1. Табиий ресурслар / Ер]


§ 5. Мулкдорлар билан очиқ муҳокамани ўтказиш тартиби


Download 388.66 Kb.
bet4/6
Sana18.06.2023
Hajmi388.66 Kb.
#1565568
1   2   3   4   5   6
Bog'liq
911 16.11.2019


§ 5. Мулкдорлар билан очиқ муҳокамани ўтказиш тартиби
29. Очиқ муҳокама Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб йигирма кун мобайнида ўтказилади.
Ушбу муддат бузилган тақдирда тақдимот материаллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан умумий тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим.
30. Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи кўрсатилган хабарнома Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг очиқ муҳокамани ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кундан бошлаб икки кун мобайнида, бироқ очиқ муҳокама ўтказиладиган кундан камида етти кун олдин ташаббускор томонидан ёзма равишда юборилади.
31. Мулкдорларни очиқ муҳокама ўтказиш санаси ва жойи ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида, оммавий ахборот воситаларида ҳамда Интернет жаҳон ахборот тармоғида хар куни эълон бериш орқали хабардор қилишга йўл қўйилади.
32. Очиқ муҳокама ташаббускор томонидан ташкил этилади.
Очиқ муҳокама оммавий ахборот воситалари иштирокида ўтказилиши ва уларнинг иштироки ташаббускор томонидан таъминланиши шарт.
33. Очиқ муҳокама давомида ташаббускор мулкдорларни ушбу ер участкасида лойиҳани амалга ошириш шартлари, мақсад ва истиқболлари билан таништириши ҳамда уларнинг фикрларини эшитиши шарт.
Зарур ҳолларда инвестиция лойиҳалари мулкдорларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилиши мумкин.
Очиқ муҳокама якуни бўйича баённома расмийлаштирилади ва у ташаббускор ҳамда барча мулкдорлар томонидан имзоланади. Имзолашдан бош тортилган тақдирда бунинг сабаблари кўрсатилган ҳолда далолатнома расмийлаштирилади.
Баённома Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг расмий сайтларида расмийлаштирилган кундан кейинги иш куни эълон қилиниши лозим.
§ 6.Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлар томонидан ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарорини қабул қилиш тартиби
34. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан:
ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига — очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар тўлиқ баҳолангандан сўнг;
инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинишига — очиқ муҳокама ўтказилиб, фойда ва харажатлар тўлиқ баҳолангандан, шунингдек, мулкдорларнинг олдиндан розилиги олингандан сўнг йўл қўйилади.
35. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарорида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
олиб қўйилаётган ер участкасининг географик координатлари;
ер участкаси олиб қўйилишининг асослари ва мақсадлари;
бузиб ташланиши керак бўлган кўчмас мулк эгалари ва объектлари тўғрисидаги маълумотлар;
олиб қўйилаётган ер участкасида қурилиши лозим бўлган объектлар ҳақидаги маълумотлар;
ер участкасининг олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорларга компенсация бериш, шу жумладан, ер участкаси олиб қўйилиши билан боғлиқ бошқа масалалар.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликларининг расмий сайтида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши шарт.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
36. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилингандан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари мулкдорлар билан келишиш ишларини амалга оширади.
Келишувга эришилгач Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мулкдор икки томонлама Келишув имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланади.
37. Инвестиция лойиҳалари бўйича ўтказилган очиқ муҳокама баённомаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки туманлар (шаҳарлар)нинг расмий сайтида эълон қилинганидан сўнг инвестор мулкдорларининг розилигини олиш ишларини амалга оширади.
Мулкдорларнинг розилиги олингандан сўнг инвестор, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда мулкдор ўртасида уч томонлама Келишув имзоланиб, нотариал тартибда тасдиқланади.
38. Компенсация миқдори, турлари ва бериш муддати Келишувда назарда тутилади.
Келишувни имзолаган мулкдор ушбу Низомда белгиланган тартибда ер участкасининг олиб қўйилишига ва унда жойлашган кўчмас мулк объектининг бузиб ташланишига розилик берган деб ҳисобланади.
Келишув нотариал тасдиқланганидан кейин Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳисобга олиниши лозим.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари компенсация ўз вақтида ва тўлиқ, шу жумладан, инвестор томонидан ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини кафолатлайди.
Инвестор томонидан компенсация ўз вақтида ва тўлиқ тўланмаган тақдирда ушбу компенсация Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан биринчи навбатда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўланади ва кейинчалик айбдор шахслардан суд орқали регресс тартибда ундирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маҳаллий бюджетининг қўшимча маблағларининг сарфланишида компенсация тўлаб бериш устувор харажат ҳисобланади.
39. Олиб қўйиладиган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бошқа шахсга ўтказишга Келишув имзоланганидан сўнг ташаббускорнинг ёзма розилик хати мавжуд бўлган тақдирда ёки Келишув (Келишувда назарда тутилган тартибда, тарафларнинг розилиги билан ёки суд тартибида) бекор қилинган ҳолларда йўл қўйилади.
Бузиб ташланадиган кўчмас мулк объектини сотиб олган мулкдор мазкур Низомга мувофиқ тузилган Келишувдан келиб чиқувчи аввалги мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.
40. Ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган турар ва нотурар жойларнинг, ишлаб чиқариш ва бошқа иншоотларнинг манзилли рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги қарори у қабул қилингандан сўнг бир иш кунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига юборилади.
Ушбу қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларнинг расмий сайтларида ва оммавий ахборот воситаларида келиб тушган кундан кейинги иш куни эълон қилиниши шарт.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг ҳудудни ривожлантириш ва архитектура қиёфасини яхшилашга қаратилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги қарори юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
3-боб. Кўчмас мулк объектлари бузиб ташланиши муносабати билан мулкдорларга компенсация беришнинг умумий тартиби
41. Қуйидагилар компенсация қилиб берилади:
а) олиб қўйилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати;
б) олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати;
в) кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар;
г) жисмоний ва юридик шахсларнинг бой берилган фойдаси;
д) қонун ҳужжатларида ёки Келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар.
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой, ишлаб чиқариш ва бошқа бинолар ва иншоотларнинг қиймати ҳам қопланиши лозим.
42. Бериладиган компенсация турлари:
а) пул маблағлари;
б) бошқа кўчмас мулк объектини мулк қилиб бериш;
в) ер участкаси;
г) Келишувда назарда тутилган компенсациянинг бошқа турлари.
Томонларнинг келишувига биноан мулкдорга кўчмас мулкни баҳолаш қийматини ҳисобга олган ҳолда компенсациянинг бир неча турлари берилиши мумкин.
Бузиб ташланган кўчмас мулк ўрнига янги қурилаётган кўчмас мулк объекти бериш муддати бошқа кўчмас мулк объекти вақтинча фойдаланишга берилган кундан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги керак. Агар кўрсатилган муддатда янги кўчмас мулк объекти берилмаса, ташаббускор мулкдорга ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,01 фоиз миқдорида жарима тўлайди. Бунда жарима миқдори бузиб ташланган кўчмас мулк объекти қийматининг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги лозим.
Компенсация сифатида мулк тақдим этилиши назарда тутилган Келишув қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.
43. Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, компенсация Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар, вилоятлар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тегишли марказлаштирилган жамғарма маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига берилади.
Ер участкалари инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун олиб қўйилганда компенсация инвестор маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан берилади.
44. Битта маҳалла ёки кўчада яшовчи мулкдорлар ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, мулкдорларга ташаббускор билан келишган ҳолда битта маҳалла ёки кўчада жойлашган янги уйлар (битта кўп қаватли уйдаги квартиралар) берилиши мумкин.
45. Компенсация қуйидаги тартибда берилади:
а) пул маблағларини мулкдорнинг тегишли банк (депозит) ҳисоб рақамига ўтказиш йўли билан;
б) кўп квартирали уй ёки блокировка қилинган уй (таунхаус) эгаллаб турган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — томонларнинг келишувига кўра мулкдорга ўша ёки бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган майдон аввалги квартиранинг майдонидан кичик бўлмаган квартира мулк қилиб берилади.
Квартира мулкдорнинг хоҳишига кўра олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган кўп квартирали уйдан ёки блокировка қилинган уйдан (таунхаус) берилиши мумкин. Бундай ҳолда, мулкдорга ушбу квартира топширилгунга қадар у ва унинг оила аъзоларига ташаббускор ҳисобидан вақтинчалик ижарага турар жой берилади;
в) нотураржой объекти эгаллаб турган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — томонларнинг келишувига кўра мулкдорга ўша ёки бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган майдони аввалги нотурар жой объектининг умумий майдонидан кичик бўлмаган нотурар жой объекти мулк қилиб берилади.
Нотураржой объекти олиб қўйилган ер участкасида қурилаётган объектдан берилган тақдирда мулкдорга ушбу нотурар жой объекти топширилгунга қадар, ташаббускор ҳисобидан ижарага вақтинчалик нотурар жой объекти берилади;
г) якка тартибдаги (шу жумладан, қурилиши тугалланмаган лекин белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган) уй-жой билан банд бўлган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — томонларнинг келишувига кўра мулкдорига ўша ёки бошқа туманда (шаҳарда) жойлашган ер ва уй-жой майдони аввалгисидан кичик бўлмаган, шароитлари кам бўлмаган даражадаги якка тартибдаги уй-жой мулк қилиб берилади;
д) эгалик қилиш, доимий фойдаланиш ёки вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқида тегишли бўлган ер участкаси олиб қўйилган тақдирда — ушбу ҳуқуқ эгасига майдони аввалгисига тенг бўлган бошқа ер участкаси берилади.
Агар олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан ортиқ бўлса, ушбу фарқ ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгасига компенсация қилиниши шарт.
Агар олиб қўйилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати компенсация қилиб берилаётган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматидан паст бўлса, ушбу фарқ ер участкасига бўлган ҳуқуқ эгаси томонидан қайтарилиши талаб этилмайди.
Томонларнинг келишувига биноан бошқа турдаги компенсация ҳажми ва миқдори камайтирилиб, ўрнига мос равишда қўшимча ер участкаси компенсация қилиб берилиши мумкин.
Ер участкаси якка тартибдаги уй-жой қуриш учун берилган тақдирда, ушбу қурилиш якунланиб, якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга қабул қилингунга қадар мулкдор ва унинг оила аъзоларига ташаббускор ҳисобидан вақтинчалик ижарага турар жой берилади. Бунда қурилиш муддати Келишув тузилган кундан бошлаб икки йилдан ошмаслиги керак.
Мулкдорнинг хоҳишига кўра унга унинг ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилиши ва ажратилган ер участкасида бузиб ташланадиган турар жой ва нотурар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоот ўрнига жойлашиш схемаси, шакли, майдони, ҳажми ва бошқа параметрлари бўйича бир ҳил бўлган турар жой ва нотурар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоот қуриб берилади.
Бунда, ташаббускор томонидан ушбу кўчмас мулк объектининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланади ҳамда унда кўрсатилган сумма ташаббускор, мулкдор ҳамда қурилиш ташкилоти ўртасида тузиладиган шартнома асосида қурилиш ташкилотига кўчмас мулк объектини қуриб бериш учун белгиланган тартибда ўтказиб берилади.
Мулкдорга кўчириш, шу жумладан, бошқа кўчмас мулк объектини вақтинчалик олиш билан боғлиқ харажатлар, бой берилган фойда, шунингдек, қонун ҳужжатларида ёки Келишувда назарда тутилган бошқа харажатлар ва зарарлар компенсация қилиб берилиши керак.
46. Умумий мулк иштирокчилари бўлган шахслар томонидан компенсация уларнинг умумий мулкдаги улушига мос равишда танланади.
47. Олиб қўйилиши режалаштирилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларнинг 75 фоизидан ёзма розилиги олинганда (Келишув тузилганда), бироқ қолган мулкдорларнинг розилигини олиш имкони бўлмаганда (Келишувга эришилмаганда) ташаббускор уларнинг кўчмас мулк объектларини мажбурий сотиб олиш тўғрисидаги даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақли. Бунда, розилик бермаган (Келишувга эришилмаган) мулкдорларга бериладиган компенсация миқдори, турлари ва муддати суд тартибида белгиланади.
48. Олиб қўйилиши режалаштирилган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори (агар турар жой бўлса, шунингдек, ушбу манзилда рўйхатдан ўтган оила аъзолари) бўлмаган тақдирда, ташаббускор уларни излаш учун барча зарур чораларни кўради.
Агар бир йил мобайнида мулкдорни излаб топиш имкони бўлмаса, инвестор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туманлар (шаҳар) ҳокимликларига ушбу кўчмас мулк объектини эгасиз деб эътироф этиш ва ушбу кўчмас мулк объектини давлат мулкига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши сўраб мурожаат қилиши мумкин.
49. Кўчмас мулк объектини эгасиз деб эътироф этиш ва ушбу кўчмас мулк объектини давлат мулкига ўтказиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
50. Бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулкни баҳолаш ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин ва Келишув тузилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Кўчмас мулкни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан ташаббускор ҳисобига амалга оширилади.
Баҳолаш натижаларидан тарафлар норози бўлган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги бўйича экспертиза ўтказилади. Экспертиза билан боғлиқ ҳаражатлар баҳолаш натижаларидан норози бўлган тарафнинг маблағлари ҳисобидан қопланади.
Баҳоловчи ташкилот шартнома бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида буюртмачига етказилган зарар учун жавобгар бўлади. Буюртмачига етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда, баҳоловчи ташкилот томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланиши керак.
51. Ташаббускорнинг мулкий жавобгарлиги қонунда белгиланган тартибда суғурталаниши мумкин.
52. Мулкдор Келишув тузилгандан сўнг вафот этиб қолган тақдирда, Келишув бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар унинг меросхўрларига улушларига мутаносиб равишда ўтади.
Мулкдор Келишув тузилгунга қадар вафот этиб қолган бўлса, розиликни олиш ҳамда Келишув тузиш бўйича музокаралар унинг меросхўрлари билан умумий асосларда олиб борилади. Меросхўрларнинг доираси ва ҳар бирининг меросдаги улуши меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома асосида, низо юзага келган тақдирда — суд томонидан белгиланади.
53. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари берилган компенсациялар ҳисобини юритади.
Инвесторлар мулкдорларга Келишувда назарда тутилган компенсациялар берилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларига тақдим этиб боришлари шарт.
54. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
Келишувда назарда тутилган компенсация ўз вақтида ва тўлиқ тақдим этилишини доимий равишда мониторинг қилиб боради;
ер участкаларининг олиб қўйилиши, компенсация берилиши, кўчмас мулк объектларининг бузиб ташланиши, шунингдек, олиб қўйилган ер участкаларида олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот бериб боради.
4-боб. Олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тартиби
55. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қарор лойиҳаси барча мулкдорларга тегишли компенсация берилганидан кейин, шунингдек, турар ва нотурар жойлар, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа бино ва иншоотлар амалда тўлиқ бўшатиб қўйилганидан сўнг икки иш куни мобайнида тайёрланади.
Ушбу қарор лойиҳаси адлия органлари томонидан кўриб чиқилиши шарт. Қарор лойиҳасини кўриб чиқишда адлия органлари томонидан зарур ҳолларда бошқа тегишли ҳужжатлар талаб қилиб олиниши мумкин. Қарор лойиҳасини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича хулоса бериш муддати икки иш кунидан ошмаслиги лозим.
56. Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.
57. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорида қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
мазкур ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори реквизитлари;
бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектларининг манзилли рўйхати;
бузиб ташланиши лозим бўлган кўчмас мулк объектларининг мулкдорларига компенсация тўлиқ берилганлигини тасдиқловчи маълумот;
ҳар бир кўчмас мулк объектининг бузиб ташланиши бошланиш санаси ва бузиб ташлаш муддатлари;
шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши бўйича талаблар.
Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат қурилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
58. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимининг кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш ҳақидаги қарори у қабул қилинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида:
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат реестрига тегишли ёзув киритиш учун ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалларига;
тегишли солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиш учун туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияларига юборилади;
ўзларининг расмий сайтлари ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимининг кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қабул қилган қарори кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг тугатилишига асос бўлади.
59. Мухандислик-коммуникация тармоқларидан узишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент туман (шаҳар) ҳокимларининг кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинганидан сўнг белгиланган тартибда ишлаб чиқилган техник шартларга асосан йўл қўйилади.
60. Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш ташаббускор томонидан ўз маблағлари ҳисобига бевосита ёки пудратчи ташкилотни ёллаган ҳолда амалга оширилади. Мулкдор ташаббускор билан келишган ҳолда ўз маблағлари ҳисобига кўчмас мулк объектини ўз ҳисобидан бузиб ташлаши ва қурилиш материалларини олиб чиқиб кетиши мумкин.
5-боб. Низоларни ҳал қилиш
61. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ёки тегишли халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ер участкасини олиб қўйилиши ёҳуд олиб қўйилишини рад этилиши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент туман (шаҳар) ҳокимларининг кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.
62. Мулкдор ва ташаббускор ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда — ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилади.
63. Низо келиб чиққан тақдирда, ушбу низо бўйича суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмайди.
6-боб. Якунловчи қоидалар
64. Ушбу Низом талабларига риоя этилмаган ҳолда ер участкалари олиб қўйилишига ҳамда кўчмас мулк объектлари бузиб ташланишига йўл қўйилмайди.
65. Ушбу Низом талабларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
66. Ер участкалари олиб қўйилиши, кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш, фуқароларни кўчириш, шунингдек, компенсациялар беришда қонун талаблари ижросини назорат қилиш прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.
67. Жисмоний ва юридик шахсларга давлат органи (мансабдор шахс)нинг ноқонуний маъмурий ҳужжати қабул қилиниши оқибатида етказилган зарар давлат томонидан, биринчи навбатда тегишли органларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига қопланади, кейинчалик айбдор шахсдан регресс тартибида ундириб олинади.
Ер участкаларини олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисидаги низомга
1-ИЛОВА
Ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва компенсация бериш

Download 388.66 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   2   3   4   5   6




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling