11-мавзу. Диннинг асосий манбалари Режа
Download 106.1 Kb.
|
7SWFNU8zoBtzwgT9IBxwdVGVSjr-SD7N
Баҳоийлик
Баҳоийлик - XIX асрда Эронда бобийлик йўналиши замирида вужудга келган диний йўналиш. Шерозлик Сайид Али Муҳаммад (1819-1850) 1844-йилда Боб (арабча «эшик»), яъни янги даврга «эшик» номини олиб, яқин орада «Худо элчиси»нинг намоён бўлиши, кишиларга янги даврнинг асосий қонунлари ва низомларини инъом этиши ҳақидаги ғояни тарғиб қила бошлаган. Бобнинг йирик издошларидан бири Мирза Ҳусайн Али Нурий (1817-1892) 1863 йилда Боб башорат этиб кетган Худонинг элчиси унинг ўзи эканини эълон қилади ва Баҳоуллоҳ, яъни «Аллоҳнинг жилоси» номини олади. Ушбу йўналишннинг номи ҳам Баҳоуллоҳнинг номидан олинган. Баҳоуллоҳнинг «Китоби Ақдас» ва «Китоби Иқон» асарлари баҳоийлик таълимотининг асосларини ташкил этади. Йўналиш асосчиси ўзига «Аллоҳнинг жилоси» номини қабул қилган бўлса-да, баҳоийлар ақидасига кўра, баҳоийлик мустақил дин, у бирор бир диндан ажралиб чиққан секта ҳам, мазҳаб ҳам эмас, деб ҳисобланади. Баҳоийлик Ҳиндистон, Уганда, Кения, Эрон, Миср, АҚШ, Канада каби қатор мамлакатларда тарқалган. Ҳозирги вақтда дунёда баҳоийларнинг 9 та ибодат уйи, 200 га яқин миллий ҳамда бир қанча маҳаллий диний мажлислар мавжуд. Баҳоийларнинг умумий миқдори тахминан 6 миллион кишини ташкил этади. Баҳоийлик таълимотига кўра: - барча динлар бир илдиздан пайдо бўлган ва пайғамбарлар биродар ҳисобланади; - Иброҳим, Мусо, Исо ва Муҳаммад пайғамбарлардан ташқари Будда, Зардушт, Кришна, Боб ва Баҳоуллоҳ ҳам пайғамбар ҳисобланади. Баҳоийликда улар энг буюк 9 та пайғамбар сифатида эътироф этилади; - Худо ҳар минг йилда ер юзига янги пайғамбар туширади; - жаннат ва дўзах, охират, шайтон ва фаришталар инкор қилинади; - ҳозирги барча динлар бир бирларини инкор қилади, шунинг учун ҳам, уларни бирлаштириш ва инсонлар орасидаги турли фарқларни йўқотиш лозим. Баҳоийлар даъвосига кўра, бундай бирлаштирувчилик вазифасини баҳоийлик бажариши лозим. - Ватан, миллат деган тушунчалар маънисиз ҳисобланади. Зеро, уларнинг фикрича, Ер юзининг ҳамма жойи Ватан ҳисобланади. Баҳоийликда руҳонийлар йўқ. Маҳаллий жамоаларни йилда бир маротаба (21 апрель) яширин овоз бериш йўли билан сайланадиган 9 кишидан иборат Маҳаллий диний мажлис бошқаради. Баҳоийлар йирик жамоаси мавжуд бўлган ҳар бир давлатда Миллий диний мажлис сайланади. Ўз навбатида Миллий диний мажлис вакиллари 9 кишидан иборат бўлган Умумжаҳон Адолат Уйи аъзоларини сайлайдилар. Ҳар беш йилда сайланадиган Умумжаҳон Адолат Уйи умумжаҳон баҳоийлар жамиятининг фаолиятини бошқариб боради. Баҳоийликда ҳар бири 19 кунлик 19 ойдан иборат бўлган диний тақвим қабул қилинган. Ҳар 19 кунда жамоанинг барча аъзолари ибодат қилиш, жамоа билан боғлиқ бўлган ишларни муҳокама қилиш, ўзаро биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш учун йиғиладилар. Кунига уч марта Исроилнинг Акка шаҳрига қараб ибодат қилинади. Умумий ибодат дуо ўқиш, медитация ҳамда баҳоийликнинг асосий китоблари ва жаҳон динлари муқаддас китобларидан матнлар ўқиш орқали амалга оширилади. Ҳар йили 2 мартдан 20 мартгача баҳоийлар кун чиқардан кун ботгунга қадар овқат ва сувдан ўзларидан тийиб, рўза тутадилар. Баҳоийларнинг муқаддас ибодатхонаси Акка шаҳрида жойлашган. Хайфа шаҳри муқаддас шаҳар ҳисобланиб, дунё баҳоийларининг зиёратгоҳи ҳисобланади. Бу ерда Боб ибодатхонаси, 1957 йилда баҳоийликнинг раҳбарлик органи сифатида ташкил этилган Умумжаҳон Адолат Уйининг қароргоҳи жойлашган. Ўзбекистон ҳудудида баҳоийларнинг илк вакиллари - савдо-сотиқ билан шуғулланувчи тижоратчилар - XIX аср охирларида Самарқанд шаҳрида пайдо бўлган. 2012 йилнинг 1 августига қадар республикамизда баҳоий жамоаларининг 6 та диний ташкилоти рўйхатга олинган. Download 106.1 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling