт босқичидан бири деб ҳисоблаб, дин ва магия орасида туб фарқ бор деб қатъий фикр билдирди. Диннинг манбаини, Фрэзер, магик фаолиятнинг кучсизлиги кўриниб қолганда ва ёрдамсизлик ҳиссиёти туғилиб, назорат қилиб бўлмайдиган табиат кучларини персонификация қилишда деб билди.
Кейинчалик этнологик мактаблар диний фаолият, ритуалнинг диний назариясидан кўра бирламчи эканлигини таъкидлаб, эволюционизм принципини танқид қилиб, диннинг “гносеологик” назариясини инкор этиб чиқдилар. Улар орасида Америка культур-антропология мактаби (Боас, Крёбер, Р. Бенедикт, Кардинер ва б.), Б. Малиновский ва Радклифф-Брауннинг функционал мактаби алоҳида нуфузга эга эди. Улар эволюционизм назариясига ҳамда бир-бирларига қарши фикр билдирдилар. Малиновский диннинг вазифаси критик ҳаётий вазиятларда ноиложлик ва қўрқувни енгиш деб билса, Радклифф-Браун унга қарши ўлароқ диний маросим ва унга боғлиқ эътиқодларни қўрқув манбаи деб ҳисоблади. Радклифф-Браун Дюркҳеймга яқинлашиб диннинг философияси ижтимоий муносабатларни мустаҳкамлаш деб ҳисоблади.



Download 135.61 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6   7   8   9   ...   22




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling