1. Тил-ахборот белгилари системаси. Табиий ва сунъий тиллар, уларнинг ўзаро алоқаси
Download 80.5 Kb.
|
MANTIQ
- Bu sahifa navigatsiya:
- Табиий ёки миллий тиллар
Мантиқ илми ва тил Режа: 1. Тил-ахборот белгилари системаси. 2. Табиий ва сунъий тиллар, уларнинг ўзаро алоқаси. 3. Тилнинг семантик категориялари. 1. Тил тафаккур билан узвий боғланган, фикримизнинг бевосита мавжуд бўлишини таъминлайдиган ва кишилар ўртасида алоқа ўрнатишга хизмат қиладиган ахборот белгилари системасидан иборат. Тилни ўрганиш мантиқ фанининг муҳим вазифаларидан бирини ташкил этади. Маълумки, тафаккур оламни мавҳумлаштириб ва умумлаштириб акс эттирадиган идеал ҳодисадир. Мавҳум нарсаларни, умумийликни фақат тил ёрдамидагина қайд қилиш мумкин. Тил ва тафаккурнинг бирлиги нутқда ўз ифодасини топади. Нутқ оғзаки ва ёзма ҳолда мавжуд бўлиб, унда фикримиз моддий шаклга, яъни хиссий идрок этиладиган шаклга киради ва шу тариқа у энди бир шахсга эмас, балки жамиятга тегишли бўлиб қолади. Тил кишиларнинг ижтимоий меҳнат фаолияти негизида вужудга келган ва ривожлана борган. Ана шунинг учун ҳам у чуқур ижтимоий мазмунга эга ҳамда маданиятимиз ва тарихимизнинг муҳим бир қисмини ташкил этади. Тил ёрдамида билимлар ҳосил қилинади, тўпланади ва бир авлоддан бошқа авлодга етказиб берилади. Шу тариқа у таълим ва тарбия ишларини амалга оширишга, маданиятимизни тараққий эттиришга ёрдам беради. Белги билиш жараёнида бошқа бир предметнинг вакили вазифасини бажарувчи ҳамда у ҳақда маълум бир хабарлар бериш, уни сақлаш, қайта ишлаш ва узатишга имконият яратувчи моддий предметдир. Ҳар қандай белги ҳам тил белгиси бўла олмайди. Тилга алоқаси бўлмаган белгилар қаторига нусха-белгилар (масалан, фотография карточкаси, бармоқ изи ва шу кабилар), индекс-белгилар ёки кўрсатувчи белгилар (масалан, бадан ҳароратининг кўтарилиши – касаллик белгиси, тутун – оловнинг белгиси ва шу кабилар) киради. Тил белгиси символ-рамзлар шаклида мавжуд бўлиб, ўзи ифода қиладиган предметлар билан тузилишига кўра ҳеч қандай ўхшашликка эга эмас. Мантиқ ўз эътиборини ана шундай тил белгиларини ўрганишга қаратади. Тил белгилари ўз маъносига ва мазмунига эга. Тил белгисининг мазмунини у ифода қилаётган, кўрсатаётган объект ташкил этади. Масалан, «аудитория» сўзи реал мавжуд объектни - аудиторияни акс эттирувчи фикр мазмунини ифода этади. Тил белгисининг маъносини эса у ифода қилаётган объектнинг характеристикаси (тавсифи) ташкил этади. Масалан, «Аудитория» сўзининг маъносини « Машғулот ўтказиш учун мўлжалланган хона», «Махсус жихозланган хона» ва шу каби эканлиги хақидаги ахборотлар ташкил этади. Белгиларнинг билишдаги вазифасини ўрганишга Аристотель, Лейбниц каби мутафаккирлар катта эътибор берганлар. Белгилар ҳақидаги таълимотни тараққий эттириш XIX асрда актуал масалага айланган. Мана шу даврда америкалик файласуф Чарлъз Пирс (1839-1914) белгилар ҳақидаги фан-семиотикага асос солган. Бу фан тил белгисини уч хил йўналиш бўйича анализ қилади. Биринчисини семантика ташкил қилиб, у белги билан у ифода қилаётган объект ўртасидаги муносабатни ўрганади. Иккинчиси прагматика бўлиб, у кишиларнинг белгиларга муносабатини ҳамда белгилар ёрдамида кишилар ўртасида вужудга келадиган муносабатларни ўрганади. Учинчиси, синтаксис дейилиб, у белгилар ўртасидаги муносабатларни (тилни қуриш қоидаларини) ўрганади. Мантиқ фанини кўпроқ тил белгиларининг семантикаси қизиқтиради. 2. Тилнинг иккита тури мавжуд. Улар табиий ва сунъий тиллардир. Табиий ёки миллий тиллар тарихан шаклланган товушлар (нутқ) ва графика (ёзув) нинг ахборот белгилари системасидан иборат. Табиий тилнинг алоҳида олинган ҳар қандай белгиси ўз холича ҳеч нарсани ифода қилмайди. Бу белгилар инсон амалий фаолияти ва тафаккури тараққиётининг негизида вужудга келган тил системасига киргандагина маълум бир маъно ва мазмун касб этувчи белгиларга айланади. Табиий тил объектив оламнинг ва билишнинг турли хил соҳаларига тегишли бўлган предметлар, ҳодисалар ҳамда уларнинг хоссалари ва муносабатларини қамраб олиш ва ифода қилишдек катта имкониятга эга. У семантик жихатдан ёпиқ система ҳисобланади. Бошқача айтганда, табиий тил бошқа тилларга мурожаат қилмаган ҳолда, мустақил равишда ўзини қуриши ва ифода қилиши мумкин. Шунинг билан бир қаторда, табиий тилдан фойдаланиш билиш жараёнида айрим қийинчиликларни ҳам келтириб чиқаради. Улар қуйидагилар билан боғлиқ: 1) табиий тилдаги сўзларнинг маъноси вақт ўтиши билан ўзгариб туради; 2) табиий тилда бир сўз бир қанча тушунчани ифода қилиши (омонимлар) ёки бир тушунча бир қанча сўзларда ифода қилиниши (синонимлар) мумкин; 3) табиий тилдаги баъзи сўзлар ёрдамида ифода қилинган фикр аниқ маънога эга бўлмай қолади (масалан, «Карим чет тилини яхши билмайди» деган фикрда Каримнинг кимга нисбатан ёки қандай вазифани бажаришга нисбатан чет тилини яхши билмаслиги кўрсатилмаган). Табиий тилдаги мана шу каби ҳодисалардан холи бўлиш учун илмий билишда атамалардан (терминлардан) фойдаланилади. Атама ўзининг қатъий ва аниқ маъносига эга бўлган сўз бўлиб, бу маъно дефиниция (таъриф) ёрдамида кўрсатилади. Шунингдек, табиий тилда аниқликка сунъий тилдан фойдаланиш йўли билан ҳам эришилади. Download 80.5 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling