4) турли мамлакатларда аҳоли сонининг ўзгаришининг фарқланиши.
Яна бир глобал зиддият сифатида ХХ асрнинг иккинчи ярмида бошланган демографик “портлашлар”, яъни ер шари аҳолиси сонининг жадал ўсиши кўрсатилади. Айниқса, ривожланаётган мамлакатлар аҳолсининг тез ўсиши бир қатор жиддий ижтимоий-иқтисодий зиддиятларни келтириб чиқаради. Баъзи бир мамлакатлардаги аҳоли сонининг кўпайиши натижасида рационал хўжалик юритишга тўсқинлик қилувчи аҳолининг нисбий ортиқчалиги белгилари кўзга ташланади. Ишлаб чиқариш ҳажмининг кўпайишига қарамай аҳоли жон бошига истъемол, айниқса ривожланган мамлакатлардаги истеъмол даражаси билан таққослаганда, кишиларнинг ҳақиқий эҳтиёжларига қараганда паст даражада қолмоқда.
Бу каби ҳолатлардан баъзи бир демограф-олимлар асоссиз равишда, кескин хулосалар чиқариб, аҳоли нуфуси жараёнлари устидан давлат миқёсидаги назоратларнинг ўрнатилиши, жумладан оилани режалаштириш дастурларини ишлаб чиқиш каби даъволарини кучайтирмоқдалар. Бундай ассосиз дастурлардан кўра, улар бу мамлакатларда янги техника ва технология асосида ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш дастурини таклиф қилсалар яхшироқ бўлар эди. Аҳоли нуфуси борасидаги барча фикр-мулоҳазалар ҳам реал асосга эга бўлмай, биз улрнинг баъзи бирларини ХХ-бобда танқидий жиҳатдан кўриб чиққан эдик.
Юқоридагилардан кўринадики, ҳозирда жаҳон миқёсида юз бераётган глобаллашув жараёнлари ўзининг ижобий йўналишлари ва зиддиятларига эга бўлиб, бу жиҳатларнинг нисбатини тартибга солишда дунёнинг барча мамлакатларининг фаол иштироки ва бирлашуви талаб этилади.
3-§. Халқаро иқтисодий муносабатларнинг шакллари.
Жаҳон инфратузилмасининг ривожланиши
Жаҳон хўжалиги мураккаб тизим ҳисобланади. Турли миллий иқтисодиётлар (ёки улар ташқи иқтисодий қисмлари) нинг барча мажмуи товарлар, хизматлар ва ишлаб чиқариш омилларининг ҳаракати билан мустаҳкамланган бўлади. Шу асосда мамлакатлар ўртасида халқаро иқтисодий муносабатлар вужудга келади. Халқаро иқтисодий муносабатлар (баъзида уларни ташқи иқтисодий алоқалар, жаҳон хўжалиги алоқалари деб ҳам юритилади) – бу жаҳоннинг турли мамлакатлари ўртасидаги хўжалик алоқалари мажмуидир.
Халқаро иқтисодий муносабатлар қуйидаги шаклларда намоён бўлади:
- товар ва хизматларнинг халқаро савдоси;
- капитал ва чет эл инвестицияларининг ҳаракати;
- ишчи кучи миграцияси;
- ишлаб чиқаришнинг давлатлараро кооперацияси;
- фан ва техника соҳасидаги айирбошлаш;
- валюта-кредит муносабатлари.
Товар ва хизматларнинг халқаро савдоси энг аввало миллий хўжаликларнинг халқаро меҳнат тақсимотидаги иштирокига боғлиқ. Халқаро меҳнат тақсимоти ривожланиши натижасида жаҳон бозори таркиб топади. Жаҳон бозорига товар ва хизматларнинг халқаро ҳаракати сифатида қараш мумкин. Жаҳон бозори ўзининг ривожланишида бир қатор босқичлардан ўтадики, улардан ҳар бири миллий хўжаликнинг халқаро иқтисодий муносабатларга жалб қилинишининг маълум даражаси билан тавсифланади. Товар ва хизматларнинг халқаро савдоси ва жаҳон бозорининг асосий белги ва хусусиятларини XXVII-бобда батафсил кўриб чиқамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |