Ортиқча тўланган солиқ суммаси ва уларни қайтариш тартиби Ортиқча тўланган солиқ суммаси – солиқнинг (пенянинг, жариманинг) тўланган суммаси билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ. Солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ортиқча тўланган суммаси у илгари ҳисобга олинган ва (ёки) солиқ тўловчига қайтарилган суммаларни, шунингдек солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиладиган суммаларни ҳисобга олган ҳолда уни ҳисоб-китоб қилиш санасида аниқланади. Ортиқча ундирилган солиқ суммаси – солиқ органларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари натижасида ортиқча тўланган солиқ суммаси. Хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси – солиқ (пеня, жарима) суммасини тўлаган шахсни ва (ёки) тўловнинг мақсадини қатъий аниқлаш имкониятини бермайдиган тўлов чоғида хатоликка йўл қўйилган солиқ (пеня, жарима) суммаси. Қайси солиққа (пеняга, жаримага) нисбатан уни тўлаган шахс солиқ тўловчи деб ҳисобланмайдиган шахсдан ёки тўланиши лозим бўлган бюджетдан бошқа бюджетга келиб тушган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳам хатолик билан тўланган деб эътироф этилади. Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш: Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда шу солиқ тўловчига қайтарилиши ёхуд солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим. Солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим: 1) мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига; 2) бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш ҳисобига; 3) солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига. Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин. Солиқнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳамда ҳисобланган фоизларини ҳисобга олиш ёки қайтариш миллий валютада амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |