1-мавзу: Кириш. Қон физиологияси курсининг мақсади ва аҳамияти. Режа
Download 1.2 Mb.
|
Қон физиологияси
Онкотик босим. Қон плазмасида талайгина миқдорда оқсил ва бошқа коллоид ҳолдаги моддалар бор. Улар ҳам осмотик босим ҳосил қилади. Қоннинг коллоидларга боғлиқ осмотик босими онкотик босим дейилади.
Онкотик босим ўртача 30мм симоб устунига тенг ёки қон умумий осмотик босимининг 1/200 қисмини ташкил қилади. Жуда кичик бўлишига қарамай, онкотик босим капиллярлардаги қон ва тўқима суюқлиги ўртасида сув алмашинувида хал килувчи аҳамиятга эга. Бу алмашинувни икки куч таъминлайди. Биринчиси, капиллярлардаги қоннинг гидростатик босими, капиллярларнинг артериал учида бу босим 35мм с. У. Га тенг бўлиб, қон капиллярларнинг веноз қисмига етгунча 25мм с. У. Гача пасаяди. Қоннинг гидростатик босим капиллярлардан ташқарига каратилган. Иккинчи куч- қоннинг онкотик босими, у сувнинг томирларда сақланиб туришини таъминлайди. 30мм с. У. Га тенг бўлган онкотик босим деярли ўзгармайди. Сувнинг қондан ташқарига чиқиши ва кайтиб капиллярларга ўтиши шу икки нисбатга боғлиқ: капиллярларнинг артериал қисмида гидростатик босим онкотик босимдан юқори – сув тўқимага ўтади; веноз қисмида онкотик босим гидростатик босимдан юқори – сув қонга кайтади. Шу тарзда қон ва тўқима суюқлиги ўртасида узлуксиз равишда сув алмашинуви содир бўлиб туради. Қоннинг фаол реакцияси ва буфер тизимлари. Қоннинг фаол реакциясини водород (Н+) ва гидроқсил (ОН-) ионларнинг миқдори белгилайди. Бу реакцияни водород кўрсаткичи – рН ифодалайди. Қоннинг фаол реакцияси ғоят муҳим аҳамиятга эга, чунки алмашинув жараёнлари фақат муайян реакциядагина мўътадил ўтади. Одам артериал қонининг рН 7, 4 веноз қонининг рН и эса карбонат кислотаси кўпроқ бўлганидан 7, 35 бўлади. РН нинг салгина ўзгаришлари (0, 1- 0, 2 га) ҳам узоқ давом этиши мумкин эмас. Қоннинг ўзгарган фаол реакцияси тезда тикланмаса, организм ҳалок бўлади. Қонга ишқорий ва кислотали табиатга эга бўлган моддалар узлуксиз қўшилиб туришига қарамасдан, унинг рН и ўзгармасдан сақланади. Бунга эришишнинг уч йўли маълум: 1) қоннинг буфер тизимлари ёрдамида; 2) СО2 ни ўпка орқали чиқариш йўли билан; 3) буйраклар орқали кислоталар ажралишини кўпайтириш орқали ва ишқорий моддаларни сақлаб қолиш йўли билан. Қоннинг рН доимийлигига ҳавф туғилганда биринчи галда буфер тизимлари ишга тушади. Бундай тизимлардан қонда тўртта: карбонат, фосфат, плазма оқсиллари гемоглобин буфер тизимлари мавжуд. Карбонат буфер тизими кучсиз карбонат кислота ва бу кислотанинг кучли асослар билан ҳосил қилган тузларидан иборат. Қонда карбонат кислотадан кучлироқ кислота пайдо бўлса, унинг аниони, натрий ёки калий катиони билан бирикиб, нейтрал туз ҳосил қилади. Водород карбонат аниони билан карбонат кислотасини ҳосил қилади. Эритроцитлардаги фермент карбоангидраза карбонат кислотанинг сув ва карбонат ангидридга парчаланишини таъминлайди, карбонат ангидрид ўпка орқали атмосфера ҳавосига чиқарилади. Агар қонга ишқор тушса, у карбонат кислота билан бирикиб, бикарбонат ва сув ҳосил қилади. Фосфат буфер тизими бир асосли ва икки асосли фосфатлардан иборат. Диссоциацияланиши қийин бўлган бир асосли фосфат – кислотали хусусиятга эга, икки асосли туз эса – кучсиз ишқор. Қонга тушган ишқорлар натрий дифосфат билан, кислоталар эса икки асосли фосфат билан реакцияга киришади, натижада рН ўзгармай қолаверади. Амфотер хусусиятларга эга бўлган плазма оқсиллари кислоталар билан ишқор сифатида, ишқорий моддалар билан кислота кислота сифатида реакцияга киришиб, қоннинг рН доимийлигини сақлашда иштирок этади. Аммо бу жараёнда гемоглобин буфер тизими асосий рол ўйнайди. Гемоглобин буфер тизимига қоннинг буфер тизимининг 75% и тўғри келади. Бу тизимни тикланган гемоглобин (ННв) ва гемоглобиннинг калий тузи (КНв) ташкил қилади. Водород ионларининг миқдори карбонат кислота ҳисобига кўпайиб кетса, гемоглобининг тузи калий ажратади. НСО3- аниони бу калий билан бирикиб, деярли диссоциацияланмайдиган ННв га айланади. Натижада водород ионлари боғланади ва қоннинг рН и ўзгармайди. Қон фаол реакциясини доимийлигини сақловчи кучли механизмлар мавжудлигига қарамасдан, водород кўрсаткич баъзи физиологик ва патологик ҳолатларда ўзгаради. РНнинг ишқорий томонга ўзгариши алколоз, кислотали томонга ўзгариши ацидоз дейилади. Бу кўрсаткич 7, 0 гача пасайса ва 7, 8 дан ортса, организм жуда тез ҳалок бўлади. Қон плазмаси. Қонинг шаклли элементлардан ажратилган қисми плазма дейилади. Унинг 90% и сув, 7-8% и оқсиллар, 1, 1% и бошқа органик бирикмалар ва 0, 9% и анорганик тузлардан иборат. Томирларда ҳаракат килувчи қон плазмаси томирлар ичидаги суюқлик ҳажмининг доимийлигини таъминлайди, қоннинг кислотали- ишқорий мувозанати ҳам плазмага боғлиқ. Плазмадаги сув томирлар ичидаги сув ҳажмини ташкил қилади. Бу сув катта юзага эга бўлган капиллярлар девори орқали доим тўқима суюқлиги билан алмашиниб туради. Қон ва тўқима суюқлиги ўртасида электролитлар ва кичик молекулали моддаларнинг узлуксиз алмашинуви ҳам кузатилади. Плазма электролитлари унинг осмотик босимини, фаол реакциясини таъминлайди. Бу кўрсаткичларнинг доимийлиги биринчи галда қон ҳужайраларининг мўътадил фаолияти, ундан кейин бошқа ҳужайралар учун жуда муҳим. Плазмадаги электролитларнинг умумий миқдоридан ташқари, улар ўртасидаги нисбат ҳам бир меъёрда сақланиши керак. Шунинг қонга юбориладиган ва аъзолар фаолияти ўрганилганда кўлланиладиган синама эритмалар қонга нисбатан фақат изотоник эмас, балки изоионик бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Плазмадаги оқсиллардан ташқари таркибида азот бўлган кичик молекуляр моддалар ҳам бор. Улар плазма оқсиллари бирор йўл билан чўктирилгандан кейин эритмада қолади. Шу сабабдан қолдиқ азот деб аталади. Бу моддаларнинг кўп қисмини сийдикчил ташкил қилади. Плазма нооқсил азотининг умумий миқдори тахминан 25-30 мг% ни ташкил қилади. Плазмада азотсиз органик моддалардан глюкоза (80- 120 мг% ёки 4, 44-6, 66ммоль/л), нейтрал ёғлар, органик кислоталар мавжуд. Ёғ ва ёғсимон моддаларнинг умумий миқдори 0, 4- 0, 7% ни ташкил қилади. Download 1.2 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling