1-мавзу. ИҚтисодиёт назарияси фанининг предмети ва билиш усуллари


-§. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон томонлари ва ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви


Download 1.2 Mb.
bet277/310
Sana06.04.2023
Hajmi1.2 Mb.
#1277558
1   ...   273   274   275   276   277   278   279   280   ...   310
Bog'liq
иқтисод маруза

1-§. Иқтисодий ривожланишнинг умумжаҳон томонлари
ва ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви

Ҳозирги даврда жаҳон иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ўзига хос хусусиятларидан бири – турли мамлакатлар ва хўжалик минтақалари ўртасидаги ўзаро боғлиқликнинг ўсиб бориши ҳисобланади.
Жаҳон хўжалиги узоқ даврлар мобайнида шаклланиб ва ривожланиб келди. Е.Ф.Борисов жаҳон хўжалиги шаклланишининг тўртта босқичини ажратиб кўрсатади:
Биринчи босқич ишлаб чиқаришнинг саноатлашувидан олдинги даврда вужудга келиб, дастлаб ўша даврдаги кишилар жамоалари ёки қабилалари ўртасида пайдо бўлган савдо айирбошлашуви кейинчалик товар ишлаб чиқаришнинг ривожланиши билан турли мамлакатлар ўртасидаги доимий товар алмашуви – халқаро савдонинг пайдо бўлиши ва ривожланишига олиб келди.
Иккинчи босқич ишлаб чиқаришнинг саноатлашув даврига тўғри келиб, йирик машиналашган ишлаб чиқаришнинг вужудга келиши ва тадбиркорларнинг кўпроқ фойда олишга интилиши ташқи савдони деярли барча миллий хўжаликларнинг таркибий қисмига айлантириб қўйиши натижасида XVIII-XIX асрларда ривожланган жаҳон бозори пайдо бўлди.
Учинчи босқич XIX-XX асрларга тўғри келиб, бу даврда жаҳон хўжалиги тизими шаклланди.
Тўртинчи босқич ХХ асрнинг 60-йилларидан бошлаб, яъни кўплаб мустамлака мамлакатларнинг сиёсий қарамликдан озод бўлиши натижасида замонавий жаҳон иқтисодиётида ижобий ўзгаришларнинг янги тенденцияларини пайдо бўлиши билан боғлиқ. Бу тенденциялар қуйидагилардан иборат:

  • иқтисодий манфаатдорлик асосидаги халқаро ҳамкорлик;

  • ишлаб чиқаришнинг байналминаллашуви;

  • жаҳон миқёсидаги бозор маконларининг кенгайиши;

  • жаҳон хўжалиги алоқалари мажмуининг ривожланиши.

“Жаҳон хўжалиги”, “бутунжаҳон хўжалиги”, “жаҳон иқтисодиёти” тушунчалари бир хил маънони англатиб, баъзи манбаларда уларнинг кенг ва тор маънолари фарқланади.Кенг маъносига кўра, жаҳон хўжалиги – бу жаҳондаги барча миллий иқтисодиётларнинг йиғиндисидир. Тор маъносига кўра – бу миллий иқтисодиётларнинг фақат ташқи дунё билан ўзаро алоқада бўлган қисмлари мажмуидир. Бироқ, бу иккала маъно ўртасидаги тафовут борган сари сезилмай қолмоқда, чунки барча мамлакатларда ташқи дунё билан бевосита ёки билвосита алоқага киришмаган тармоқ ёки соҳалар тобора камайиб бормоқда.
Демак, жаҳон хўжалиги – бу халқаро меҳнат тақсимоти, савдо-ишлаб чиқариш, молиявий ва илмий-техникавий алоқалар орқали бирлашган турли мамлакатлар хўжаликлари тизимидир.
Жаҳон хўжалиги субъектлари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:
- ўз ичига халқ хўжалиги мажмуини олувчи давлат;
- трансмиллий корпорациялар;
- халқаро ташкилот ва институтлар;
- миллий иқтисодиёт чегарасидан чиққан, хўжалик барча соҳалари таркибидаги фирмалар.
Жаҳон хўжалиги миллий хўжаликдан ягона жаҳон бозорининг мавжудлиги билан фарқланади. Жаҳон бозорининг амал қилишига ривожланган мамлакатларнинг иқтисодий сиёсати аҳамиятли таъсир кўрсатади. Жаҳон бозорининг ўзига хос хусусияти бўлиб жаҳон нархлари ва халқаро рақобат тизимининг амал қилиши ҳисобланади. Айнан халқаро рақобатнинг мавжудлиги турли даражадаги миллий қийматларни ягона байналминал қийматга келтиради. Жаҳон нархи жаҳон бозорига неъматларнинг асосий ҳажмини етказиб берувчи мамлакатлардаги шарт-шароитлар орқали аниқланади. Мамлакатлар ўртасида сотиш бозорларини эгаллаш учун кескин рақобат кураши олиб борилади.
Жаҳон хўжалигида ҳар бир ўзгаришлар (жаҳон бозоридаги нархлар ҳаракати ва алоҳида мамлакатнинг экспорт имкониятидан тортиб дунё иқтисодиётидаги таркибий силжишлар ва халқаро монополиялар фаолиятигача) дунёдаги барча мамлакатлар манфаатини ўзига тортади. Мамлакатнинг савдо, ишлаб чиқариш, валюта-молия соҳаларидаги жаҳон тамойилларига боғлиқлик объектив реаллик ҳисобланади. Ҳозирги даврда ҳар қандай мамлакатни унинг иқтисодиёти қандай ривожланган бўлишидан қатъий назар, жаҳон хўжалиги алоқаларига жалб қилмасдан тўлақонли иқтисодий ривожланишини таъминлаш мумкин эмас.
Шу сабабли Президентимиз И.Каримов «Мамлакатнинг жаҳон хўжалик алоқаларида, халқаро меҳнат тақсимотида кенг миқёсда иштирок этиши очиқ турдаги иқтисодиётни барпо этишнинг асосидир», деб таъкидлайди.
Дунё бир-биридан мақсадлари, амал қилиш механизми билан фарқланувчи турли хил ижтимоий-иқтисодий тузумлар, халқаро гуруҳларга бўлинган. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатларини туркумлаш ҳар хил мезонлар асосида амалга оширилади.
Турли мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларининг турли-туманлиги улар тараққиёт даражасини қандайдир битта нуқтаи-назардан баҳолаш имконини бермайди. Шунга кўра, мазкур мақсадда бир неча асосий кўрсаткич ва мезонлардан фойдаланилади:
- мутлоқ ва нисбий ЯИМ;
- миллий даромад ва унинг аҳоли жон бошига тўғри келувчи миқдори;
- миллий иқтисодиётнинг тармоқ тузилмаси;
- мамлакат экспорти ва импорти таркибий тузилмаси;
- аҳолининг турмуш даражаси, сифати ва бошқалар.
Мамлакатнинг жаҳон хўжалигидаги ўрнини аниқлашда бир неча ёндошувлар мавжуд. Улардан энг оддийлари –мамлакатларни аҳоли жон бошига тўғри келувчи даромад даражаси бўйича гуруҳларга ажратиш ҳисобланади. Бундай ёндошув БМТ, Халқаро валюта фонди (ХВФ), Жаҳон тикланиш ва тараққиёт банки (ЖТТБ) томонидан қўлланилади. Масалан, ЖТТБ даромад даражасига кўра мамлакатларнинг учта гуруҳини фарқлайди. 1995 йили аҳоли жон бошига тўғри келувчи миллий даромадларнинг қуйидаги чегаравий миқдорлари белгиланган эди:
- даромадларнинг паст даражаси – 765 долларгача (49та мамлакат);
- даромадларнинг ўртача даражаси – 766 доллардан 9385 долларгача (58та мамлакат);
- даромадларнинг юқори даражаси – 9386 доллар ва ундан юқори (26та мамлакат).
Жаҳон ҳамжамияти мамлакатларини туркумлашга умумий асосда ёндашиб хўжалик тизимларининг хусусиятларига мос равишда давлатларнинг учта гуруҳини ажратиб кўрсатиш мумкин: ривожланган, бозор иқтисодиётига асосланган ҳолда ривожланаётган ва бозор иқтисодиёти мавжуд бўлмаган мамлакатлар. Ривожланганлик даражаси бўйича ҳам ўз навбатида учта гуруҳ фарқланади: паст, ўртача ва юқори ривожланган мамлакатлар. Шимоли-шарқий Осиё ва Лотин Америкасидаги янги индустриал мамлакатлар (ЯИМ), юқори даромадли нефть экспорт қилувчи мамлакатлар (Саудия Арабистони, Қувайт ва бошқалар), энг кам ривожланган мамлакатлар (ЭКРМ), шу жумладан энг камбағал мамлакатлар (Чад, Бангладеш, Эфиопия), ҳар хил минтақавий иттифоқлар ва байналминал гуруҳларга ажратилади.
Бу барча турли-туманлик бир бутун яхлитликка ўзаро иқтисодий боғлиқликнинг ҳар хил жиҳатлари орқали тортилади. Ҳозирги хўжалик алоқаларининг чуқурлашиб бораётганлиги байналминаллашувининг кучайиши ҳамда фан-техника революциясининг кенг қамровли тавсифи, алоқа ва коммуникация воситаларининг бутунлай янги роли шароитида миллий иқтисодиёт ўз-ўзини таъминлаш орқали самарали амал қилиши мумкин эмас.
Жаҳон хўжалик алоқаларининг тез ўсиши шундай даврларга тўғри келадики, бу даврда ишлаб чиқариш омилларининг ҳаракати тезлашади, капитал миллий чегарадан ўсиб чиқади, ишчи кучи миграцияси кучаяди, халқаро меҳнат тақсимотининг шаклланиш жараёни тезлашади. Бу шундан гувоҳлик берадики, хўжалик алоқаларининг байналминаллашувини кўп жиҳатдан ишлаб чиқарувчи кучларнинг ривожланиш мантиқи тақозо қилади, яъни у миллий чегарадан ўсиб чиқади ва объектив равишда ишлаб чиқаришнинг байналминаллашувини зарур қилиб қўяди.
Ишлаб чиқариш ёки иқтисодий ҳаётнинг байналминаллашуви – бу мамлакатларнинг жаҳон миқёсида иқтисодий алоқаларининг кучайиши ҳамда иқтисодий муносабатларнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олиш жараёни ҳисобланади.
Барча иқтисодий жараёнларнинг байналмиллалашуви натижасида жаҳон хўжалигининг қуйидаги таркиби вужудга келди:

  1. товар ва хизматлар жаҳон бозори;

  2. капиталлар жаҳон бозори;

  3. ишчи кучи жаҳон бозори;

  4. халқаро валюта тизими;

  5. халқаро кредит-молия тизими.

Бундан ташқари, байналминаллашув ахборотлар, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмалари, маданият соҳаларида ҳам ривожланмоқда. Ягона илмий-ахборот макони шаклланмоқда.
Халқаро савдо миллий давлатларнинг пайдо бўлиши билан улар орасидаги иқтисодий ва сиёсий алоқаларнинг ифодаси сифатида қадимдан амал қилиб келган бўлсада, бу ҳали жаҳон бозори мавжудлигини англатмас эди. Жаҳон бозори фақат йирик машиналашган саноатнинг пайдо бўлиши билан дастлаб бир қатор мамлакатлар ўртасида вужудга келиб, ХХ асрнинг бошларида жаҳоннинг барча мамлакатларини қамраб олди.
Алоҳида мамлакатлар миллий бозори ҳамда жаҳон бозори фарқланади. Жаҳон бозори бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Агар миллий бозорда товарлар ҳаракати иқтисодий омиллар (ишлаб чиқариш алоқалари, транспорт, хом ашё, меҳнат ресурслари ва ҳ.к.) билан боғлиқ бўлса, товарларнинг жаҳон бозорига бу омиллардан ташқари алоҳида давлатларнинг ташқи иқтисодий сиёсати аҳамиятли таъсир кўрсатади.
Миллий хўжаликлар ва улар ўртасидаги иқтисодий алоқалар негизида шаклланган жаҳон хўжалиги асосида халқаро меҳнат тақсимоти ётади.

Download 1.2 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   273   274   275   276   277   278   279   280   ...   310




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling