Янглишиб тўланган солиқ суммалари, шунингдек пенялар ва (ёки) жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигининг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилади. Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади. Муддатида қайтарилмаган ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоиз ҳисоблаш ва тўлаб бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2016 йил 30 мартда 2771-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Бюджет тизими бюджетлари даромадларининг касса ижроси тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида” тартиб асосида амалга оширилади. Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида аниқланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ортиқча тўланган (ушлаб қолинган) суммаси солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахсга, унинг солиқ ҳисобида турган жойидан қатъи назар, унинг солиқ органига тақдим этган аризаси асосида қайтарилади. Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади. Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди. Агар Солиқ кодексиининг 75-моддасининг бешинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ имтиёзлари Солиқ кодекси билан тақдим этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |