1. Табиий ресурслар / Ер]


Download 388.66 Kb.
bet3/6
Sana18.06.2023
Hajmi388.66 Kb.
#1565568
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
911 16.11.2019

кўп квартирали уй — туташган ер участкасига ёхуд ушбу уйда умумий фойдаланиладиган бинога мустақил чиқиш жойларига эга бўлган, уй-жой қонунчилигига мувофиқ умумий мулк элементларини ўз ичига олган икки ва ундан ортиқ квартиралар жамланмаси;
ёпиқ қурилган тураржой бинолари (таунхауслар) — алоҳида ер участкасида жойлашган, умумий ҳудуд ва чиқиш жойига эга, ёндош блок (блоклар)га ўтиш жойи мавжуд бўлмаган, умумий девор (деворлар)га эга, хар бири битта оила яшаши учун мўлжалланган бир нечта блоклардан иборат уч қаватдан юқори бўлмаган (мансарда билан) кўп квартирали уйлар тури;
якка тартибдаги уй-жойбир ер участкасида жойлашган, доимий яшаш, дам олиш ва шахсий хўжаликни юритишга мўлжалланган, ер устидаги қаватлари уч қаватдан ошмаган (мансарда ер устидаги қават ҳисобланади), қўшимча фойдаланишда бўлган хоналар ва иморатлардан иборат, ёрдамчи-хўжалик иморатлари ва ҳовлидаги иншоотлар тегишли бўлган бир ёки бир нечта турар жойлар таркибидаги якка тартибдаги қурилиш объекти;
кўчмас мулк объектлари — олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган турар жой ва нотурар жой, ишлаб чиқариш ва бошқа бино ва иншоотлар ва кўп йиллик экинлар;
мулкдор — ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар асосида кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ва юридик шахс;
келишмовчиликлар баённомаси — мулкдор билан компенсация миқдори, тури ва бериш муддати бўйича келишувга эришилмаган тақдирда ташаббускор томонидан тузиладиган ва у билан мулкдор биргаликда имзоланадиган ҳужжат;
Келишув — томонларнинг розилиги билан компенсация миқдори, тури ва бериш муддати, шунингдек, бошқа шартларни назарда тутувчи ташаббускор ва мулкдор ўртасида тузилган, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма шаклдаги шартнома;
адлия органлари — Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимлари.
3. Ер участкаси ёки унинг бир қисми (кейинги ўринларда ер участкаси деб аталади) давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилиши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорига биноан амалга оширилади.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаси олиб қўйилиши ҳақидаги қарорни қабул қилишга фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларига асосан йўл қўйилади.
Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори асосида ташаббускор ҳамда мулкдор ўртасида Келишув тузилганидан ҳамда Келишувда назарда тутилган компенсация берилганидан сўнг қабул қилинади, қурилаётган кўчмас мулкни компенсация сифатида бериш ҳоллари бундан мустасно.
Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши ва тегишли хулоса берилиши лозим.
4. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиладиган ер участкалари фақат ушбу мақсадларда фойдаланилади.
5. Давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкалари олиб қўйилишида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан биринчи навбатда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкаларидан, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий объектлар қурилишига эҳтиёжи бор бўлган жойлардан танлаб олинади.
6. Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйиш ва компенсация бериш ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга мувофиқ схемалар бўйича амалга оширилади;
Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ушбу Низомга 3-иловага мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.
2-боб. Ер участкаларини олиб қўйилишининг умумий қоидалари
§ 1. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида ҳужжатларни тайёрлаш
7. Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига асос мавжуд бўлган тақдирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкалари аниқланади, агар аниқланмаса — бошқа ер участкалари танланиб, тегишли тақдимот материаллари тайёрланади.
Тақдимот материаллари тайёрланган кундан сўнг бир иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли ҳулоса ва бошқа маълумотларни олиш учун қурилиш бўлимлари ва ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалларига сўров юборилади.
Сўров тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида:
қурилиш бўлимлари қурилиш объектларининг лойиҳа ҳужжатларини ушбу ҳудудни ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига (улар мавжуд бўлмаганда белгиланган тартибда тақдим этилган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларини жойлаштириш схемаларига) мувофиқли юзасидан ҳулоса ва бошқа маълумотларни тайёрлайди ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади;
ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини ва улар ҳақидаги бошқа маълумотларни тайёрлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли ҳулосалар ва бошқа маълумотлар олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида мулкдорларга бериладиган компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди.
8. Қуйидаги ҳолларда қурилиши режалаштирилаётган объектлар бўйича тақдимот материалларини тайёрлаш талаб этилмайди:
мудофаа ва давлат хавфсизлиги учун ерларни тақдим этиш;
халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариш;
фойдали қазилмалар конларини аниқлаш ва қазиб чиқариш.
9. Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишида тақдимот материаллари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарори билан ташкил этилган тегишли Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма кузатув кенгаши (кейинги ўринларда Кузатув кенгаши деб аталади) билан келишилиши лозим.
Кузатув кенгаши қабул қилинган қарор ҳақида уч иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларини ёзма равишда хабардор қилади.
10. Кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари икки иш кунида тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан фойда ва харажатларни баҳолаш масаласини кўриб чиқиш учун юборади.
Кузатув кенгашининг ёзма розилиги олинмасдан туриб тақдимот материалларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига киритиш тақиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдимот материаллари ва бошқа ҳужжатларни ушбу Низомнинг 22 — 27-бандларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.
§ 2. Ер участкалари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилишида ҳужжатларни тайёрлаш
11. Ер участкаси инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилишига асос мавжуд бўлган тақдирда инвесторлар томонидан тақдимот материаллари тайёрланади ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига киритилади.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли ҳулоса ва бошқа маълумотларни олиш учун қурилиш бўлимлари ва ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалларига сўров юборилади.
13. Сўров олинган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида:
қурилиш бўлимлари қурилиш объектларининг лойиҳа ҳужжатларини ушбу ҳудудни ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатларига (улар мавжуд бўлмаганда белгиланган тартибда тақдим этлган тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун бериладиган ер участкаларини жойлаштириш схемаларига) мувофиқлик юзасидан ҳулоса ва бошқа маълумотларни тайёрлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади;
ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиаллари ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини ва улар ҳақидаги бошқа маълумотларни тайёрлайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари тегишли ҳулосалар ва бошқа маълумотлар олинган кундан бошлаб икки иш кунида инвесторга ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхатини юборади.
Инвестор ушбу ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг тўлиқ рўйхати олинган кундан бошлаб беш иш кунида:
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулкдорларга бериладиган компенсациянинг дастлабки миқдорини аниқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига компенсация бериш учун етарли маблағлар мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади.
14. Тақдимот материаллари улар олинган кундан бошлаб икки иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига ер участкаси олиб қўйилиши мақсадга мувофиқлиги ҳамда шу муносабат билан фойда ва харажатларни баҳолаш масаласини кўриб чиқиш учун юборади.
Тақдимот материалларига ушбу Низомнинг 13-бандида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тақдимот материаллари ва бошқа ҳужжатлар ушбу Низомнинг 22 ― 27-бандларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.
15. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ушбу инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда устувор ҳуқуққа эга бўладилар.
Тақдимот материаллари келиб тушган кундан бошлаб беш иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича устувор ҳуқуқидан фойдаланиш бўйича таклифни ёзма равишда тақдим этиши шарт.
Мулкдор таклифни қабул қилган кундан бошлаб икки ой муддат мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича устувор ҳуқуқидан воз кечиши ёки инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича розилиги ва етарли ресурслари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади.
Мулкдор томонидан белгиланган муддатда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича розилик ва етарли ресурслари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмаган тақдирда устувор ҳуқуқидан воз кечилган ҳисобланади.
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун етарли ресурс мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилган тақдирда ушбу мулкдор инвестор мақомига эга бўлади ҳамда инвестиция лойиҳасини мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширади.
§ 3. Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш
16. Аҳоли пунктлари бош режаларининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига объектларни қуриш қисмини ижро этиш доирасида ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш биринчи навбатда бевосита тегишли ҳудудда жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорига таклиф этилади.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан турар жой ва нотурар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишига қўйилган талаблар бўйича лойиҳа ҳужжатлари ҳамда улар бўйича тақдимот материаллари тайёрланади. Тайёрланган ҳужжат ва материаллар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашига ушбу инвестиция лойиҳасини амалга ошириш муносабати билан фойда ва харажатларни баҳолаш учун юборилади.
Мулкдорларга умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, мухандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш мажбуриятини юклаш тақиқланади.
Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳалари бевосита мулкдор томонидан амалга оширилган тақдирда ер участкаси олиб қўйилишига йўл қўйилмайди.
17. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тақдимот материаллари ва бошқа ҳужжатлар ушбу Низомнинг 22 ― 27-бандларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.
Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги қарор Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан қабул қилинади. Ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари ушбу қарорни у келиб тушган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида турар жой ва нотурар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишига қўйилган талаблар бўйича лойиҳа ҳужжатларини илова қилган ҳолда мулкдорларга етказилишини таъминлайди.
18. Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳалари мулкдорларнинг ўз маблағлари, кредитлар ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобига амалга оширилади.
19. Мулкдорлар томонидан ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳалари қурилиш (реконструкция) объектининг лойиҳа ҳужжатларида назарда тутилган, бироқ Келишув имзоланган кундан бошлаб икки йилдан ошмаган муддатларда амалга оширилади.
20. Ушбу Низомнинг 19-бандида назарда тутилган муддатларга риоя қилмаслик қурилиши тугалланмаган объектлар ҳамда қурилиши тугалланмаган объектлар жойлашган ер учун белгиланган тартибда мол-мулкка солинадиган солиқ ҳамда ер солиғининг оширилган ставкалари қўлланилишига олиб келади.
21. Мулкдорлар томонидан ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан бош тортилган тақдирда ташаббускор томонидан Келишмовчиликлар баённомаси тузилади ва мулкдор билан биргаликда имзоланади. Келишмовчиликлар баённомасини имзолашдан бош тортилган тақдирда, бош тортиш сабаблари кўрсатилган ҳолда далолатнома тузилади.
Келишмовчиликлар баённомаси (далолатнома) имзоланганидан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари мажбурият юклаш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.
§ 4. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида тақдимот материаллари ва бошқа ҳужжатларни кўриб чиқиш тартиби
22. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлиси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда чақирилади ва ўтказилади.
23. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисида қуйидаги масалалар кўриб чиқилиши шарт:
инвестиция лойиҳалари муайян ҳудуддаги фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ҳудуд аҳолисининг аксарият қисмининг фикрини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектларни қуришга йўналтирилганлиги;
биринчи навбатда эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос тоифасига кирадиган объектлардан ташқари) билан банд бўлган ер участкалари аниқланганлиги, агар аниқланмаган бўлса — бошқа ер участкалари танланганлиги.
24. Очиқ муҳокамани ўтказишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин йўл қўйилади.
25. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.
26. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган инвестиция лойиҳалари ушбу қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой муддат мобайнида қайта кўриб чиқилиб, такроран киритилиши мумкин.
Такроран киритилган тақдимот материалари умумий тартибда кўриб чиқилади.
Очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор такроран қабул қилинган тақдирда тақдимот материаллари кейинчалик кўриб чиқилмайди.
27. Очиқ муҳокамани ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:
агар инвестиция лойиҳаси муайян ҳудуддаги фуқароларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, шунингдек, ҳудуд аҳолисининг аксарият қисмининг фикрини ҳисобга олган ҳолда инфратузилмани ривожлантириш ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга объектларни қуришга йўналтирилмаган бўлса;
уй-жой фондининг эскирган ва авария ҳолатида бўлган объектлар, шу жумладан, фойдаланилмаётган объектлар (маданий мерос объектларидан ташқари) билан банд бўлган ер мавжуд бўлса;
лойиҳа ер участкаси олиб қўйилиши мақсадларига тўғри келмаса;
таклиф этилаётган лойиҳа бўйича зарар фойдадан ошиб кетган бўлса;
Кузатув кенгашининг розилиги бўлмаганда (ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса).
Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг мажлисларида етарли даражада овоз тўпланмаган тақдирда ҳам ўтказилмайди.
28. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори у қабул қилинган кундан сўнг бир иш куни мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади.
Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида келиб тушган кундан кейинги иш куни эълон қилиниши шарт.
Download 388.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling