3-§. Инвестициялар ва унинг даражасини белгиловчи омиллар
Инвестициялар ялпи сарфларнинг асосий таркибий унсурларидан бири ҳисобланади. Инвестициялар даражаси жамият миллий даромади ҳажмига сезиларли таъсир кўрсатади, миллий иқтисодиётдаги кўплаб мутаносибликлар инвестиция ҳажмининг ўсиш суръатига боғлиқ бўлади. Инвестициялар мамлакат миқёсида кенгайтирилган такрор ишлаб чиқариш объектлари қуриш, станок, ускуна ва шу каби узоқ муддатли фойдаланиладиган асосий капиталларни сотиб олиш, ишга тушириш билан боғлиқ сарфларни билдиради.
Инвестициялар – асосий ва айланма капитални қайта тиклаш ва кўпайтиришга, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга қилинган сарфларнинг пул шаклидаги кўринишидир. У пул маблағлари, банк кредитлари, акция ва бошқа қимматли қоғозлар кўринишида амалга оширилади. Пул маблағлари кўринишидаги инвестиция номинал инвестиция, ана шу пул маблағларига сотиб олиш мумкин бўлган инвестицион ресурслар реал инвестиция дейилади.
Инвестицияларни рўёбга чиқариш бўйича амалий ҳаракатлар - инвестицион фаолият, инвестицияларни амалга оширувчи шахс - инвестор дейилади.
Ҳозирги даврда «…иқтисодиётга хориж сармоясини, аввало, бевосита йўналтирилган сармояларни кенг жалб этиш учун қулай ҳуқуқий шарт-шароитни, кафолат ва иқтисодий омилларни янада кенгайтириш»3 алоҳида аҳамиятга эга. Шунга кўра, бу борадаги чора-тадбирларни кучайтириш натижасида 2004 йилда «…мамлакат реал иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Ўтган (2004) йили бу кўрсаткич 5,2 фоизга ўсди ва ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизини ташкил этди. Бунда марказлаштирилган манбалар улуши кескин камайди ва марказлаштирилмаган манбалар, аввало, корхоналарнинг ўз маблағлари улуши ошиб, жами инвестицияларнинг 43 фоиздан ортиғини ташкил этди».
Шунингдек, 2004 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан асосий капиталга инвестициялар ҳажми 2473,2 млрд. сўмни ташкил этиб, уларда нодавлат секторининг улуши 2000 йилдаги 36,1% дан, 2004 йилда 58,6% га етди (4-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |