1-мавзу. Савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида бухгалтерия ҳисоби хусусиятлари маъруза режалари


Download 68.41 Kb.
Sana18.06.2023
Hajmi68.41 Kb.
#1574870
Bog'liq
1.1-мавзу 7


1-МАВЗУ. САВДО ВА УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШ КОРХОНАЛАРИДА БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ХУСУСИЯТЛАРИ
Маъруза режалари:
1. Савдо корхоналарининг бухгалтерия ҳисоби субъектлари сифатидаги таснифи, тавсифи ва улар фаолиятинингташкилий-ҳуқуқий асослари.
2.Улгуржи савдо корхоналарида товар операцияларининг бухгалтерия ҳисоби
3. Чакана савдо корхоналарида товар операцияларининг бухгалтерия ҳисоби.
4. Умумий овқатланиш корхоналарида товар операциялари ҳисобини ташкил қилиш хусусиятлари.
5.Умумий овқатланиш корхоналарида товар операцияларини хужжатлаштириш ва улар бўйича ҳисоботни тузиш.
6.Улгуржи савдо корхоналарида товар-моддий бойликлар инвентариза-цияси ва унинг натижалари ҳисоби.
7. Савдо корхоналарида даромадлар ҳисоби, савдо корхоналарида харажатлар ҳисоби, савдо корхоналарида якуний молиявий натижалар ҳисоби.
8. Савдо корхоналарида якуний молиявий натижалар ҳисоби.
9.Умумий овқатланиш корхоналарида молиявий натижаларни ҳисобга олишнинг хусусиятлари
1. Савдо корхоналарининг бухгалтерия ҳисоби субъектлари сифатидаги таснифи, тавсифи ва улар фаолиятинингташкилий-ҳуқуқий асослари.

Савдо юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга ошириладиган тадбиркорликнинг бир тури ҳисобланади. У ишлаб чиқариш соҳасини истеъмол соҳаси билан боғловчи бўғиндир. Савдосиз яратилган маҳсулотлар ўз истеъмолчиларига етиб бормайди. Демак, савдо макон ва замонда такрор ишлаб чиқаришни амалга оширишнинг муҳим шартларидан биридир.


Савдо товар-пул муносабатларининг мажмуасидир. Ушбу муносабатларда бир томондан сотувчи, иккинчи томондан эса сотиб олувчи иштирок этади. Товар-пул муносабатлари мажмуаси савдони иқтисодиётининг махсус тармоғи даражасида харакат қилишига олиб келади.
Савдо фаолиятини турли белгилари бўйича гуруҳлаш мумкин.
Амал қилиш ҳудудига кўра савдо фаолияти ички ва ташқи савдога бўлинади.
Ички савдо – бир мамлакат ҳудуди чегарасида амалга ошириладиган савдо фаолияти.
Ташқи савдо – мамлакат ичида ишлаб чиқарилган маҳаллий товарларни бошқа мамлакатларга сотиш фаолияти. Ташқи савдо фаолияти, бошқачасига, экспорт деб ҳам аталади.
Товарларни савдо-сотиғини амалга ошириш ва унда қўлланиладиган ҳисоб-китобларнинг шаклига кўра савдо улгуржи, майда улгуржи ва чакана савдо турларига бўлинади.
Улгуржи савдо – савдо соҳасида товарларнинг йирик туркумларини ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шакли бўйича, уни тижорат тадбиркорлик фаолияти мақсадида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланишни мўлжаллаётган хўжалик юритувчи субъектларга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Улгуржи савдо ҳам ички, ҳам ташқи савдо фаолияти бўлишлиги мумкин.
Майда улгуржи савдо – савдо соҳасида товарларни кичик туркумлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз ва нақд пул шакллари бўйича сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Майда улгуржи савдо фақат ички савдо фаолияти ҳисобланади. Ушбу савдо фаолияти чакана савдо корхоналари, улгуржи савдо корхоналари ва юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан турғун савдо шоҳобчалари ҳамда истеъмол буюм бозорларида ажратилган жойлар орқали амалга оширилади.
Чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш. Ушбу савдо фақат ички савдо фаолияти ҳисобланади.
Чакана савдо юритувчи шахсларнинг нуфизига кўра савдо фаолияти жисмоний шахслар ва юридик шахслар томонидан олиб бориладиган савдога бўлинади.
Жисмоний шахслар томонидан олиб бориладиган савдо фаолияти деганда юридик шахс мақомисиз маҳаллий ҳокимиятдан рўйхатдан ўтган ва савдо фаолиятини юритиш ҳуқуқига эга бўлган хусусий тадбиркорлар томонидан амалга ошириладиган савдо тушунилади. Бундай хусусий тадбиркорлар савдо фаолиятини ўзларининг хусусий савдо дўконлари ёки буюм бозорларида ажратилган жойлар орқали амалга оширадилар.
Юридик шахслар томонидан олиб бориладиган савдо фаолияти деганда юридик шахс сифатида маҳаллий ҳокимиятдан рўйхатдан ўтган ва савдо фаолиятини юритиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналар томонидан амалга ошириладиган савдо тушунилади. Бундай корхоналар савдо фаолиятини ўзларининг савдо дўконлари, шохобчалари, базалари, омборлари ёки буюм бозорларида ажратилган савдо тармоқлари орқали амалга оширадилар. Юридик шахслар савдонинг барча турларини олиб борадилар.
Юритувчиларнинг мулкий шаклига кўра савдо давлат, нодавлат ва аралаш мулкдаги корхоналар томонидан олиб бориладиган савдога бўлинади. Савдо фаолияти билан шуғулланувчи давлат корхоналари бўлиб республикамизда ҳозирги даврда ихтисослашган «Мудофаа савдо» тизими тасарруфидаги корхоналар ҳисобланади.
Савдо фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат ва аралаш мулкдаги корхоналар бўлиб республикамизда аксиядорлик жамиятлари, хорижий инвецитсиялар иштирокидаги корхоналар, масъулияти чекланган жамиятлар ва бошқа мақомдаги хусусий корхоналар ҳисобланади.
Товарларнинг гуруҳларига кўра савдо озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари савдосига, гуруҳлар ичида эса алоҳида қуйи гуруҳ товарлари савдосига, масалан, нон ва нон маҳсулотлари савдоси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, алкогол ва алкоголсиз ичимликлар савдоси, хўжалик моллари савдоси, қурилиш материаллари савдоси, автомобиллар савдоси, автомобиллар ёқилғиси савдоси, аралаш моллар савдоси, дори-дармонлар савдоси, тиббий техника ва оптика товарлари савдоси, тилла буюмлар савдоси ва шу каби бошқа турларга бўлинади.
Савдо фаолиятининг барча турлари, уларни амалга ошириш шартлари ва тартиби республикамизда давлат томонидан қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар билан қатъи тартибга солинади. Республикамизда улгуржи савдо лицензиялаштириладиган, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш эса лицензиялаштирилмайдиган фаолият турига киради. Алоҳида олинган товарларнинг, масалан, алкоголли ичимликларнинг сотилиши махсус рухсатномалар асосида амалга оширилади.
Савдо фаолиятининг турларига ва давлат цатицика органлари берадиган тармоқ (фаолият) кодига кўра савдо корхоналари қуйидагиларга бўлинади:
Улгуржи савдо (71100);
Чакана савдо (71200);
Умумий овқатланиш (71300).
Улгуржи ва чакана савдо корхоналарига, ўз навбатида, мулкий шакли, сотадиган товарларининг турлари бўйича махсус ички савдо тармоғи кодлари берилади.
Ходимларнинг сонига кўра савдо корхоналарини йирик корхоналар, кичик корхоналар ва микрофирмаларга ажратиш мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 30 августдаги Фармони ва уни бажаришга доир Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 11 октябрда қабул қилинган «Кичик табдиркорлик (бизнес) субъектларига кирадиган корхона ва ташкилотларни классификациясини тасдиқлаш тўғрисида» 439-сон Қарорига мувофиқ савдо ва умумий овқатланишда:
микрофирмалар – банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 5 кишигача бўлган хўжалик юритувчи субъектлар;
кичик корхоналар - банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони кўпи билан 6 кишидан 25 кишигача бўлган хўжалик юритувчи субъектлар;
Савдо фаолиятини юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтказиш уларнинг мулкий ва ташкилий шаклига боғлиқ бўлади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги «Тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун рўйхатдан ўтказиш тартиботлари тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги 357-сон Қарори ва ушбу Қарор билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида Низом»га мувофиқ савдо ва умумий овқатланиш корхоналари қуйидаги давлат органлари томонидан рўйхатга олинади:
Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган улгуржи ва чакана бозорлар, хорижий инвецитсия иштирокидаги савдо корхоналари, шунингдек Қонун ҳужжатларида кўзда тутилган ҳолларда бошқа савдо ташкилотлари – Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан;
хорижий инвецитсиялар иштирокидаги корхоналар ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ташкил этиладиган бозорлар, очиқ аксиядорлик жамиятлари ва Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда бошқа ташкилотлар - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги ва вилоятлар Адлия бошқармалари томонидан;
масъулияти чекланган жамият, хусусий фирма (корхона), хўжалик жамияти, шуъба хўжалик жамияти ва бошқа шакллардаги савдо ва умумий овқатланиш корхоналари – улар жойлашган жойдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги «Тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари» томонидан.
Савдо корхоналарининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилаб берувчи мезонлардан бири бўлиб белгиланган устав фондини ўз вақтида (давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб бир йил муддатда) шакллантириш ҳисобланади. Устав фондининг чегараланган миқдори фақат хорижий инвецитсиялар иштирокидаги корхоналарга, шунингдек, улгуржи савдо билан шуғулланувчи юридик шахсларга тааллуқлидир. Жумладан, хорижий инвецитсиялар иштирокидаги корхоналарни ташкил этиш учун устав капиталининг энг кам миқдори 150000 АҚШ долларини, улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланишни мўлжаллаган маҳаллий корхоналар учун эса энг кам иш ҳақининг камида 3500 бараварини, шундан энг кам иш ҳақининг камида 1200 бараваридаги миқдори пул маблағларини ташкил этиши лозим.
Чакана савдо ва умумий овқатланиш билан шуғулланувчи маҳаллий юридик шахслар учун устав фондининг чегараланган миқдори давлат томонидан белгиланмаган. Фақат Қонун ҳужжатларига мувофиқ уларнинг муассислари корхонани давлат рўйхатидан ўтказишгача таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳиссаларининг 30 фоизидаги миқдорини пул маблағлари билан олдиндан киришлари ва бу банк ҳужжатлари билан тасдиқланган бўлиши лозим. Агар тадбиркорлик субъекти устав фонди ёки унинг бир қисми мулкий улуш (кўчмас мулк, асбоб-ускуналар ва бошқалар) ёки интеллектуал мулк ҳисобига шакллантирилган тақдирда банк маълумотномаси талаб қилинмайди.
Download 68.41 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling