1 мавзу. Эстетиканинг предмети, тадқиқот доираси, аҳамияти ва вазифалари
Download 0.58 Mb.
|
нафосат фалсафаси
2. Бадиий ижод жараёни. Бадиий ижод жараёни меҳнат, лекин у бошқа барча ақлий меҳнат турларидан катта фарқ қилади. Унда меҳнат қандайдир сирли руҳ билан амалга ошади, шунинг учун одатда бадиий ижод жараёни масаласига ёндашувлар ҳар хил: унда кимлардир рационал, кимлардир норационал жиҳатларни устувор ҳисоблайди, баъзилар уни умуман тушуниб ва тушунтириб бўлмайдиган, фавқулоддалик, сирли тасодиф ҳамда ҳар бир ижодкорнинг шахси билан белгиланадиган ўта хусусий ҳодиса сифатида талқин қиладилар. Бизнингча, ҳар учала фикрда ҳам асос бор, лекин уларнинг ҳеч қайсиси ўзича бутун ижодий жараённи қамраб ҳам оломайди, тўлиқ очиб ҳам беролмайди. Шунинг учун уни шартли равишда қисмларга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ бўлади деб ўйлаймиз.
Бадиий ижод жараёнининг ибтидоси санъаткорнинг муайян ғояни ёки ғоялар тизимини бадиият орқали бошқаларга етказиш истаги билан боғлиқ. Уни биз ғоявий ният деймиз. У кўзга илғамайдиган даражада нозик ва кўз илғамайдиган даражада миқёсликка эга. Чунки ғоявий ният ўз номи билан ғояга тааллуқли, у ижодкорнинг дунёқарашининг меваси, бутун асарнинг пойдевори. У бадиий асарнинг мавзуи, шакли, мазмуни, “тили”, бадиий воситалари қандай бўлиши кераклигини белгилаб бериш учун улар билан “кураш олиб боради”. Баъзан уларни ўзига бўйсундиради, баъзан эса уларга бир оз ён бериб, маълум нуқталарда ўзгаради, “шароитга мослашади”. Ғоявий ниятни шу боис ҳеч қачон тўлиқ амалга ошган эстетик ҳодиса сифатида тасаввур қилиш мумкин эмас. Ғоявий ният бирор бир ерда, бошқа ижодкорнинг асарида, эстетика назариясида ёки реал ҳаётда учрайдиган қандайдир тайёр нарса ёхуд “қаттиқ ўйлаш”, “теран фикрлаш” натижасида вужудга келадиган бадиий ҳодиса эмас. У реалликни инъикос эттиришга қаратилган эса-да, ўзи реаллик бўлмаган, аммо яратилажак асарнинг идеали, санъаткор руҳидаги идеал сифатида вақтинча – бадиий ижод жараёни мобайнида реал ҳукмронлик қиладиган норационал ижодий талаб. Шунинг учун у тизимли ёки мантиқий тарзда вужудга келмайди, балки бирдан пайдо бўлади, ҳар бир асар учун алоҳида “туғилади”. Лекин ҳамма ҳолатда ҳам унинг асосида санъаткорнинг таъсирланиши ётади. Баъзан бирор бир тарихий воқеа қайсидир фильм, китоб ёки ким биландир учрашув, гоҳида қандайдир ижтимоий ноҳақлик, гоҳ кутилмаган ҳодиса, ҳатто йўлда кетаётиб муаллиф қоқилиб кетган тош ижодкор руҳига чақмоқдек таъсир қилиши мумкин. Таъсир ижодий тасаввурни уйғотади, тасаввур мавзуни танлайди. Масалан, Лев Толстойга эзилиб-босилса ҳам бош кўтаришга уринаётган қушқўнмас ўсимлиги – “ярадор” бир гиёҳнинг ҳолати қаттиқ таъсир қилади ва у бу марданавор ўсимлик қиёфасида Ҳожи Мурод қисматини тасаввурига келтиради. “Ҳожи Мурод” қиссанинг ғоявий нияти ана шундай туғилган. Ижод жараёнининг бошидан охиригача иштирок этадиган руҳий қувват, бу – тасаввур. Ижодий тасаввур, тўғрироғи, бадиий тасаввур қидирувчан ҳиссиёт, бирор бир ҳодиса ёки ҳодисаларнинг кескин аниқликка эга бўлмаган, лекин айрича товланиб, ижодкорни ўзига чақириб турадиган эҳтиросли, мавҳум шакли. Тасаввурни таърифлашнинг, нима эканини аниқлашнинг қийинлиги, унинг ўзи ақл-идрокни инкор этгани ҳолда, ақлга мос эстетик кўриниш топади, у, мўъжизавийлик, хаёлийлик ва каромат унсурларини ўзида мужассам этгани ҳолда, ақл-идрокни шартлилик билан “алдайди”. Бадиий ижод жараёнида тасаввур билан бирга илҳом ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Уни илоҳий, мўъжизавий пари (қадимги юнонларда музалар) тарзида тасаввур қилиш одатга айланган. Лекин у асли ижодкорнинг илмий жиҳатдан нима эканини аниқлаб, хусусиятларини белгилаб бўлмайдиган руҳий ҳолати. Тўғрироғи, у ниҳоятда кўтаринки руҳ. У кишини шунчалик юксакликка олиб чиқадики, у ердан туриб ижодкор ҳамма нарсани ҳароратли нигоҳ билан кўра олади ва тасвирлаш учун керак бўлган шаклни, мазмунни, композицияни, умуман, асарни бутунисича тасаввур қилади. Умуман, ижод жараёнида ижодкорнинг ҳамма қатори эмаслиги, кўпчилик каби мўътадил яшамаслиги фройдчиликни тан олмаган марксчиликдан бошқа фалсафий йўналишларда эътироф этилади. Ҳатто “Қайта қуриш ва ошкоралик” давридаги “Эстетика” луғатида: “... илҳом истисноли мураккаблик ва объектив тадқиқот учун бўй бермайдиган ҳодиса бўлса-да, уни бемалол билиш мумкин, у ҳеч қандай илоҳийликнинг, ғайритабиийликнинг тажассуми эмас”, деган қатъий фикр билдирилади ва унга ғирт моддиятчилик, шўроларча мафкурабозлик нуқтаи назаридан, нохолис ёндашилади, уни реал кундалик меҳнат, узоқ ижодий изланишлар маҳсули сифатида талқин этилади1. Бадиий ижод жараёни давомли ҳодиса. Бунда биз унинг ҳар бир асар учун алоҳида мавжуд бўлишини назарда тутаётганимиз йўқ, бу – ўз-ўзидан тушунарли. Гап шундаки, бир зарб билан яратилган асарлар (айниқса йирик ҳажмдаги ижод маҳсули) санъат тарихида кўп учрамайди. Одатда бадиий ижод жараёни узоқ давом этади. Масалан, К.Брюллов “Помпейнинг сўнгги куни” полотноси устида йигирма йил йил ишлагани, Лев Толстой “Уруш ва тинчлик” романини деярли йигирма марта, Абдулла Қаҳҳор баъзи асарларини ундан ҳам кўпроқ қайта кўчиргани ва унинг, менинг меҳнатимни маймун қилганида, мендан ёмон ёзувчи бўлмас эди, деган гапи лоф эмас, айни ҳақиқат. “Қайта кўчириш” таҳрир дегани. Муаллиф, айни пайтда ўзи учун кучли муҳаррир ҳам бўлиши лозим. Санъат тарихида баъзи асарлар бир умр ишланганини кўп эшитганмиз. Энг муҳими, ижодкор асарни қайта кўриб чиқаётганида, таҳрир қилаётганида ўша асл ижодий ҳолатга – илҳомга қайтиши, жуда бўлмаганда, ўша ҳолатни “руҳан эслаши” керак. Акс ҳолда қайта ишланган вариант, кейин киритилган қўшимчалар ёки ўзгартишлар уқувсиз актёр ёпиштирган мўйловдек асарнинг умумий руҳини бузиб туради. Масалан, Суннатилла Анорбоевнинг “Оқсой шалолалари” қиссаси ўз вақтида яхши кутиб олинди ва ижобий баҳоланди, китобхонларнинг севимли асарларидан бирига айланди. Лекин муаллиф, орадан уч-тўрт йил ўтгач, унга тахминан яна шунча ҳажм қўшиб, “Оқсой” номи остида роман деб эълон қилди. Оқибатда илҳомсиз, зўрма-зўраки шиширилган китоб пайдо бўлди. У кишида энди ловуллаб турган атлас кўйлакка бўздан ёқа билан енг улагандек таассурот қолдирарди. Бунинг устига асар композицияси бузилган, “тикилган чок” қўпол тарзда китобнинг умумий мазмунини иккига бўлиб турарди. Ижод жараёниинг кушандаси бўлган бириничи иллат, бу – ижодкорнинг қўрқоқлиги, дадил эмаслиги. Қўрқоқлик икки хил кўринишда намоён бўлади. Аввало ғоявий ният улкан салмоқ ва ҳажмдаги реалликни талаб қилганида, уни эплай олмайман, мен Навоиймидим, Шекспирмидим, қабилидаги фикрлашда, қолаверса – ғоявий ниятнинг замон кўтармайдиган эканидан чўчишида, асарни битириб ташлаб қўйгандан кўра, бошқасига, эълон қилиниши мумкин бўлганига қўл уришни афзал деб билишда кўринади. Баъзан эса, бунинг акси рўй берганда, ғоявий ният реалликка айланмай қолади. Бунда ижодкор ишни бошлаш ўрнига ғоявий ниятни «шишириш» билан шуғулланади, ҳикояни талаб қилган ғоявий ният роман-эпопея даражасига кўтарилиши мумкин. Лекин ўз вақтида қоғозга тушмаган эҳтирослар сўнади, қамраб бўлмайдиган нарсани қамраб олишга уриниш ғоявий ниятни йўққа чиқаради. Ижод жараёнининг яна бир кушандаси ўзига ўзи керагидан ортиқ талаб қўйиш, ўта инжиқлик. Мен меъмор эканман, Растрелли ёки Уста Ширин даражасида бино қураман, бўлмаса уринишимнинг нима кераги бор, дейиш жуда кўп қобилиятли ижодкорларнинг йўлини тўсган. Чунки бунда ҳам ижод жараёни ўз ибтидосидаёқ ҳалокатга учрайди. Ўз ижодий имокниятларига бундай реал ёндаша олмаслик аста-секин ижодкорни «танқидчилик»дан нарига ўтолмайдиган, истеъдодини бой берган бахциз кимсага айлантириб қўяди. Ижод жараёнини йўққа чиқарадиган энг ёмон иллат – ижодкорнинг дангасалиги, турли баҳоналар топиб, меҳнатдан қочиши, вақтни ҳис қилмаслик, бугун бўлмаса, эртага «қотириб ташлайман», деган хомхаёл билан ўзини тинчитиши. Бунда ижодкор аста-секин нафақат ғоявий ниятидан балки бутун ижод жараёнидан бегоналашиб боради. Яна бир иллат, тўғрироғи, замонавий иллат, бу – ижодкорниннг маишатпарастлиги, ичкиликка берилиб кетиши. Дастлабки муваффақиятлардан эсанкираб қолган ёш ижодкор, уларни «юва бошлайди», мунтазам «ювишлар» натижасида ғоявий ниятлар реалликка айланмайди, бадиий ижод жараёни сўнггига етмайди, охир-оқибат ижодкорнинг истеъдоди ҳам бутунлай «ювилиб» кетади. Шу сабабли бадиий ижод жараёнини шартли равишда икки қисмга бўлиш мумкин. Унинг биринчи қисмида, ҳар қандай шароитда ҳам, кам деганда бадиий асарнинг устихони – скелети яратилади. Бир оз нафас ростлангач, ёки, маълум вақт асар ташлаб қўйилгач, бадиий жараённинг иккинчи қисми – бадиий асарни асосан шаклан гўзаллаштириш даври бошланади. Унда муаллиф ўз асарига янгича, юқорида айтилганидек, маҳорат нуқтаи назаридан ёндашади, таҳрир қилади, ўзгартишлар киритади, қисқартиради в. ҳ. Биринчи қисмда онгаланмаганлик устувор бўлса, иккинчи қисмда онгланмаганлик ва онгланганлик уйғун равишда жараённи бошқаради. Асар тугагач, ижодкор ўзини бўм-бўш бўлиб қолгани, қандайдир оддийлашиб, заифлашиб, кичрайиб қолганини ҳис қилади. Download 0.58 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling